Қулман Очилов. Кертилган (ҳикоя)

-Бу жой бўшми?
 Таниш овозни эшитиб, Мавлон сесканиб кетди, ирғиб туриб, тўғри келган томонга қараб қочмоқчи бўлди, лекин туролмади. Ёнида хотини ўтирган эди. У илкис ёнига бурилди ва тепасида турган аёлнинг томоғи остида осилиб турган бир жуфт йўғон томирга кўзи тушди. Оҳори кетган тор жинси шим, жинси куртка кийган ихчамгина бу аёлнинг овозини у юз йилдан кейин эшитса ҳам танирди: тумов теккандек хириллаброқ гапиради. Шу хириллашида гўё нозу ғамза бордек. Ёқимли. Нафис лабларининг, қўй кўзларининг атрофида доим истеҳзоли жилмайиш зоҳир: шунақа денг?
 Мавлон хотинига қаради. Хотини елкасини учирди:
 -Бўш, – деди хафсаласизгина.
 -Ўтирсам бўладими?
 Хотини: “Сиз нима дейсиз?” дегандек энди эрига қаради.
 Мавлон тепасида турган “меҳмон”га сездирмай юғон қошларини чимирди: “Бошқа жой қуриб кетганми?..”
 -Майли, – деди хотини ҳушламайгина электр поездининг деярли бўм-бўш вагонига иддао билан кўз югуртирар экан, – бошқа жой тополмаган бўлсангиз, ўтиринг.
 Тик турган аёл ўзини тушунмаганга олди ва ўриндиқнинг дераза тарафига каттакон қора сумкасини қўйиб, ўзи Мавлоннинг рўпарасига чўкди.
 -Ёмғирнинг савалашини қаранг, – деди ўзига-ўзи гапиргандек. – Энди пахта нима бўлади? Ҳали далаларда ҳосил сероб, дейишади.
 Энди эр-хотин эшитмаганга олди. Пўлат изларга урилаётган поезд ғилдиракларининг тарақа-туриқи тобора тезлаша бошлади.
 Вагон оғаси келиб, чипталарни текширишга киришди.
 -Сиз мени танимадингиз-а? – деди аёл бир пасдан кейин. Мавлон жилмаймоқчи бўлди, лекин ҳаракати беўхшов чиққанини сезди. Нигоҳини олиб қочиб, елкасини учирди.
 -Нурияман.
 Аёл рўпарасида толмовсираб ўтирган эркакка рўй-рост ва истеҳзо билан тикилди. Эркакнинг юмалоқ юзи, гўштдор жағлари, йўғон бўйни ҳаммом мўрчасидан чиққандек қизариб кетган эди.
 -Сиз мени кимгадир ўхшатдингиз, чоғи? – деди Мавлон ва чап кўзини қисиб, хотини томон имо қилди. Нуриянинг кўзларига илтижо билан тикилди: шарманда қилманг, илтимос!
 Аёлнинг кексалик нуқси уриб қолган юзи тоза-озода, майда ажинларни ҳисобга олмаганда, силлиқ. Қошлари терилган. Эркакчасига калта кузалган ва сийраксий бошлаган сочлари оч қирмизи рангга бўялганига анча бўлган чамаси чаккаларида оқ соч толалари кўзга ташланади. Юғон томирлари бўртиб турган қўлида, қулоғида, бўйнида тақинчоқ кўринмайди. Қалин тирноқлари қайчи билан нотекис олинган. Қўл учида кун кўриши кўриниб турибди. Қанча пенсия оларкан, деб ўйлади эркак. Бу паст бўйли, ихчамгина аёлни у бир пайтлар уйда бўйнига қўғирчоқдек осиб, кўтариб юрар эди. Кўтариб юришлари, суюиб-эркалашлари жувонга жуда-жуда ёқар эди.
 Нурия оғир хўрсинди:
 -Сиз Жавлон Жўраевмисиз?
 “Ҳайрият-ей!” Эркак енгил тортди:
 -Йўқ, мен – Мавлонман, Мавлон Тўраевман.
 – Жавлонга жуда ўхшаб кетар экансиз, – Нуриянинг кўзлари энди тешиб юборгудек тикилиб турарди. – Мабодо, қариндош эмасмисизлар? Жавлон ҳам ҳозир тахминан сизнинг ёшингизда – элликдан ошган бўлса керак!..
 -Йў-ўқ, – деди эркак чўзиб ва томоғига нимадир тиқилганини сезди. Ютинар экан, сўлагига чайқалиб, ўхчиб юборишига сал қолди. Совуқда қотгандек дағ-дағ титраётганини ёнида пишиллаб ўтирган хотинига сездириб қўйиши ҳеч гап эмасди.
 “Таниди, энағар! – деди ичида. – Юз фоиз таниди!..”
 – Буни қаранг, кеча бежиз тушимга кирмаган экан-да! Бўйи баланд – бир метру тўқсон етти сантиметр, елкалари шкафдан ҳам кенг, палвон йигит эди!.. Қашқадарёга борганида тўйларда кураш тушиб, совринлар олиб келарди.
 Нуриянинг кўзлари қувончдан порлаб кетганини кўрган хотин эрига сирли қараш қилди: “Ўша йигит бу кампирнинг юрагидан роса урган экан-да, а!”
 – Туғилган кунимда менга мана бу медальонни совға қилган эди! – Нурия бўйнига осилган юрак шаклидаги медальонни очди. Бир қопқоғида шол рўмол ўраган кампирнинг расми – Нуриянинг онаси, иккинчи томонида елкасига тушган сочлари қуюқ, кўзлари катта-катта, йигирма ёшлардаги йигитнинг – Мавлоннинг сарғайган сурати. Бирор ҳужжатдан кўчириб олинган бўлса керак, суратнинг четида думалоқ муҳр изи қолган. – Сизга жуда ўхшайди!..
 Мавлон чап оёғини хотинига сездирмай Нуриянинг оёғига олиб борди-да, қизил туфлисига секин туртди. У жавоб қайтарди – Мавлоннинг болдирига зарда билан қаттиқроқ туртди.
 -Қани? – Мавлоннинг хотини бўйнини чўзиб расмларни томоша қилган бўлди. Ҳайрият танимади.
 -Жавлон Жўраев билан бир пайтлар қурилишда бирга ишлаганмиз, – деди медальонни ёпар экан Нурия худди судда гувоҳлик бераётгандек расмий оҳангда. – У бетончи, мен ғишт терувчи эдим.
 “Топти, топди, энағар!-деди Мавлон ичи ёришиб. – Тўқимачилик комбинатида бирга ишлаганмизни, мен юк туширувчи, ўзи тўқувчи бўлганини яширди. Холасининг Шофайиздаги ҳовлисида икки йил бирга яшаганмизни айтса, хотинимнинг олдида қандай одам бўлардим!..”
 -Жавлон уч йил уриниб, университетга киролмагандан кейин армияга кетган эди, – деди Нурия. –Сиз қайси университетни тугатгансиз, Мавлон ака?
 -Қарши пединститутини. Меҳнат таълими бўйича.
 Мавлон Тошкентда юрган кезлари Нуриянинг уйида мазахўрак бўлиб қолган эди. Жой текин, овқат текин, хизматкор текин, маишат – хотин текин. “Ув, бола, аёл зотига ишонч йўқ, бунинг устига сендан етти ёш катта бўлса, сенгача ҳам неча эркакни кўрган бу бева, бўйнингга осилиб олса, ўласан”, дерди танишлари. “Осилиб ололмайди,- дерди Мавлон, – армияга қочаман-кетаман. Икки йилда ким бор, ким йўқ. Излаб боролмайди, тополмайди. Топгунича бирор қизга уйланиб оламан”.
 Мавлон ҳарбий хизматга қочиб кетмади. Хайр-хўшни, Нуриянинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб кетди, охирги тунни жувон билан бирга ўтказди. Нурия дарди бедаво – саратон чангалида ўлим билан олишиб ётган онасидан хабар олиш учун эрталаб Ғазалкентга кетди. Кетар чоғи вагон олдида Мавлоннинг кўкрагига бош қўйиб, ўксиб-ўксиб йиғлади: “Энди сизсиз қандай яшайман, Мавлон ака?..”
 У Мавлонни “ака” дейишни ёқтирар эди. “Сизни ака десам майлими?- деган эди Мавлон ётоқхонадан унинг уйига кўчиб ўтган биринчи тунда. – Ўзимнинг акам! Акажоним! Паҳлавоним!..”
 “Мен эртага кечқурин йўлга чиқаман, – деди Мавлон. – Уйнинг калитини ўша жойга, остонадаги мусулмон ғиштнинг тагига қўйиб кетаман”…
 Мавлон шу топда хотинини Нурия билан солиштирди: аёли Нуриядан ўн ёш кичик, лекин йигирма ёш каттага ўхшайди – семиз, бесунақай, ҳунук, бефаҳм. Раиснинг қизи эмиш! Нуриянинг кўзларидан ўттиз йил бурунги ўт, оташ, ишва ўчмаган. Ўзига ярашган майин сочлари эркакчаси калта кузалган. Диркиллаган оппоқ сийналари ўртасидаги мошдек қора холи ҳали ҳам бормикан?..
 Бир зумда қоронғи тушди. Вагонда ёнган чироқлар шуъласи кўзларни қамаштириб юборди.
 Нурия нимадир эсига тушгандай ёнидаги қизил сумкасидан оқ гардишли кўзойнагини чиқариб, қаншарига қўндирди ва Мавлоннинг хотинига ажаблангнича тикилиб қолди.
 -Узугингиз бунча чиройли экан, – деди. – Бир кўрсам бўладими? Илгари менинг ҳам шунақа узугим бўларди. Бувимдан мерос…
 Хотин эрига қаради. Мавлон ижирғаниб бош ирғади: “Сен, молга тақинчоқ тақма демаганмидим?!..”
 Эркак тим кўк костюмининг чўнтагидан ғижимланиб кетган дастрўмолини чиқариб, юзини артди. Шу аснода икки кўраги орасидан оққан тер елкасидан белигача беаёв қичитиб кетди. У елкасини ўриндиқнинг суянчиғига ишқалади, лекин фойдаси бўлмади, лок урилган тахта жуда силлиқ эди.
 Нурия узукни олиб, сўфи бармоғига тақди ва Мавлонга ўгирилди:
 -Ҳайноҳой сиз совға қилган бўлсангиз керак?
 Эркак билинар-билинмас бош ирғади ва пастки лабини тишлади.
 -Қаранг, кертилган экан!
 Узукнинг феруза кўзига туташган икки япроқдан бири “кертилган” – тариқдайгина кемтиги бор эди. “Япроққа қурт тушган экан-да?” деган эди Мавлон уни биринчи бор Нуриянинг қўлида кўрганида. “Йўқ, бу – белгиси. Заргар бувимга айтган эканки, энди мингта узукнинг ичидан ҳам таниб оласиз. Кертилган жойидан озгина олиб, синиб тушган кўзини яхшилаб кавшарлаб қўйдим”.
 -Илгари номдор заргарлар ўзи ясаган буюмга муҳрини босган, – деди Нурия қўлини энди рўпарасида анқайиб ўтирган аёлнинг кўкрагига узатар экан. – Ишончим комилки, тилла занжирингиз ҳам асл мол. Унга осилган тақа ҳам кертилган. Тўғрими, Мавлон ака?
 Мавлон ғудранди:
 -Ҳа-а, энди…
 -Айтмадимми? – Нурия елкасини ўриндиқ суянчиғига ташлади. – Тақа ҳам икки томонидан кертилган экан!.. Балли!..
 Мавлоннинг хотини эрига хавотирланиб қаради ва нимадир деб шивирлади.
 -Ана, вагоннинг охирида, – деди эри. – Бемалол бориб келавер. Ё бирга борайми?
-Йўғ-ей, ўзим…
 -Хў-ўш, ишлар қалай, Мавлон ака? – деди Нурия Мавлоннинг хотини узоқлашгач. – Бутунлай камнамо бўлиб кетдингизми?
Мавлон яна кўзларини олиб қочди ва беўхшов кулди:
 -Ҳа энди, тупроқдан ташқарида юрибмиз-да!
-Бу томонларга қандай шамоллар учирди?
-Хотинимни “Чорвоқ” санаторийсига олиб кетяпман. Салқин тушди дегунча эски касали қўзийди. – У кафти билан оғзини ёпиб кулди. – Цистит – қовуғи қаттиқ яллиғланган. Тез-тез сиядиган бўп қолган.
 Нурия қошларини учириб туширди. У нимадир демоққа шайланаётгани сезилиб турарди.
 -Ўзингиз-чи? Ғазалкентга кетяпсизми? – сўради Мавлон.
 -Ҳа, – деди паришонлик билан Нурия ва Мавлоннинг хотини кетган томонга бир қараб олди. – Пенсияга чиққанимдан бери отамникида яшайман… Сиздан бир нарсани сўрасам майлими?
 Мавлон бош ирғади.
 – Ўша куни “Весна” магнитофони билан қутичадаги пулни ҳам сиз олганмидингиз?
 Мавлон оқ оралай бошлаган сочлари саватдай дўпписи остидан тикрайиб чиқиб турган бошини эгди.
 Нурия гапиролмай қолди.
 -Унда… унда, Мишани нега қамашди? – деди ниҳоят овози титраб.
 -Қайси Мишани?
 -Қўшнимиз-чи?
 -Билма-адим…
 -Эсингиздами, чироғимиз ўчиб қолса, тузатиб берадиган электрик қўшнимиз бўларди-ку, Муҳаммад. Орриққина, рангпаргина… Дўдиқланиб гапирарди…
 Мавлоннинг қулоқлари чиппа битиб қолгандек бўлди.
 -Мен жуда яхши эслайман, – деди Нурия. – Милиционерлар Мишанинг қўлини боғлаб олиб келишганида, у уйнинг эшигини қандай бузганини, қаердан нимани олганини бирма-бир кўрсатиб берган эди. Ҳамма ёқ лой, кирза этик изи эди… Лекин калит мусулмон ғиштнинг тагида турган экан…
 “Кирза этик эмас, ботинка! – деган ўй ярқ этиб ўтди Мавлоннинг хаёлидан.- Бўзсувга отиб юборган эдим…”
 -Миша узук билан тилла занжирни, магнитофонни қайси бозорда қанчага сотганигача айтган эди, – деди Нурия. – Етти йил беришганди…
 -Қанча?
 -Етти йил?
 -Ҳо-озир… ҳозир қаерда ўша Миша – Муҳаммад? – деди Мавлон нимадандир ҳадиксирагандай ва тили оғзига сиғмай, қуриқшаб қолганини сезди.
 -Бир йилдан кейин, саксон олтинчи йили ўлди деб эшитдик. Бояқиш, қамоқда ўзини осиб қўйган экан…
 Мавлон хотинидан хавотир олган бўлиб, ўрнидан турди ва ҳожатхона томон юрди. Қайтиб келганида Нуриянинг ўрни бўм-бўш, аёл борар манзилидан анча берида, Чирчиқда тушиб қолган эди.
 
“Ҳуррият” газетаси, 2015 йил 28 январь