Темурийлар сулоласини юксалтиришда Соҳибқирон Амир Темурнинг садоқатли ўғли Шоҳруҳ Мирзо қандай фидойилик ва донолик билан фаолият кўрсатгани бизга тарихий манбалардан яхши маълум. Бу жараён Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг яқинда “Ўзбекистон” нашриётида чоп қилинган “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” деб номланган янги асарининг марказий мавзуларидан биридир. Қуйида ушбу тарихий романдан бир парчани газетхонларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
…Амир Темур, Бибихоним, Туман оқо, неваралардан Улуғбек ва Иброҳим Мирзолар келиб тушган Бердибекнинг Ўтрордаги меҳмонхонасида кечаси бирдан ёнғин чиқди. Бу ёнғин махфий жосусларнинг ишимиди ёки қаттиқ совуқлардан ҳаддан ташқари кўп ўт ёққанлари ҳам сабаб бўлдими, буни аниқлашга улгуришолмади. Ёнғин пайтида Амир Темур учун бехатар жойда чодир ўрнатгунларича тунги қаттиқ совуқ ва изғирин шамол унга ёмон таъсир қилди. Иситмаси кўтарилиб, қаттиқ хасталаниб қолди. Шундан кейин ҳамманинг хаёли Соҳибқиронни даволаш билан банд бўлди. Аммо муолажа кор қилмади.
Соҳибқирон ўлим тўшагида ётганида донишманд хотини Сароймулкхоним ва ишонган амирларидан Шоҳмалик унга Шоҳруҳни бир неча марта эслатдилар, улкан мамлакатни идора қилиш фақат шу ўғилнинг қўлидан келишини ишора қилдилар.
Лекин қазо яқинлигини сезган бошқа маслаҳатгўйлар ҳам Амир Темур атрофида парвонадай айланишмоқда эди. Айниқса, девонбеги Хўжа Аҳмад Тусий, ҳакими ҳозиқ Фазлуллоҳ Табризий, вазир Масъуд Симнонийлар Соҳибқирон оламдан ўтгандан сўнг Халил Султонни тахтга чиқариш тарафдори эдилар. Уларнинг бу борадаги махфий маслаҳатларига туронлик амирлардан Хўжа Юсуф ва Самарқандда доруға бўлиб турган Арғуншоҳҳам қўшилган эди…
Халил Султон Шодимулкни ўлимга буюрмоқчи бўлганлардан ранжиб юрганини унинг тарафдорлари яхши билар эдилар. Бу довюрак йигит ҳеч кимдан — ҳатто оламни титратган бобосидан ҳам тап тортмай севлигисини ҳимоя қилгани Хўжа Аҳмад Тусий, Алавиддин Табризий, Масъуд Симноний кабиларга жуда ёқар эди.
Соҳибқирон билан доим шоҳмот ўйнайдиган, гоҳо унга атайин ютқизиб бериб, жуда усталик билан хушомадлар қиладиган, қизиқ-қизиқҳангомалардан айтиб, подшони кулдира оладиган Алавиддин Табризий ҳам шу гуруҳга кирар эди.
— Ҳазратим, ҳали баҳодир йигитдайсиз, мана, ҳакими хосингиз мавлоно Фазлуллоҳҳам айтсинлар, сиз Хитойдан яна бир оламшумул ғалабага эришиб соғ-саломат қайтгайсиз!
— Бўлажак ғалабаларингиз фақирга тушимда аён бўлди! — деди Хўжа Аҳмад Тусий. — Сизнинг оқ фил миниб Самарқандга қайтганингизни тушимда кўрибмен!
Хос ҳаким Фазлуллоҳ Табризий ҳам бу яширин гуруҳнинг башоратларини тасдиқлаб, кекса саркарданинг қаҳратон қиш совуқларида ҳарбий юришга чиқишига тарафдор эдилар.
Соҳибқироннинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрган бу одамларнинг кўнгилларида бошқа орзулар бор эди… Халил Султон ёш, бирорта вилоятни ҳам бошқариб кўрмаган тажрибасиз йигит. Халил Султон фақат Турон ва Туркистонга подшо бўлиш билан қаноатланиши мумкин. Узоқдаги Табризу, Шерозларни Самарқанд тахтида ўлтириб бошқариш унинг қўлидан келмаслиги аниқ.
Аммо Шоҳруҳ Мирзо Соҳибқирондан кейин подшо бўлса Турон билан бирга Хуросон ва Эронни ҳам отаси каби яхлит бир салтанат доирасида ушлаб туришга кучи етарди. Шуни яхши биладиган Хўжа Аҳмад Тусий Амир Темур берган ваколат билан Ҳиротга бориб, Шоҳруҳ Мирзога йўқ жойдаги айбларни тақиб келган ва ота-бола орасига атайлаб совуқлик солган эди.
Мана энди Ўтрорда ҳам Халил Султон тарафдорларининг бутун ҳаракати Шоҳруҳ Мирзони валиаҳд қилмасликка қаратилди.
Суюкли невараси Муҳаммад Султон вафот этганда Соҳибқирон бобоси жуда қаттиқ мусибат чеккан эди. Акасига ўхшаброқ кетадиган полвон тахлит Пирмуҳаммад Мирзони бобоси бағрига босиб йиғлаган эди:
— Энди сен акангнинг ўрнини олгин, болам! Акангни валиаҳд қиламан деган эдим. Энди илоё сен акангнинг ўрнига валиаҳд бўлгин!
Қулоғини динг қилиб бу сўзларни эшитган беглар беги Аҳмад Тусий ёнидаги хос ҳаким Ҳабибулла Табризий ва Масъуд Симнонийга маънодор кўз ташлаб олди. Шу учовлари Соҳибқироннинг бу сўзларини дилларига маҳкам тугдилар. Амир Темур Ўтрорда ўлим тўшагида ётганида улар Пирмуҳаммад Мирзони Соҳибқиронга энг илиқ сўзлар билан эслата бошладилар.
Уларнинг асл мақсадлари Халил Султонни валиаҳд қилиш эди. Лекин Шодимулк воқеасидан кейин «Халил Султон валиаҳд бўлсин», деган гапни Соҳибқиронга мутлақо айтиб бўлмаслигини билишарди. Шоҳруҳни валиаҳд қилмаслик учун Пирмуҳаммад Мирзо номзодини қўллаб-қувватлаш вақтдан ютиш учун қилинадиган бир чора эди.
Бу катта ва қалтис ўйинда Халил Султон тарафдорлари худди шоҳмотдаги кейинги юришларни ҳам олдиндан кўриб дона сурмоқда эдилар. Чунки Пирмуҳаммад Мирзо ҳозир Кобул ва Хайбар довонидан наридаги узоқ ва илиқ бир масканда қишламоқда эди. Ўтрордан жўнаган чопар қиш кунида Ҳиндикуш тоғидан ошиб, Пирмуҳаммад Мирзога ўлим хабарини етказгунча камида йигирма кун ўтади. У ёқда Пирмуҳаммад Мирзо қўл остидаги вилоятларни ишончли одамларга топшириб, Самарқандга етиб келгунча ундан кўпроқ вақт кетади. Бу орада Халил Султон Самарқандда тахтни эгаллаб, мустаҳкамланиб олади.
Аҳмад Тусий ва унинг шериклари Соҳибқирон Ўтрорда ўлим тўшагида ётганда оғир мусибат пайтида невараси Пирмуҳаммадга «Энди сен қолдинг, болам, марҳум акангнинг ўрнини сен оласан, валиаҳд сен бўласан», деган сўзларини бир неча марта мулойим қилиб эслатди.
Тусий Соҳибқироннинг бир сўзлик одам эканини яхши биларди. Ўша оғир мусибат пайтида Пирмуҳаммадга айтган сўзлари Соҳибқироннинг ёдига тушди. Лекин Шоҳруҳдай азамат ўғли турганда неварани валиаҳд этиб тайинласа, адолатдан бўлмаслигини сезиб, бир оз иккиланди. Шу пайт Аҳмад Тусийнинг ишораси билан хос ҳаким Мавлоно Фазлуллоҳқўлидаги сариқ дори солинган олтин пиёлани Соҳибқироннинг лабига яқинлаштирди. Бир қўли билан беморнинг билагидаги томиридан тутиб, хавотирли товуш билан деди:
— Ҳаяжонланманг, ҳазратим, юрак уришингиз тезлашиб кетди. Шу дорини ичинг, яхши бўлади! Ичинг!
Аҳмад Тусий ҳам:
— Илтимос, ҳазратим! Ўтинамиз! Ичинг! — деб ялинди. Соҳибқирон дорини ичаётгандасал енгил тортгандек бўлди. Лекин кўп ўтмай бўшашиб кетди. Ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолди. Унинг шу ҳолатидан фойдаланиб, икковлашиб дорини охиригача ичиришди. Аҳмад Тусий таъзим қилиб:
— Айланай Ҳазратимдан! — деди. — Бу улуғ зот ҳеч қачон айтган сўзидан қайтган эмаслар. Ҳозир ҳам қайтмайдилар! Бахт қуши Пирмуҳаммад Мирзонинг бошига қўнади! Шундайми, Ҳазратим?
Соҳибқирон ўнг қўлини сал кўтариб, тутила-тутила деди:
— Шундай… Сўзим битта!..
Энди хос ҳаким ҳам қувониб, Соҳибқиронга уч марта таъзим қилди.
Кўп ўтмай энг нуфузли беку аъёнларни бемор ётган хонага чақирдилар. Уларнинг орасида Бибихоним ва шаҳзода Улуғбек билан Иброҳим йўқ эди.
Шунда Бибихоним Хўжа Аҳмадга юзланиб йиғлаб гапирди:
— Тепамизда Худо бор, жаноб Тусий! Шоҳруҳдай ўғиллари турганда неварани валиаҳд қилиш шариатга тўғри келармикин?
— Буни Соҳибқирон биздан яхши билурлар. Сизни шаҳзодалар билан кейинроқ чақирадилар, ўзлари айтдилар.
«Айтмаган бўлса ҳам бу маккор ўзи тўқиб чиқаряпти!» деган сўзлар Бибихонимнинг кўнглидан ўтди.
Кечки пайт нуфузли беклар ва саркардалардан ўн чоғли кишини Соҳибқирон ётган хонага бошлаб кирдилар. Хонага бошқа ҳеч ким яқинлашмаслиги учун қилич таққан ва найза тутган ўнтача соқчини махфий мажлис бўлаётган хона атрофига қоровул қилиб қўйдилар.
Йиғилганлар учун Соҳибқирон ўзининг сўнгги қарорини заиф, паст товуш билан айтди. Қаттиқ бир йўталдан кейин овози сал очилиб, Пирмуҳаммадга содиқ бўлишни, бир ёқадан бош чиқариб иш олиб боришни тайинлади. «Шояд давлатни мен каби адлу эҳсон билан бошқарсаларинг… мамлакат узоқ вақт сизларники бўлғусидир…» — деди.
Беклардан бири йиғлаб туриб: «Соҳибқирон ҳазратлари, жон керак бўлса биз ўз жонимизни сизга бағишлашга тайёрмиз!» — деди. Бошқалар кўзларига ёш олиб бу сўзларга қўшилдилар. Шоҳмалик сўзлашга рухсат олиб таклиф киритдики, «Тошкент узоқ эмас, ҳеч бўлмаса Халил Султон каби саркардаларни чақирсак, сиз айтган гавҳар сўзларни ўз қулоқлари билан эшитсалар» — деди. Бу гапга Соҳибқирон:
— Вақт оз, — деб жавоб берди. — Мажол йўқ! … Улар … етиб келолмаслар. Улар билан дийдор кўришиш энди қиёматга қолди. Сизлар билан ҳозир сўнгги мулоқот… Биҳамдулло, диний мулоқотдан кўнглимга орзу қолмайдир. Магарким фарзанд Шоҳруҳниким, ҳозир бу ерда кўрмадим…
Соҳибқирон сўнгги сўзларни армон билан айтганини ҳамма сезди. Унинг Шоҳруҳга айтадиган муҳим гаплари бор эди. Шундай баркамол ўғли турганда, узоқ юрган неварани валиаҳд тайинлагани унга энди хиёл мавҳум туюлмоқда эди.
Беку аъёнлар тарқагандан кейин Соҳибқирон Аҳмад Тусийга:
— Энди шаҳзодаларни чорланг, — деди. — Ҳазрат Бибихоним бошлаб кирсин.
«Сиз бошлаб киринг» дейилмаган бўлса ҳам Аҳмад Тусий муҳим бир нарсадан қуруққоладигандек, Бибихоним билан шаҳзодаларни ўзи бошлаб кирди.
Бибихоним беморнинг оёқ томонига чўккалаб, куюниб йиғлаган ҳолда:
— Мендан рози бўлинг, ҳазратим! — деди. Соҳибқироннинг кўзида ҳам ёш йилтиради.
— Илож қанча, Бибижон… тақдир шу экан… Мен сендин мингдан-минг розимен. Сен билан ўтган умримга шукрона айтамен.
Бу сўзлардан Бибихоним ўзини тутолмай ўкириб йиғлади. Невараси Иброҳим уни икки қўлидан олиб:
— Бувижон, оғир бўлинг, жон бувижон! — деб ялиниб тинчитди.
Ҳушёр турган неварасидан Соҳибқирон мамнун бўлиб, Иброҳимнинг бошини силади:
— Илоҳим бахтли бўл, умринг узоқ бўлсин! — деб дуо қилди.
Соҳибқирон ўнг ёнидаги Улуғбекка юзланди:
— Энди мени Улуғбек билан ёлғиз қолдиринглар. Шу неварамга айтадиган гапим бор…
Улуғбек бобоси билан ёлғиз қолганидан кейин унинг ўнг томонига ўтиб, қулоғини бобосига яқин тутди.
— Отангга ўхшайсан, Улуғбек. Шоҳруҳни соғиндим. Қани ҳозир ёнимда бўлса?!
— Отам ҳам сизни жондан азиз кўрадилар, ҳазратим!
— Аҳмад Тусий менда ёмон шубҳа уйғотган эди. Карахт қиладиган дори ҳам бердими нима бало?! Энди сал хаёлим тинигандай бўляпти. Мен ҳозир бир гап айтаман. Яхши эслаб қол. Бир сўз қолдирмай отангга бориб айт.
— Жоним билан айтамен!
— Агар Пирмуҳаммад валиаҳдликни эпласа дуруст, эплолмаса, ҳокимиятни Шоҳруҳқўлига олсин. Кўпчилик беку саркардалар Шоҳруҳга мойил. Мен ҳам Шоҳруҳга ишонаман, оқ фотиҳа бераман. Фақат ақл билан, тадбир билан қон тўкмай иш кўрсин. Бу гапларни отангдан бошқа ҳеч кимга айтма. Хўпми?
— Хўп, Ҳазрат бобожон!
Соҳибқирон унинг пешонасидан бир ўпди-да, сўзида давом этди:
— Шоҳруҳ менга «бирор йил дам олинг» деб тўғри айтган экан. Етти йиллик урушдан кейин дам олмай Хитойга юриш бошлаш… Буни менга отам раҳматли ҳам тушимга кириб эслатди… Қалин ўрмон орасида отим боғлоқлик турган экан. Бирдан отам пайдо бўлди. Индамай, мен томонга ўгирилиб ҳам қарамай эгарлоғлик отимнинг олдига борди. Устидаги эгар-жабдуғини ечиб олди-да, йўлнинг нарёғига элтиб қўйди. Кейин бир пайт отам ғойиб бўлди. Чўчиб уйғондим. Чодирда совқотиб ётибман. Тушундингми? Отнинг эгарини олиб, яйдоққилиб кетгани «ҳарбий юришга бормагин, ютқизасан!» деганлари экан. Ўғлим Шоҳруҳ худди шу гапни менга мулойимроққилиб айтган экан. «Бирор йил дам олинг» деганда мен унга пичинг қилган эдим. «Чарчаган бўлсанг, сен дам ол, Хитойга мен ўзим қўшин тортаман» деган эдим. Лекин Шоҳруҳҳақ экан! Ҳақ! Сен буни отангга бориб айт. Ҳар қалай Шоҳруҳўғлим олдида дилимни покладим, буни ҳам бориб айт!
* * *
Йўлда қаттиқ чарчаган Улуғбек ота-онаси билан Воғи Сафедга келиб тушди. Ҳаммомда ювиниб, тоза кийимларини кийгач, дастурхон устида ота-онасига бўлган ҳодисаларни бир-бир айтиб берди.
— Ҳазрат бобом менга муҳим бир гап айтганини маккор Аҳмад Тусий сезди. Шунинг учун биттаси Самарқандга келгунимча оғзимни пойлаб келди. Бухорода бўлса “тутиб олиб ҳибс қилинсин”, деган фармон бор экан. Аму бўйигача тақиб этиб келишди-ку! Хайрият, ниятларига етитишолмади ноинсофлар!
— Яратганга шукур, — деди Шоҳруҳ. — Паноҳида асрапти.
— Бобом менга қараб: “Темурийлар сулоласини илоё отанг билан сен давом эттиринглар! Омин!” — деб юзларига фотиҳа тортдилар.
Бу гапларни эшитганда Шоҳруҳнинг кўзидан ёш оқиб кетди, юзига фотиҳа тортганда кафти ҳўл бўлди. Ўзини тутолмай ўкириб йиғлай бошлади:
— Вой отажоним-ей! Шунчалик танти, улуғ одам энди йўқ! Қабр тоши остида! Вой, бунга қандай чидаб бўлади?!
Улуғбек ҳам отасига қўшилиб: “вой бобожоним-ей!” деб йиғлай бошлади. Уларнинг йиғисига Гавҳаршод бегим қўшилди. Улар ўша кундан бошлаб кўк кийиб аза тутдилар. Яқин-йироқдан хеш-ақраболар, ёру биродарлар йиғилиб, аза очдилар.
Маҳалла-кўйларда, жоме масжидлари олдида қўйлар сўйилиб, эл-юртга худойи ошлар тортилди.
* * *
Вазият жуда нозиклашиб кетди. Валиаҳд Пирмуҳаммад Мирзо Балхга етиб келди-ю Шоҳруҳ Мирзо билан маслаҳатлашмай, аччиқ устида бир элчини қуйидаги қисқа мактуб билан Самарқандга, Халил Султонга жўнатди:
— Жаноб Халилбек! Улуғ бобомиз Амир Темур ихтиёридаги валиаҳдликни сизга ким берди?
Албатта, бу аччиқ сўзлар Халил Султоннинг жон жойига бориб тегди. У янада аччиқроқ бир жавоб ёзиб юборди:
— Жаноб Пирмуҳаммадбек! Амир ҳазратларига тахту мамлакатни берган қодир эгам энди менга ҳам иноят қилди.
Бу жавобни ўқиган беку аёнлар Халил Султоннинг жуда катта кетганини, ўзини Амир Темурдан ҳам баланд қўйиб, ҳатто бобосининг номи-ю, Соҳибқиронлигини ҳам қаламга олмаганини кўргандан кейин “энди қирғин уруш бўлади”, деб бехатар жой излаб қолдилар.
Шоҳруҳ Мирзо подшоларга хос бир босиқлик билан ўз ерида салобат сақлаб турар эди. Бетараф турган тажрибали саркардалар энг бехатар жой деб Шоҳруҳ Мирзо мулкини тан олдилар ва тўп-тўп бўлиб Ҳиротга кела бошладилар.
Вақт — адолатли ҳакам — Халил Султонга қарши ишлаётганини кўпчилик сезиб турарди. Пирмуҳаммад Мирзо ҳамҳозиргитемурийлар орасида энг муносиб ворис Шоҳруҳ Мирзо эканини тан олмасдан, шошқалоқлик қилмоқда эди. Ундан бошқа одам бўлса, аввал ёши катта Шоҳруҳ Мирзонинг маслаҳатини олиши керак эди, кейин Халил Султон билан олишса, бирон натижа бўлиши мумкин эди… Ҳозир у ҳам ўз кучига ортиқ даражада ишониб, дарҳол қилич яланғочлади.
Уларнинг жанги қадимги Насаф яқинида, дарё бўйида бўлди. Икковининг ҳам ботир йигитлари кўп эди. Лекин Пирмуҳаммад Мирзонинг йигитларидан бир неча минг киши ғалабага ишонмаслиги туфайли урушмасдан Халил Султон томонига оқ байроқ кўтариб ўтиб кетди. Халил Султон истеъдодли саркарда эди. Қўшини кўпайганидан усталик билан фойдаланди. Жанг унинг ғалабаси билан тугади. Пирмуҳаммад Мирзо Балхга чекинди.
Унинг ёнида юрган вазири Али Тоз Балхнинг Ҳиндувон қалъасида “Ғалаба бизники бўлади!” деб катта зиёфат тайёрлатган, ажойиб хонандалар ва Ҳиндистондан олиб келинган раққосаларни базмга чақиртириб қўйган эди.
Аламзадаликдан ичишга ўрганган Мирзо Пирмуҳаммад қалъага қайтгандан кейин ўткир майинобдан бир коса кўтарди. Шу билан зиёфат ва ичкиликбозлик тонг отгунча давом этди.
Бу воқеанинг тафсилотлари Шоҳруҳ Мирзонинг Балхдаги хуфялари орқали ўша куни кечгача Ҳиротга ҳам етиб борди.
Самарқандга ғалаба билан қайтган Халил Султон Соҳибқирон бобоси ўнлаб йиллар давомида йиққан энг катта олтин хазиналарини очдирди. Жангда ғалаба келтирган беку навкарларга олтин тангалардан ҳовучлаб мукофот бердилар. Хазина жуда катта экан, шунча олтин улашсалар ҳам таги кўринмас эди. Шундан кейин Шодимулк бегим олтин тангаларга тўлдирилган челакларни хизматкорларга кўтартириб, баланд қалъа деворининг устига чиқди. Пастда турган ва олқиш айтаётган минглаб одамларга олтин тангаларни хазон япроқларига ўхшатиб соча бошлади. Бу унинг ғалаба шодиёнасига атаб эл-юртга улашаётган совғаси эди.
Бу ғалабадан кейин Халил Султон босар-тусарини билмай, ҳовлиқиб, айшу ишратга берилди. Давлат ишларини хотини Шодимулк бегим бошқарди, Бобо Турмуш деган бир қариндошини вазири аъзам қилиб кўтарди. Бобо Турмуш Балхдаги Пирмуҳаммад Мирзонинг вазири Пир Али Тоз билан яширин алоқа ўрнатди. Бобо Турмушнинг қутқуси билан Пир Али Тоз Мирзо Пирмуҳаммадни Балх қалъасида кечаси ухлаб ётган пайтда хотинини ҳам унга қўшиб қиличдан ўтказди. Бу қотиллик эвазига Самарқанддаги Бобо Турмуш Халил Султон номидан Пир Али Тозни Балх ва Бадахшон ҳукмдори қилиб кўтарди.
Хиёнаткорларга бунчалик эрк бериб қўйилса, темурийлар сулоласи ҳалокатга учраши мумкин эди. Шуни сезган Шоҳруҳ Мирзо Ҳиротдан Балхга Пир Али Тозга қарши қўшин тортди. Пир Али Тоз Балхдан Бадахшонга қочди. Шоҳруҳ Мирзо уни таъқиб этиб Бадахшонга келаётганидан хабар топгач, қотил Самарқандга бориб, ҳомийларидан кўмак сўради. Халил Султон Пир Али Тозни деб Шоҳруҳ билан урушишни истамади. Шундан сўнг Пир Али Тоз Афғонистонда яшайдиган ҳазоралар томонга қочиб ўтди. Шоҳруҳ Мирзо уни таъқиб этиб, ҳазоралар устига қўшин торди. Ҳазораларга махсус элчилар юбориб, Пир Али Тозни тутиб беришни талаб қилди. Шоҳруҳдан ҳайиқадиган ҳазоралар Пир Али Тознинг бошини кесиб, терисига сомон тиқиб, Шоҳруҳнинг элчисига бериб юбордилар.
Шу тарзда Пирмуҳаммад Мирзонинг қасдини олган Шоҳруҳ Мирзо Балхга унинг катта ўғли Қайду Мирзони ҳоким қилиб тайинлади. Энди Балх ва унинг атрофлари ҳам Шоҳруҳнинг қаламравига кирди.
Бу ҳодиса Шоҳруҳнинг қудрати ва нуфузини қанчалик оширган бўлса, Самарқандда туриб Пир Али Тозга ён босган Халил Султон ва Бобо Турмушларнинг обрўсига шунчалик путур етказди. Халил Султонга тожу тахтни олиб берган Амир Худойдод Ҳусайний ва Амир Арғуншоҳ Бобо Турмушни ҳокимиятдан четлатишга уриниб кўрдилар. Аммо Шодимулк бегим бунга йўл бермади, аксинча, Худойдод билан Арғуншоҳнинг ўзларини бир четга суриб ташлади. Халил Султонга она ўрнида тарбия берган Сароймулкхоним сирли бир тарзда тўсатдан вафот этди. Унга Бобо Турмуш заҳар бериб ўлдиргани ҳақида овозалар тарқалди. Улар яна Амир Темурнинг хотирасини беҳурмат қилиб, унинг садоқатли беваси Туман оқони Шайх Нуриддинга мажбуран никоҳлаб бериб, Самарқанддан чиқариб юбордилар.
Норозиликлар тобора кучайиб, охири катта бир гуруҳ амирлар ва навкарлар Халил Султонга қарши исён кўтардилар. Самарқанднинг кун чиқиш томонида Шероз деган қишлоқ ёнида Худойдод Ҳусайний бошлиқ исёнчилар Халил Султон қўшинини тор-мор қилиб, ўзини асир олдилар.
Асл воқеадан бехабар одамлар “Шоҳруҳ Мирзо Халил Султоннни урушда енгди. Самарқанд тахтини ундан тортиб олди”, деган миш-мишларга ишонадилар. Ваҳоланки, Шоҳруҳ Мирзо Халил Султон билан бирон марта қилич яланғочлаб жанг қилган эмас, Халил Султонни тахтга чиқарган амирларнинг ўзи Худайдод бошчилигида уни тахтдан туширдилар. Унинг хотини Шодимулк бегимни ҳам канизлари билан асир олишиб, Шаҳрисабзга етиб келган Шоҳруҳ Мирзо ҳузурига жазолаш учун юбордилар.
Амир Худойдод тожсиз подшо бўлиш ниятида эди. Бунинг учун марҳум Муҳаммад Султоннинг ўғли бўлган ўн икки ёшлик бўшанггина Муҳаммад Жаҳонгирга Самарқанд тахтини бериб, давлатни унинг номидан ўзи бошқармоқчи эди.
Шоҳруҳ Мирзо отасининг пойтахтини Худайдодга осонгина бериб, қараб турадиган анойилардан эмас эди. У қатъият билан Худойдодга қарши ҳамла қилди.
Амир Худойдод Шоҳруҳга бас келолмаслигини сезиб Самарқандни жангсиз ташлаб чиқди ва Хўжанд орқали Андижонга қочди. У ердан Мўғилистон подшоси Муҳаммадхоннинг ҳузурига бориб кўмак сўради.
Бундан олдинроқ Шоҳруҳ Мирзо Муҳаммадхонга элчилар ва нодир совғалар юбориб, икки орада яхши муносабат ўрнатган эди. Худойдодга ўхшаган битта қочқин туфайли Шоҳруҳ билан орани бузиш Муҳаммадхоннинг манфаатига тўғри келмас эди. “Ўз валинеъматларига шунча хиёнатлар қилган Худойдод бизга вафо қилармиди?” деб, унинг бошини кесдириб Шоҳруҳга жўнатиб юборди.
Халил Султон Худойдоднинг асоратидан қутулгандан кейин Туркистон томонга қочиб кетди. У Шоҳруҳ Мирзо ҳузурига боришдан қўрқарди. Чунки Шоҳруҳ Самарқандда кўп ёвузликлар қилган Бобо Турмуш билан Амир Арғуншоҳни қатл эттирганини Халил Султон эшитган эди.
Шодимулк бегим Шоҳруҳ Мирзо даргоҳига келтирилганда ўлимга ҳукм бўлишидан қўрқиб дағ-дағ титрарди. Гавҳаршод бегим орага тушиб, шафоат сўради:
— Ҳазратим, бу аёл қилган гуноҳлари учун минг бор узр сўрамоқда! Бир лаҳза арзини эшитинг!
Шоҳруҳ Мирзо Шодимулк бегимни қабул қилганда бу чиройли жувон юм-юм йиғлаб, ергача бош эгиб, илтимос қилди:
— Мен гумроҳлик қилдим! Майли, мени ўлимга буюринг, подшойи олам! Лекин Халил Султонни қутқаринг! Унинг душмани кўп! Бирон жойда ўлдириб кетмасин! Бечорани қутқаринг!
Ёш аёл бош эгиб шундай сўзларни айтгандан кейин Шоҳруҳ Мирзо уни бирон жазога буюришни ўзига эп кўрмади.
Туркистон томонларда юрган Халил Султон Дашти Қипчоқдаги кўчманчи чингизийларнинг қуролига айланиб қолиш хавфи бор эди. Ўша томонларда янги бир фитна қўзғалишига йўл қўймаслик учун Шоҳруҳ Мирзо қўшин тортиб Туркистонга борди ва Узун Ота деган жойда Халил Султон билан учрашди.
— Энди ўтган ишга саловат, сиз менинг жигаримсиз! — деб, қучоқ очиб Халил Султон билан ярашди.
Ўзаро суҳбатда Халил Султон отаси Мироншоҳҳукмронлик қилган Исфаҳон ва Озарбойжон томонларга ҳоким бўлиб бориш истагини билдирди.
— Ҳоқони Саййид, Самарқандда биз элнинг назаридан қолдик, бобомиз пойтахтига Улуғбек Мирзо муносибдирлар, — деди.
Халил Султоннинг тантилик қилгани Шоҳруҳ Мирзога ёқиб тушди. У Самарқанд тахтини ўғли Улуғбек Мирзога иноят қилди-да, Халил Султонни хотини Шодимулк бегим билан Ҳиротга бирга олиб бориб, бир неча кун меҳмон қилди.
Подшонинг илиқ муносабатидан диллари юмшаган Халил Султон ва Шодимулк бегим Ҳиротнинг Боғи Сафедида меҳмон бўлиб турган кунлари кимларнинг қутқусига учиб Соҳибқирон боболари васиятига қарши исён қилганларини батафсил сўзлаб бердилар.
— Биз, ошиқ-маъшуқлар, — деб Халил Султон ўзларини истеҳзо билан тилга олди: — Биримиз подшо, биримиз малика бўлиб, жуда катта кетган эканмиз. Кейин билсак, ҳокимият учун курашган қиморбозлар “гарткам!” деб, бизни ошиққа ўхшатиб, ўртага ташлаган эканлар. Ўйин тугагандан кейин ошиқ керак бўлмай қолганда биримизни Худойдод банди қилиб Хўжандга олиб кетди, биримизни Кешга сизнинг ҳузурингизга асира қилиб олиб келишибди.
Халил Султон Шоҳруҳ Мирзодан етти ёш кичик — энди йигирма олтига кирган эди. Лекин сўнгги йилларда унинг юзи алланечук сўлиб, қаримсиқ бўлиб қолган, соч-соқолига оқ тушган эди.
— Амирзодам, мардона лутф қилдингиз, — деб Шоҳруҳ Мирзо ошиқ-маъшуқлик билан қиморбозлар ошиғи ҳақидаги сўз ўйинидан завқланди.
— Хайрият, толеимизга Хоқони Саййид, сиз билан ҳазрат бегим, сиз бор экансизлар, — деб Шодимулк бегим эрининг сўзларини қўллаб-қувватлади. — Сизларни парвардигор бизга нажоткор қилиб юборган экан. Бўлмаса душманларимиз бизни аллақачон ўлдириб юборишарди.
— Ҳар бир иш Худодан. Бобо Турмуш билан Арғуншоҳлар жазосини олди-ку.
— Бироқ сизга душманлик қилган Хўжа Аҳмад Тусий ёнидаги Табризийлар билан бирга қочиб қутилиб кетди, — деди Халил Султон. — Мен асир тушганимда улар хазинада қолган олтину жавоҳирларни ўмариб, Табриз томонларда ҳукмрон бўлган Қора Юсуф ҳузурига қочиб ўтибдир.
— Рейга ҳоким бўлиб борсангиз, балки улар ҳузурингизга қайтиб келишар? — деди Гавҳаршод бегим.
— Агар қайтиб келишса, мен уларни туттириб Ҳоқони Саййиднинг ҳукмларига топширгаймен. Қора Юсуф билан ҳам алоҳида ҳисоб-китобим бор. Икки йил бурун унинг одамлари менинг отам Мироншоҳ баҳодирни Султония яқинида қийнаб ўлдирганлар. Уларга қасос қайтмоғи керак!
— Илоё яхши ниятларингиз рўёбга чиқсин! — деб Шоҳруҳ Мирзо суҳбатни якунлади.
Шундан кейин Шоҳруҳ Мирзо тажрибали амирлардан Пўлатбек, Ҳамзабек, Саид Ҳасан деганларни ўн минг кишилик лашкар билан Халил Султон ихтиёрига бериб, уни Рейга ҳоким қилиб жўнатди.
Лекин Рейда ҳам Халил Султоннинг иши юришмади. Соҳибқирон бобосининг арвоҳини чирқиратгани, валиаҳд тайинланган Пирмуҳаммад Мирзонинг ўлимига сабаб бўлгани туфайли унинг руҳида қандайдир синиш ва емирилиш юз берган, соғлиғи ҳам ёмонлашган эди. Рейда у оғир хасталикка учраб, уч кун тўшакдан туролмай ётди-ю, йигирма етти ёшида вафот этди. “Бобосининг арвоҳи урди” деган гаплар тарқалди.
Йигирма тўрт ёшлик Шодимулк бегим севгилиси Халил Султонсиз яшашни истамай, заҳар ичиб оламдан ўтди.