Акбар Мирзо. Урушнинг энг сўнгги қурбони (ҳикоя)

Сафарга чиқсам, эртаси куни онам ҳол-аҳвол сўраб, албатта, телефон қилади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Бироқ нима дейишни билмай қолдим. Бўғзимга нимадир тиқилди. Гўшакдан эса, “Вой, нима бўлди сенга, гапирсанг-чи, болам!” деган овоз эшитиларди. “Зоя опа вафот этди!” дедим ичимда. Онам “Гапингни эшитмаяп­ман, болам” дея яна такрорлади. Бу совуқ хабарни қандай етказаман? Бўлиб ўтган воқеани қай йўсинда сўзлаб бераман? Балки борганимда ётиғи билан тушунтирарман? Ҳа, уйга қайтгач, бир бошидан айтиб бераман. Ҳозирча бўлмай турсин, онажоним.
– Сизга ўзим телефон қиламан. Хавотир олманг!
– Зоя яхшими? Узоқ қолиб кетманглар.
– Хўп-хўп. Хайр энди.
– Зояга салом айт.
Онамнинг кўнглини хотиржам қилдим, лекин ўзим тинчимни йўқотган эдим. Эртаси куни хайрлашиш учун Зоя опанинг қабрига бордим. Нима деб видолашишни билмай икки қабр тепасида туриб қолдим. Узоқ-узоқдан эса паравознинг ҳайқириғи, кейин вагонларнинг бир-бирига урилиб, поезднинг йўлга тушганини билдирувчи овоз эшитила бошлади…

Уруш бошланиб Украинадан кўчириб келтирилганларнинг кўпчилиги бизнинг қишлоққа, ҳозиргина эслаганим марҳума Зоя опа эса ён қўшнимиз Олмосхон аянинг уйига жойлаштирилган эди. Ўша йили биринчи синфга боргандим. Мактабдан келсам, онам янги қўшниларни йўқлаб эндигина чиқиб кетаётган экан. Ортидан эргашдим. Кечадан буён “Ғоқ-ғоқ”лаб ҳовлини бошига кўтараётган оппоқ ғозни жуда кўргим келаётган эди.
Олмосхон ая ишком тагидаги ёғочлари аллақачон қуриб-қақшаб, қийшайиб бир аҳволга келиб қолган сўрида ўрис кампир билан нималарнидир гаплашиб ўтирган экан. Онам эски кигиз устига тўшалган шолчага нигоҳи тушиб, меҳмонларнинг шарофатига бўлса керак, деб ўйладилар чоғи, қошларини сал учириб қўйди. Дарҳақиқат, Тўлқин амаким олиб келган йўл-йўл шолча тўй-маърака ёки бирор меҳмон сабаб ёзилар, бошқа пайтларда ўнғиб кетган кигизнинг ўзи бўларди. Қўй жунидан пишитилган кигизнинг четидаги шапалоқдай куйган жойи тўшакнинг тагида билинмас эди. Ўртоғим Иқбол ўйиндан ютиб олган қанд қоғозларини ана шу тешикка қўл тиқиб беркитар, ўтирганида ҳам айнан ўша жойни эгалларди.
Олмосхон ая онамга пешвоз чиқди. Эри, икки ўғли урушга кетиб қадди букилган бўлса-да, кўпчиликнинг бошига тушган мусибат деб унчалар билинтирмас, эртаю кеч оғзидан: “Немиснинг уйи куйсин!” деган сўз тушмасди. Ўрис аёлларни кўрмаган эдим. Бироз ҳайиқиб онамнинг ортига беркиниб турсам, кампир “Иди суда, сыночик” деб ёнига чорлади. Гапига тушунмадим, аммо қўл ишорасидан олдига чақираётганини англадим. Онам бор, бора қол, деди. Аммо мен тортиниб бормадим.
– Келинингиз кўринмайди, – деди онам русчани яхши билмасалар-да, амаллаб тушунтириб.
– Бояқиш, хонага қамалиб олиб йиғлагани йиғлаган, – дея кампирнинг ўрнига жавоб қилди Олмосхон ая. – Биргалашиб овқатга чақирсак ҳам чиқмаяпти. Жуда хижолат бўлиб қолдим.
– Нега? – деб сўради онам ширмой нон ҳиди анқиб турган қўлидаги дуррани қўшнимизга тутқазаркан.
– Уйимиз… ёқмадимикин?
– Нега унақа дейсиз?
– Кечадан бери туз тотмади-да, айланай, – деди Олмосхон ая кўзларини жовдиратиб.
– Ер юткур немислар уруш бошлаб ҳамманинг тинчини бузди. Шўрлик ҳам эридан, ҳам уй-жойидан жудо бўлганига эзилиб йиғлаётгандир, – деб қўшнимизни юпатган бўлди онам.
– Эзилиб йиғласа майлига эди, қон-қақшаб йиғлаяпти…
– Ҳаммадан ҳам унга қийин бўлса керак-да. Ҳа, айтгандай, иссиққина нон ёпгандим, чиқса яхши бўларди, ё ўзим кириб чақирайми-а? – деди онам сўрига ўтиришдан олдин.
– Майли, уриниб кўринг. Зора, сизга кўнса.
Онам ичкарига киришдан аввал ўрис кампирга юзланиб, келинига нима бўлганини, нега бунчалар куйиниб йиғлаётганинг сабабини сўради.
– Мен… мен айтиб беролмайман, – деб кампир ҳам кўзларига ёш олди. Унинг қуруқшаган, рангсиз лаблари титраганини ўз кўзим билан кўрдим.
– Киринг, кира қолинг. Қанийди, уни юпата олсангиз. Лекин тилка-пора бўлган юрагига малҳам бўла олмайсиз деб қўрқаман. Мабодо… алам устида қаттиқроқ гапириб юборса, кўнг­лингизга олманг, хўпми?
Онамга эргашдим.
Дераза ёнидаги темир каравотда дим тушганича озғин аёл ётар, унинг титраётган нозик елкалардан билиниб турарди. Оёқ томонида эса кечаги семиз ғоз турарди. Бориб ушламоқчи бўлдим. Аммо онам қўлимда тутиб қолдилар. Мени эшик олдида жим туришимни тайинлаб, ўзлари аччиқ кўз ёши тўкаётган аёлнинг олдига бордилар. Ғоз безовталаниб овоз чиқарди, гўё бегона одам яқинлашаётганини билдириб, эгасини хавфдан огоҳ қилди. Аёл қимирлаб ҳам қўймади.
– Дочинка, – деди онам бисотидаги бор русча сўзларни эслаб, – Мы соседи. Горячий хлеб принос. Ставай, доченка.
Аёл қимирлаб ҳам қўймади. Онам унинг ўксик қалбини тинчлаштириш учун олдида боришни ихтиёр қилар, аммо нари кетай демаган Ғоздан бироз чўчиб турарди.
– Киш! – деди онам қўлини кўтариб.
Бир пайт аёл ётган ерида “Нетрогайте, ему!” деб бақириб берди. Кейин “Выйдите, от сюда. Немешайте, мне!” деб дераза томонга ўгирилиб олди. Онам нима қиларини билмай, каловланиб қолди. Устига тўқилган каттагина оқ рўмол ташланган аёлнинг нима деганига тўлиқ тушунмадим, аммо онам менинг олдимда ғалати аҳволга тушиб, турган жойидан анча вақтгача қимирламадилар.
– Кетдик! – дедим онамга раҳмим келиб. Тўғриси, бегона, бунинг устига жувоннинг қўпол муомаласидан аччиғим чиққан эди. Онам бечора қийналиб ёпган нонларидан сингиб пишганини унга илинса-ю… Бориб қўлидан тордим. Шундагина онам ортига қайтдилар.
– Ҳеч кимга қулоқ солмаяпти, – деди Олмосхон ая онамни хижолатдан қутқарган бўлиб.
– Исми нимайкан? – сўради онам.
– Зоя, – деди бу гал кампир ёнидан онамга жой кўрсатаркан. – Она мая невестка. Муж и сын ушли на войне. Остались двойом.
– Айтинг-чи, ўғлингиз урушда ҳалок бўлдими? – деб сўради онам кампирдан.
– Слава Богу, пока жив, – деди кампир онам олиб чиққан нонга ҳавас билан тикилганича.
– Балки ота-онаси бомбанинг тагида қолгандир?
– Нет, они тоже жыви.
– Унда, нега бунчалар куйиниб йиғлаяпти? – қизиқиб сўрашини қўймасди онам.
Кампир бирдан бошини чангаллаб ўкириб йиғлаб юборди. Шу ҳолатда у келинидан қолишмай кўз ёши тўкарди. Лекин йиғи сабаби ҳақида оғиз очмади.
– Менга ҳам айтиб бермаяпти, бояқиш, – деди Олмосхон ая дастурхонга янги узилган узумларни қўяркан. Балки бир-икки кундан кейин сал ўзларига келишса сўрармиз. Қани, дастурхонга яқинроқ ўтиринг.
Шундай қилиб биз келинчак Зоянинг нима учун бунчалар жон куйдириб бағрини тиғлаётганини билолмай уйга қайтдик. Онам бечора кейинчалик ҳам бунинг тагига етолмади. Кампир келиним ўзи айтар дея, дардини ошкор қилмай бу ёруғ оламни ғамга ботганича тарк этди. Тўрт йилдан кейин уруш тамом бўлди. Хурсандчилик бошланди. Бироқ Зоянинг ранг­пар юзида кулги кўринмади. Аксинча, баттар қайғуга чўмди. Юртига қайтишга негадир шошилмасди. “Қайтиб боролмайман у ерга” деганмиш қўшнимизга. Онам каби мен ҳам ҳайрон бўлдим. Негаки, энди анча-мунчага ақлим етадиган катта йигит бўлиб қолгандим. Аслида ҳам шундай, уруш бизларни аллақачон улғайтириб қўйганди.
Мактабни тамомлаб ўқиш ниятида Тошкентга йўл олдим. Бироқ универиситетга кириш насиб этмади. Кейинги йили ҳарбий хизматга чақирилдим. Украинанинг Харьков шаҳрида йигитлик бурчимни ўтай бошладим. Буни эшитиб, қўшнимиз Зоя опа ҳам менга салом айтиб юборадиган бўлди. У айнан шу шаҳарда туғилган экан. Бироқ севган йигити қримлик бўлгани учун ўша ёққа турмушга чиққан экан. Бир йилдан ке­йин таътилга чиқишим керак эди. Шунда онам билан Зоя опани бу ерга таклиф қилиш фикри туғилиб қолди. Уларни икки-уч кун айлантирмоқчи, сўнг биргалашиб қайтмоқчи эдим. Бироқ Зоя опа онамга қишлоғимга қайси юз билан бораман, унга нима дейман? Йўқ, асло бора олмайман!” деб қаттиқ йиғлаганмиш. Бу гаплардан кўнглим ғашланди. Зоя опанинг бағрини ўртаётган ҳодисани билгим келди. Қизиқ, у ҳамон на Олмосхон опага, на қўни-қўшниларга бу ҳақда оғиз очмаган эди.
Ҳарбий хизматдан кейин университетнинг тарих факультетига ҳужжат топширдим. Ўқишни тамомлаганимдан кейин шу факультетда ишга олиб қолишди. Айни пайтда аспирантурада ҳам таҳсил ола бошладим. Ҳарбий хизматда украин ва қрим татар тилларини яхши ўрганиб олгандим. Шу сабаблими, мени Ташқи ишлар вазирлигига ишга чақиришди. Бу ердан дунёнинг кўплаб мамлакатларига бориб турардим. Бир сафар делегация билан Украинага борадиган бўлдик, Кумушконга бориб ота-онамнинг дуосини олиш учун қишлоққа борардим. Зоя опа юртига кетаётганимни эшитиб, анча жойгача кўзида ёш билан кузатиб қўйди.
– Юринг, сизни ҳам олиб кетаман, – дедим навбатдаги сафар чоғида.
Зоя опа унамади. Йиғламсираб ортига қайтди. Бироқ кейинги гал шаҳар четидаги қишлоғи ва бир замонлар яшаган уйининг манзилини берди. “Уйимиз вайронага айлантирган бўлса керак. Кейин Расима исмли чақалоқ ҳақида ҳам сўраб кўр” деб тайинладилар. Лекин бу гапни айтгунича қора терга ботиб, ҳушидан айрилишига бир баҳя қолди.
Ҳайрон бўлдим. Қишлоғимизга кўчиб келгандаёқ унинг кўкимтир кўзларида ёш кўргандим, мана ҳозир ҳам ҳамон бу қайғули нигоҳларда, титраб чиқаётган гап-сўзларида қандайдир аянчли ва оғир жудоликнинг мунгли садоси акс этиб турарди. Қандай аламли ҳодисаки, уни ҳали ҳамон унутишнинг иложи бўлмаса? Нима у – эсдан чиқаришнинг умуман имкони йўқ бахтсизликми? Нима у – киндик қони тўкилган ватандан айирувчи азоб? Қандай ҳис-туйғуки, уриб турган юракни тарк этмаса? Уйғоқ қалбни ҳамон титратиб, ларзага солса?
Ваъдага вафо қилиб, вақт ажратдим. Бу кўзда тутилмаган режа, деб делегация раҳбари мендан шубҳаланиб қолди. Воқеадан уни ҳам хабардор қилишга тўғри келди. Бир амаллаб розилигини олдим, бироқ ортимдан одам қўйилганини сездим. Аммо ўзимни билмаганга олиб, Зоя опа яшаган шаҳар четидаги қишлоққа бордим. Одамларнинг кўпчилиги ўз уйларига қайтган, бўш хонадонларга эса бошпанасизлар кўчиб келишган экан. Уйлар анча тартибга келтирилган бўлса-да, урушнинг асорати ҳамон билиниб турарди. Зоя опа келин бўлиб тушган уйни топишга унчалар қийналмадим. Ярми янгитдан қурилган шекилли, уй иккига ажралиб турарди. Бироздан кейин овозимни эшитиб, эллик ёшлар чамасидаги семиз хотин чиқиб келди.
Унга шу уйда яшаган аёлнинг илтимосини айт­гач, бу ерга қачон кўчиб келганини сўрадим.
– Қирқ олтинчи йилнинг баҳорларида, – деб хавотир ила жавоб қилди ўзини Альмира Рауфовна деб таништирган хотин. Кейин дарҳол уйнинг эгаси қайтиб келмоқчими, деб кўзларимга тикилди. “Йўқ” деганимдан кейингина унинг нигоҳларидан хавотир ариди.
Кейин Расима исмли чақалоқ ҳақида сўз очдим.
Альмира Рауфовна икки фарзанди билан ярми вайронага айланган уйга ноилож кириб яшай бошлайди. Кунлардан бир куни оёғини судраган бир чол кириб келади. Кўчиб келган аёлнинг бегоналигини кўриб индамай ортига қайтади, бироқ Альмира Рауфовна чолнинг қандайдир айтмоқчи бўлган гапи борлигини сезиб, шундоқ қўйиб юбормайди. Яхшилаб меҳмон қилади, тўйгунича ароқ қуйиб беради. Маст бўла бошлаган қария ниҳоят ичидагини айтади: одамлар қишлоқни тарк этишганида, у шу ерда ёлғиз қолган экан. Кейин емиш излаб ҳар куни биттадан уйга кира бошлади. Навбатдаги уй айнан ўша Зоя яшаган хонадон эди. Овқат ташвишида кирган чол дераза олдидаги каравотда турган йўргакка нигоҳи тушади. Аста бориб қараса, чақалоқ майити экан. Шундай ташлаб кетишга кўзи қиймайди. Бироқ қабрис­тон қўшни қишлоқда. У ерга кўтариб олиб бора олмайди. Ке­йин бир амаллаб ҳов анави тепаликка бориб чуқур ковлайди-да, мурғакни кўмади. Ҳолдан тойган қария эртаси куни бир парча тахтага “Расия – уч ойлик чақалоқ” деб ёзишга аранг қодир бўлади. Шундан сўнг бир парча қотган нон топиб ейди ва унинг кучи билан тахтани қабр тепасига суқиб келади. Кейинги кунлари, яъни уруш тугагунча у хорликда кун кечиради. Бу уйда одам яшаётганини эшитиб, келган экан. У ўша куни Альмира Рауфовнанинг қўлига йўргак ичидан топилган “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома”ни тутқазади. Уй эгалари қайтса, бериб қў­йишни сўрайди. Лекин чақалоқни ташлаб кетган онани буралаб роса сўкади. Қария ўшандан ке­йин узоқ яшамаган экан.
Мен ортимга қайтарканман, Зоя опанинг бир умрлик ғамга ботганлиги сирини англагандай бўлдим: демак, у боласини қолдириб кетган! Лекин қандай қилиб? Ахир, қайси она ўзининг уч ойлик гўдагини ташлаб кетади? Наҳот, тинчини ўйлаб, кейинроқ бемалол турмушга чиқишни кўзлаб шундай мудҳиш ишга қўл урган бўлса? Ишонгим келмаса-да, Зоя опадан нафратланиб кетдим. Қилғиликни қилиб қўйиб, доим кўз ёш тўкиш нимаси? Одамларнинг раҳмини келтирмоқчими? Лекин шу пайт Зоя опани ноҳақ ҳақорат қилаётган бўлмайин тағин, деб ўйлаб қолдим. Негаки, бева аёл умуман турмушга чиқмади. Ўйнаб-кулгани ҳам йўқ. Урушдан сўнг дарҳол юртига жўнаб қолмади.
Бутун бир халқлар тарихини: ўтмишини бугунги кунини, динини ва маданиятини ўрганиб олим бўлибман-у, ёнимда яшаган оддий бир аёлнинг хатти-ҳаракатини тушунолмай ақлим лол. Бошида онамга қилган қўпол муомаласидан бола кўнглим ранжиб, кейинроқ тақдирига қизиқмадимми? Балки шундайдир. Ахир, унинг ўзи ҳам қандайдир сирли ва одамови эди-да. На Олмосхон опа, на онам билан очилиб-сочилиб гаплашиб ўтирганига кўзим тушмаган.
Ҳа, бу мунгли ва қайғуга ботган ҳолда яшаб юришнинг сабабини энди билгандайман. У чақалоқни ташлаб кетгани учун ҳам ўзини кечира олмаяпти. Қайтиб юртига ҳам кетолмаяпти? Наҳот шундай бўлса?..
Зоя опа мени кўриб, бағримга отилди. Анча пайтгача қўйиб юбормади, бу орада тўйиб-тў­йиб йиғлади. Бироқ бу кўз ёшлар бемеҳр аёлнинг сохта йиғисидай туюлди ва ундан ўзимни нари олишга чоғландим. Зоя опа буни сезиб баттар йиғлади. Кейин “Бу сен ўйлагандай эмас!” деди овози титраб.
– Нима бўлмаса? – дедим қаҳрланиб.
Кўнгли яримта мусофир аёл билан нега бу тарзда гаплашаётганим онам бечорани ҳам ўйлантириб, ҳам ташвишга солиб қўйди. Зоя опа ниҳоят кўз ёшларини артди.
– Нима хабар келтирдинг? – деб сўради ногоҳ ғижимлаб олган костюмимнинг ёқаларини қўли билан аста тўғриларкан.
– Аввал сиз айтасиз?
– Йўқ, сен гапир.
Онам бизларни ичкарига бошлади. Куз энди бошлаганига қарамай, ҳаво бироз салқин эди. Шундай бўлса-да, ишком тагидаги сўрини танладик.
Мен сафар чоғида кўрган ва эшитганларимни сўзлаб бердим. Гап озиқа илинжида уйларига кирган қарияга келганда, Зоя опанинг кўз ёшлари шашқатор бўлди. Дераза олдида ётган жонсиз чақалоқ ҳақида гапираётганимда ўзини тутиб туролмади. Ўзини онамнинг бағрига отиб жон аччиғида йиғлади. Онам ҳамон гап нимада эканлигини тушунолмай турарди, аммо унинг ажин босган қўллари энди баралла ҳўнграб йиғлаётгандан ожизанинг титроқ босган елкасини, тўзғиб кетган сочини силар, лекин нима деб юпатишни билолмай жовдираган нигоҳлари билан оғзимга тикилган эди. Ҳикоя чолнинг қишлоқ четидаги тепаликка гўдакни кўмганига келганда, Зоя опа бирдан бошини кўтариб:
– Расиянинг қабрини кўрдингми? – деди.
– Кўрдим. Қабр тепасига қизалоқнинг исми ҳам ёзиб қўйилган. Мана бу эса унинг ҳужжати.
Зоя гувоҳномага қараб қотиб қолди. Анчадан сўнг ўзига келиб, титраган қўллари билан аста мендан олди-да, юзларига босди. Шу туришда у бўлиб ўтган ҳақиқий воқеани эслаб, жим бўлиб қолди.

* * *
… Қишлоқ оқсоқоли ва бир қўлидан айрилган эллик ёшлардаги майорнинг тонг саҳарда уйма-уй юриб тарқатаётган хабари шундоқ ҳам саросимада яшаётган одамларни баттар довдиратиб қўйди.
– Бир соат ичида вокзалга етиб боришларинг керак! Поезд роппа-роса олтида жўнайди. Фақат энг зарур нарсаларни олинглар. Эшитяпсизларми, ҳужжатларингиз ва бир-икки кунлик озиқ-овқат!
– Кўрпа-тўшак-чи? – сўрайди шу тўполонда кимдир.
– Ҳеч қанақа кўрпа-тўшак мумкин эмас. Бўла қолинглар, вокзалда одам жуда кўп. Олтидаги поездга улгурмасаларинг, қолиб кетасизлар. Немислар эса жуда яқин қолишди! Тез, тезроқ ҳаракат қилинглар!
Бақирган овоз энди Зоянинг ҳовлисида эшитила бошлади.
– Ғозим-чи? Уни олиб кетсам бўладими? – дей­ди Зоя қаерга борса ортидан қолмайдиган ғозини кўрсатиб. Ахир, ҳадемай қўлидаги чақалоғи юриб қолса…
– Эсинг жойидами сени? Ҳали ўзинг билан болангга жой топиладими-йўқми?! Йўқот, уни! Нега анграясан, анаву кампирнинг лаш-лушини тугиб, тезроқ қўлига тутқазмайсанми?
Овозининг борича бақирган майор энди қўшни уйнинг деразани тақиллата бошлашди.
– Уй ичида нима қиляпсизлар. Тезроқ возкалга, вокзалга етиб боринглар!
Зоя типирчилаб қолди. Қайнанасининг устига қалин жемперини кийгизди, бошига иссиқ рўмол ўратиб, учларини белига айлантириб маҳкам боғлаб қўйди. Шу чоп-чопда оёғига кигиз этигини кийгазишга ҳам улгурди.
– Сиз илдам бораверинг! Мен Расияни ки­йинтириб, ортингиздан етиб оламан! Туринг, турақолинг.
Кампир йўлга тушишдан олдин дорилари эсдан чиқиб қолмаслигини тайинлади.
– Хўп, албатта, оламан. Одамларнинг ортидан боринг!
Зоя ичкарига отилди, ортидан ғоз ҳам лапанг­лади. Эски сервант тагини титкилаб, сарғайган газетага қайта-қайта ўралган ҳужжатларни олди. Шошиб ичини очди: ҳаммаси жойида. Энди чақалоғини уйғотиб, кийинтирса ҳам бўлади. У ёқдан бу ёққа чопиб, иссиқроқ кийимларини топ­ди, уйқусираган гўдакни бир сидра кийинтиргач, қолганларини елкасига осиб оладиган тугунга ташлади. Ғоз типирчилаётган эгасининг хатти-ҳаракатидан фалокат яқинлигини сездими, одатдагидан бошқачароқ овоз чиқариб, Зояга соядек эргашар, оёғи тагидан нари кетмасди. Ётоққа кирса, орқасидан чопди, даҳлизга ўтса, яна эргашди. Зоя зарур кийим бошларини оларкан, дам-бадам ғозга нигоҳ ташлаб қўяр, уни ёлғиз ўзини қолдириб кетаётганига ичи ачиша бошлаган эди. Кечаги овқатни олмай унга қолдирса-чи? Мана бу ноннинг ярмини ҳам ташлаб кетади. Кейин амаллаб бир кунини… Йўқ, қандай ҳам ўзини қолдириш мумкин? Ахир, босқинчи немислар ўйлаб ҳам ўтирмай уни сўйиб… Зоя шу югур-югурда бу аянчли манзарани кўз олдига келтирди шекилли бир сесканиб тушди. Йўқ, уни бераҳм фашистларга қолдирмайди. Вокзалга олиб чиқади, у ёғи бир гап бўлар. Шу пайт унинг хаёлига ғозни ҳам йўргаклаб олиш фикри келиб қолди. Оғзини ип билан маҳкам боғласа, бўлди, овоз чиқармай кетаверади. Йўлда питирлаб юбормаслиги учун оёқларини ҳам боғлаб қўяди. Поездга чиқиб олгач, кимнинг ҳам иши бўларди. Зоя топқирлигидан хурсанд бўлиб, эски адёлнинг ўртасидан иккига бўлди. Бир хил қилиб ўраса, эгизак боласи бор экан, деб ўйлашади ва текшириб ҳам ўтирмай поздга чиқишига навбатсиз йўл беришди. Унга жон кирди. Аввал ғозни йўргаклади. Жонивор кетишини сезди чоғи, қаршилик қилмай жим турди. Ҳали ўзига кийим қидираётганда, ойна ўрнига оқ читдан парда тутилган шкафида қишда ўрайдиган иссиқ рўмолига кўзи тушганди. Бир-бирига ўхшаш иккитасини олди-да, ишга киришди: ғозни қимирламайдиган қилиб боғлагач, навбат чақалоғига келди. Уни ҳам адёлга яхшилаб ўради, сўнг белидан чимдиб рўмол боғлади. Поездда ҳужжат сўраб қолса, қидириб юрмаслик учун боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўргакка солди. Ана энди йўлда оч қолмасликлари учун у-бу егулик олса бўлади.
– Бўлдингми, Зоя!
Ташқарида қишлоқ оқсоқолининг ваҳимали овози эшитилди.
– Кетяпман! – деди питирлаган Зоя каттагина тугунни елкасига осаркан.
– Ҳамма кетиб бўлди-ку, нима қилиб ҳалиям ивирсиб юрибсан!
– Мана, ҳозир!
Зоя икки йўргакни бир амаллаб қўлларига олдида кўчага отилди. Сал нарида турадиган қўшниси беш ёшли ўғилчасини судраганча чопқилаб ўтиб кетди. На салом, на алик бор. Юз-кўзларидан ваҳимага тушгани, биргина илинжда – тезроқ поездга чиқиб олиш учун одимлаётгани билиниб турибди. Зоя энди қўшнининг ортидан йўлга тушмоқчи эди, ногоҳ ҳаллослаб келаётган майорни кўриб, нафаси ичига тушиб кетди: “Тамом сезиб қолди!” Ҳа, майор Зоянинг бир қўлидаги йўргакда ғоз борлигини фаҳмлаган эди.
– Билганингдан қолмабсан-да! – бақирди анча яқин келиб қолган майор.
– Ахир…
– Хомтама бўлма, барибир поездга чиқармайман! Менга фақат одамларни эвакуация қилиш топширилган! Тушунарлими, сенга! Тўхта, қани яқинроқ кел-чи, қайси бири боланг, ўзи?
Майор шундай деб, аввал йўргакларни ушлаб кўрди, кейин ичига назар ташлади. Тумшуғи боғланган ғозга кўзи тушиб, Зоянинг чап қўлидан шартта юлқиб олди-да, ёғоч панжарадан ошириб ҳовлига улоқтирди.
Зоянинг жон-пони чиқиб кетди, аммо ғазабкор майорга қарши ҳеч гап айтолмади. Қасдлашиб поездга чиқармаса, нима бўлади? Чақалоғи билан немисларга асир тушса… Худо кўрсатмасин!
– Майли, олмайман. Фақат ипларини ечиб қўяй! Бу ҳолда…
– Фақат тез бўл. Ортимдан етиб олмасанг, ўзингдан кўр! – деб кўзлари жовдираган Зоянинг гапини бўлди оқсоқ майор.
Зоя қаршисида турган ҳарбийнинг жирраки одам эканлигига аҳамият бермай шитоб билан ортига қайтди. Даҳлизга кирибоқ елкасидаги тугунни полга ташлади. Қўлидаги йўргакни эса ўртадаги думалоқ столга қўйди. Ҳовлига чопди, йўргакни очмоқчи эди хаёлига ғозни ечиб юборсам, барибир ортимдан қолмайди-ку, деган фикр келиб, ниятидан қайтди. Нима қилса экан? Ҳа, айтгандай, шу ҳолича тугуннинг ичига яширса-чи? Амаллаб поездга етиб олар? Шундай ҳам қилди, аммо тугун ҳаддан зиёд катта бўлиб кетди. Анову жаҳлдор майор бу сафар пайқаб қолса, ғозни аяб ўтирмаса керак. Бир тепиб майиб қилади ёки шартта отиб ташлаши мумкин. Зоя бирор қарорга келолмай торгина хонада айлана бошлади. Демак, илож йўқ экан-да? Ўрганиб қолган ғози билан шу ерда хайрлашадими-а?
Деразадан кўча тарафга қаради. Майор кўринмади. Сал нари кетса орқасидан чиқарман, балки менинг ҳам қайсарлигимни кўриб раҳми келар, деб ўйлади ва очиқиб йиғлай бошлаган гўдагини кўтариб, ётоқхонага кирди. Темир каравотга ўтириб боланинг оғзига кўкрагини тутди. Майли, тўйиб эмиб олсин, бир югурсам етиб оламан. Олтида дегани билан ўз вақтида жўнармиди? Зоя хаёлида кеч қолмайдигандай бемалол эмиза бошлади. Ҳали ёш, жадал-жадал қадам ташласа, майорга бир зумда етиб олади. Балки ундан ўти ҳам кетар. Қизалоқ тўйди. Зоя болани каравотга ётқизиб, ғознинг олдига борди. Уни қўлга олганича бир зум ўй суриб қолди.
– Зоя!
Зоя эшик олдида қўли мушт қилиб тугилган майорни кўриб тарашадай қотиб қолди.
– Тугунингни ол-да, кўзимдан йўқол!
Зоя беихтиёр тугунни елкасига осди.
– Кетгинг келмаяптими? Нима, немисларга таслим бўлмоқчимисан? Балки уларнинг айғоқчисидирсан? Гапир! Агар шундай бўлса, сени ўзи отиб ташлайман!
Майор шундай деб ёнига осилган тўппончани қўлига олди.
– Гапир, ярамас!
Зоя дағ-дағ титраганча ҳовлига отилди. Майор уйда одам бормикан, деган хаёлда хоналарга бош суқди. У ётоқхонага қадам босганда очиқ деразадан шабада кириб, дарпардани учирдию бир зумга йўрғакдаги чақалоқнинг устига ёпилиб, майорнинг ўткир ва шубҳали нигоҳидан тўсди. Одам зоти кўринмади. Майор ортига қайтди…
Тинка-мадори қуриган Зоя амаллаб вагонга чиқиб олди, сўнг йўрдакдаги боласини шундоқ бағрига олганича орқасига суянди. Ғала-ғовур, болаларнинг йиғи-сиғиси қулоғига кирмади. Поезддан қолиб кетмаслик учун ўзиям роса чопди-да. Ортига қараса, кўзларига қон тўлган майор худди отиб ташлайдигандай туюлаверди: тўхтамай югурди. Хайрият, улгурди! Ана энди бирпас мизғиб олсаям бўлади. Чақалоғининг қорни тўқ, уям лўкиллаб чарчагандир? Майли, ухласин.
Зоя поезд қаттиқ тебранганда чўчиб уйғониб кетди. У ёнида мункайиб ўтирганча “Илоя, уйи­нг куйсин, сен Гитлерни!” дея пичирлаб қарғанаёт­ган хотиндан қанча юрганини сўради.
– Икки соатдан ошди.
Зоя қизалоғига қулоқ тутди. У жим эди. Уйқусини бузгиси келмади. Ором олсин, гўдаккина! Поезднинг шовқини, безовта одамларнинг ғам-ғуссага ботган нигоҳлари, қариларнинг оҳ-воҳию, турли ёшдаги болаларнинг тўполон ва инжиқликлари унинг жажжи юрагига ваҳм солмасин. Қанча кўп ухласа, шунча яхши.
Бироқ орадан тахминан бир соатларча вақт ўтса ҳамки, гўдак жим. Тўғри, вагоннинг гоҳида аста тебраниши болаларни гўё аллалагандай ҳам эди. Лекин наҳот шунча пайтдан бери қорни очқамаган бўлса? Қани…
Зоя бақадай қотиб қолди. Кўзлари қинидан чиқиб кетгудай катталашди. Кейин бирдан бошини чангаллади. У гапирмоқчи, йўқ, йўқ, бақирмоқчи бўлар, аммо нафаси ичига тушиб кетгани боис, бўғзидан ҳаво чиқмас эди. У йўргакнинг бир четини очганидаёқ юраги тўхтаб қолгандай бўлди. Атрофдаги одамларнинг деярли барчаси ўзи билан ўзи овора. Кимдир қотган бир бурда нонни кафтлари орасида яширганича майда чайнайди. Овоз чиқариб ёнидагиларнинг эътиборини тортишни истамайди. Кимдир чанқоқдан томоғи қақраган бегона болага темир кружкада бир ҳўплам сув тутқазади. Биров йўқотган синглисини қидиради, биров қунишиб олганича кўзларини очишни истамайди.
Айни шу маҳалда вагоннинг ичини ўта ваҳимали чинқириқ овози тутдию катта-кичикни бирдай ларзага солиб, ўтакаларини ёрди. Карахт ҳолатидан ўзига қайтган Зоянинг ичига тўплаган ҳаво гўё даҳшатли вулқоннинг портлашини эслатди. Юракнинг туб-тубидан отилиб чиққан нидо вагон ичидаги ҳар қандай шовқин-сурондан устун келганди:
– А-а-а-ааа!
Зоя чуқур нафас олди-да, овозининг борича яна бақирди:
– Аа-ааа-аааа!
Одамлар ҳеч нарсага тушунмади. Фақат Зоя­га яқин ўтирган хотингина унинг боласидан айрилиб қолибди шекилли деб тахмин қилди ва қўрқибгина йўргакнинг бир четини кўтарди.
Тумшуғи боғлаган ғоз!
– Поеднинг тўхтатинг!!! Поездни тўхтатинг­лар, деяпман сизларга!
– Поездни тўхтатиш мумкин эмас, – деди сал нарида ўтирган қария. – Вазият оғир қизим. Таҳлика остида қолган ҳудуддан чиқиб олмагунча…
– Унда мен тушиб қоламан! Ҳа, вагондан сак­рашим керак! – Зоя шундай деб отилиб ўрнидан қўзғалди. Одамларни туртиб-суртиб вагон эшиги томон интилди.
– Нима гап, нима бўлди?
– Уйда қизим қолиб кетибди! Қизалоғимни қолдириб келибман! Эшитяпсизларми, уч ойлик гўдагимни ташлаб келибман!
Айримларнинг юзида ачиниш, баъзиларда эса нафрат ифодаси зоҳир бўлди.
– Вой, нега қолиб кетади?
– Она деган ҳам шунақа ҳардамхаёл бўладими? Қандай қилиб чақалоқни ташлаб кетиш мумкин?
– Кўзинг қаёқда эди?
Атрофдан шунга ўхшаш ҳақли саволлар ёғила бошлади.
– Атай қилмадим, ахир. Шошганда қизим ўрнига ғозни кўтариб келибман.
– Ғозни?!
– Йўғ-е?
– Ана холос!
– Эшикни очинглар! Ёрдам бермай нега қараб турибсизлар? Мен қишлоққа қайтишим керак! Уйда Расиям ёлғиз қолган. Унинг олдига боришим шарт! Агар бормасам у ўлиб қолади! Э, Худо менга мадад бер. Унинг олдига боришимга кўмак бер ўзинг. Мен боргунча қизчамнинг жонини омон сақла!
– Камида тўрт соатча юрдик, – деди ҳалиги қария Зоянинг қўлидан тутиб. – Бу икки юз-икки юз эллик километр дегани, қизим. Биринчидан, поезддан сакрашинг хавфли. Жонингни хатарга қўйишинг мумкин. Оёғинг­ни синдириб олсанг нима бўлади? Суд­ралиб қачон етиб борасан? Бирор жойинг лат емаган тақдирда ҳам уйингга икки кунсиз етиб боролмайсан.
– Майлига, поезддан тушиб қолсам бўлгани!
Зоя энди “дод” солганича вагон эшигини силтаб очишга тириша бошлади. Қария эса жабр­дийда онани тўхтати қолди. Аёллар чолнинг гапида жон бор дейишиб, Зояни тақдирга тан беришга ундар, ичкарига олишга ҳаракат қилишарди. Аммо қани энди юраги ловуллаб ёнаётган аёлни тўхтатишга кучлар етса, ҳовуридан тушира олишса.
Бирдан Зоянинг кўз олди қоронғулашди. Ҳолдан тойдими ёки ҳушидан айрила бошладими, ўзини полга ташлайди…

* * *
Зоя опанинг ҳикоясидан юрагим даҳшатга тушди. Урушнинг азоб-уқубати унинг нозик вужудида ўчмас жароҳат қолдирган эди. Нима сабаб кўзларидан доимо ёш қуйилишининг сабабини энди англадим. Бечора ўша кунни асло унутмаган. Унутолмаса ҳам керак.
– Сендан биргина илтимосим бор, – деди Зоя опа кўзларимга илтижо билан боқиб.
– Бажонидил.
– Энди қишлоққа қайтмасам бўлмайди. Мени кузатиб борсанг, дегандим.
– Бутунлай… кетмоқчимисиз?
– Ҳозирча бир нима дея олмайман.
– Қишлоқ одамлари сизни кечиришармикин? Ахир, улар…
– Улар нима деб ўйласалар ўйлайверишсин. Мен қизимдан ном-нишон қолмаган бўлса керак деб юрардим. Худога шукрлар бўлсинки, қабри бор экан. Энди қабрини зиёрат қилишим, унга бош қўйиб, кечирим сўрашим керак. Ундан ёлвориб сўрайман, мен гуноҳкор онасини кечиришини. Агар шу ишни қилолмай ўтиб кетсам… яна ўзимни кечира олмайман. Илтимос, кейинги боришингда мени ҳам олиб кет.
Зоя опага ваъда бердим. У биринчи марта менинг пешонамдан ўпиб қўйди.
Айни баҳор пайтида яна хизмат сафарига отландим. Зоя опани қайтиб келса керак деган ўйда турист сифатида расмийлаштириб, чипта олдим.
…Қишлоққа яқинлашарканмиз, қадамлар секинлашди. Бармоқлари титрай бошлаган, оёғидан тобора мадор кетиб бораётган Зоя опанинг қўлидан тутдим. Анча кексайиб қолган Зоя опа қаршилик қилмади. Ёшга тўла кўзлари билан миннатдорлик билдирди.
– Тепаликка яқин қолган сари юрагим эзилиб кетяпти. Келишга келяпману, аммо унинг қабрига қай кўз билан қарайман. Шу ёғини ўйламабман.
– Бардам бўлинг. Ахир, атай қилмабсиз-ку. Расия сизни аллақачон кечирган бўлса керак.
– Зора шундай бўлса…
Зоя опа аста кўзга ташлана бошлаган тепаликдан кўз узмас, томоғига тиқилиб келаётган ўкирикни аранг босар, оёқлари оғирлашиб зўрға қадам босса-да, ҳеч нимага парво қилмас эди. Ниҳоят, тепалик ва унинг четидаги кичкина қабр ёнига етиб келдик. Зоя опа бир бўлак эски тахтага ўйиб ёзилган ёзувни кўрганда, ўзини тутиб тура олмади: ҳўнграб йиғлаганча майсалар кўкара бошлаган жажжи қабрга ўзини отди. У энди ҳамма нарсани унутган эди, фақат зорланиб йиғларди, холос.
Уруш туфайли кечирилмас хатога йўл қўйган, бу жудоликдан бир умр азоб тортган, ҳаёти заҳарга айланган ва юрак ютиб марҳума қизалоғининг қошига келган, тинмай: “Мени кечир, кечира қол” деб қалбини тирнаётган онаизорнинг маҳзун ҳолатига чидай олмай нари кетдим.
Назаримда орадан бир мунча вақт ўтди. Бориб Зоя опани қабр устидан олгим келди. Ахир, қачондан бери намиққан ерга кўксини бериб ётибди. Яна касал бўлиб қолса…
– Зоя опа, туринг энди. Гўдакнинг руҳини кўпам қийнаманг.
Бироқ Зоя опа гапимга жавоб қилмади. Эшитмагандир деб елкасига қўлимни қўйдим. Бирдан хаёлимга… Негаки, уруш сабабли бирор кун ҳам рўшнолик кўрмаган, юраги адои тамом бўлган муштипар онанинг вужуди энди титрамаётган эди-да. Қўлидаги томирга аста бармоғимни қўйдим. Хаёлимга келган совуқ фикр тасдиғини топган эди: жудоликдан қон қақшаб “тирик жасадга айлаган” Зоя опа турқи совуқ ҳарбийнинг дағ-дағасидан титраган пайтида очлик гирдобида қолдириб кетган уч ойлик жигарпорасининг қабрини қучоқлаганча бу фоний дунёни тарк этган эди.
Шу куни кечга томон тепаликда яна бир қабр пайдо бўлди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 9-сон