Нурулло Остон. Йиғлайдиган ўлик (ҳажвия)

Бир одамнинг учта ўғли бор экан. Пайғамбар ёшига етганидан кейин у художўйликка астойдил берилипти. Барча мол-мулки, уй-жойларини уч фарзандига тақсимлаб берипти. Масжидга борипти, чойхонага чиқипти, у ўғлиникида бир ҳафта, бу ўғлиникида бир ҳафта яшаб умргузаронлик қилиб юрипти. Аввалига бу ўғилларига билинмаган бўлса-да, кейинчалик бироз малол келадиган, келинлари зарда қиладиган бўлиб қолипти. Шунда чол кенжа ўғлини ҳузурига чорлапти:

-Ҳвлидаги фалон дарахт остига мерос кўмиб қўйганман, ўлганимдан кейин сенга қолади, -депти. Қолган ўғилларига ҳам шундай васият қилипти. Шу кундан бошлаб отага муносабат ўзгарипти, ўғилларнинг бири қўйиб бири чақирган, келинлар елиб-югуриб мазали таомлар тайёрлаб киритган… Чол шу тариқа ёшини яшаб, ошини ошаб чин дунёга равона бўлипти. Отани кўмишдан олдин уч ўғил хилват пайти васият қилинган дарахт остига келишипти. Нима чиқса ҳам бўлишишга қарор қилишиб, ўша жойни кавлаб кўришса, латтага ўралган, буралиб-буралиб кетган қўчқорнинг шохи билан бир парча қоғоз чиқипти. Унда: «Ким тириклигида фарзандларига  мол-мулкини тақсимлаб берса, орқасига шу қўчқорнинг шохи кирсин», -деб ёзилган экан… Бундан ҳафсаласи пир бўлган ўғиллар жаноза куни шундай ёқа йиртиб  гирён йиғлашибдики, уларга қўшилиб ҳамма зор-зор йиғлабди…

Тушимда ўлиб қолипман. Руҳим жасаддан ажралиб чиқиб, тепага кўтарилди. Ўзининг ўлигингда ўзинг қатнашсанг, қизиқ бўларкан. Бир пайт хотин хонага бир коса овқат опкириб, итга қўйгандай зарда билан жасаднинг олдига «тақ» эттириб қўйди. Жасад овқат ермиди? Нима  бўларкан, деб кузатиб турибман. Бир пайт қизим кириб: «Дада, овқатни емабсиз-ку?» деди. Кейин «дада», деб чақириб, жасадни туртиб кўрди. Жасад қимирлайвермагач, аясини чақирди. «Дадам қимирламаяпти», деди. «Яна бир найрангни ўйлаб топгандир-да, бу ишёқмас», -деди хотин. Шу ерда нотўғри гапирди лекин. Кўп ишлаганимдан иккита меҳнат дафтарчасини тўлдириб қўйганман. Хотин жасадни бир-икки туртиб: «Вой ўлмай ўлсин, ўлиб қопти-ку!» -деб аюҳаннос солди. Бир зумда туманот одам йиғилди. Биров қариндошларга чопган, биров гўрковга, биров ювғувчига югурган. Бўри қариса, тулкига кулги бўлади, дегандай, доим яниб, жеркиб юрадиган хотин ҳаммадан кўра кўпроқ аюҳаннос солиб йиғлаяпти, кўнглим бузилиб кетди. Жасадга
қайтсаммикан, деб ўйладим. Кейин, яна кўрай-чи, бу ёғи нима бўларкан, -деб кутиб турдим. Бир умр мол-дунё орқасидан қувиб, мени кўрса: «Одам бўлмайсан, яшашни ўрганиш керак»,- деб  писанда қиладиган бойвачча қўшним баритон овозда «Вой жигарим, жигарим!», -деб йиғлаб келиб қолди. Жигарим эмиш-а! Биламан, жигаринг кимлигини! Сенинг жигаринг шайтони алайҳи лаънадан бўлак касофат эмас. Ҳамма унга қўшилиб, қий-чувлаб йиғлади. Бойвачча қўшним жасадни очиб, ростдан ҳам ўлганми-йўқми, дегандай, бурни теккудай даражада эгилиб қаради. Унинг оғзидан сасиб келган сигарет аралаш кўланса ароқ ҳидидан жасад ҳам бир сесканиб тушди. «Бунча эгилиб қараб, фалонимни кўрмоқчимисан», -демоқчиман-у, руҳ гапирмайди-да.

Тириклигимни бир тийинга олмаган оломон учун ўлигим шундай азиз бўлди-ки, буни кўриб кўзимдан ёш чиқиб кетди. Қадрингни билай десанг, ўлиб кўришинг керак экан. Ҳаммаёқни тумонот одам босиб кетди. Кейин видолашув митинги бўлди.

-Биродарлар, -деди Искандарбей чиқиб, -марҳумдан беш минг доллар қарзим бор эди. -Қарз қиёматга қолмасин, деб олиб келдим, -у бир ўрам пулни ўртага қўйиб, пиқ-пиқ йиғлаб чиқиб кетди. «Ҳе сани, — ошириб сўкиндим, -олиб келаркансан-ку, бир умр орқангдан итдай югурдим-а!» Кейин Марказий канализациянинг бошлиғи сўз олди:

-Биз Содиқбейни ноҳақ ишдан бўшатган эканмиз,-деди у кўз ёшларини тиёлмай.- Канализацияларни Содиқбейдай ҳафсала билан тозалайдиган меҳнаткаш инсон йўқ эди. Мен қилган хатойимни тузатиш учун унинг оиласига умрбодлик маош  тайинлайман…». «Ўо, баччаҚар, олти ойлаб маошсиз сарсон қилиб, бу эрда сайрашини қаранг!»

-Мен бировларнинг гапига кириб, марҳумга насияга ароқ бермай қўйган эдим,-деди уйимизнинг ёнидаги дўкончи.-У қарзини охиригача тўлаб кетмаган бўлса ҳам, мен шундан кечдим…»Ҳа муттаҳам, юз грамм деб эллик грамм қуйиб, пулини икки баравар дафтарга ёзиб қўярдинг-ку»,-дейдиган мард йўқ. Шундан кейин прокурор мақола ёздириб, гонорар бермаганлигини, муҳаррир мақолаларимни вақтида чоп еттирмаганлигини  минг афсуслар билан гапирди.  Бир пайт хотин сўзга  чиқиб қолди. У видолашиш ўрнига  элкамдан зарда билан силкита бошлади. «Туринг, ҳой, турсангиз-чи, ётишини қаранг ўликка ўхшаб!» Шу пайт руҳим «Қув» этиб жасадга жойлашиб олди. «Бўлди-бўлди, энди сен қолган эдинг эговламаган»,-деб алаҳлаган кўйи  кўзим очилиб кетди. Қарасам, хотин тепамда туриб элкамдан тортқилаяпти: «Ҳадеб ётаверасизми,-шанҚиллади у.-Туринг, телефонга  чақиришаяпти!» Бориб, телефон гўшагини кўтардим.

-Алё, қалайсиз,-деди прокурор.-Йиғлайдиган ўлик бўлиб қопти, шунга фотиҳага ўтиб келайлик…

Вилоят каттаконларидан бирининг отаси қазо қилган экан. Бордик. Ўовлидан бир чақирим масофагача ҳар хил энгил мошиналар тиқилиб кетган. Одам дегани Қиж-Қиж, биров келаяпти, биров кетаяпти, ҳамма каттаконга кўриниб ўтгиси келади. Ҳамма узоқдан рўмолчасини  олиб «вой отам, вой жигарим»лаб ёқасини йиртиб, фарёд чекиб келаяпти.

-Јаранг-қаранг,-прокурор имлаб кўрсатди келаётганларни.-Танияпсизми?-Бундай разм солсам, фарёд чекаётганларнинг бири собиқ ҳоким, собиқ прокурор, собиқ раис, хуллас ҳамма ҳайдалган, қувилган,  ишдан бўшатилган собиқ раҳбарлар.

-Булар нега бунчалар куйинишаяпти, бирор томондан қариндошчилиги бўлса керак-да,-дедим.

-Йўқ,-деди прокурор.-Булар бошқа жойда йиҚлашолмайди, шунақа жойларда хоҳлаганча бақириб йиғлаб, кўнгилларини бўшатиб кетишади…

-Орқада йиғлаб келаётганлар-чи?

-Улар мансабдан умидвор кишилар. Каттаконнинг назарига тушиб қоламиз, деган умид билан ким  ўзарга фарёд чекишаяпти…

Худди ана шу дамда олган қарзини бермай юрган Искандар, ноҳақ ишдан бўшатган канализация бошлиғи, ароқдан уриб, пулини икки баравар дафтарга ёзиб қўядиган дўкончи (прокурор ёнимда турибди, гапириб бўлмайди), мақоламни вақтида  чиқармаган муҳаррир, ҳар гал пул сўрайвериб, жонга тегиб кетган хотин ёдимга тушиб, кўнглим бузилиб кетди. Беихтиёр рўмолчамни олиб «вой жигарим»лаб, йиғлаётганлар сафига қўшилдим…

Кўнглим ёришиб, уйга қайтдим. Қайтаётиб, йўлда бойвачча қўшнимни кўриб қолдим. «Одам бўлмайсан, -деди у эрга «чирт» этиб туфлаб. -Яхши яшашни ўрганиш керак, жиян!»

-Пул топиб келдингизми, -деди хотин дарвозани очишим билан. -Ҳа, намунча хурсандсиз, бошқасини  топдингизми дейман…

Хотиннинг гапига парво қилмадим. Йиғлаб, кўнглимни бўшатиб олганимни ҳам айтмадим. Шу-шу, йиғлайдиган ўлик бўлса, эшитиб қолсам, дунёнинг у чеккасида бўлса ҳам етиб бораман. Одамлар билан қўшилишиб, бақириб-чақириб  йиғлаб, кўнглимни бўшатиб оламан…