Нурулло Остон. Қутлуғ қадам (ҳажвия)

Одатда халқимиз ҳар бир ҳолатга, ҳаракатга нисбат бериб гапиради. Хуш келибсиз, қадамингиз қутлуғ келсин, дуо дўстдан, дейди. Дуо ўқиса, қадам етди, бало етмасин, дейди. Тижорат мақсадида Тошкентдан йўлга чиққан савдогар ярим тунда Бухорога кириб борипти. Меҳмонхонага борса, жой йўқ, масжидга борса, эшиги қулф. Масжид қоровулини чақириб:

-Худонинг уйи ҳам қулф бўладими, -деб сўраса, қоровул:

-Ўғрилар гилам ўғирлашаётганида, бу худонинг уйи экан, деб қараб ўтиришмайди-да, -депти.

-Энди нима қилдим, -ўйланипти савдогар.

-Лаби Ҳовузда Давлатбой деган  бой бор, кеча-ю-кундуз меҳмон келса, хурсанд бўлиб кутиб олади. Лекин кузатаётганида орқасига тепиб-тепиб чиқариб юборади, -депти қоровул. Хоҳласангиз, ўша жойга боринг…

Савдогар ўйланиб-ўйланиб охири «тепса-тепар», -деб ўша хонадонга йўл олипти. Уни Давлатбойнинг ўзи  кутиб опти.

-Э, келинг-келинг, меҳмон, қадамингизга гул битсин, чўнтагингизга пул битсин, -деб ичкарига таклиф қилипти.  Савдогар уйга кириб, дуо ўқипти:

-Бой бобо, хонадонингизга биз келдик, бало келмасин, қадамимиз қутлуғ келсин, давлатингиз бундан-да зиёда бўлсин, -депти. Дарҳол дастурхонга хилма-хил таомлар кепти, еб-ичиб, ширин суҳбат қуришибди. Эрталаб яна дастурхон тўкин, савдогар Давлатбойнинг қўли очиқ, саховатлилигидан хурсанд бўлиб:

-Худонинг назари тушган инсон экансиз, бой бобо, илоҳим мартабангиз янаям улуғ бўлсин, бирингизга минг берсин, -дея дуо қилипти. Савдогар кетаётган эмиш-у, Давлатбой қачон тепишни бошлар экан, деб орқасига қараб-қараб қўярмиш. Бой бобо меҳмоннинг нимадан безовта эканлигини суриштирибди. Савдогар масжид қоровулининг гапини айтиб берган экан, Давлатбой кулибди:

-Шунақа одатим бор, -депти. -Ҳамма меҳмонни кутиб оламан, ҳурматини жойига қўяман, зиёфат қиламан, улар эса кетаётганларида «Бой бобо, бир дуо қилинг», -дейишади. Шунга жаҳлим чиқиб, уларни тепиб-тепиб ҳайдаб юбораман. Сиз дуо қилиб, ҳурматимни жойига қўйдингиз, раҳмат! -деган экан…

Пойқадами хосиятли, хосиятсиз одам бор. Фавқулодда қутқарув вазирлигининг «Ғалаён» телеканали бошлиғи Бозорвой кўрсатув тайёрлаш учун  Самарқандга келганида гапдан-гап чиқиб:

-Менинг қадамим қутлуғ, -деб қолди. -Қаерга борсам, ўша жойда ишлар юришиб кетади…

-Тўғри, -дедим. -Сиз келгандан буён ўтган уч кун давомида биринчи кун кўчки бўлиб уч киши ўлди, кеча икки киши селда оқиб кетди, бугун йўл ҳодисасидан бир киши ўлипти. Тезроқ кетмасангиз, қутлуғ қадамингиз ёғиб, ҳамма жойни хароботга айлантириб юборасиз…

Радио мухбирларига ҳеч ким интервю беришни хоҳламайди. «Вақтим йўқ, кутилмаганда келиб қолдингиз», -шунга ўхшаш баҳоналар билан қутулмоқчи бўлишади. Мен ҳам анойи эмасман, «ўлим билан мухбир кутилмаганда келади, -деб микрофонни тутаман.

Қизиқчиларнинг ҳам қадами қутлуғ келади. Борган жойида ҳазил-ҳузул, қаҳқаҳа авж олади. Бир байрамга таниқли қизиқчи Розибой Рўзибойни тўрт юз минг сўм билан зўрға гаплашиб келдик. Контсерт бошланганида етиб келган қизиқчи шу заҳотиёқ: «ўттиз минг сўм нақд берасизлар, -деб туриб олди. -Харажатга тушиб келяпман».

-Тўрт юз мингни «счёт»ингизга ўзказиб қўйганмиз, ҳозир нақд пул йўқ, рози бўласиз энди Розибой ака, -дедим.

Розибой худди биров отасини ўлдириб қўйгандай, узоқ вақт қовоғини уйиб ўтирди. Бу ёқда  контсерт давом этаяпти. Кейин: «Шакар билан лимон олиб келинглар», -деди ҳурпайиб. Қизиқчи ҳурпайса қизиқ бўларкан. Бир кило шакар, бир кило лимон олиб келдик. Қизиқчи лимон билан шакарни қўшиб узоқ чой ичди. Кейин қовоғини уйиб саҳнага чиқди. Ҳамма бақирган, чақирган, олқишлаган, у қовоғини очмайди.

-Э, ҳадеб бақираверасанларми, -деди қизиқчи залга қараб жиддий. Залдагилар кулиб юборишди. -Кулишдан бошқа нарсани биласанларми? -Кулги. -Бойвачча бўлсаларинг ўзларингга. -Кулги. -Ҳа, Розибой ҳам сизларга ўхшаган одам. -Кулги. -ўттиз сўм беришга қизғанасанлар. -Кулги. -Бизда ҳам пул бор. -Кулги. -Бермасаларинг бермаларинг. -Кулги. -ўзимники ишлатаман!

Розибой қовоғини уйиб қанчалик жиддий гапирса, залдагилар ундан баттароқ кулади. Худди «Марип-Шарип» киносидагидай. Охири кулгиларга асаби дош бермади шекилли, у қўлини силтаб саҳнадан чиқиб кета бошлади. Залда гулдурос қарсаклар янгради. Беш-олти киши унга гул берди. «Ҳа, гул бергунча пул берсаларинг бўлмасмиди, -деди Розибой йиғламсираб. -Тошкентга кетишга пулим йўқ». -Яна залда кулги кўтарилди. Розибой қўлтиғида бир даста гул, кўзида ёш,  бошини чайқай-чайқай залдан чиқиб кетди…

Хоразмга уч киши командировкага бордик. Шопир таниш экан, Римбой деган шерик бизни  автобусда бепул олиб кетди. Хонқада унинг акасиникига тўйга бордик, кейин иккита шерик билан уч кун мобайнида раёнма раён юриб, зиёфат едик. Шу вақт ичида бир шеригим борган жойидан учта гилам, тўртта балон, аккумулятор олди. Римбой уч қоп гуруч олиб берди.

-Шу атрофда автоВАЗ йўқми? -сўрадим ҳар эҳтимолга қарши. «Нима қиласиз?» -сўради шеригим. «Балон олдик, аккумулятор олдик, энди автоВАЗдан  мотор билан кузов топсак, биратўла ўрнатиб, мошинани миниб кетар эдик-да!» -дедим. Шеригим хурсанд бўлди. «Қадамингиз қутлуғ-да, -деди у. -Қани энди шундай бўлса».

Автостанцияда Римбой бизни автобусга бепул чиқарди, лекин шопир уч қоп гуручни ортишга қўймади.

-Ман биринжни  аппармийман, Марқс Қумёзовнинг биринж областдан чиқмасин, даган тапшириғи бар, -деди шопир.

-Аппарасан, -деди Римбой. -Ман жавоб бараман.

-Ҳов, сан ким бўлдинқ манға уқаз барадиған, — деди шопир, — ўт-ўт буёна, мишайт атма…

-Ҳовлама, ҳов манғлайи қара, ҳазир қанализациянгни суғириб аламан, кейин мишайт атишни гўрасан…

-Ҳали санми қанализациямни суғириб аладиғон, -деб шопир унга ташланди, у шопирга ташланди, зўрға ажратиб олдик. Амаллаб автобусга чиқдик. Мен шопирнинг орқасида, шериклар иккинчи қаторда қулоғига радио эшитгични қўйиб кетаяпти. Шопир ҳали шаштидан тушмаган экан, Ҳазораспга келганида одам олиш учун автобусни тўхтатди. Менинг ёнимга келиб, жаҳлдор кўзларини қисиб:

-Қанализациямни суғириб алармиш, гўрсатиб қўяман санға қанализацияни суғиришни, ўт арқаға, -деб бақирди.

-Ҳа, энди у духтур-да, шопир буво, касби шу, ўн кишини операция қилиб канализациясини суғуриб олган, -дедим шопирни юпатган бўлиб. Шопир гапимга нима деб жавоб беришни билмай, заҳрини шерикларга сочди:

-Гўтар микропон-пикропонингни, -улардан бирининг қулоғидаги радиоешитгични юлиб отди. -ўт ҳамманг арқаға, бу ёнда  адам ўтиради…

Ана шундай, менинг ҳам қадамим қутлуғ. Қаерга борсам, албатта шу жойда бир кор-ҳол бўлмай қолмайди. Олий партия мактабига бордим-тугаб кетди, обкомда ишладим, партия тугади. УзТАГга ўтдим, номи ўзгарди, ахборотга ўтдим, агентлик бўлди. Радиога ўтдим, иккита редакция бирлашиб кетди. Яқинда бир губернияга ишга ўтган эдим, бу ерда ҳам қадамим қутлуғ келиб, учта туман тугаб кетди. Энди буёғига буюртма билан ишламоқчиман. Агар бирортасини йўқотмоқчи, ёки ташкилотни тугатмоқчи бўлсангиз, мени ишга чақиринг. Пулини келишсак бўлди, бу томонини боплаймиз!