Қулман Очилов. Савоб (эссе)

Бекатда тўхтаган автобусдан бир одам тушди. Китоб шаҳар бозори томон оқиб келаётган оломон орасида бир зум тўхтаб, ён-верига разм солгач, қаршисидаги камкўримгина бино – банк томон юрди.

Унга ҳеч ким эътибор бермади. Сирасини айтганда, унинг диққатни ўзига тортадиган сиёғи ҳам йўқ эди. Мабодо бирор ўткинчи разм солиб қараса, уни узоқ қишлоқдан томошага келган чўпон, нари борса, турмуш ташвишлари билан юрган қишлоқ муаллими бўлса керак, деб ўйлаши мумкин эди. Қаршисидаги одамнинг, гарчи у зиёлинамо кийинишга уринган бўлса-да, ташқи кўриниши буни айтиб турарди. Сочи тақир қирилган, бошига дўппи, ҳаво дим бўлишига қарамай одми, қалин қора костюмининг ичидан сув ранг кўйлак кийиб, бўйнига аллақачон урфдан қолиб кетган йўғон галстук тақиб олган. Қўлида сунъий чармдан тикилган арзон сумка. Хийла бўртиб чиққан яноқлари, офтобда қорайган юзини кўриб, кузатувчининг ишончи янада ортади: кенгашми ёки қандайдир мажлисми баҳонасида шаҳарга тушган «меҳнат илғорлари»дан. Қаппайиб турган сумкасини эса шаҳар магазинларида неча йиллардан бери сотилмай ётган арзон буюмлар билан тўлдирган – бола-чақага совға…

Аммо кузатувчи ҳар қанча синчков бўлмасин, бундай хаёлларга борса, қаттиқ янглишган бўларди. Банк сари йўл олган киши кўринишидан узоқ қишлоқдан келаёттан одми одамга ўхшаса-да, аслида Тошкент дорилфунунининг тажрибали тарихчи олими эди. У фақат Ўзбекистонда эмас, балки Осиё минтақасидаги йирик хорижий мамлакатларда узоқ йиллар ишлаб, кўзи пишган жаҳонгашта, беш-олти каломда бемалол тиллаша оладиган тилмоч. Бунинг устига, кузатувчимиз шу тобда унинг қўлидаги ўша арзон сумкани очиб кўрса эди!..

У банкка кирди. Қалин ойна ортида зерикиб ўтирган ходималар сергакландилар.

– Опажон, – деди келгувчи улардан бирига, – пича пул топширмоқчи эдим.

– Канча? – деди ходима ҳафсаласизгина.

– Йигирма минг.

– Қанча?

– Йигирма минг.

– Ҳозир ҳаммаси ёнингиздами?

– Ёнимда, – у сумкасига ишора қилди.

– Камомадингиз бормиди? – деди аёл унга зарур қоғозларни узатаркан.

– Шундай десак ҳам бўлаверади.

«Камомадчи» пулларни пештахта устига қўйди. Ҳужжатларни тўлдириб, имзо чекди. Аёл аввал пулни санади, сўнг ҳужжатларни яна бир бор синчиклаб ўқиб чиқди:

– «Мактаб қурилиши учун», деб ёзибсизми?

– Ҳа.

– Бунча пулни қаердан олдингиз… топдингиз?

Бу саволни кейинчалик у турли идораларда, турли одамлардан юз марталаб, минг марталаб эшитади. Аммо ҳар сафар бир хил жавоб қайтараверади:

– Ишлаб топдим.

Аёл ёйилиб кулди.

– Вот, чудак! – деди мижозининг гапига ишонқирамай. – Ўн беш йилдан бери банкда ишлайман. Бунақасини биринчи кўришим.

Китоб туманидаги Ўртачил қишлоғида мактаб қурдириш ниятида давлат банкига шахсий жамғармасидан йигирма минг сўм тўлаб чиққан Мухтор Шопсановнинг бироз яёв юргиси, хаёллар сургиси келди.

«Пул узоғи билан эрта-индин хўжалик ҳисобига бориб тушади, – деб ўйлади у. – Хўжалик раҳбарлари шошиб қолишади: «Домла савоб иш бошлаган эканлар, биз тезроқ охирига етказайлик!» дейишади. Ваъда беришган ахир. Қарабсизки, келгуси йил сентябрида болалар ўқишни янги мактабда бошлашади. Эҳ-ҳе!..»

У шу тобда эккан ниҳоли тезроқ бўй чўзиб, ҳосилга киришини кўришга ошиқаётган боғбонга ўхшарди. Аммо борлиқни кеч куз ўз тасарруфига олганлигини, ҳосилпишар кунларгача анча синов дамлари – қаҳратон қиш, серташвиш баҳор ва жазирама саратон борлигини ҳис қилмасди.

Мухтор Шопсанов ҳақида матбуотда кўп ёзишди. Яна ёзишади. Менинг мақсадим одамларга Шопсановнинг эзгу ишини яна бир бор эслатиш ёки уни мадҳ этиш эмас.

Эзгулик қандай туғилади? Нега биров умрини минглаб, миллионлаб пулни ўғирлашга, Шопсановга ўхшатганлар эса ҳаётини эзгу ишларга сарфлаб ўтказади? Кимдир нима қилиб бўлса-да, бойлик орттираман деб, орттиргач, халқнинг кўзидан яшираман, деб овора бўлади, қамоқхоналарга тушади-ю, бошқа биров эса Шопсановдек, топганини эли билан баҳам кўришга шошилади? Боз устига, бу йўлда изтироблар чекади?

Мени қўлга қалам олишга ана шу саволлар ундади! Замондошимиз Мухтор Шопсановнинг ҳаёти бу уринишга бир ибратли мисол бўлди, холос.

Тошкентга қайтган Шопсанов ҳафталарни кутиш билан ўтказди. Ўртачилдан қариндош-уруғлари, таниш-билишлари меҳмонга келиб кетишди. Аммо у илҳақ кутган мужда келмади. Аввал ой, сўнг Шопсановнинг сабри қариди. «Кел, – деди ўзича, – ўзим бориб хабар олай-чи».

Мана, қишлоғи. Ўн тўрт ёшли ўспиринлигида кўзида ёш, қўли мушт бўлиб чиқиб кетган қишлоғи. Ҳув, Ҳисор тоғларидан қарасангиз, қишлоққа ҳам ўхшамайди. Гўё кимдир чўққидан туриб пастга гуваладан ясалган ўйинчоқ уйчаларни сочиб юборган. Ҳовлилар, уйлар, қўралар ўру қирга бетартиб сочилиб кетган.

Мухтор Шопсанов ҳозирда дорилфунун олими, ўшанда «ўн тўрт ёшли мишиқи», ҳар гал бу гўшага қадам қўйганида, қулоқлари остида бир шанғи овоз эшитилгандек бўлади:

– Ҳу-ув Мухторча! Ўлибгина кетасан сен бола. Самарқандда энанг кутиб ўтиргани йўқ сени. Ўлсанг мурдангга эга чиқмай қолади… У-ув!..

Икки ёшида отасидан етим қолиб, суягидан аввал қўлининг эти қотган бола Самарқанд сафарини орзу ҳам қилолмасди. Наинки у, тўқроқ, қаровчисидан ажралмаган оилаларнинг фарзандлари учун ҳам бу чиқиб бўлмас чўққи эди. У ўша кунлардаги бахтсиз, бугунги нуқтаи назардан қаралса, саодатли тасодиф туфайли бу машаққатли йўлга кирмоққа мажбур бўлди.

Етимнинг маслаҳатчиси кўп бўлади, дейдилар. Бир қариндоши унинг «бошини силади» – молларини боқтирди. Куни кеча тугаган урушда одамлар бор-будидан то ёр-биродарларигача айрилган бўлса, қариндош қишлоққа раҳбар бўлиб қолиб, ҳамма нарсасини, ҳатто хотинларини ҳам кўпайтириб олган эди.

Бир куни ёш чўпон китоб ўқиб ўтириб, яйловда ўтлаб юрган қўйларни унутди. Қараса, жониворлар бедазорга кириб кўк майсадан тўйиб олибди. Қоринлари тарвақайлаб кетган – ўлар ҳолда. Жаҳл отига минган қариндош уни аввал қўли билан, сўнг сўзи билан урди. Қўли билан урган жойининг оғриғи босилди – унутди. Лекин сўзини унутолмади – тузалмас яра бўлиб қолди.

– Китоб ўқиб, олим бўлганинг борми, гўрсўхта! – деди қариндош. – Етти пуштинг саводсиз чўпон бўлиб ўтган бўлса, сенам нари борсанг, чўпон бўласан-да!..

Қариндошнинг гапларидан боланинг юраклари аввал олов бўлиб ёнди, сўнг бу аланга совуқ тошга айланиб, кўзларидан ёш бўлиб тўкилди.

«Ўлмасам, олдингдан салом бериб ўтаман, – деди. Тилида эмас, дилида. – Ўлмасам бўлди, қолган ҳаммасига чидайман!»

У қайсар эди. Бу одатини бир умр ташлай олмади. Қайсарлигининг, чўрткесару шартакилигининг дастидан кейинчалик бошига яна қанчадан-қанча балолар орттирди. Лекин бугун ўйлаб қаралса, худди шу одатлари учун у юртга Мухтор Шопсанов бўлиб танилди.

Қишлоқдаги яккаю ягона қайрағоч сояси болаларнинг йиғин жойи эди. Таъна-дашномлардан «тўйинган». Мухтор ўша ёққа юрди. Ошиқ ўйнаб ўтирган жўраларига учради.

– Ўқишга кетяпман, – деди.

Улар кечагина қўшни қишлоқдаги интернат-мактабнинг еттинчи синфини тугатишган, энди нима қиларини билмай, боши қотиб юрганди. Мухторнинг шаҳди болаларни ҳайратга солди. Ўртачилдан ҳали ҳеч ким узоқ шаҳарларга бормаган. Борсада, ўқимаган. Тақчиллик ҳар қадамда ўзини сездириб, кунлари аранг ўтиб турган болалар учун буни ўйлашнинг ўзи ақл бовар қилмайдиган ишдек туюларди.

Етти ўсмирнинг иккитасигина Мухторнинг ёнига қўшилди. Эртаси куни улар йўловчи машинага ўтириб, Самарқанд сари юз тутдилар. Ортидан онаси жўжабирдек фарзандлари билан ҳам қувониб, ҳам куйиниб қолди. Акаси ягона бойлиги – бошидаги ранги ўчиб кетган қалпоғини укасига берди. Оиладаги саккиз жонни едириш-кийинтириш азоби ёлғиз ўзига қолаётганди. У хўрлиги келиб, гапиролмади.

Мана энди ўша қизиққон, шиддаткор, қайсар ўспирин, бугун сочларига қиров қўнган Мухтор Шопсанов, она қишлоғига масрур хаёллар билан келмоқда эди. У шу тобда ўзини яна камситиш, ҳақорат ва масхаралаш кутаётганлигини, энди ақлини таниб, юрар йўлини билганидан сўнг ҳам ўша ўспиринлигидаги каби идорама-идора неча йиллар сарғайиб, ҳатто аламдан кўз ёшлар тўкиб, адолат излаб юражаклигини билмасди.

«Қайдасан, Самарқанд?» деб йўлга тушган уч сайёҳнинг бирортаси ҳам қайси ўқув юртига ҳужжат топширади, неча йил ўқийди — билмасди.

Шофёр уч жаҳонгаштадан тезроқ қутилиш ниятида рулни педтехникум томонга бурди. Мухторни имтиҳонсиз қабул қилишди – мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тугатган эди. 1953 йилнинг 1 сентябрида билсаки, у техникумнинг жисмоний тарбия ўқитувчиларини тайёрловчи бўлимига қабул қилинибди.

(Яқинда Мухтор Шопсановнинг уйига бориб, уни қизиқ машғулот устида учратдим. Қўлига қалин қора қўлқоп кийиб олган Шопсанов жиққа терга ботганча… бокс тушарди. Айвони пештоқига осилган қумли қопни аёвсиз «саваларди». “Педтехникумда қолган одат», – деди у чайир қўлларини менга саломлашиш учун узатаркан.)

Унга ётоқхонадан жой бериб, талабалик нафақаси белгилашди. Аммо тез орада тўрвасидаги онаси тугиб берган талқони, чўнтагидаги чақалари тугади. Егани нони, кийгани дурустроқ кийими, маслаҳат бергани яқин кишиси бўлмаган етимча энди ўқишдан ҳам кўра оч қолмаслик ғамини ейишга мажбур бўлди. Бирор иш (қоровуллик, фаррошлик, боғбонлик) топиш илинжида, ўзини турли кўчаларга уриб кўрди. Жиккаккина, «қулоғидан кун кўриниб турган» болага, ҳаммолликни ҳам эп кўришмади. Шундай аянчли кунларнинг бирида уни «кўча болалари» йўлдан урдилар. Узоқ қишлоқдан шаҳарга ўқиш ниятида келган ўспирин уларга қўшилиб бозор кезишни одат қилди.

Бугун дорилфунун доценти, тўрт фарзанднинг отаси Мухтор Шопсанов бошидан ўтган ўша «қора кунлар»ни эслагиси келмайди. Бу табиий. Ҳаммамиз ҳам ширин хотиралар билан яшаймиз. Аммо ўтган нобоп кунларни умр дафтаридан ўчириб бўлармиди. Инсон ўз ютуқларидан кўра, хатоларидан кўпроқ сабоқ олиб яшайди.

Мактаб баҳонасида Мухтор Шопсанов ҳақида ёзмоққа киришган эканмиз, унинг бошидан ўтган ўша эслаш ноқулай бўлган кунларни ҳам унутмаслигимиз керак. Негаки, инсон феъл-атворининг шаклланишида ана шундай кечмишларнинг ҳиссаси-да каттадир. Қолаверса, бизга унинг мактаб қурилиши учун берган фалон минг сўмидан кўра, жамиятимизда фирибгарлик, ўғрилик, порахўрлик каби иллатлар айни авжига чиққан бир пайтда, эзгу ишга қўл ургани муҳимроқ. Чунки инсон ҳеч қачон бир кунда ўғри ёхуд эзгу ниятли бўлиб қолмайди. Инсон табиатида уларнинг ҳар иккнси учун замин бор. Бу заминда улардан қай бири эртароқ ва тезроқ томир отади – муҳитга, тарбияга боғлиқ.

Мухтор Шопсановнинг бозордаги «фаолияти» бошланишга улгурмай тугади. Навбатдаги чўнтакка қўл юборганида, кимдир билагидан маҳкам тутди. Ушлаган — бошига шляпа қўндиргаи, қора галстук таққан, салобатли киши экан. Бола бутун кучини йиғиб силкинди – қочмоқчи бўлди. Аммо таъқибчининг панжалари орасидан нозик билагини суғуриб ололмади. У ўзига кетма-кет шапалоқ, мушт, тепки тушишини кутди. Одатда, ўғри қўлга тушса, шундай бўларди. Ушлаган киши: «Киссавурни ур!» деб ҳайқирса, бас, аламзада оломон сўраб-суриштириб ўтирмайди, уркалтак-суркалтак билан тутқунни майиб қилиб ташлаши қадим шаҳарнинг кўҳна бозори учун табиий ҳол. Камдан-кам ҳоллардагина ишга милиция аралашади – улгурмайди.

Мухтор соғ-омон қутилишдан умидини узди. У энди калтак ейишга ҳам рози – фақат милицияга тушмасам бўлди, деган илинж билан қалтираб турарди. Милиция аралашса, техникумдан ҳайдашади, қамашади – ҳаммасидан мосуво бўлади. Оломон ўртасида қолса, кўкарган, шишган, синган жойини бир амаллаб тузатиб олиши мумкин.

Аммо билагидан тутган киши, у кутгандек, ҳайқириб бошига одам йиғмади. Сўкинмади. Ўсмирнинг мурғак танига пайдар-пай мушт туширишга ҳам шошилмади. Қадрдон жиянини учратиб қолган тоғадек, унга ҳам ачиниш, ҳам меҳрибонлик билан тикилиб тураверди.

 – Ҳа, ука? Бу ерларда нима қилиб юрибсан? – деди.

Бу сўров оҳангида пўписадан ҳам кўра, ҳайрат, ҳазил ва меҳр кўп эди. Ўсмир қўрққанидан эмас, ана шу меҳрибон муомаладан тўлқинланиб кетди–йиғлаб юборди.

«Тоға» уни четга бошлади. Мухтор ўзича, мен танимайдиган қариндошимиз бўлса керак, деб ўйлади. Аммо бу тахмини ҳам хато экан.

Бозор дарвозаси олдидаги дарахт ёнида тўхтадилар. «Тоға» унинг билагини бўшатиб, ёнига ўтқазди. Батафсил сўраб-суриштиришга тушди.

– Шаҳарликка ўхшамайсан. Қаердан келдинг? Кимнинг боласисан? Мухтор ҳаммасини бир бошдан гапириб берди. Ҳамсуҳбати яна унинг билагидан тутди.

– Мен сени бир уйга олиб бораман. Ҳаммаси бўлади – овқат ҳам, кийим ҳам, ётишга жой ҳам, хоҳласанг – иш ҳам. Фақат бир шартим бор – бу «касбинг»ни ташлайсан.

Мухтор рози бўлди. Ўша куни у ўзи чўнтагини «кесмоқчи» бўлган киши – Ориф Икромов бошлаб борган хонадонга кўчиб ўтди. Техникумни тугатгунича бу аҳил, меҳрибон тожик оиласи бошлиғи – О.Икромовнинг қадрдон дўсти Рафиқ Орипов унга отасидек бўлиб қолди.

Инсонни ёмон йўлдан шафқатсизлик, жазо эмас, меҳр-оқибат, ишонч қутқаради. Мухтор Шопсанов Самарқанд бозорида меҳр-оқибатли, оқил инсон — Ориф Икромовнинг эмас, жоҳил бир одамнинг қўлига тушганида, балки қолган умри қироатхоналарда эмас, қамоқхоналарда ўтган, ҳаётининг гуллаган кезлари эзгу ишлардан кўра, ўғриликларга сарфланган бўларди. Худди шу инсон уни, тиниб-тинчимаган, ерга урсанг, осмонга сапчийдиган ўспиринни, яна ва яна ўқишга ундади. Дорилфунунни тугатгач, илмий иш билан шуғулланишига сабабчи бўлди.

Бугун Мухтор ака нимагаки эришган бўлса, ўша бахтли тасодифни, адабиётшунос олим Ориф Икромовни сабабчи деб билади. Унинг номини отасидек эъзозлаб тилга олади…

Шопсановни жонажон қишлоғида шубҳа билан қаршиладилар:

– Нима бўлди, домла, бирданига бунча пулнинг баҳридан кечибсиз?

 Тўғри ёзганларидек, эзгу мақсад йўлида беш сўм инъом этсанг, раҳмат айтишади. Юз сўм берсанг, фахрий ёрлиққа муносиб кўришади. Ҳадя минг сўмдан ошса, шубҳалана бошлайдилар: «Сизга нима бўлди?» Бу ақлдан оздингизми дегани.

Шубҳаланишлар кейинчалик бошқа идора ва ташкилотларда ҳам бот-бот такрорланди. Лекин ҳеч кимнинг амалий ёрдамдан гап очгиси келмасди.

– Йигирма минг кам-да, домла, – дейишди охири колхоз раҳбарлари. –

Мактаб лойиҳаси-ю сарҳисобини тайёрлашга кетиб қолади унинг ярми…

Мухтор Шопсанов яна йигирма мингнинг «баҳридан кечди».

 Ҳафталар, ойлар, йил ўтди. Ўртачилдан «қурилиш бошланди, тезда етиб келинг», деган мужда келмади. Пулдан ҳам, қурилишдан ҳам дарак йўқ эди…

Яна Китобга жўнади. Шопсановни акаси хафа кутиб олди.

– Колхоз раҳбарлари устингдан кулиб юришибди. «Пул топиб ақл топмаган аҳмоқ экан, укангиз», деб юзимга айтишди. Ҳамма сени ақлдан озганга чиқариб қўйган.

Шопсанов идорага борди. Ҳурматини жойига қўйиб кутиб олдилар.

– Олдингизда жуда хижолатдамиз, – дейишди. – Бу йил мактаб қурилишини планга киритолмай қолдик. Келгуси йили албатта…

Яна икки йил ўтди. Ваъдалар сувга ташланган тошдек, изсиз йўқолаверди.

Шопсанов шубҳалана бошлади. Пулини сўраб-суриштиришга киришди ва… Тошкент шаҳар прокуратурасининг назарига тушди – терговчилар унинг уйига танда қўйдилар. Кетма-кет тафтишлар, сўроқлар бошланди: «Бунча пулни қаердан олгансиз? Яна қанча маблағингиз бор?..»

Милициянинг “ҳушёр ходимлари” мингларни, миллионларни ими-жимида қўшиб ёзаётганларни, ўғирлаётганларни, пора олаётганларни эмас, топганини халқи билан баҳам кўрмоқчи бўлган инсонни тафтиш қилардилар. Шопсанов кейинги гал колхозга борганида, унга ана шундай очиқ савдодан гап очдилар. Одатда ўғри, қирқ минг сўмни ўмариб кетса, ҳеч қачон олдингга келиб: «Пулингни мен олгандим, билганингни қил!» демайди. Мухтор Шопсановга эса колхоз раҳбарлари очиғини айтишди.

– Пулингизга пахта сотиб олдик, колхоз планни тўлдиролмай қолганди…

 У давлат банкига ўз қўли билан санаб топширган пулидан ҳам маҳрум бўлди. Хўжалик планларини ортиғи билан бажарса-да, нафақат Шопсановдан, давлатдан ҳам бўғзигача қарзга ботган – ҳамёнида сариқ чақаси йўқ эди.

Бундай муносабатлардан сўнг сиз нима қилардингиз, билмадим, Мухтор Шопсанов қаттиқ дардга чалинди. Чунки жамиятимизнинг ўзи хаста эди. Эзгу ишга йўл йўқ юртда жамият соғлом ривожланармиди!

У жумҳуриятнинг энг юқори идорасига мурожаат этишга мажбур бўлди. Начора, одат шунақа – эр-хотин ажралишмоқчи бўлса ҳам, судга эмас, «юқори»га қараб югуради… Марказкўм саркотиби уни ҳузурига чақиртирди. Суҳбатлашди ва Қашқадарёга қараб кўрсатма йўллади: «Тезда!..»

Ишлар юришиб кетгандек бўлди. Муносабатлар ўзгарди. Илгари унга ақлида қусури бор одамга қарагандек муомала қилган одамлар серҳаракат бўлиб қолдилар. «Йўқолган» пул топилиб, эгасининг қўлига тутқазилди. Бу орада хўжалик раҳбарлари кўзбўямачиликлари учун ҳибсга олинди.

Эзгу ният билан савоб ишга қўл урган инсоннинг раъйи қайтди. Ахир у ўз пулларига баъзилардек камёб машинани навбатсиз сотиб олиш учун кимгадир пора бермаган, «сердаромадроқ» лавозимни эгаллаш режасини тузмаган эди. Шаҳарнинг қоқ марказидан саноқли кишиларгагина насиб этадиган ғиштли уйлардан квартира олишни ҳам ўйламаган эди. Пулларини тилла буюмларга алмаштириб, яхши-ёмон кунларимда асқотиб қолар, деб, ерга кўмиб қўйишни-да ният қилмаган эди. Ҳаракат қилсам, бу пулларим эвазига фан доктори, профессор бўлиб оламан, деган хаёлларга бормаган эди!..

Ишончим комилки, Шопсанов ўз манфаати йўлида шундай ниятлар қилганида, уларга осонгина эришар, айримларнинг кўзига ёмон кўриниб юрмасди. Ортиқча азият чекиб, хасталикларга чалинмасди. Аксинча, «ўз даврининг одамларидек» ошиғи олча бўлиб яшайверарди.

Аммо мозийшунос Шопсанов, ўн тўрт ёшида беғубор орзулар билан қишлоғидан этак қоқиб чиқиб кетган Мухтор Шопсанов, бундай қилмади.

У нотабиий, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган йўлни танлади – ўз пулини ўзгалар манфаати йўлида сарфламоқчи бўлди. Аммо жамиятдаги мавжуд ақидалар буни тан олмади. Фуқаролар саховатли бўлмоғи учун жамият ҳам саховатпеша бўлиши керак. Шопсановнинг ноқонуний эмас, эзгу орзулари ҳаётимизда пайдо бўлган метин деворларга урилиб, чилпарчин бўлди. Унинг эзгу ишини амалда қўллаб-қувватловчи топилмади. Кейинчалик жарқўрғонлик бир муаллим унга алам билан шундай деб ёзган эди: «Ҳалол ишлаб топган пулингизни ноўрин сарфлагансиз, Мухтор ака. Сизни вақтида қўллаб-қувватламаган, эзилиб-қийналиб юрганингизда томошабин бўлиб турган одамларнинг болалари учун мактаб қуришингиз шартмиди?! Бундан кўра, ўша пулларингизни болалар уйигами, Ҳиндистон ёки Афғонистондаги оч-яланғочларгами юборсангиз, яхши бўларди!..» Шундай қилиб, Шопсанов минг азобда қайтариб олган пулларини энди рўзғорининг кам-кўстини тузатишга (етишмовчилик қайси оилада йўқ дейсиз) сарфлайверса, ҳеч ким, хеч қачон ундан бу иши учун ўпкалай олмасди. Лекин тиниб-тинчимаган Шопсанов озгина имкониятдан фойдаланмоқчи бўлди ва пулларини тағин …банкка олиб бориб топширди.

Оворагарчиликлар қайтадан бошланди. Кеча уни ёлғон-яшиқ гаплар билан алдаган раҳбарларнинг кўпчилиги лавозимларидан олинган бўлсалар-да, идоралардаги эскича иш услуби, эскича муносабатлар сақланиб қолган эди. Қоғоз билан тинчгина иш битириб ўрганган курсисевар раҳбарга олдидан капалак учиб ўтса ёқмайди. Остонада Мухтор Шопсановдай куйди-пишди одам пайдо бўлса-ку, тағин ҳам. Важ-корсон ўзгарди: «Мактаб лойиҳаси йўқ. Кетадиган сарф-харажат аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Бинокорлик материалларини қаердан оламиз?..»

– Тушунмайсиз-да, акажон, тушунмайсиз, – дейишарди унга, – қўл-оёқларимиз қанчадан-қанча йўриқнома-ю кўрсатмалар билан боғлаб ташланганини!..

 Шопсанов иккинчи марта хор-зор бўлиб юришидан натижа чиқмаслигини англади ва яна марказни, шахсан «биринчи»ни безовта қилишга мажбур бўлди. Қашқадарё сари учган кўрсатма бу гал тағин-да кескинроқ, талабчанроқ оҳангда жаранглади: «Қачонгача судрайсизлар? Тезроқ!..»

Бу гап раҳбарларга ток ургандек таъсир қилди. Барча кўрсатмаю инструкцияларни унутгандек бўлдилар. Қарийб, ўн йилдан буён судраб келинган муаммо – лойиҳа, ҳисоб-китоб бир кечада (ҳа, бир кечада!) тайёр бўлди. Бинокорлар эртаси куни ишга киришдилар. Қурилиш материаллари ҳам топила қолди.

Ишлар юришиб кетди. Мактаб гўё туман миқёсидаги қурилиш объектига айланди. Лекин унга ҳар қанча эътибор бермасинлар, тезкорлиги жиҳатидан туманда сал илгари ишга туширилган бошқа бир «муҳим» объектга етолмасди. Шопсанов мактаб қурилишини планга киритолмай, идорама-идора сарғайиб юрганида ишга тушганди ўша «объект».

Объект китобдан чиққан бир раҳбарнинг номи билан боғлиқ эди. Яқин қариндоши «ёлғончи дунё»ни ташлаб кетганида, раҳбарнинг оёғи ҳали узангида, нафасидан ўт чақнаб турган кезлар эди. Шунинг учун бутун Қашқадарё вилояти оёққа турди. Юртнинг турли бурчакларидан ҳамдардлик билдирувчилар оқиб кела бошлади. Китоб шаҳрининг кўчалари ранго-ранг автомобилларга торлик қилиб қолди. Ана шундай ҳаяжонли дамларда маълум бўлдики, марҳумнинг сўнгги макони – қабристонга борадиган йўл кўпчилик қишлоқларимиздаги каби хароб. Туман раҳбарлари уйқудан воз кечдилар: «Бутун куч – йўл қурилишига!» деган чақириқ янгради. Умрида шағал кўрмаган йўллар асфальтланди, бу қулайлик учун қанчадан-қанча одамлар марҳумдан миннатдор бўлдилар.

Аммо бу муаммо ҳал бўлмай туриб, янгиси чиқди: йўл Дам канали устидан ўтади — кўприк эса йўқ.

Қурувчилар шомдан тонггача тиним билмай ишладилар. Кўприк ҳам бир кечада ёки қарорларда ёзилганидек, «муддатидан олдин фойдаланишга топширилди”.

Мотам маросимида ва кейинчалик ҳар хил гаплар бўлди. Лекин туман раҳбарлари ҳам, бошқалар ҳам Шопсанов ўн йил мобайнида эшитавериб сочлари оқарган саволларни бермадилар: «Йўл ва кўприк қурилиши қачон планга киритилган эди? Лойиҳаси қачон тайёр бўлгану маблағини ким берган? Қурилиш материаллари қаердан олинган?..»

Нега?

Чунки жамиятимизда эзгу ишдан кўра, эгри иш тез битадиган, кўпроқ обрў олиб келадиган бўлиб қолган эди. Эрк ва адолат ўрнига мустабидлик ҳукмронлик қилган юртда яна нима бўлсин.

Ниҳоят, мактаб ишга тушди. Унга Индира Ганди номини бердилар. Аввалига бу эзгу ишдан хабар топган мухбирлар, сўнг турли хат-хабарлар, посилкалар, меҳмонлар бутун Ўртачилга оқиб кела бошлади. Илгари номини кўпчилик китобликлар ҳам билмайдиган бу қишлоқ шу баҳонада узоқ-узоқ сарҳадларда тилга тушди. Ҳатто шаҳарлик ўқувчилар учрашишни орзу қиладиган машҳур фазогир мактабни кўргани келди. Унинг боғига яхши ният билан ниҳол ўтқазди. Ўқувчилар билан суҳбат қурди. «Орангиздан фазо илмининг усталари чиқсин!» – деб ёруғ тилак ҳам билдирди. Бундан нафақат болалар, уларнинг устозлари, ота-оналари ҳам ҳаяжонга тушдилар. Тошкентлик ҳайкалтарош Индира Ганди бюстини ясаб, мактабга совға қилди. Илғор талабалар гуруҳи ўзининг ёзги таътилини мактабга устахона қуриб беришга бағишлади. Тошкент дорилфунуни олимлари бир талай китоб-дафтар, асбоб-ускуналар юбордилар. Таллин, Севастополь, Одесса, Астрахань, Фарғона, Андижон ва яна кўплаб бошқа шаҳарларда яшовчи болалар, уларнинг ота-оналари, ҳатто пенсионерларгача янги мактабга ўзларича ёрдам бермоққа шошилдилар.

Кечагина Шопсановдан безор бўлиб юрган раҳбарларнинг ҳам юзларига қувонч югурди. Минбарлардан нутқ ирод этганларида, юқорига ҳисобот тайёрлаганларида мактаб ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишга ўзларида мойиллик сеза бошладилар.

Ҳаммасидан ҳам ўртачиллик болалар қувондилар. Улар бир неча чақирим йўл юриб, қишнинг қорли-қировли кунларида қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаш ташвишидан қутилдилар.

Эзгу иш эзгу туйғулар, орзулар уйғотади.

Келинг, энди асосий саволга жавоб излайлик: Мухтор Шопсановга нима зарур келгандики, оғримаган бошига шунча ғавғони сотиб олса? Албатта, ўзи бошлаяжак иш ғавғога айланиб кетишини билмаган эди. Уйлаган эдики, колхознинг иқтисодий аҳволи ночор, қўлимдан келганча ёрдам берсам, қолгани ўз-ўзидан юришиб кетади, қўшни овулларга овораи сарсон қатнаб юрган болалар баҳонада мактабли бўлиб қолади. Ахир унинг ўзи болалигида худди шундай ташвишларни бошидан кечирган. Совуқларда, қорларда, ёмғирларда қолган.

Бу дард Ватанидан узоқда, она тупроғини соғиниб юрган кезларида, айниқса, кўксига кўп бор ташвиш солган эди. Нотаниш ўлкаларда мусофирчиликда юрганингда юртингдаги янтоқ ҳам кўзингга гул бўлиб кўринади. Элингда унчалик эътибор бермаган ҳамқишлоғингни у ёқларда жигарингдек соғинасан. Ватандошларингнинг ҳаётини, яшаш тарзини, тақдирини ўзинг муваққат яшаб турган мамлакат фуқаролариники билан солиштирасан. Ана шу солиштириш асносида шуурингда янги, нурли режалар туғилади.

Ватандан айрилиқда қилинган масъулиятли меҳнатнинг ўзига яраша рағбати бўлиши табиий. Шопсанов сафардан озми-кўпми маблағ билан қайтди. Ана шу маблағининг бир қисмини савоб ишларга сарфламоқчи бўлди.

Лекин шунинг ўзигина уни савоб ишга қўл уришга ундади, десак нотўғри бўларди. Чунки хорижда ишлаб келганларнинг ҳаммаси ҳам саховатли бўлиб қолмайди. Ёки юртидан чиқмасдан-да туманлаб мол-дунё йиғиб, илондай асраб ётган миллатдошларимиз йўқмикан…

Эзгу иш бойликдан эмас, эзгу орзулардан туғилади. Эзгу ниятли кишилар эса шу руҳда тарбияланадилар.

Шопсанов ўз отасини эслай олмайди. Ундан на бирор сурат, на бир эсдалик қолган. Қолгани ҳамқишлоқ қариялар гурунгларида эслайдиган, Мухтор ака фахрланиб тинглайдиган ҳикоя.

Ҳикояки, қишлоқнинг кўҳна қабристони яйловга қўшилиб, оёғости бўлиб кетиш хавфи туғилганида, Шопсан бобо ўғли Муҳаммадига бош бўлиб, уни пахса билан ўраб чиққани ҳақида. Бу савоб ишни деб бир кун, бир ҳафта эмас, ойлаб меҳнат қилган.

«Шундай, – дейишади қариялар, – Шопсан бобо элининг дуосини олган. Болалари ҳам отасидан кам бўлмади».

Мухтор Шопсанов ана шундай ҳикояларни тинглаб улғайган эди. Ота оламдан ўтди, лекин унинг ибратли ишлари фарзандларига бир умр тарбиячи бўлиб қолди.

Ирсият қонунига кўра, айрим хасталиклар авлоддан авлодга ўтади. Фазилатлар ҳам. Савоб ишларга рағбат, эзгулик халқимизнинг қонида бор. Мухтор Шопсановга ҳам бу фазилатлар авлодларидан ўтган бўлса, не ажаб!.. Олимларнинг эътироф этишларича, қатағон ва ундан кейинги карахтлик даврлари одамларнинг нафақат хулқ-атворига, ҳаёт тарзига, ҳатто ирсиятига ҳам ўзининг фожиавий таъсирини ўтказган. Шаклланган ёки шаклланаётган авлодларда лоқайдлик, худбинлик, журъатсизлик аломатлари кўпроқ кўзга ташлана бошлаган. Шопсановнинг отаси савоб ишга қўл урганида, ўғлидек идоралар эшигида сарғайиб, хасталикларга чалиниб юрмаган эди. Мухтор аканинг эзгулик йўлида чеккан бу изтиробларини кўрган фарзандлари, келгусида отаси юрган йўлдан юрармиканлар? Биз ирсият қонунини бузиб қўймадикмикин?..

Мухтор акани Тошкентнинг Жанубий вокзалида учратиб қолдим. Кўриниши бундан ўн бир йил бурун қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, деярли ўзгармаган. Бошида дўппи, сочи тақир олинган, бўйнида галстук. Овози бироз ўктамлашган.

– Мактаб боғидаги шафтолилар мева тугди, – деди у болаларча қувониб.

Айтишича, ҳовлисида ўзи боқиб семиртирган тўрт қўйни сотиб, пулига иккита токарлик дастгоҳи олган. Уларни «мактаби»нинг устахонасига ўрнатиш учун кетяпти.

У билан суҳбатлашиб турарканман, турмуш ўртоғи Тўхтахон опанинг ҳазил аралаш айтган гаплари хаёлимдан ўтди:

– Акангизнинг дарди бедаво: топганини «мактаби»га ташийдилар: ҳали ноёб дарахт кўчати, ҳали қовун-тарвуз уруғини олиб бориб берадилар…

Опамиз яна бир гапни айтмадилар – мен айтай: Мухтор ака бу ишларнинг ҳаммасини Тўхтахон опа билан бамаслаҳат қилади.

Мухтор Шопсановнинг «хасталиги» – яхши дард. Қани энди ҳаммамиз шундай «хасталик» билан оғрисак. Шунда жамиятимизнинг, Ватанимизнинг, халқимизнинг дардлари камайгаи бўларди. Лекин бунинг учун ҳамма Шопсановдай фалон минг сўм сарфлаб, мактаб қуриши шарт эмас. Бундай эзгу ниятли кишиларни вақтида қўллаб-қувватлаш, ҳеч бўлмаганда, уларга халақит бермасликнинг ўзи ҳам савоб.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1989 йил.