Муҳаммад Исмоил. Изғиринли кунларнинг бирида (ҳикоя)

Қаттиқ шамол чанг-тўзон кўтариб, дарахт шохларини букди, очиқ турган дарвоза қанотини тарақлатиб, ойналарни синдирди. Омонат бўлиб қолган уйларнинг шиферлари қатори, маҳалла масжидининг тош тегиб синган иккита эски шифери ҳам ерга тушиб, парча-парча бўлди. Томнинг усти очилиб, ёмғир ёғса чакка ўтиб кетадиган даражага келди.

Кунлар ўтиб, бу ҳолдан хавотирга тушган мутаваллининг хаёли қочди. Юз қадам нарида данғиллама уй қураётган Иззат акага ич-ичидан арзи ҳол қилди: ”Изғиринли кунларгача масжид томини беркитиб олайлик, элу юртнинг дуоси тегиб, савобга қоласиз.” У шу умидда ҳашаматли ҳовли эшигини тақиллатди. Эшикни бир уста очди. Ҳовлини кўрган мутавалли ҳангу-манг бўлиб қолди. Ҳовли эмас, гўё катта қурилиш майдончаси эди. Уюм-уюм ғишт, шағал, шиферлар, юзлаб дераза эшик-ромлари. Мутавалли қурилиш катталигидан руҳланиб кетиб, усталарга куч-қувват, ғайрат-шижоат тилади. Иззат ака ҳам ”Ҳорманг”га яраша қўлларини кўксига қўйиб, ”Бор бўлинг!” қилди. Мулозамат қанчалик чўзилмасин, гап айланиб келиб, мутаваллининг илтимосига келиб тўхтади:

– Жоним билан берардим-у, қиш келмай иморат устини ёпиб олиш тараддудидаман. Бўлмаса, иккита шифер нима деган гап!

Мутавалли сир бой бермади. “Хўп, хўп” дея, кулиб хайрлашаркан, “номозга чиқиб туринг” – дея қистириб ўтди, алами ичида қолди.

Бу замонда қайси масжиднинг усти ёпилмай қолиб кетибдики, маҳалла ўртасидаги гавжум бу жомеънинг томи очиқ қолсин. У ҳам таъмирланиб, аввалги кўрку таровати тикланиб кетди. Иззат ака эса ўша йили иморати устини ёпмаган, иккинчи қават қурилишини бошлаб юборган эди. Ажаб, шиферлар учинчи йили ҳам ишлатилмади. Чунки,  учинчи қават қурилиши бошлаб юборилганди. Бора-бора бу яқин орада бу уйга тенг келадиган ҳовли қолмади. Қизиғи шундаки, иморат битгач, шиферлар ўрнига оппоқ тунукалар ёпилди. Ҳовлига мармар ҳовуз қазилиб, юнонларда муҳабат маъбуди саналмиш Амурнинг оппоқ яланғоч ҳайкали ўрнатилди, қафасга тирик йўлбарс боласи ва ўргатилган бургут келтирилди.

Бир кун мутавалли аср намозини адо этиб турганди, ташвишли қиёфада кириб келган қўшнисидан нохуш хабар эшитди: “Соппа-соғ юрган Иззат ака, иморат қурилиши тугаган куни, усталарини рози-ризолик билан жўнатибди-да, туйқусдан юраги санчиб қайтиш қилибди. Эртага пешинга чиқарилармиш”.

Ёмғир эртаси куни ҳам, жаноза ўқилаётган пайтда ҳам сира тинмади. У кишини билганлар дунёнинг бевафолигидан, улфатлари эса шинаванда одамнинг бевақт қазосидан, ҳамкасблари зўр раҳбарлигидан, савдода тили ширин ва узоқни кўзлай олишидан, намозхонлар эса унинг эрта-индин намозга тушаман деб ният қилиб юрганидан гапиришарди. Хуллас, ҳаммада тушкунлик, ғамгусорлик, Яратганнинг бундай ёзуғи қаршисида ожизлик, уни тушуниб олишга муҳтожлик бор эди.

Иззат аканинг қабрини, марҳума онаси ва болалигидаёқ нобуд бўлган бош фарзанди гўрлари орасига қазишди. Жанозага минглаб одам тўпланди, тобут қўлма-қўл бўлди. Тобуткашлар ярим қадам ташламай новбатдаги одам тобутни кўтаришга қўшиларди. Тобут имомнинг олдига қўйилди. Имом одамларга ҳаётнинг фонийлигидан, олдинда боқий дунё борлигидан насиҳат қила бошлади. Марҳумнинг қарзи қолган-қолмаганлиги жамоатга ҳавола этилганда, акаси барча қарз масъулиятини бўйнига олди, сўнгра салоти жаноза ўқилди. Аммо ёмғир бир неча кундан буён эзиб ёққани туфайли қабристонда юриб бўлмас, одам оёғи тўпиғигача ботиб кетар, тупроқ юмшоқлигидан оёқ сирпаниб, қадам ташлаб бўлмасди. Иззатилланинг акаси сув кўлмак бўлиб қолган жойларга, балчиқлар устига шиферлардан ётқизди. Шундан сўнггина тобут чайқала-чайқала одамлар елкаси оша қабр томон сузиб кетди.

Янги қазилган қабр, албатта ҳар инсонни сескантириб юборади. Бир зумга бўлсин, ўйга толдиради. Мана уч қаватли иморат солган одам, шоҳона уйда уч кун  яшамай, икки газ лаҳаднинг совуқ ва зах қаърига қўйилмоқда. Дарҳақиқат, лаҳад тепасида маҳалла оқсоқолининг овози янгради:

– Муҳтарам жамоа, раҳматли Иззат ака қандай одам эди?

– Яхши, яхши, – ҳар тарафдан баралла овоз эшитилди. Ниҳоят ипак қуртидай оппоқ кафандаги жасад тобутдан олиниб, қабрга туширилди. Бироқ… беш ўн дақиқа ўтар-ўтмас, жасад яна қабрдан чиқарилиб, тобутга солиб қўйилди. Бетоқат бўлиб турган минглаб одам яна таҳлика ва хижолатда. Нима бўлди? Қабр ҳали тайёр эмас эмиш… Лаҳм торроқ чиқибди. Пичир-пичир, шивир-шивирлар… Минглаб одам марҳум тезроқ қўйилишига маҳтал бўлиб қолди. Тобут қабр тепасида анча вақт турди. Гўрковлар яна ишга тушиб кетди.

Ниҳоят, марҳум қабрга қайта қўйилиб, устига тупроқ тортилди. Қисм-қисм тупроқлар сочилиб, янги дўнгалак пайдо бўлди. Имом марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилди.

Йиғилган жамоат шошилиб тарқалди. Ёмғир тинай демасди. Осмонни қоп-қора булутлар галаси қоплаб олган. Изғиринли шамол томчиларни юзга уради. Ерга тўшалган шиферлар асқотиб, одамлар ҳаккалаганча ўшаларни босиб, ҳар ким ҳар тарафга равона бўлди.

Мутавалли ҳамма тарқалгунча қабр тепасида турди. Сўнгра қабрлар оралаб, лой кечиб, бир-бир қадам ташларкан, турнақатор терилиб қўйилган ва Иззатилланинг қабригача келган шиферларга қараб, беҳузур бўлди, яхтагини кўтарганча лой кечиб юриб кетди.