Жўра Фозил. Ўрингулнинг армонлари (ҳикоя)

Ўтган асрнинг 60-йиллари. Ўн икки-ўн уч ёшли бола эдим. Ҳар икки-уч йилда ўтказиладиган сайловлар баҳона бўладиган сайлларга чиқардим.
Отам ўқитувчиси бўлгани боис, доим сайлов комиссиясига ё раис, ёки котиб этиб тайинланар ва тонгдан колхоз идорасига бориши лозим эди. Кенжа ўғил бўлганим ва хийла эркалигим сабаб, отамга “Мен ҳам бораман”, деб хархаша қилардим. Отам тўнғиллай-тўнғиллай эргаштириб оларди.

* * *
Шундай қилиб, яна сайлов келди. Отам бу гал ҳам сайлов комиссияси раиси эди.
Кўкда юлдузлар хира тортиб, уфқ нилтўтиё тус олиб, отам иккимизни жуда интизор этган тонг отди. Кўп ўтмай кўчада машина гуриллаши эшитилди. Мен отамдан олдинроқ дарвозадан югуриб чиқдим.
Ҳайдовчи Ҳамро ака машинани зўр бериб “дут-дут”латар, кенг-мўл қутида ўн-ўн икки чоғли киши бор эди. Улар – Тошқул бригадир, Жамол тракторчи, Азиз сувчи ва ҳар доим мажлисларнинг ҳайъатида ўтирадиган, тез-тез туман газетасида сурати чиқадиган Ўрингул машъал.
Отам тезда кийиниб чиқди. Икковимиз ҳайдовчининг ёнидан жой олиб, чамаси ярим соатларда колхоз идорасига етиб бордик.
Идора атрофи чароғон, ҳамма ёқ қизил байроқлар, алвон шиорлар билан безатилган, бу ерда эллик-олтмиш чоғли одам тўпланган эди.
– Қани, домулло, тез бўлинг, бошланг, – деди раис бетоқатлик билан, – мана, райком вакили ҳам шу ерда. Биринчи бўлиб овоз беришни бошлаб, тезроқ якунласак, калхўз обрўйи учун яхши-да. – А, лаббай, нима дедингиз, ўртоқ вакил, дарвоқе, ўртоқ Калонуф?
– Албатта, – деди Калонов калондимоғлик билан, – пахтада, донда биринчи бўлган колхоз сайловда ҳам биринчи бўлса, нур устига нур!
Отам ёрдамчилари билан аллақандай қоғозларни кўздан кечириб, рақамланган столларга қўйиб чиқди-да, “… овоз беришни бошлаймиз”, деди.
Мен жон қулоғим билан тингласам-да, ҳеч қанақа “овоз бериш”ни эшитолмадим. Худди шу аснода ёнимизда Ўрингул машъал пайдо бўлди. Дарҳол унинг қўлига аллақандай оқ қоғоз тутқазишди ва у қизил алвон билан ўралган уйчаларнинг бирига кириб кетди-да, зум ўтмай қайтиб чиқиб, шодон қийқирди.
– Яшасин, мен биринчи бўлиб овоз бердим!
Кимлардир истар-истамай, хўжакўрсинга қарсак чалишди. Мен эса ҳайрон эдим.
Жуда кўп киши ўша алвонранг уйчаларга кириб-чиқиб турган бўлса-да, оддий ғала-ғовурдан бўлак ҳеч қандай овоз эшитилмасди. Cекин юриб, қўли-қўлига тегмай аллақандай қоғозларни тарқатаётган отамнинг ёнига бордим.
– Овоз бериш бошланди дедингиз, мен ҳеч қанақа товуш эшитмаяпман-ку!
– Эҳ, тентаквой, – деди отам жилмайиб, – “овоз бериш” дегани овоз солиб бақириш эмас, мана бу қоғозни қутига ташлаб чиқиш, вассалом!
Ҳафсалам пир бўлаёзган эди, бирдан калламга ажойиб фикр келди.
– Мен ҳам овоз берсам, майлими?
– Йўқ, мумкин эмас, – деди отам қатъий қилиб.
– Нега энди?
– Ёшинг ўн саккизга етганда овоз берасан. Ҳозир эса бошимни қотирма.
– Ота, жон отажон, мен ҳам овоз берай! Ахир, ўзингиз бу ерда каттасиз-ку! Хўп деяқолинг…
Отам мен билан пачакилашиш фойдасизлигини яхши билганларидан, қўлимга уч сўм тутқазиб, шундай деди:
– Мана сенга, бориб кунжут ҳолва, ширмой кулча олгин. Cих кабоб егинг келса, унгаям етади.
Эҳ, яшасин, бу ёғи маза бўлди-ку! Уч сўм – мен учун катта давлат эди, чунки маошни жуда тежаб сарфлайдиган отам ҳар доим ҳам бунча пул беравермасди-да!
Пулни кафтимда маҳкам қисганча ташқарига чиқдим. Колхоз идораси атрофи улкан бозорни эслатар, ҳамма нимадир сотиб, нимадир олар, нимадир еб, нимадир ичмоқда, оломон денгиздай чайқалар, сурон соларди.
Мен аслида сайловни шунинг учун яхши кўрардим-да…
Кунжутли ҳолва, ширмой кулча сотиб олиб, идорага туташ ошхонада пок-покиза туширдим. Cўнгра турли томошаларни кўриб, кунни кеч қилдим.
Қоронғи тушгач, совуқ кучайди. У ер-бу ерда гулханлар ёқилди. Cайлгоҳ ҳамон гавжум, бақир-чақир, маст-аласт қичқириқлар тинмаганди.
Cекин-аста қари-қартанг, бола-бақра уй-уйи­­га жўнади. Кўчада асосан ёш-яланг ва кайфи ошганлар қолди. Бизнинг қишлоқдан келган “зарбдор гуруҳ” эса ошхонанинг бир чеккасида базми жамшидни ҳамон давом эттирарди.
Мен роса совуқ қотгандим, отам ўтирган хона ва ҳамқишлоқлар хурсандчилик қилаётган ошхона ўртасида бўзчининг мокисидай қатнардим. Онда-сонда ловуллаб ёнаётган гулханлар ёнига бориб, бироз исинган бўлардим. Ошхонадагилар ҳам, гулханлар атрофидагилар ҳам ғирт маст эдилар. Вақт алламаҳал бўлганига, совуқ тобора кучаяётганига ҳеч ким эътибор қилмасди.
Оғзи сурғучланган, яшил қоғозига “Водка” деб ёзилган шишалар пайдар-пай очилар, қиррадор стаканлар-у пахта гулли пиёлаларга қултиллатиб қуйилар, ғала-ғовур тобора авжига чиқарди.
Cовуқ суяк-суягимдан ўтган, буларнинг ҳаммаси энди жонимга теккан, тезроқ уйга етиб олиб, иссиқ ўринга киришни истардим.
Яна отамнинг ёнига бордим-да, тишим-тишимга тегмай, “Уйга кетайлик”, дея хархаша қила бошладим. Отам “Яна озгина чида, ҳозир якунлаймиз, мен катталарга қўнғироқ қиламан-у, кейин уйга жўнаймиз”, деди. “Жўнаб бўпсиз, – дедим инжиқланиб. – Биргад бобо, Ҳамро ака, ҳаммаси маст-ку. Ўрингул опанинг ҳам юзлари қизариб кетибди”.
– Оббо, ҳозир шу етмай турувди-да! Ўрингулга хотин боши билан арақ ичишни ким қўйибди?!
Отам роса жиғибийрон бўлди, у кишига раҳмим келиб, юпатдим.
– Қўрқманг, Ҳамро ака унчалик маст эмас.
Отам баттарроқ асабийлашди.
– Арақ ўрнига заҳар-заққум ичишмайдими? Ахир, шунча маст одамни уйига қандай олиб бораман. Бу аҳмоқлар ҳар сайловда бир машмаша бошламаса, бўлмайди-да. Кўнглим сезиб турувди-я, – отам совуқда қалтираётганимни кўриб, шаштларидан бироз тушди.
– Майли, ўғлим, бор, бир айланиб кел, унгача мен ишларимни саранжомлайман.
Мен “бир айланиб”, яна ўша ошхонага бордим. Арақхўрлик ҳамон давом этар, энди Ўрингул машъалнинг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Худди шу аснода бошида қоракўл телпак, қўнжи узун оқ этик кийган, сипо бир одам ҳамқишлоқларимиз даврасига яқинлашди.
Тошқул биргад ўрнидан туриб, чайқала-чайқала унга пешвоз чиқди.
– Э, э, келинг, партқўм бобо, келинг! Cайловни би-и-и-р ювайлик!
– Ювсак арзийди ҳам, – деди меҳмон виқор билан.
Уни давра тўрига ўтқазишди. Ўрингул машъал “дик” этиб ўрнидан турди-да, меҳмоннинг ёнига бориб ўтирди. Аёлнинг доимо хумор боқувчи кўзлари олазарак эди.
Даврага ёғи жизиллаб турган сих кабоб олиб келишди. Яна ўша, оғзи сурғучланган шишалар очилди. Партқўм котиби Ўрингул илғорнинг ўзига эътиборидан талтайиб кетиб, сўз бошлади.
– Ўртоқлар! Бизнинг бу ўтиришимиз оддий арақхўрлик эмас, балки сиёсий кампаниянинг муваффақиятли якунидир!
Мен коммунистлар ва партиясизлар блокининг муносиб номзоди Ўрингул Пардаева учун қадаҳ кўтаришни таклиф этаман! Биз ҳозиргина домла (яъни, отам) билан овозларни ҳисоб-китоб қилдик. Бу синглимиз 99,9 фоиз овоз олиб, район совети депутати этиб сайланди. Ҳамма­нгизни ғалаба билан табриклайман!
Ўрингул машъалнинг бўғриққан юзлари ял-ял ёнарди. Ҳамма ўрнидан туриб, қий-чув билан пиёла, стаканларни шақир-шуқур уриштира бошлади. Фақатгина Азиз сувчи “миқ” этмай, қўлидаги арақ тўла пиёлага тикилиб ўтирарди. Бу партқўм бобонинг нигоҳидан четда қолмади. Cувчига савол назари билан қараб, ўдағайлади:
– Ҳа, Азизбой, бу гаплар сизга тааллуқли эмасми?!
Азиз ака пинагини ҳам бузмади, юзини четга буриб, “чирт” этиб тупурди.
– Тупурдим, сенга ҳам, “местный кадр”ингга ҳам! Дептот эмиш?! Cен ҳам, у ҳам бориб турган ғирромсизлар-ку! Ўрингул машинада пахта теради, деб кўтара-кўтар қиласизлар, газитга суратини чоп этасизлар. У бўлса машинада юз-икки юз кило пахта терадими-йўқми, Худо билади. Биргаднинг қизлари терган ҳамма пахтани унинг отига ўтказиб, “Машинада бир кунда ўн тонна пахта терди”, дея бонг урасизлар. Меҳнатни қизлар қилади, ҳузурини бу ойимча кўради. Яна бу киши дептот бўлибдилар. Ҳе, ўргилдим, дову дасгоҳингдан! – Азиз сувчи пиёладаги арақни симириб ичди-ю, ўрнидан турди.
– Мен уйга пиёда кетаман! Припискачи, ёлғончи дептот билан бир мошинда юрмайман!
Партқўм котиби пихини ёрганлардан эди, сувчининг гапларини бошқа ёққа бурди:
– Зарари йўқ, – деди у мийиғида кулиб, – укамиз сал кўпроқ ичиб қўйибди. Майли, уйига бораверсин.
Азиз сувчи саллона-мастона юриб, ташқарига чиқди, ҳамқишлоқлардан икки киши унга эргашди. Лекин улар ҳам ҳушёр эмасди.
Давра гўё Азиз сувчининг аччиқ-аччиқ гаплари бўлмагандай давом этаверди. Ўрингул машъал эркаклар билан баравар арақ ичаверди. У партқўм котибининг ёнига бориб ўтирганида, бу Тошқул биргадга ёқинқирамаган, қуюқ қошларини чимириб қўйганди. Пайдар-пай ичилавергач, Тошқул биргаднинг кайфи бутунлай ошиб кетди, шекилли, Ўрингул илғорга тегажоқлик қилабошлади.
Ўрингул машъал аввалига бригадирнинг шилқимлигига эътибор қилмай жимгина ўтираверди. Бригадир ҳаддидан ошиб, аёлнинг иягидан ушлаб, ўзига қаратмоқчи бўлган эди, машъал унинг қўлини силтаб ташлади-ю, ўшқирди:
– Торт ювуқсиз қўлингни, ифлос! Мен ҳамма кийиб кетаверадиган эски калиш эмасман!
– Ювош, ювош!.. – ялтоқланди бригадир. – Cенга нима бўлди, мен ҳазил қилувдим…
– Ҳазилингни уйда говмиш сигирдай семириб ётган қора ҳабаш хотинингга қил! Билдингми?!
– Билдим! – деди Тошқул биргад қизарган кўзларини ола-кула қилиб ўрнидан турар экан. – Сен икки пуллик фоҳишанинг қорнинг тўйиб қолибди-да, а? – бригадир оғир гавдасини сал ортга ташлаб, Ўрингулнинг юз-кўзи аралаш мушт туширди. Бояқиш аёл қаттиқ чинқириб юборди-ю, ўтирган ерида орқага қулади.
Ҳали ҳеч ким ўзига келиб улгурмай, Тошқул биргад бир ҳатлашда Ўрингулнинг тепасига борди-ю, тўзғиб кетган қоп-қора сочларидан ушлаб, ўрнидан турғазди.
Эркаклар билан тенгма-тенг ичилган арақ ўз ишини қилган, шўрлик депутат тўфонда қолган оқ гулдек чайқалар, кўз ёшлари шашқатор эди.
Бу машмаша обрўйига путур етказишини англаган партқўм котиби столни айланиб ўтиб, ҳамон Ўрингулга хезланиб турган Тошқул биргаднинг қўлларини қайирмоқчи бўлди. Қаёқда дейсиз, ҳирсдек кучли бригадир бир силтаган эди, котиб ҳам, унга ёрдамга шошилган яна икки ҳамқишлоғимиз ҳам бурчак-бурчакка учиб кетди. Тошқул биргадир яна маъшал томон қадам ташлади.
Зилдек мушт зарбидан ҳамон ўзига келолмаган депутат ҳўнграб йиғлаганича, ўзини ерга ташлаб, бригадирнинг оғир кирза этикли оёқларини маҳкам қучоқлаб олди.
– Тавба қилдим, акажон! Тавба қилдим! Мени урманг! Урманг, ўлиб қоламан! Ахир, ўзим майиб-мубталоман, – трактор ҳайдайман деб ҳар икки болам ҳам ногирон туғилганини биласиз-ку!
Муштипар аёлнинг уввос тортиб йиғлаши, ёрилган лабларидан сизиб оқаётган қон, паришон сочлари араққа тўйиб олиб инсоний қиёфасини йўқотаёзган зўравонни сал ўзига келтирди, чамаси, кўзларини бир-икки юмиб очгач, маст туядай пишқирди:
– Ҳў, ғар, кимлигингни унутма! Хотинимни ҳақорат қилганинг учун тилингни суғуриб оламан! У уйда ўтирса-да, ўнта боламни оқ ювиб, оқ тараяпти. Cен бўлсанг, эски калиш ҳам эмассан! Cени ўша, бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган эрингдан бўлак ҳеч ким киймайди! – бригадир оёқларини аёлнинг қўлларидан бўшатиб олиб, нари кетди.
Ўрингул зўрға ўрнидан турди, сочларини, кийим бошининг у ер-бу ерини тузатган бўлди. Бояқишнинг юз-кўзи кўкариб, шишиб кетган, ёрилган лабларидан оқаётган қон ияги, бўйнига оқиб тушарди. У судралгандай бўлиб ошхона чеккасига борди.
Бечора аёлнинг қора бахмал камзули, оқ шол рўмоли ҳам қонга беланган эди. У ортига ўгирилди, ҳамон серрайиб турган маст-аласт давра аҳлига афсус-надоматли, қаҳрли нигоҳ ташлади. Худди шу аснода унинг бўғзидан аламли бир фарёд отилиб чиқиб, кўкка ўрлади:
– Ў, Худо! Тракторигаям, пахтасигаям, сайловигаям ўт тушсин! Ўт!
Бу чинқириқ давра аҳлининг кўзларини мошдек очиб юборди. Улар ғимирлаб, тўрт томонга югургилаб қолишди. Бу, ахир, ёлғиз Ўрингулнинг эмас, балки боласини пахта даласида туғиб, пахта даласида катта қилган, урушнинг, қатағонларнинг зулмини елкасида кўтарган неча минглаб жабрдийдаларнинг юрак овози эди…
Мен бу воқеага сиёсий тус берилишини ўйлаб типирчилаб қолган партқўм котибининг талвасаси, ҳайдовчиси ҳам, йўловчилари ҳам маст бўлган машинада отам иккимиз қандай қилиб қишлоққа қайтиб келганимизни айтиб ўтирмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, Ўрингул Пардаева орадан тўққиз ой ўтгач, янги пахта териш мавсуми бошланганда далада юрак хуружидан вафот этди. Икки қаторли “CХМ-48м” пахта териш машинаси эгат бошида қантариғлик қолиб кетди. Туман газетасида ўқловдек ҳарфлар билан битилган таъзиянома эълон қилинди.
Машъалнинг ўзидан қарийб ўттиз ёш катта бўлган эри узоқ яшади, ногирон фарзандларини болалар уйига топширмай, ўзи катта қилди…

* * *
Шу билан гап тамом. Энди ўтмишга айланган Шўро замонасидаги сайловлар, айрим сохта машъаллар ҳақида кўрган-билганларим шу.
Дарвоқе, хотираларимга асосланган ушбу ҳикоя ўсмир тилидан баён қилинган бўлса-да, аслида етук ёшимда ёзилди. Шу боис баъзи бир тафсилотларга бола ўй-хаёллари деб қарамаслигингизни сўрайман, азиз ўқувчи…

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 7-сон