Ноҳид Ҳожиев. Қалб ўтинчи (ҳикоя)

Жалол юзидаги гримни арта туриб, ҳозиргина ўйнаган спектаклидаги севимли монологини ним товушда қайтарди. Мазкур саҳна унинг руҳиятида дадиллик уйғотарди.
Эшик оҳиста очилди. Остонада қўлида гулдаста кўтарган Анвар ака кўринди.
— Гуллар сенга, Жалол ўғлим, — деди Анвар амаки.
— Амакижон, катта раҳмат, — Жалол нигоҳини гуллардан узолмай қолди. — Овора бўлиб нима қилардингиз? — деди у хижолат бўлиб, лекин қалби қувончдан чапак чаларди. Анвар амакидек санъат шайдоси уни тан оляпти-я! У киши санъатни нозик тушунади, ҳаммага ҳам ҳурмат кўрсатиб, табассум билан сийлайвермайди!
— Овора бўлиб нима қилибман. «Раҳмат»ни эса, гул олиб келганга айтарсан.
— Уларни сиз олиб келдингиз-ку? — ҳайрон бўлди Жалол.
— Йў-ўқ, мен эмас. Мен бир соҳибжамол қизнинг ўтинчини бажардим,холос.
Ким экан у соҳибжамол? Балки уни йўлакда кутиб тургандир! Ҳозир эшикни очади, истиқболига гўзал бир қиз чиқиб: «Гулларни мен олиб келдим. Ахир, эртага йўлга отланаяпсиз-ку. Йўлингиз ойдин бўлсин», дейди.
Жалол эшикни очиб йўлакка қаради, лекин ҳеч ким йўқ эди.
— Кимлигини айта қолинг, Анвар амаки, гул тақдим қиладиган таниш қизларим йўқ.
— Гапларингга ишона қолдим, — дея жилмайди Анвар амаки. — Шундай чиройли йигитнинг қизи йўқ эмиш. Мени лақиллатолмайсан!
Анвар амаки унинг нозик жойига тегиб кетганди. Жалол бир қизни севарди, лекин у оилали бўлиб кетган. Бошқага кўнгил қўя олмай, қийналиб юрибди. Қариндош-уруғлари “Вақтинг ўтиб кетяпти, тезроқ уйланмайсанми”, дея ҳоли-жонига қўйишмайди. Бугун эса юраги жиз этгандек бўлди. Балки, бахт деганлари ўз оёғи билан келгандир?
— Ишонинг, Анвар амаки, — деди Жалол ғамгин оҳангда. — Қалбимни забт этолган қизни ҳали учратмадим. Ҳа, дарвоқе агар ўша қизни кўрсангиз, танийсизми?
— Таний олмасам керак,— Анвар амаки Жалолни қийин аҳволга солиб қўйганлигига, қиздан бирор нарса сўраб олмаганига ўкинганча хайрлаша бошлади. — Кекса одамни кечир. Ҳа, майли, оқ йўл сенга. Қийналиб қолгудек бўлсанг, албатта хабар қил. Бизларни унутиб юборма. Хат ёзиб тур.
Анвар амаки бўшашганча эшикка йўналди.
Жалол чуқур хаёлга чўмди. Наҳотки ўша қиз бўлса? Гулдастани бағрига маҳкам босганча, ташқарига чиқиб, шаҳар кўчалари бўйлаб оҳиста қадам ташлаб борарди. Ёнидан машиналар ғизиллаб ўтиб қолар, онда-сонда йўловчилар ҳам учрарди. Шаҳар уйқу оғушида эди. Фақат денгиз тўлқинланиб, шовқин соларди. Эртага у жонажон шаҳри, денгиз билан хайрлашиб, йўлга отланади. Қачонлардан бери режиссёр бўлишни орзу қиларди! Мана, ниҳоят орзуси ушалиб, уни ўқишга таклиф қилишди.
Гуллар намунча хуш бўй таратмаса! Юраги бир вақтлари, севимли қизи билан учрашиб юргандаги каби, ажиб орзиқиш билан гурсиллай бошлади.
Уйга етиб келганида уни кута-кута чарчаган онаси дастурхонга овқатини қўйиб, жомадонга жойлаган буюмларининг тартибини тушунтирди-да, ётоғига кириб кетди.
Жалолнинг хаёлини яна гулдаста тортди. Сувга солса яхши бўларди, сўлиб қолиши мумкин. Гулдастанинг ўртасидаги буклоғлиққоғозга кўзи тушиб қолди. Қўли гулнинг тиконларига тимдаланиб қоғозни суғуриб олди: «Ногоҳ Сизнинг ўқишга кетаётганингизни эшитиб қолдим. Ростми шу? Агар шундай бўлса, Сизга оқ йўл тилайман. Гулларни менинг хайрлашув сўзим сифатида Сизга топширишади. Мени кўрмайсиз».
У мактубчани яна бир бор ўқиб чиқди. Хат ёзган қизга нисбатан қалбида илиқлик пайдо бўлганди. Афтидан, ёзув аввалги хатлардагига ўхшайди. Стол ғаладонини тортиб, Жалол бир боғлам хат олди. Ҳа, дастхат бир хил. Фақат остидаги сана ва йиллар турлича.
«Дунёда борлигингиз нақадар яхши. Сиз билан бир шаҳарда яшаётганимдан бахтлиман. Менсиз ҳам ишингиз бошингиздан ошиб ётганини биламан. Саҳнадаги ҳар бир ролингиз ҳаётингизнинг бир бўлагига айланиб қолишига ишонаман. Ўзгалар қувончи, ғам-андуҳию орзу-умидлари Сизникига айланиб, беоромсиз. Рол ижро этаётганингизда ўзингизни унутиб юборасиз. Мен-чи? Сизни ҳар сафар янги либос, янги инсон тимсолида кўриб, йилларни йилларга улайман…».
Хатлар узундан-узун эди. Қисқалари ҳам бор эди. Манавинисини эса, афтидан, спектаклни томоша қила туриб, блокнот варағига шоша-пиша ёзган: «Бугун юракдан, мазза қилиб кулдим. Кўпдан буён бунчалик завқ билан кулмагандим. Бахтсизлигиму мусибатларимни озгина бўлса-да унутдим. Сизга катта раҳмат!»
«Сизни янги ролда кўраман деб театрга келиб, афишаларга қараганим-қараган».
«Талабалик йилларим ҳам тугади. Ўртоқларим ўз боғларига учиб кетишди. Мен эса… мен Бокуда қолдим. Фақат бир ўзим… Айтинг-чи, Сизни ташлаб қаёққа ҳам кета олардим?».
«Бугун ҳақиқий байрамим. Ишга ҳам бормайман. Шаҳарнинг тоққа ёндош қисмидаги уйлардан бири менинг лойиҳам асосида қурилган. Тасаввур қила оласизми? Бугун унинг ёнидан неча марта ўтганим ёдимда ҳам йўқ. Менинг уйимга одамлар кўчиб киришяпти… Ҳозир кеч бўлди, яна шу ердаман. Уйимда биринчи чироқ ёнишини кўришни хоҳлайман. Мана ниҳоят… деразаларда нур порлай бошлади! Назаримда, барча чироқлар менинг юрагимда ёнаётгандек… Хонадонлардан биттаси Сизники бўлишини жудаям истардим. Балки, ўзингизнинг уйингиз яхшироқдир?! Йўқ, барибир, менинг уйимдаги деразалардан бири Сизники бўлишини жуда-жуда истайман!»
Жалол ўзини фавқулодда ҳаяжонга солган хатни топди. «Ўшанда ўн етти ёшда эдим. Мен Жалолни севиб қолгандим. Қандай бахтлилигимни билсангиз эди! Чунки у ҳам мени севарди-да. Мен тўққизинчи синфда, Жалол эса Политехника институтининг учинчи курсида ўқирди. Бизни унаштиришди. Мактабни тугатишим биланоқ тўй бўлиши керак эди. Иккала хонадонда тўйга қизғин тайёргарлик кўриларди. Ниҳоят, битириш имтиҳонлари яқинлаша бошлади. Мен имтиҳон топшираётиб, тўйгача қолган кунларни санардим. Июлнинг бошида эса Жалол ҳалок бўлди. Ўшандан бери неча йиллар ўтди, лекин кўзларим ҳаммаёқдан уни, фақат уни, фақат унигинақидирарди. Мен унинг ўлимига ишонмасдим. Бу даҳшатли туш, уйғонган заҳотим ҳаммаси жой-жойига келади, дея ўзимни ишонтирмоқчи бўламан.
Ота-онам мени овутиш мақсадида Бокуга кўчиб ўтишди. Мен Политехника институтига ўқишга кирдим, у доимо мен билан бирга эди. Кундузи ишлардим, кечқурун ўқирдим. Атрофимдаги одамларни сезмасдим. Бир куни эса…
Кунлардан бир куни мен Бўйноқҳамда Воқиф кўчаларининг чорраҳасида тасодифан Сизни кўриб қолдим, кўзим кўзларингизга тушди. Жалолнинг кўзлари! Йўқ, фақат кўзларигина эмас, айнан ўзи эди. Бўй-басти, юриши, қошлари, кўзлари, жингалак сочлари қуйиб қўйгандек ўхшарди. Қараб, ҳайратдан донг қотиб, йўл ўртасида тўхтаб қолдим. Сиз ажабланганча менга қарадингизу ўтиб кетдингиз…
Ўша кечаси мижжа қоқмадим. Жалол тирик?! Тирик! Эрталаб Сизни учратган жойимга югурдим.Кечқурун дарсга бормай яна ўша ёққа бордим. Кейинги куни ҳам… Сизни яна бир бор кўришга жону жаҳонимни беришга ҳам тайёр эдим! Лекин ҳеч омадим чопмади. Мен Сизни у ерда бошқа ҳечам учратолмадим. Аламдан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Лекин Худойим мени унутмаган экан.
Сизни зангори экранда кўриб қолдим, шеър ўқирдингиз. Ё худойим-эй, одам ҳам бир-бирига шунчалик ўхшаш бўладими! Мен шеърларни эшитмасдим, фақат қадрдон чеҳрангиздан кўзимни олмасдим. Ўша кеча ёстиғимнинг икки томони кўз ёшимдан жиққа ҳўл бўлди… Агар уддасидан чиқсам, мазкур дақиқани абадий тўхтатиб қўярдим-да, умримнинг охиригача кўз узмай Сизга тикилиб ўтирган бўлардим.
Ишонсангиз, шу учрашувдан сўнг мен бутунлай оромимни йўқотдим. Сизни экранда кўрган ҳамда юзма-юз тўқнаш келган дақиқаларим ҳаётимдаги энг бахтли онлар эди! Бутун кейинги ҳаётим ана шу дақиқалар ёлқини-ла жилоланиб турарди. Мен ўзимни ҳавода муаллақ учиб, денгиз тўлқинларида сузиб юргандек ҳис қилардим. Шундайку-я, лекин мени чексиз андуҳ чулғаб олди. Бу бедаво андуҳ юрагимни тилимлаб, қалбимни пораларди — Сизни яна, яна кўргим келарди.
Мен бир неча йиллар муқаддам йўқотган туйғуларимни топгандим. Устимдан кулишса, масхаралашса ҳам майли! Мен ҳаммасига розиман, фақат Жалолимга икки томчи сувдек ўхшаш артистни кўриш, онда-сонда бўлса ҳам овозини эшитиш бахти насиб қилса бас!
Бир куни груҳимиз билан ёш томошабинлар театрида Самад Вурғуннинг янги асарини томоша қилдик. Спектакл қаҳрамонининг исми Жалол эканлигини эшитдиму дунёдаги ҳамма нарсани унутдим. Худди менинг ҳаётимдаги каби Жалол ҳалок бўлади. Унинг маъшуқаси мендан бахтлироқ экан – у ҳам ҳалок бўлди. Мен эса ҳижрон азобини чекишим керак.
«Ой ҳар кеч ўз жамолини кўз-кўз қилади, лекин Жалол ҳам, ҳумой ҳам унинг жамолидан бебаҳралар!» — Самад Вурғуннинг бу сўзлари кечаю кундуз қалбимда акс-садо беради.
Нега мен тирик қолдим? Жалолсиз нега яшаяпман? Нега севиклим билан бирга ўлмадим?
Вақтингизни олганим учун кечиринг. Лекин ёзмасдан тура олмадим. Мен ҳақимда қандай фикрга борсангиз ҳам, барибир, бахтлиман. Сиз билан бир шаҳарда — Бокуда яшаётганимдан, Сиз нафас олаётган ҳаводан мен ҳам баҳрамандлигимданбахтлиман! Назаримда, Сиз ҳаммасини тушуниб, қалб қаърига кўмилган армонларимни, қалб фарёдимни тўкиб солаётганим учун мени койимайдиганга ўхшайсиз.
Сиз мени танимайсиз. Қандай яшаётган бўлсангиз, шундай яшайверинг, мен ҳеч қачон Сизга халақит бермайман. Лекин менинг бирон дақиқам, бирон куним Сизсиз ўтмайди. Журналдан қирқиб олган суратингиз доим ёнимда. Ҳар куни Сиз билан қишлоғимиз бўйлаб сайр қиламан. Сиз, бир вақтлар Жалолим қўлимдан ушлагандек, авайлаб қўлимдан ушлаб якка қайрағоч остидаги севимли жойимизга етаклайсиз. Бахмалдай юмшоқ майсалар устига ўтирганимизда, бир вақтлардаги каби: «Куйла, Гуренфил, куйлаб бер!» — деб илтижо қиласиз. МенСиз учун «Булбул» қўшиғини куйлайман:

Тун яримдан оғар бўлса гар,
Майни ичиб тугатса Жалол,
Боғдан учиб кетса булбуллар
Ўзим соқий бўлай, булбулжон!

Ушбу қўшиқни куйларканман, Сиз яна ва яна: «Куйла, Гуренфил, куйла!» — деб илтижо қилишингизни қўймайсиз.
Ахир, нима қилай? Менинг бирдан-бир илинжим, бахтим — орзу-умидлар дунёсида, хаёл қанотида яшашдан иборат!»
Қизнинг сўзлари, қўшиқ мисралари, севги рози йигитнинг қалб тубига кириб бориб, вужудини ларзага солди. У уйдан чиқиб, театр ёнидаги троллейбус бекати томон йўналди — қиз ҳамон шу ерда туриб уни кутаётганига ишончи комил эди. Уйга қайтаётганида нега бу ердан шошиб ўтиб кетди?
Лекин бекат, театрнинг олди ва, ниҳоят, уйнинг атрофида ҳам ҳеч кимса кўринмасди. Тун ярмидан оғиб қолганди. Кўча сўлим ва сокин эди. У бекатдаги матбуот дўконига суянганча анча туриб қолди, назарида қиз қаердадир шу яқин атрофда уни кутиб турганга ва яна бироздан кейин қаршисига жилмайганча юриб келадиганга ўхшарди. Бу ерда қанча тургани Жалолнинг эсида ҳам йўқ. Уйга қайтиб, яна хатларни ўқий бошлади. Ўқигани сари ҳаяжони кучаярди.
Кейин ечинмай каравотга чўзилди-да, қалбига муҳрланиб колган қизнинг сўзларини такрорлай бошлади: «Бирон дақиқам, бирон куним йўқки, Сизсиз ўтса!»
Бўзариб тонг ота бошлади. Хонага онаси мўралади.
— Ўғлим, турақол, кеч қолма тағин.
— Онажон, ухламаяпман, кеч қолмайман, хавотирланманг!
— Болагинам, нима бўлди? Мазанг бўлмаяптими? — Онанинг кўзларида хавотир аломатлари зоҳир бўлди.
— Соппа-соғман, онажон.
— Энди ухламоқчи бўляпсан шекилли? Ёки ухлаб қолиб, самолётга кеч қоламан, деб қўрқдингми? Ҳатто ечинмабсан-а.
— Йўқ-йўқ, ойижон, — у онасини тинчлантиришга шошилди, негадир ухлолмадим.
Онаси жилмайиб, ўғлининг қуюқ сочларини силади.
— Демак, кечаси билан онамни соғиниб қоламан, деб ўйлаб чиқибсан-да? Шундайми?
Онасининг илтижоли нигоҳи ва овози Жалолни ўзига келтирди. У шоша-пиша ўрнидан турди.
— Вой ойижон, мен ростданам кечикяпман.
— Қаёққа, ахир, ҳали самолётга эрта-ку?
— Спектаклга, — деди қатъиятсиз овозда Жалол ва кулиб юборди. — Ҳа, яна битта спектаклда ўйнашим керак бўлиб қолди. Тушуняпсизми? Яна битта, ҳаётимдаги энг муҳим спектакл!
— Яхши, бора қол, ўғлим.
Жалол қизариб кетди, она ўғли бугун учиб кетмаслигини тушунди ва жуда севиниб кетди: ўғли яна бир кун бағрида бўлади.
Жалол шошиб қолди, онасини ўпиб, илгичдаги плашини қўлига олиб йўл-йўлакай кийганча:
— Кечикиб қолсам, хавотирланманг, — деди.
— Нонушта қилмай кетяпсан-ку, —безовталанди онаси.
— Шу вақтда томоғимдан овқат ўтармиди, онажон?
— Саҳарлаб қандай спектакл экан, ўғлим?
Жалол жилмайди-да, эшикни ёпишни ҳам унутиб зиналардан югуриб тушиб кетди.
Она майдончага чиқиб, ўғлининг ёш болалардек икки-уч пиллапоядан ҳатлаб ўтиб, тонгга, балки бахтга пешвоз чопаётганини юраги орзиқиб кузатиб қолди.

Озарбойжончадан Ҳикоят Маҳмудова таржимаси