Нурулло Остон. Имтиҳон (ҳажвия)

-Қани, ҳамма шу ердами? Бўлмаса бошладик. Бугун иккинчи мутахассислик дипломи учун давлат имтиҳонини топширасизлар. Ҳамманг тайёрмисанлар? Кўриб турибман тайёрликларингни. Санлар ҳеч қачон тайёр бўлмагансанлар. Баъзи бировларингни уч йил ичида биринчи марта кўриб турибман… Хўш, қани ким тайёргарликсиз жавоб беради? Деҳқонов, сан шошмайтур. Сандан бошқа одамлар ҳам бор. Қани, бирорта мард борми? Ҳа, камтарлик қилаяпсанларми? Ҳой сан, Қўшбоқовмидинг, қирқ градус иссиқда қора костюмга бало борми? Жа-а куёвлардай безаниб кепсан? Нима бало, иккинчи марта уйланаяпсанми? Аппарат мажлисига боришинг керак? Аппарат мажлисига костюмсиз қўймайдими, ё аппаратинг кетганми? Ҳалиям шу калланг билан ҳоким ўринбосаримисан? Ҳа, ҳайдашдими? Кўтарилдинг? Ҳоким бўлдингми? Вазир ўринбосари? Сани ишга олган вазирнинг ҳам шўри қурибди бўлмаса. Бор, баҳонг беш! Вазирга мендан салом айт!

Ғайиров, ярим соатдан бери тилпончангни қулоқдан қўймайсан, нима, бу ер переговорний пунктми? Бунақада қулоқданам, оёқданам ажралиб қоласан-ку бўтам? Отанг яхшими? Бор, жуда қийналиб кетдинг, баҳонг беш, отангга салом айт.

Қиличев, қалқонлар бутунми? Прокуратурадан жой тайёрлаб қўйишибди? Майли-майли, қаерда бўлсанг ҳам қонунларни ҳурмат қилишга ҳаракат қил, санга ҳам жавоб. Қовлиев, ҳалиям солиқда ишлаяпсанми? Кеча янгангнинг дўконини касса аппарати ишламагани учун ёпиб қўйишган экан, шуни ҳал қилиб зачеткангни олиб кетавер. Йўлчиев, санга ҳам жавоб, ходимларингга айт, ўғлимнинг правасини тезроқ ҳал қилиб беришсин. Қўйлибоев, бу йил ҳар юз бош совлиқдан қанчадан қўзи олинди? Тўқсонтадан? Қолган ўнтаси қани? Менинг қўрамда? Оббо Шоввоз-эй, нима қилардинг овора бўлиб емиш йўқ пайтида. Энди емишниям ўзинг топишингга тўғри келади, санга жавоб. Ҳақбердиев, зачеткангни олиб кел, отангнинг хизматини ҳеч ким билмаса ҳам, мана мен биламан! Уни ноҳақ ишдан олиб ташлашди. Бунда кимларнинг қўли борлигини ўзинг яхши биласан. Бугун амалдан тушган бўлса, эртага яна ишлари ўнгланиб кетади. Хўш, яна ким қолди? Мен номозга шошилаяпман, шунинг учун бу ёғини тезлаштирсак. Ко
ъчада турган Мерседес-Бентс кимники? Балли, баҳонг беш, кетавер! Эсперо кимники? Беш! Нексия кимга қарашли? Кетишинг чакки эмас, олти ойда олган бўлсанг. Биз пақирларни ҳам унутиб юборма. Устоз ҳамиша улуғ бўлган-а! Санга ҳам жавоб!

Староста, ташкилий ишларни шомгача тугат, тушундингми? Ишларим чала қолса шомни хотиржам ўқий олмайман, биласан-ку! Менга насияси кетмайди, ўйин ҳалол бўлиши керак. Йил бўйи Деҳқоновдан бўлак ҳеч ким дарсга қатнашгани йўқ, шуни эсдан чиқаришмасин. Агар кавлашга киришсам, ўзинг биласан бу ёғи нима бўлишини. Қани, яна ким қолди? Деҳқонов, бемаза саволларинг билан юракка тушиб кетдинг. Қани, битта савол бераман, тўғри жавоб берсанг, баҳонг беш! Хўш, ҳуқуқий демократик давлат деганда сен нимани тушунасан?