Нурулло Остон. Барҳаёт мурда (ҳажвия)

Ўлган одамнинг тўсатдан қайта тирилиб, лўп этиб ҳаётга қайтиши анча оворагарчиликларга сабаб бўларкан. Афғонистондалигимда бомбардимонда қолиб, контузия бўлганман, шунга калла анча нобопроқ. Икки кундан кейин мени тупроқ остидан топишиб, госпиталга жўнатишган. У ерда икки ой даволаниб, уйга қайтдим. Аеропортда бир киракаш танишимдан ўзимнинг афғон жангида бевақт ҳалок бўлганимни эшитдим.

-Қирғингни  ўтказишганига анча бўлиб қолди, -деди танишим. -Ҳай майли, юр, уйингдагилар тирилган мурдани кўришса, менга каттароқ ҳақ тўлашар. Фақат олдин уларни огоҳлантириб чиқаман, яна қўрқиб юришмасин…

Уйга келдик. Киракаш уйга кириб чиққач, ичкаридан ёв қувгандай ҳамма оёқяланг югуриб чиқди. Хотин мени кўриб бор бўйича ўзини ерга ташлади. Қолганлари талмовсираб ҳайкалдай қотиб қолишди. Кейин инс-жинс эмаслигимга ишонч ҳосил қилишди шекилли, ҳовли қувончли қий-чувларга, шодон йиғи-сиғиларга тўлиб кетди. Бирпасда тумонот одам йиғилди, қўй сўйилиб, садақа берилди. Маърака тугагач, мени кўмишган қабристонга бордим. Ўзингнинг қабрингни ўзинг томоша қилсанг, жуда ғалати бўларкан. Қабрим устига бетондан тош ўрнатишибди, унинг тепасида эса темир юлдуз. “Афғонистонда интернационал бурчини бажараётганида ҳалок бўлган”, -деб ёзиб қўйилган. Хўрлигим келиб кетди. Шу пайт орқамда бировнинг томоқ қиргани эшитилди. Кўзимни шоша-пиша артиб ўгирилиб қарадим. Тепамда ҳеч нарсадан бехабар қабристон қоровули турарди. У индамай ёнимга ўтирди-да, Қуръондан тиловат қилди. Фотиҳа ўғилгач, чўнтагимдан 10 сўм олиб унга узатдим.

-Яхши йигит эди раҳматли, -деди қоровул пулни олаётиб. -Нима, қариндоши бўлаа… -бирдан унинг кўзи кўзимга тушиб ола-кула бўлди, гапи оғзида қолиб, ранги оғарди. Тили калимага келмай “ла.., ла.., ла…” деди-ю, кейин вой-дод, дея бақириб қочиб қолди. Орқасидан борсам, дуо ўқиб, ўзига дам солиб ўтирган экан.

-Эргашмисан, -деди у овози қалтираб, -ё арвоҳмисан? Ҳе, падари лаъин, сен ўлган эдинг-ку, гумбурбош? Гўрга сани темир тобутингни ўз қўлларим билан қўйганман…

-Мен ҳам шуни сўрамоқчийдим, гўрга мени қўйганмидинг, ёки бошқаними? – Қоровул сал жонланди, сув ичиб, томоғини ҳўллаб бироз ўзига келди. Кейин у ёқ-бу ёғимни ушлаб кўрди.

-Тўғрисини айтсам, ўшанда военкоматдагилар темир тобутни очиришмаган, билдингми? -деди у овозини пасайтириб, у ёқ бу ёққа аланглаб. Лекин мен ҳам анойи эмасман, қабрга қўяётганимда тунука тобутнинг бир томонини болта билан очиб пайпаслаб кўрганман, латта-путталардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди…

Ҳарбий комиссариатда ўзимнинг тириклигимни исботлаш учун бир ҳафта овора бўлдим. Ҳисобга оладиган қизча рўйхатларни узоқ титкилаб: “Бу одам икки ой илгари ўлган”, -дея ҳужжатларимни қўлимга қайтариб берди. “Ўша одам менман, мана, қаршингизда турибман”, -десам ҳам ишонмайди. “ўлган одам қандай тирилиб келади, боринг, бошимни қотирманг”, -дейди. Охири комиссарнинг олдига кирдим.

-Хўш…, деди военком кўзойнагининг тепасидан бир менга, бир ҳужжатга қараб. -Тирик экансанда-а? Биз бўлсак қанча овора бўлиб пул сарфлаб мозорингга тош қўйдириб юрибмиз. Энди тошнинг пулини тўлайсан, ЗАГСдан тириклигинг ҳақида маълумот олиб келасан. Кейин учётга қўямиз…

Тириклигимга гувоҳликка ўтиш учун ЗАГСга онам билан хотинни олиб бордим. Кейин  янги паспорт олиш учун югурдим.

-Ўлган одамга паспорт беролмаймиз, -деди паспорт столи бошлиғи, капитан. -Ким билади, балки жосусдирсан. Прокуратурадан справка олиб кел, кейин паспорт оласан…

Прокуратурадагиларга кимлигимни узоқ тушунтиришга тўғри келди. Терговчи хотинни, ота-онамни юзлаштиришга чақирди. Улар менинг мен эканлигимни тан олишганидан кейин бармоқ изларимни олишди, ҳеч қаерга чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат бердим.

-Қип-қизил жиноятчига айланиб қолдим-ку, -ожизгина эътироз билдиришга ҳаракат қилдим.

-Қоидаси шунақа, -деди терговчи. -Сизнинг ишингиз ҳали ҳолва, биз вақтида қор босиб, мошинанинг устига йиқилиб тушган дарахтга ҳам жиноий иш қўзғатганмиз, қолганини суд ҳал қилади…

Хуллас, судгача бўлган уч ой мобайнида менинг таржимаи ҳолимни суриштириб, илма-тешик қилиб юборишди. Ҳарбий қисмдан, госпиталдан хатлар олинди, бешта нотаниш одамларнинг ичига қўйишиб, мени қўшниларга кўрсатишди, бор маҳорат ва ҳунарларини ишга солишди азаматлар. Лекин мақсад менинг мен эканлигимни аниқлашми, ёки жосус сифатида фош қилишми, шунисини тушунолмай қолдим. Қабримни эксгумация қилишди-қабр тошини суғуришиб, темир тобутни очишди. Унда ҳақиқатдан латта-путтадан бошқа ҳеч нарса йўқ экан. Қабр тошини уйга олиб бориб қўйдим-барибир бир кун керак бўлиб қолади-ку! Кейин суд бўлди. Бир қанча гувоҳлар қаторасига сўроқ қилинганидан кейин суд менинг тириклигим ҳақида ҳукм чиқарди.

-Суд ҳукм чиқаради, -деди бундай чалкаш ҳолатга дуч келмаган раис ишончсиз оҳангда. -ўтган олти ой мобайнида ўлик деб ҳисобланиб келинган Эргаш Тиркашев аслида тирик бўлиб чиққанлиги учун тирик деб ҳисоблансин. Унга суд залидан тириклиги тўғрисида гувоҳнома топширилсин. Олти ой мобайнида тириклар ҳисобида бўлмаганлиги туфайли ушбу муддат собиқ марҳумга иш стажи сифатида қўшиб берилсин, -қалай, бопладимми, дегандай суд раиси ўз ҳукмидан мамнун тиржайиб қўйди. – Суд ҳукмидан норози бўлган томон ўн кун муддат мобайнида кассация тартибида шикоят қилиши мумкин…

Ана шундай қилиб нариги дунё пропискасидан ўчиб, яна бу дунё пропискасига ўтиб олдим. Ҳозир энди юрибман чориғимни судраб тирикчилик ташвишида. Ҳеч кимга ўлигимам, тиригимам керак эмас.  Ундан кўра тирик ўлик бўлганимда яхши эди, ҳамманинг эътибори менда эди, деб ўйлаб қўяман баъзида.