Абдулла Айизов. Газета ўқишаркан (ҳажвия)

Тўрт ойгина муаллимлик маошини олган Ҳамидуллани туман газетасига ишга таклиф этишди. Талабалик йилларидаёқ газета ва журналларда шапалоқдай-шапалоқдай мақолалари билан қатнашиб турган Ҳамидуллани қаламкашлар яхши билишарди. Уқуви дуруст эмасми, тез орада бўлим мудири бўлиб олди.
“Таҳририятга ишга ўтаяпман”, деганида ҳеч ким ишонмади. Ҳатто тўққиз ой бир қоринда бўлиб, фақат бир неча дақиқагина отасидан олдин дунёга келган Ҳасан амакиси ҳам қўл силтаб қўйди:
– Ҳм! Шундай дегин! Санга ўхшаганлар анқонинг уруғи эканми? Бизам тушунамиз, сани газетадагилар бошига урадими? Ўзи пединститутни зўрға битирган бўлсанг. Шоир бўлиш учун камида Тошкентдаги журфакни битириш керак…
Газетанинг деярли ҳар сонида гоҳ чўнтакойнадек жойда хабар, гоҳ камзулнинг чўнтагидек мақола, гоҳ газетанинг бутун бир саҳифасини эгаллаган лавҳалар тагида: “Ҳамидулла Шошқин, махсус мухбир” ёзуви кўзга ташланадиган бўлди. Мақоласи чиққан куни чой ичиш нарида турсин, ҳатто ухлашни ҳам унутиб қўйди. Мақолалари хусусида одамлар қандай фикрда эканлигини билишга жуда интиқ. Аксига олгандек, биров ўзидан билиб Ҳамидулланинг ижоди ҳақида оғиз очмайди. Ўзи гап бошлай деса, мақтанаётгандек туюлади. Шундай бўлса-да, ҳар замонда кўнгилга яқин дўстларидан: “Қалай, ёзган мақолаларимдаги фикрлар тўғрими?” – деб сўраб қўяди.
– Оббо! Газет ўқишга вақт қаерда, санга ўхшаб бекорчиманми? Газет титкилаш қолувди энди, – дейди синфдоши, тракторчи Қодир. – Ундан кўра зўр бўлсанг, мани суратимни газетага чиқар…
Ҳамидулла шунга ҳам хурсанд: демак, дўстининг матбуотга ихлоси бор.
Бир куни матбуот деса ўзини томдан ташлайдиган, мудом туман газетасининг янги сонини қўлтиғига қистириб юрадиган қўшниси Эргаш домладан ўзи ёзган мақолалар ҳақида фикр билиш учун суҳбатлашишга чиқди:
– Э, ука, туман газетаси кейинги пайтларда яхши чиқмаяпти-да, мақолаларда нуқул сийқаси чиққан гаплар. Обуна бўлганимга пушаймонман. Умуман, газетанинг ўзига тортадиган, таъсирли жойи йўқ-да, тўғрими? – деб қолди бир пайт Эргаш домла.
Домласининг “тўғрими?” деган саволига ноилож “ҳм!” дея бошини қимирлатди Ҳамидулла.
“Одамлар газетага қизиқмас экан-да, ёки мен ишлаётганим учун шундай дейишяптими?” – дея ўйлади Ҳамидулла. Тўғри-да, яқин дўстларидан бирортаси, ҳатто тилга тушган, шов-шувга сабаб бўлган мақолалари хусусида ҳам гапиришмайди, қайтанга бегоналар:
– Ўртоқ Шошқин, тунов кунги мақолани боплабсиз, роса мириқиб ўқидик, – дейишади.
Давраларда ҳовлиқиб гапириб юрадиган почтачи Бозор шақилдоқ ҳам кейинги пайтларда Ҳамидулла Шошқин ишлаётган газетага қизиқмай қўйганлигини айтди. Майли, ўқишмаса, ўқишмасин. Бу газетанинг ҳам ўз мухлислари бор. Газета чиқаверади, ҳамкасблари қатори Ҳамидулла Шошқин ёзаверади, кунлар ўтаверади…
Газетанинг уч кун олдинги сони сўнгги саҳифасида кичкинагина жойда “тузатиш” берилди: “Газета таҳририяти навбатчиси Ҳ. Шошқин хатоликка йўл қўйганлиги учун бўлим мудири вазифасидан адабий ходимликка туширилди”.
Ҳамидулланинг бошига биров гурзи билан ургандек гандираклаб қолди. У “тузатиш” берилган газетанинг ҳамма нусхасини сотиб олишга тайёр эди. Ахир мухлислари ўқишса, нима дейишади? Хатога йўл қўйиш мухбир учун уят-ку! Муҳаррирга ҳам ҳайронсан, арзимас имло хатоси учун шунча гап-а! “Уф-ф! – Ҳамидулла сиқила бошлади. – Хўш вазифамдан пасайтиришди. Шуни эълон қилиш шартмиди? Қани энди одамлар газетанинг шу сонини ўқишмаса. Ҳеч бўлмаса, “тузатиш”га эътибор беришмаса. Э, танишларим ҳозиргача бу газетани қизиқиб ўқишмас эди. Бугун ҳам ўқишмас”, деган хаёл Ҳамидуллани тинчлантирарди.
У уйга келди-ю, ижодхонасига кириб ётди. Ҳеч ким билан гаплашгиси келмасди. Бирдан телефон жиринглади. Гўшакдан амакисининг овози эшитилди:
– Жиян, ўзингмисан! Тинчликми? А ҳа, газетда ишлаш осонмас дегандим-ку. Ана, хато кетиб, шарманда бўлибсан. Жимгина мактабда болаларни алдаб юрмайсанми?!.
Ҳамидулла гапнинг у ёғини эшитмади. Тағин телефон қўнғироғи… Дўст-биродарлари “ҳол-аҳвол” сўрарди.
Эртаси маҳалладаги тўйга чиқди. Эндигина ошни еб бўлиб, бир пиёла чойни қўлига олувди ҳамки, почтачи Бозор шақилдоқ кўринди. Одамлар гулга ёпишган асаларидек уни ўраб олишди.
– Манави газетани ўқинглар. Охирги бетдаги “тузатиш”ни уйдагиларга кўрсатинглар. Ўзимизнинг Ҳамидулла Шошқин ҳақида ёзишган.
– Э, буни энди тарқатаяпсизми? Мен кеча ўқигандим, – дея бақириб гапга аралашди Қодир тракторчи ва изза бўлиб ўтирган Ҳамидуллага кўзи тушгач, юзларига қувонч ёйилиб деди:
– Оғайни, энди мактабга қайтасанми? Мен ўзимни чаласавод деб юрсам, сен бешбаттар экансан-ку, бўлмасам газетга ҳам хато ёзасанми?
Эргаш домла Ҳамидуллани кўчада учратиб роса афсусланди:
– Сени иқтидорли шогирдим деб юрсам, хатога йўл қўйиб қовун туширибсан-ку! Келаси йил шу газетага обуна бўламан, чунки кейинги пайтларда жуда таъсирли чиқаяпти. Масалан, тунов кунги сони ҳам қизиқарли, мазмунли чиқибди, тўғрими?
Домласининг “тўғрими?” деган саволига Ҳамидулла “Ҳм!” дея бошини қимирлатди. У хурсанд эди. Нега хурсанд бўлмасин, ахир одамлар газета ўқишаркан-ку. Ўқиганда ҳам ихлос билан, бирорта сатрини қолдирмасдан ўқишаркан.