Аслиддин Мустафоев. Ёнғоқ излаб (ҳикоя)

Кузда меҳнат таътилига чиқаман. Бизда ўн беш иш куни бу. Лекин ўзимнинг ҳисобимдан қўштириб, бир ой қилиб оламан. Бекоргамас. Қишлоғимга бораман-да, акамга ёрдам бераман. Нима кўп, Форишда қишлоқ кўп. Ҳар қир ошганингда бир қишлоқ. Уларни оралаб ёнғоқ йиғамиз. Ростини айтсам, мен шу таътил вақти ёнғоқ йиғмайман, менинг йиғарим бошқа нарса.

Пари момо

– Ёнғоқ оляпсанми, болам, – дейди озғингина, ёнғоқ пўстини тозалаганидан қўллари қорайиб кетган момо менга дадил боқиб.
– Ҳа, – дейман жилма­йиб. Буни менга акам ўргатган. Агар кулиб қарасам, сотармон тез эрир экан.
– Қанчадан оляпсан?
– Ҳар хил, олти минггача.
– Ҳмм, яхши оларкансан. Лекин мен ваъда қилиб қўйганман.
– Закалат олмаганмисиз? – дейди акамнинг ўртоғи Содиқ ака (у киши мен билан машинасида ёнғоқ йиғишга чиқади).
– Нима дейсан? – момо диққат билан тикилади.
– Учидан пул олмаганмисиз? – бош бармоғим билан кўрсаткич бармоғимни бир-бирига ишқалаб ишора қиламан.
– Йўқ, лекин лафз қилганман.
– Ким билан? Мен танийманми?
– Қизил “Дамас”да келадиган йигит бор-ку, оти нимайди, Лазизмиди?
– Ҳа, Лазиз, – дейман кулиб, – у киши акам бўлади. Ҳозир шаҳарга кетган мағиз топширгани. Шунга мен келдим.
– Алдама мени. Уят бўлади. Ёнғоқсиз қолсанг ҳам ёлғон гапирма.
– Рост айтяпман, момо, – ишонтиришга уринаман. – “367” “Дамас”и бор. Қи­зил.
– Рақамини билмайман.
– Мен ўхшамаяпманми акамга?
– Йўқ, у шилқим эмас сенга ўхшаб.
– Қанақа шилқимлик қилдим, момо, – дейман жаҳлим чиққанини яширмай.
– Лафз қилдим, деганимни эшитса, у аллақачон кетган бўларди. Сен эса ҳали ҳам олдимдасан.
Энди гапим ортиқча эканини тушунаман. Акамнинг ўзи келмаса, бу момодан ёнғоқ олиб бўлмайди.
– Телефон қилиб берайинми, гаплашасизми? – дейди Содиқ ака ёнғоқдан умидини узгиси келмай. – Нархини келишган бўлсаларинг олиб кетаверамиз-да. Барибир бир жойга боради ҳаммаси.
– Ҳаммамиз ҳам бир жойга борамиз, – дейди аччиқланиб момо.
– Исмингиз нима, момо? – дейман гапидан завқланиб. – Уйга борганимда акамга айтаман, ўзи келиб олади.
– Ма, – дейди халатининг чўнтагидан уч-тўртта ёнғоқ чиқариб. – Акангга берсанг, ўзи билади.
Ростдан ҳам, акам бу қишлоқдаги қайси ёнғоқни кўрсатсангиз эгасини, эгасини айтсангиз ёнғоғи қанақа эканини айтиб беради. Ахир, ўн йилдан бери шуғулланади бу иш билан.
– Майли, – дейман мо­мо берган ёнғоқларни қи­сиб кўриб. – Оқ мағизми?
– Сендан шаҳарнинг иси келяпти, – дейди момо саволимга жавоб бермай. – Қишлоқнинг боласи бўлганингда, қирс қилиб чаққан бўлардинг ҳозир. Қоҳати бу. Бу йил камроқ солди. Барибирам пўст­лоғи юпқа.
Ишонмаганимдан қаттиқроқ қисиб кўраман яна. Ёрилган пўстлоқ ичидан пилладай оппоқ мағиз кўринади.
– Шуни бизга сотинг, – дейман ичим қизиб. Ахир, бундай чиройли мағизнинг нархини биламан–да. – Акам айтганига беш юз қўшаман.
– Мени ким деб ўйлаяпсан? – дейди момо ҳовлиси сари юриб. Кейин бир нима эсига тушгандек ортига қайтади. – Лазизга телефон қил. Аканг бўлса бир гаплашай.
Умидвор бўлиб акамнинг рақамларини тераман, овозини баландлатиб телефонни момога узатаман.
– Лазизмисан? – дейди момо у томонда жавоб бўлгач. – Мана бу сенинг укангми?
– Ҳа, – дейди акам. – Пари момо сизмисиз?
– Ҳа, ўша момонгман.
– Укам бўлади шу бола, менга ёрдамлашаяпти. Ёнғоқни тозалаб бўлган бўлсангиз, момо, ундан бериб юбораверинг.
– Сен айтиб кетган пулга беш юз сўм қўшиб берармиш, ёнғоқни берсам, – дейди момо бошини эгиб, бир нуқтага тикилганча. – Сенга ёрдам берадиган бола шунақа бў­лами?
– Бермаганингизга айтишган-да, момо. Ўзи яхши йигит, Самарқандда ишлайди.
– Қўй, болам, сенга лафз қилганман. Кўзинг­ни кўрмасам, барибир кўнг­лим хижил бўлаверади. Беролмайман.
– Майли, момо, индинга ўзим бораман…
– Негадир шу йигитни яхши кўраман, – дей­ди момо телефонни менга бераётиб. – Пулида барака бор.
Акамга ўхшамаганимдан уялиб кетаман.

Иззат

– Ориф ака борми? – дейман акам айтган кишининг уйини суриштириб топгач, йўқлаб борганимда уйидан чиққан қизга.
– Йўқ, – деб жавоб беради қиз.
Нигоҳларим қизни бошидан товонига қадар суратга олади. Қалдирғоч қанотларини-да йўлда қолдирувчи қошлар, қошдан-да тим қора кўзлар, силлиқ таралиб, битта қилиб ўрилган сочлар ва уларнинг барчасини мукаммал этиб, гўзал либосга ўралган қадду–қомат.
– Ёнғоқ бор деган экан, – дейди Содиқ ака, қиз савол назари билан қараб тургани учун ойдинлик киритади.
– Тўйга кетган эдилар. Қишлоқни айланиб, қайтишларингда сўраб ўтинглар, балки унгача келиб қоларлар.
– Онангиз ҳам йўқми? – дейман умид билан.
– У киши ҳам кетган эдилар тўйга. Уйда бўлганларида ҳам сизга бенаф. Бизда савдони эркак киши қилади.
– Унда акангизми ёки укангизними чақиринг.
– Акам ўқишда, укам эса дадам билан бирга. Тўйда.
– Сиз ҳам бормабсиз–да, – дейман пичинг қилиб, – Ҳовлини, ана, – тилини чиқариб бизга қараб ўтирган итга ишора қиламан, – олапар қўриқлаб турарди.
– Ҳали ҳам шундай бў­лади, – дейди қиз киноямни ҳавога совуриб.– Базм­гача бораман-да.
– Унда бизга йўлбошчи бўлинг, Ориф ака баҳонасида тўй еб қайтардик.
– Баҳона қидирмай бораверинг. Бизнинг қиш­лоқдагилар таклифномасиз ҳам киритаверади тўйхонага.
– Ёмон чиқди-ку бу қиз, – дейди Содиқ ака секин шивирлаб. – Гапдонликни қўй, сўз тополмай қолмасингдан кетайлик.
– Шошманг, – дейман қўл силкиб қўйиб, ке­йин қизга сўзланаман: – Тўғрику-я, лекин Ориф аканинг танишлари экан деб тўрга ўтказиб юборармиди дейман-да.
– Телефон қилиб айтиб қўяман, – дейди қиз ним табассум билан. – Боргунларингизча тўрдан жой ажратиб қўйишади. Аммо илик етмай қолса, ўпкаламай кетасиз-да.
– Хўп, – дейман Содиқ акага кетдикми деб ишора қилиб, – Илигимиз тўқ, иликка муҳтожлигимиз йўқ.
Қиз бир зум жимиб қо­лади. Машинамиз жойидан жилаётган пайтда чақиради:
– Ҳоё ака!
– Тўхтанг-чи, – дейман Содиқ акага. – Тинчликми?
– Мен ҳазиллашдим, аммо ўзингиз биринчи бошладингиз…
Содиқ ака сигнал чалиб, газни босади. Мен эса хайрлашгандай қизга қўл силтаб қўяман.
– Қандай, – дейди Содиқ ака тўйхонани сўраб кетарканмиз, – боплади-я?
– Маза қилдингизми?
– Ҳа-да.
– Энди унга нисбатан фикрингизни айтинг.
– Ташқаридан қарасанг, шаддод, бетгачопардек, лекин тўғри қилди. Сен билан лақиллашиб ўтирсинми…
– Тўғри қилмади, – дейман ичимда қизни оқласам-да. – Биз меҳмон эдик. Танимаган, билмаган одамига ҳам шундай гапирадими?
– Қанақа меҳмон?! – деб қизишади Содиқ ака. – Биз клиентмиз. Сен ёнғоққа эмас, ўзига харидор бўла бошладинг. Ўзинг айтганингдай меҳмон бўлсанг, иззатингни билишинг керак эди. Энди нима деб ўзингни оқлайсан.
Сир бой бермаслик учун кифтимни қисаман.

Даллол

Тўйхонадагилар сира қў­йишмагач, ичкарига кирдик. Дастурхонга палов тортган чоғда бир киши келиб салом берди, кейин ўзини таништирди.
– Исмим Ориф, сўраб келган экансизлар? – Юзига қараб асабийлашганини сезаман, лекин ўзини сипо тутишга уринади. – Мен бойвачча билан эдим. Кутиб ололмадим, узр.
– Бойваччангиз ким? – дейман ўзимни таништириб.
– Ука, – дейди Ориф ака овқатга ишора қилиб. – Сизлар ҳам қишлоқнинг боласисизлар. Шу пайтгача қишлоқларингда бирортаси тўй-маъракасига официант олиб келганми?
– Йўқ, – деймиз Содиқ ака билан бир-биримизга қараб.
– Бизнинг олифта укамиз эса шаҳардан олтита йигит олиб келибди. Нима эмиш, “Тўйимда ҳамма маза қилиб ўтирсин” эмиш. Тўйда куёвдан бош­қаси хизмат қилади, ўй­найди. Мана шу-да мазаси. Отаси ер бўлиб ўтирибди. Буни тушунмайди бойвачча куёв бола. “Сен билан елка тирашиб катта бўлган жўраларинг ўл­ганми?” дедим, охири жаҳлим чиқиб. “Кўп­чилиги уйланганда тўйига келолмаганман, хизмат қилмаганман. Улар ҳам қайтарса ким қилади хизматни?” дейди ўзини оқламоқчи бўлиб. Шу ҳам гапми, укалар?! Тўғри, номус қилаётгандир, аммо сабаби бордирки, келолмагандир. Қолаверса, юзига соладиган номард бўлганида шу пайтгача номи чиқарди. Бир ҳафтадан бери қиш­лоқ шу ерда, ҳеч ким ўзини тортгани йўқ. Бугун бу шундай қилса, эртага яна битта аҳмоқ чиқади-да унга эргашадиган, “Тўй-маърака қилсам, официант олиб келаман”, деб элга эл бўлгиси келмайдиган. Одамнинг кимлигини билдирадиган шу тўй билан аза-ку, тўғрими? Махтум­қули айтганмиди, “Маъракада ўтириб туришин кўринг”, деб? Узр, укалар, қизишиб кетдим. Сизлар овқатдан олаверинглар. Қоним қайнаб кетди-да. Охири чидолмаганимдан бўралатиб сўкдим. Ҳаққим бор-да, отаси билан амакиваччамиз. Анави хизматга келган йигитларга биттанг туриб хизмат қилмайсан, деб айтдим. “Меҳмондай ўтириб, еб–ичинглар. Кейин ўзим олиб бориб қўяман шаҳарга. Пулинг­ниям бераман”, дедим, биттаси тараддудланиб турганди. Пул одамнинг оридан азизми?!
– Биз аслида сизни йўқлаб келганмиз, ёнғоқ йиғиб юрган эдик, – дейди Содиқ ака муддаога кўчиб. – Уйингизни сўраган эдик, бу ёқдалиги­нгизни айтишди.
– Мен бугун бўшамайман. Йигитлардан бирортасини қўшиб юбораман. Ёнғоқни кўринглар, кейин инсофга қараб нарх қўйиб олиб кетаверинглар. Мен Лазизни бугун кўрган эмасман, ўртамиздаги ёнғоқни пучга айлантирманглар.
Борлиғимни эгаллаб бораётган аллақандай ваҳм билан тўйхонадан чиқаман. Энди мен харидор эмас, акам ва Ориф ака ўртасидаги даллолман.

Меҳрнинг акси

– Келинглар, келинглар! – очиқ чеҳра билан кутиб олади Меҳригул опа (исмини кейинроқ билиб олганмиз).
– Ассалому алайкум, – дарвозадан ичкарига кириб салом бераман опага. – Ёнғоқ олиб юргандик.
– Яхши-яхши, – дейди опа, кейин уйи томонга қараб ўғлини чақиради. – Даврон, бу ёққа қара, болам. – Даврон чиқиб келгунича, бизни темир чорпояга таклиф қилади. – Ҳаво ҳам исиб кетди. Ҳозир тарвуз сўйиб бераман. Бир салқинлаб олинглар.
– Опа, ташвишга қўямиз сизни, – дейман хижолат тортиб. – Биз қайтамиз. Ёнғоғингиз бўлса кўрайлик.
– Хижолати борми? Мусофир бўлсаларинг. Мана, Давроним ҳам яқинда чет элдан келди. Бошидан ўтказганларини айтса, йиғлаб юборибман. Ҳамма ўзбек бўлолмас экан. Бўлолмайди ҳам.
– Биз шу ернинг боласимиз, опа, – дейди Содиқ ака. – Лазизни танийсизми? Қизил “Дамас”и бор. Жойи келса, киракашлик қилади. Мавсумида тарвуз-қовун сотади. Мана, энди ёнғоқ йиғяпти. Бу укаси бўлади, – деб мени кўрсатади. – Ёрдамга келган. Бирга юрибмиз.
– Тилла бола-да, – деб менга тикилади Меҳригул опа. – Аканг кам бўлмасин, барака топсин. Менга кўп ёрдами теккан. Даврон четда, каттам Тошкентда. Набиралар билан қолган пайтларим қишлоққа йўли тушса, нимани илтимос қилсам йўқ демайди. Рўзғор-да, ҳали у, ҳали бу керак бўлиб туради. Туман марказига бориб-келишнинг ўзи бўлмайди. Шунақа пайтлар “Ука, яна қачон келасиз, менга фалон нарса керак эди”, десам, айтган нарсамни олиб келиб бериб кетади. Барака топсин, илоҳим. Менда телефон номери ҳам бор. Давроним келгунча ҳам бир-икки телефон қилиб у-бу тайинлаганман. Энди айтай десам, ўғлим унамайди, ташвишга қўйманг, деб.
– Тўғри-да, – деб гапга қўшилади Даврон, – у кишининг ташвиши камми? Айтишга уялади одам. Ёзда келиб қолишса, икки-учта қовун билан тарвуз ташлаб кетишаркан. – Хижолат тортасан киши.
Акам ҳақидаги илиқ сўзлардан тўлқинланиб кетаман.
Тарвузни еб бўлгач, дастурхонга дуо ўқиб, ўрнимиздан турамиз. Шунда Даврон бир қоп ёнғоқни олиб чиқади.Чақиб кўрмоқчи бўлсам:
– Шартмас,– дейди Меҳригул опа. – Бу аканг­га, деҳқончилигимиздан.
– Акам олмайди, – дейман қатъий қилиб. – Феълини билсангиз керак, опа?
– Ундай бўлса айтмайсизлар-да, – деб кулади опа. – Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин дейди-ку.
– Сотсангиз олиб кетаман, бўлмаса қолади ёнғоғингиз, – дейман нима дейишни билмай.
– Буни атаб олиб қўйгандим. Сотиладиганларини кейинроқ айтарман, сотадиган пайтимда. Ҳозир пулга заруратимиз йўқ.
– Битта иш қилайлик, – дейди Даврон. – Лазиз ака берганингиз билан барибир бир қоп ёнғоқни олмайди. Дуонгиз етади, деб кетаркан-ку. Шунинг учун ҳамма ёнғоқни олиб кетишсин. Сотиб, пулдан фойдаланиб туришсин. Бу ерда турганидан нима наф?!
Менга яхши йўлдек туйилади бу иш. Лекин ёнғоқни олиб келганимни эшитган акам мендан ранжийди.
– Бекор қилибсан. Бир ойми, икки ойми ўтиб, ёнғоқнинг нархи ошса афсусланишади. Яхши иш бўлмабди.
Шундай деб Меҳригул опага қўнғироқ қилади:
– Опа, укам хато иш қилиб келибди. Пул керак бўлган вақти айтсангиз, ўша пайтдаги нарх билан бераман пулни. Агар нарх-наво ташласа, бугунги нарх билан. Бўлмаса, ёнғоғингизни ололмайман…
Меҳригул опа рози бўлгач, гўшакни қўяди.
– Ўша ёнғоқларни бир четга олиб қўй, – дейди акам.
– Нега?
– Менга омонат улар.

Ака

– Мен сенга нархини айтдим, ука, – дейди Шомир деган киши савдомиз келишавермагач. – Айтганимдан бир тийин ҳам тушмайман.
– Ака, сиз ҳам тушунинг, бир-икки сўм наф кўрайлик деб юрибмиз. Сизга деҳқончилик-ку, бунчалик қаттиқ бўлманг-да.
– Сен олмасанг, бошқаси олади. Кунда нечта харидор келади. Яхши фойда қилишяптики, қишлоқма-қишлоқ юришибди.
– Тўғри, пулни пулга алмаштириб юриш учун чиқмайди ҳеч ким бозорга. Лекин сотармонда ҳам озгина хайр-барака бўлиши керак, ака. Инжилмай берсангиз, сотиб олган барака топади.
– Менам ёмон нарх айтмадим, ёнғоғим синовдан ўтган, ука.
– Пўчоқнинг ичида ҳаммаси. Биз Худога таваккал қилиб оламиз. Мағзи яхши чиқса, бахтимиз. Бўлмаса – пешона, пуч ёнғоқни қўлтиқлаб кетганимиз қолади.
– Менинг ёнғоғим пуч эмас.
– Бирор ишимиз Худога хуш келмаса, пучга айланади-да, ака. Мен айтган нархдан баланд сўраб келишса, бериб юбораверинг. Лекин сиз истаётган нарх ҳали йўқ. Балки кейинчалик бўлиб қолар, унгача кутсангиз, албатта.
– Майли, кимга тақдир қилган бўлса, ўша олади-да.
– Айтганингиздан қанча ўтиб берасиз. Мана, охирги марта сўрайин. Мол бозорига чиқсангиз, “Деворнинг ҳам кемтиги бор”, “Киндигингни ўзинг кесганмисан?” деган гаплари бўлади-ку, – кулиб қарайман Шомир акага. – Ана шундай сиз ҳам айтганингизга сотмай, бир нима ўтиб беринг.
– Бўлари шу.
– Майли унда. – Шомир аканинг хонадонидан ортимга қайта бошлайман. Шу пайт боғ томон бир аёлнинг шошиб келаётганига кўзим тушади. “Ёнғоғи бўлса, айтишга келаётгандир балки?” – ўзимча хаёлланиб юришдан тўхтайман. Аёл ҳансираганча яқин келиб:
– Ёнғоқ оляпсизми? – дейди.
– Ҳа, – дейман аёл томон юриб. – Қанча бор?
– Кўп эмас. Бор-у, ҳали тозалаб улгурмадим. Болам касалхонага тушиб қолди, ака, – аёл Шомир акага қараб қўяди-да, яна менга юзланади. – Ҳозир ўн-ўн беш килоча бор.
– Юринг, – дейман-да аёл келган боғ томон қадам босаман. – Шу томондан борамизми?
– Ҳа-ҳа, юраверинг.
– Болангга нима қилди? – жимгина қараб турган Шомир аканинг кўзида хавотир аксланади.
– Ҳали билмайман. Иситмаси тушмаяпти. Анализ топширтириб, ётқизиб келдим, – деб аёл кўзига ёш олади.
– Ука, – дейди Шомир ака мени чақириб, – Боя ёнғоғимга қанча бераман дединг?
– Килосига олти минг уч юз.
– Ўша айтганингга олақол. Икки қопдаги эллик килодан ошса керак. Ўзимиз тортаверамиз. Ҳозир мана бу опангга уч юз минг бериб юбор. Қолганини ҳисоб-китоб қилаверамиз. Боласининг олдига кетаверсин. Ёнғоғини кейин келганингда оларсан. Унгача тозалаб қўйишади ҳаммасини.
Ҳозиргина бир тийин ҳам тушмайман, деб турган одамнинг бирдан ўзгариб қолишидан ҳайратланаман. Ёнғоқни тортиб олаётиб сўрайман:
– Шомир ака, опа кимингиз бўлади?
– Синглим, – меҳр билан жавоб қайтаради Шомир ака. – Ўғли билан ёлғиз яшайди. Шу ердан уй солиб берганмиз.
Ўша аёл келгунича, тасаввуримда пўстлоғи оқ-у, мағзи қорайиб кетган ёнғоққа ўхшатиб турганим Шомир ака тўғрисидаги фикрларим тубдан ўзгариб кетади.

***

“Ёнғоқ қирқ дардни қўзғайди, кўп еманглар”, дерди Иқбол момом. Таътил вақтим ниҳоялаб акам билан бозорга чиқдим. Одамларга: “Ёнғоқ олинг, есангиз қирқ дардни қўзғайди бу. Дард қўзғаса, давосини излайсиз”, дейман. Одамлар менга “жинними” дегандек қараб қўйишади. Акам эътирозли оҳангда:
– Шоир, пуч ёнғоқдай кўп шақиллама, – дейди. Сўнг “Келаси йил яна келасанми?” деб сўрайди.
– Келаман, – дейман беихтиёр.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 1-сон