Бахтиёр Нуриддинов. Бошпана (ҳикоя)

Ташқарида шаррос ёмғир ёғарди.
Дераза ортидан доимгидек Хонтоқнинг сўниқ, аммо жудаям фусункор манзараси кўзга ташланиб турибди. Аҳён-аҳён дарё бўйидаги теракзорнинг шамолда чайқалиб, шовуллаши қулоққа чалинади. Айвон шипидан шошқалоқлик билан чаккиллаб тушаётган томчиларнинг товуши гоҳ-гоҳ одамнинг хаёлларини бузиб, чалкаштириб ташлайди. Унга хос тарзда ора-орада ёмғирдан қочиб, уйнинг мўриси тагига беркинган бир жуфт мусичанинг беозоргина ғув-ғувлаши эшитилади. Томчиларнинг шитирлашини айтмаса уй ичидаги сукунат мана шу онларнинг устидан буткул ҳукмронлик қилишга шай турарди. Аммо на ёмғир, на қушлар, на табиат бунга имкон беришни хоҳлашмасди.
Ҳаммаси бундан ҳам бошқача бўлиши мумкин эди. Бироқ диққатини ҳув боғ четидаги сарғиш курси ёнида тинимсиз айланаётган аёл кишининг шарпаси тортди. Соябон тагидан унинг ярим гавдасига мос ҳолдаги бежирим оёқларигина кўзга ташланарди. Эслаб кўрса у охирги уч-тўрт кун ичида худди шу вақтда ана шу ерга келишни ҳеч канда қилмасди. Аслида бу уйни яқиндагина сотиб олганди. Ҳатто кўчиб ўтишга ҳам улгурганича йўқ. Базўр, амал-тақал таъмирдан чиқариб, эндигина жиҳозларни жойлаштирмоқчийди. Сотиб олган уйи унчалик ҳашамдор ҳам эмас. Бунинг устига шаҳарнинг энг чеккасида жойлашганди. Фақат тоза ҳаво, ойнадан кўриниб турадиган табиат манзараларини айтмаса, кичкина шаҳарчадаги икки қаватли бу уйнинг иноқ яшайдиган ўн-ўн беш чоғли қўшниларидан бошқа деярли мақтангулик ҳеч вақоси йўқ эди.
У ўша нотаниш кимсага анчагача тикилиб турди. Сўнг уни кузатишдан чарчади. Чунки аёл айнан бир хил ҳаракатларни такрорларди. Бироз у-бу юмушлар билан овуниб, чалғигандек бўлди. Ўзини ҳеч нарсага эътибор бермасликка ундаб кўрди. Аммо барибир уддалай олмади. Кўчадаги аёл сурати борган сари фикрини бўлиб, тобора ўзига жалб қиларди. Ноилож унга яна термилди. Бу сафар аёлнинг хатти-ҳаракатини узоқ томоша қилиб турди. Худди болалар ўйинчоғига ўхшарди — кимдир мурувватини бураб кетгану, тўхтатиш ёдидан кўтарилиб қолгандек гўё. Ҳақиқатан ҳам бирон хатосиз бир жойда айланарди. Ўша ёмғир сувларига бўкиб, ўтириб бўлмас аҳволга келиб қолган сарғиш курси атрофида тинимсиз у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Шу топда унинг олдига югуриб чиқиб, ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлди. Хаёлидан ўтган бу фикрдан бир сесканиб тушди. Ахир бориб нима ҳам дерди. Уни танимаса, қандайлигини билмаса. Бир пасда шаштидан қайтди. Лекин унинг олдига чиқиш истаги бошини чирмовиқдек ўраб ташлаганди. Қани эди бу ўйлардан қутулолса. Яна бир неча бор ташқарига ошиқди. Бу сафар уни ёмғир тўхтатиб қолди. Чунки унда соябон йўқ эди. (Эрталаб бу ёққа келаётганда ҳаво очиқ эди-да!) Энди ҳар бир нарсадан баҳона излашга тушди. Эшик тирқишидан кираётган изғирин этларини жимирлатворди. Шундагина аёлга астойдил ачинди. У кун бўйи ёмғир остида-ку ахир, деб ўйлади. Шу онда ўзининг бераҳм ва инсофсизлигидан нафратланиб кетди. Ич-ичидан ўзини койий бошлади: садқаи одам кет!.. Бу танбеҳ фикрларини бироз тийраклаштиргандек бўлди. Шашт билан ёмғирпўшини елкасига ташлади-ю, ташқарига отилди. Бироқ кеч эди. Бу пайт унинг ўзи ичкарига кириб келганди. Ҳа-ҳа, шундай бўлди. У қаршисида совуқдан дилдираб турарди.
— Киринг, — деди довдираб зўрға.
Беихтиёр унинг қўлидаги соябонидан ушлаб, ичкарига тортди. У шошиб қолганди. Талмовсираб нима қилаётганини билмасди ҳам.
– Нимага туриб қолдингиз?!.. – сўради яна худди эски қадрдонлардек.
Аёл индамади.
— Кун бўйи ёмғирда қолиб кетдингиз чоғи. Бировни кутяпсизми?.. – деди айбдор оҳангда.
У ийманибгина бошини сарак-сарак қилди. Бу унинг “Йўқ” дегани эди.
— Нима қилиб жалада юрибсиз унда? — сўради таажжубланиб.
Аёлнинг индамаслиги уни янада тетиклаштирарди.
— Биз бу уйда яшагандик, — деди дабдурустдан аёл ниҳоят чеҳраси ёришиб.
У ичкарига кирганидан хурсанд кўринарди.
Ташқарида нимадир қаттиқ гумбурлагандек бўлди. Хона бир ёришиб сўнди. Ҳойнаҳой Хонтоқ тарафда момақалдироқ чақмоқ чалиб, чақин чақнатди-ёв!..
Унинг назарида эса, осмон узилиб ерга тушганди гўё.
Аёлнинг оғзи ёпилмасди. Бояги торитинишдан асар ҳам қолмаганди. Худди уйидагидек эркин ҳис қиларди ўзини. У тинмай гапирар, шу аснода аста-секинлик билан ичкарига қараб, юриб борарди. Хаёллар гирдобида:
— …Оилам билан шу кичкина хоналарда ҳаётимнинг қанчадан қанча яхши кунлари ўтган, – деганини илғай олганди, холос.
Шу дамда болалиги ёдига тушди. Ота-онаси билан бирга яшаган йилларини эслади. Ака-ука ҳар тонгда айвонда ёзиладиган дастурхон атрофида тўпланишарди. Онаси нонушта тайёрлаб, дастурхонга тортгунига қадар хархаша қилишиб, дунёни бошига кўтаришарди. Еб, ичиб тўйганларидан кейин ҳаммалари ўз юмушлари билан кетишарди: бири ишга, бири ўқишга. Кичкина укасини бўлса боғчага ташлашарди. Кеч тушганда яна уйларида йиғилишарди. У кунлар энди ўтмиш, фақат таассуротларгина қолган.
Бир пайт аёлнинг овози бутунлай тинди. Айвонда тақа-тақ тўхтади-да, ўйчан туриб қолди. Ўзи атрофида айланиб юрган сарғиш курси томонга ғамгин тикилди. Ўшандаги совуқдан жунжикиб, кўчада қолган пайтлари эсига тушдими, беихтиёр кўзларига ёш қалқди. Уни юпатмоқчи бўлганди, шошқалоқлик билан:
— Болаларимни олиб кирсам майлими? – деб ялиниб сўради.
У нима қиларини билмай қолганди. Бир унга, бир кўчага қараб жовдирарди. Аёл яна ўша сувга бўкиб, шалаббо бўлган сарғиш курси томон боқди. У нигоҳлари билан аёлнинг болаларини қидира бошлади. Кўзлари ёмғир остида қолган дарахтлар-у, ўша дардисар курсидан бошқа нарсани илғамасди. Аммо аёл илтижо билан унинг розилигини кутиб турарди. У баттар довдиради. Чунки аёлнинг ёлвориб қарашлари эсанкиратиб қўйганди. Беихтиёр “майли” дегандек бошини қимирлатди. Аёл шу ондаёқ ташқарига ўқдек отилиб чиқиб кетди. У ҳаммасини айвондан кузатиб турди. Аёл катта дарахт танаси панасига яшириниб, шумшайиб олган болакайларни тортқилаб чиқарди. Уларнинг бири уч, иккинчиси беш ёшларда эди чамаси. Уст-бошлари ивиб чинор пўстлоғи рангига қоришиб кетгани сабаб, кўзга ташланмасди ҳам. Ҳаш-паш дегунча уччалови ичкарида пайдо бўлишди. Ҳатто қачон кирганларини-да пайқамай қолди. Катта ўғли кира солиб уйни гир айланиб ниманидир қидира кетди. Ниҳоят ётоқхонанинг бир бурчагида кароват оёқлари тагида қисилиб ётган айиқчасини топиб, беғуборларча бағрига босди. Кичкина ўғли эса, пилдираб тўғри ошхонага борди. У ердаги курсига чираниб юриб чиқди. Амаллаб ўрнашиб олгандан сўнг:
— Нон, — деди дастурхондаги ноз-неъматларга ишора қилиб.
Уни кўрган акаси чопқиллаб келиб укасига дакки берди.
— Булар сенгамас, — деди у босиқлик билан. Акаси ўзини катталардек тутарди. Укаси унинг гапларига парво ҳам қилмади.
— Қорним очди, — деди чинқириб йиғлаб. У шундагина ўзига келди. Хотини “Тамадди қиларсиз”, деб қўлига тутқизган егуликларни аллақачон унутиб юборганди. Шошиб бориб нондан ушатиб, болакайга узатди. Яна пишлоқ, қайнатилган гўштдан кесиб, ёнига қўйди. У тортинмай ҳаммасидан бирма бир олиб ея бошлади. Акаси бурчакда тамшаниб, ютиниб турарди. Совуқда очқаганини шундоқ кўзларидан билса бўларди. Укасининг ёнидаги курсига уни ҳам ўтқизиб, дастурхонга таклиф қилди. Олдига у-бу егуликларни қўйиб ейишга ундади. Бола ийманибгина ҳусайни узумдан бир шингил олди-да, бирин-кетин доналарини узиб, секингина оғзига солди. Аёл деворга суянган кўйи диққат билан уларни кузатарди.
— Нимани кутяпсиз? Сиз ҳам келинг! – деди унга ҳам. Аёл қимтинибгина аста уларга қўшилди. Аммо ҳеч нимага қўл урмади.
— Олинг! – деди у яна қистаб. – Очиғи ёлғиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаётганди. Яхши бўлди.
У бироз вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди. Аёл ҳам кичкина ўғлига танбеҳ берган киши бўлиб, ора-орада у-бу егуликлардан чимчилаб-чимчилаб еярди. Аммо болакай тўйганди. Ўзини курсига борича ташлаб, ялпайиб суянчиққа суянволди.
— Нимага бизни уйга кириб олдингиз? – дабдурустдан сўроққа тутди болакай жиддий. Унинг оғзидаги луқмаси томоғига тиқилди. Чайналиб нима деярини билмай, нажот билан аёлга қаради. Онаси:
— Унақа беъмани гапларни гапирма. Амакинг уста. Уйимизни таъмирлаб берди, — деди ўғлига.
— Шунақа, — деб қўйди у ҳам болага мўлтиллаб.
Она-болаларни тиланчи деб ҳам ўйлади. Сўнг бўлаётган бари ишларга ўша ёмғирда ивиб, шалаббо бўлиб кетган сариқ курси айбдордек айвондан ташқарига кўз ташлаб қўйди. Унинг қарашларида яна бирон кимса бормикин, деган хавотир ҳам мужассам эди.
— Бошқа ҳеч ким йўқ, — деди аёл унинг хавотиромуз юзларига термулиб, хаёлидаги фикрларни ўқигандек. – Тиланчи ҳам эмасмиз.
Ҳижолатомуз оғиз жуфтлаган эди, гапиришга қўймади.
— Ҳозир кетамиз. Болаларим “Уйимизга борайлик”, деб иззиллашганди. Уларни кўрсатгани олиб келгандим, холос. Сизга раҳмат, — деди ва шошиб ўғилларини етаклаб, кетишга чоғланди.
Аёлнинг гапларидан ўзларининг қисматини уқди. Онасининг тақдири кимлардадир қайтарилаётгандек туюлди. Отасининг узоқ сафарга кузатишгани кўз олдига келди. (Бу онасининг юпанч сўзлари эканини катта бўлибгина тушунишганди.) Ўшанда ака-ука аюҳаннос солиб роса йиғлашганди. Шундан сўнг отасини бошқа кўришмади. Онаси билан яшаш учун қилмаган ишлари қолмади. Отасининг яқинлари деярли улардан юз ўгиришганди. Кейинчалик ўзлари яшаган уйдан ҳам қувиб солишди. Бир муддат кўчада қолишди. Аввалига у қариндошиникида, яна бир кун бошқасиникида яшаб юришди. Дарбадар ҳаёт жонларига теккач, ижарага кичкинагина хона олишди. Аҳён-аҳён онаси болаларини етаклаб бир вақтлар ўзлари бахтли ҳаёт кечирган қадрдон уйлари ёнига бошлаб келиб, тунда деразадан таралаётган шуълаларга термулиб ўтиришарди. Ўша пайтларда онасининг кўнглидан ўтказган изтиробларни эндигина тушуниб турибди.
Бориб пойгакда уларни йўлини тўсди. Аллақачон қоронғи тушган эди. Айни шу дамда бошқалар сингари икки норасидасига қўшиб муштипар аёлни совуқда кўчага ҳайдаш учун виждони йўл бермади. Ҳаётнинг мураккаб сўқмоқларида якка ёлғиз қолган бу ожизанинг нима айби бор! Эндигина дунёнинг шафқатсиз ўйинлари-ю, раҳмсиз ҳукмига дуч келиб, умрнинг аччиқ таъмини тотаётган, худди ўзлари сингари онасининг ёлғиз умиди, суянчи бўлган манави икки болакайни-чи?..
У шоша-пиша кийимларини кийди.
— Сизлар қолинглар, — деди ўтинганнамо ва уй калитини эшикнинг оғзида қолдириб, чиқиб кетди. Шу топда тутқунликдан халос бўлган қушдек ҳис қилди ўзини. У унчалик бой бўлмаса-да, аввалгидек қашшоқ ҳам эмасди. Йўл-йўлакай бу ишини тўғрими йўқми, деб ўйларди. Ўша лаънати сарғиш курси ёнига етиб борганда ортидан оёқ товуши эшитилди. Қайрилиб қарамоқчи бўлганда:
— Шошманг! — деган ҳитобдан вужуди титраб кетди. Бу гоҳ онасининг, гоҳ ўша аёлнинг овозига ўхшарди. Қулоқларига ишонмади. Аста у томонга ўгирилди. Аёл соябонини узатган кўйи рўпарасида турарди. Унинг нигоҳлари онаси каби меҳрибон ва мағрур эди. Шу алфозда соябонни қандай олганини ҳам билмади. Аёл уйга кириб борарди.
Кетмоқчи бўлганда соябон тутқичидан бир уюм қоғоз шитирлаб, ерга сочилди. Бу уйнинг ҳужжатлари эди. Ёмғирда ивиб, лойга қоришаётганди. Уларни қайтариб бермоқчи бўлди-ю, аммо орқасидан боришни истамади. Агар инсон қисмати мана шу қоғозларга битилган айқаш-уйқаш ёзувлар-у, сиёҳи қотган муҳрга боғланган бўлса, тупроққа қоришиб йўқ бўлиб кетсин бу матоҳлар, деб ўйлади.
У ҳушига келганда аёл шарпаси йўқлик сари сочилиб, аллақачон ғойиб бўлиб улгурганди. Уйнинг ёлғиз йўлаги билан остона пойида бераҳм дунёнинг қақшатқич зарбаларидан ўлакса ҳолга келган яланғоч хаёлларнинг жасади ётарди гўё. Унинг ортидан ичкарига киришга ошиқарди-ю, аммо юраги бунга дов бермасди. Қандайдир ваҳм худди ўргимчак тўри мисол оёқларини чирмаб ташлагандек эди. Қанчалик ҳаракат қилмасин қимирлашга ўзида куч тополмади. Фақат нигоҳларигина унинг изидан истаксиз судралди, холос. Бутун вужудида мажол йўқ эди. Шуурида эса хаёлларини таг-туги билан қўпориб ташлаган бу уй ҳақидаги хотиралар ўрнашиб олганди. Яна ўша соябон тутган, ёмғир остида уззукун қолиб кетган муштипар онанинг суврати айланиб юрарди. Унинг бўлса, ўзи яқиндагина неча йиллар давомида йиғиб-териб не кўйларда яшаш учун сотиб олган кулбадеккина бошпанаси ва болалари билан у ерда кечирган бахтиёр ҳаёти ҳақидаги эзғин сўзлари ҳеч тинчлик бермасди.
Рўпарасида ўша қарашларини бузиб, чилпарчин қилиб ташлаган, беғубор болаликнинг қувончларига шерик уйнинг ўзи виқор тўкиб турарди. Ичкарида эса, икки норасида боласини бағрига босиб, эркалатиб, шоду ҳуррамлик гаштини сураётган бахтли она; ёмғирдан қочиб, уйнинг мўриси тагига беркиниб – пинжларига суқилишиб – бахтиёрлик сурурини тотаётган беозоргина бир жуфт мусича… Буларнинг бари чинмиди ёки тасаввури маҳсулими, билмайди. Билгани энди унинг ўзи ўша сарғиш курси атрофида умидвор айланаётгани эди, холос.
Бироқ бир неча кун аввал мана шу уйдан бошпана сотиб олгани бор гап.

2017 йил, 6 октябрь