Ўткир Рашид: “Виждонингиз бедорми?” (1989)

Шоир Ўткир Рашид билан суҳбат

— Сиз 30-йилларда адабиётга кириб келгансиз. Бу давр адабий жараёни мураккаб ва зиддиятли кечган. Сиз бунинг бевосита гувоҳи бўлгансиз. Ўша йиллардаги адабий муҳит ҳақида гапириб берсангиз.

— Адабий муҳитни ижодкор яратади. Шунинг учун адабий муҳитнинг қандай бўлиши биринчи навбатда ижодкорларнинг ўзига боғлиқ. Шу маънода 30-йиллар адабий муҳити ҳақидаги гапни бир қадар илгарироқдан, инқилоб кунларидан ва 20-йиллар адабиётидан бошлашни истардим. Чунки 30-йиллардаги адабий муҳитнинг асоси ўша йилларда шакллана бошланганди. Маълумки, ўзбек совет адабиёти ғойибдан, тап-тайёр ҳолда пайдо бўлгани йўқ. Уни адабиётимизнинг инқилобгача ижод қилиб келган турли авлодга мансуб вакиллари шакллантирдилар. Тўғри, уларнинг ҳаммаси инқилобнинг дастлабки кунларидан бошлаб совет адабиётига сидқидилдан хизмат қила бошлади, дейиш қийин.

Ўша йилларда ижодкорларга муносабат ҳам турлича кечди. Инқилобдан кейин то 20-йилларнинг ярмигача ижодкорлар қандай позицияда бўлишларидан қатъи назар социалистик жамиятни мустаҳкамлаш учун кенг сафарбар қилиндилар. Бу даврда уларга айблар кам қўйилди. Лекин 20-йилларнинг иккинчи ярмидан, яъни доҳий В. И Ленин вафотидан кейин улар сиёсий маслаклари, дунёқарашлари учун таъқиб этила бошладилар. Айниқса, 20-йилларнинг охири, 30-йилларнинг бошларида адабиёт ва санъатнинг партиявийлигини кучайтириш авж олган йилларда ижодкорларга миллатчилик, жадидчилик, панисломизм, пантуркизм каби ҳар хил «тамға»лар босилди. Ким тарих ҳақида ёзса, «ўтмишни идеаллаштириш» деб қаралди, ким юрт, халқ ҳақида ёзса миллатчи деб айбланди. Худди ана шундай деб қораланганлар репрессиянинг қурбонлари бўлдилар.

20-, 30-йиллар адабиётида чақириқ даъваткор шеърлар, инқилоб душманларини фош қилувчи руҳдаги асарларга талаб катта эди. Ижодкорлар шундай асарлар яратишга даъват қилинарди. Табиийки, буни ҳар бир ижодкор ўз имконияти даражасида бажарарди. Социалистик жамиятнинг қудратини кимдир лирик йўсинда, кимдир риторик оҳангларда, яна кимдир фош қилиш асосида куйларди. Бундай услублар хилма-хиллиги ҳам кўпинча адабиёт «дарғалари»га хуш келавермасди. Натижада баъзан ижодкорлар услубларининг хилма-хиллиги сабабли жамиятимиз учун дўст ва душманга айланиб қолардилар Бу давр шу тариқа англашмовчиликлар, хатолар туфайли ҳам мураккаб ва зиддиятли кечди. 20-, 30-, 40- ва 50-йилларда адабиётимиз бошқа қардош халқлар адабиётларига нисабатан ўз истеъдодларини кўпроқ бой берди, десак хато қилмаган бўламиз.

— Ўша йиллари айбланган ижодкорлар ҳақида уларга қўйилган айблар тўғрисида ҳар хил фикрлар бор. Бу эндиликда қайта қуриш шарофати билан матбуотда ҳам ошкора айтилмоқда. Лекин сиз бу айбловлардан воқиф бўлгансиз. Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Тўғри, 30-йиллардаги Сталин репрессияси халқимиз ҳаётида даҳшатли из қолдирди. Халқимизнинг минглаб, миллионлаб асл фарзандлари умри ҳазон бўлди Лекин, айни пайтда, репрессия айрим кўнгли қора, ғаламис одамлар қўлида маърифатпарвар, ҳақиқатгўй, талантли кишиларни йўқ қилиш учун қурол бўлиб хизмат қилганлиги ҳам сир эмас. Ижодкорлар ўртасидаги аксарият йўқотишлар ҳам шундай содир бўлди. Чунки четдан туриб ҳар бир ижодкор учун алоҳида «фалончи ёзувчи ёки шоир йўқ қилинсин» деган буйруқлар келмаганлиги аниқ. Шундай пайтда ижодкорларнинг орасидан айримлар «давр чақириғига» лаббай деб жавоб бериш учун ўз дўстларини чоҳга итардилар. Шу маънода Усмон Носирнинг айбдор қилинганлигидан ҳам хабарим бор. Чунки Самарқандда Ўзбекистон Давлат университетида у билан бирга ўқиганмиз ва ғоят яқин бўлганмиз. Эсимда, 1936 йил эди. Каникулда Тошкентга келиб, бу ерда қандайдир бир йиғилиш бўлаётганини эшитиб, унга қатнашдим. Бу йиғилишга кўплаб ёзувчилар, зиёлилар келишганди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Акмал Икромов адабиёт ҳақида гапириб, Усмон Носирни кўпроқ тилга олди. «Юрак» шеърини ёддан ўқиди, Мажлисда Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ойбек, Яшин, Уйғун ва бошқа ёзувчилар ҳам бор эди. Шундан кейин кўп ўтмай ўша машъум 37-йилнинг «шабадаси» эса бошлади. Шу йили «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 20 апрель сонида Уйғуннинг «Поэзияда сиёсий ўткирлик бўлсин» деган катта мақоласи эълон қилинди. Бу мақолада Ойбек, Элбек, Миртемир, Усмон Носир ва мен сингари ёш ёзувчилар тилга олиниб, уларнинг баъзи асарлари танқид қилинганди. Усмон Носирнинг яхши шеърлари ҳам тилга олиниб, уларнинг аксарияти пессимистик шеърлар дейилганди. Унинг дастлабки айбланиши шу мақоладан бошланди.

Шундан кейин Усмон Носирнинг ижоди ҳам кўп тафтиш қилинадиган, шахси муҳокама қилинадиган бўлиб қолди. 1937 йилда Ёзувчилар союзининг илгариги боғи — Инжиқободда ёш ёзувчи сифатида дам олаётган эдим. Бир куни тушки овқат пайтида бирдан мажлис чақирилиб, ҳамма ҳовуз атрофига йиғилди. Раҳмат Мажидий, Зиннат Фатхуллин, Умаржон Исмоилий, Ойдин Собирова, Ҳамид Олимжон ва бошқалар президиумдан жой олишди. Мажлисда гап асосан Усмон Носир ҳақида бўлди. У Москвадаи ўзбек адабиёти декадасидан қайтишда поездда ёш рус ёзувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг ходими Лаврентьев билан уришиб, уни сўккан, деган айб қўйилди. Шунда ҳовуз бўйида шахмат ўйнаётган Усмон Носир ўрнидан туриб, «Тўғри сўкдим, ҳозир ҳам сўкаман. Чунки у ёмон, безори бола экан, маст бўлиб, бошқаларни ҳақоратловчи хунук гапларни гапирди» деди. Лекин мажлис раҳбарияти Лаврентьев Усмон Носир устидан ариза берганини, шу ариза бўйича шоирни текшириш учун комиссия тузилганлигини айтишди. Комиссиянинг ахбороти эса Ёзувчилар союзидаги мажлисда эшитилади, деб эълон қилишди. Айтилган куни Сталин кўчасида Ёзувчилар союзида йиғилиш бўлиб, Усмон Носир шахси ва ижоди яна муҳокама қилинди. Усмон Носирга миллатчи, руслар билан уришиб юради, Ризо Қорашоҳли деган миллатчи билан таниш. Жавлон Раҳмон деган халқ душмани билан дўст деган айблар қўйилди. Бу гаплар унга ғоят туҳмат эди. Ризо Қорашоҳли ўша пайтларда олий ўқув юртларида ўқитувчилик қилган маърифатли; зиёли одам бўлгани сабабдан кўпчилик қатори шоир ҳам у билан яқин эди. Жавлон Раҳмон эса унинг қўқонлик тенгдош дўсти бўлиб, репрессия йилларида Москвада яшаган, халқ душмани сифатида қамалган эди.

Шунингдек, Усмон Носирга бошқа бўҳтонлар ҳам тақалди. Мажлис охирида унга сўз берилди. Ҳамон эсимда: мажлис раиси «русча гапир» деди, лекин Усмон Носир ўзбекча гапирди. У сўзининг охирида «Бу гаплар менга туҳмат», деб мажлис қарорини эшитмасдан чиқиб кетди. Унинг сўзларини Ҳамид Олимжон русчага таржима қилиб турди. Хуллас, шу куни Усмон Носир Ёзувчилар союзидан ўчирилди. Ўша куни кечқурун оз бўлса-да далда бериш учун унинг уйига бордим. Лекин у Пушкин боғига чиқиб кетган экан. Боққа борсам, биллиард ўйнаяпти. Кейин шу ердаги кичкина кўлда чўмилди. Хайрлашиб уйига кетди. Шу бизнинг охирги кўришишимиз бўлиб қолди. Эшитсам, ўша куннинг эртасига уйидан қамоққа олиб кетишибди. Уйидагиларнинг айтишича ички ишлар комитетининг ходимлари тинтув қилиб, унинг барча қўлёзмаларини, китобларини олишибди. Усмон Носир кетиш олдидан кўзига ёш олиб, онасини юпатиб: «Мен келаман, гуноҳим йўқ, албатта қайтиб келаман», дебди. Унинг орқасидан онаси, сингиллари йиғлаб қолишибди. Ўшанда Усмон Носир бор-йўғи 24—25 ёшли йигит эди..

— Усмон Носир яшаган хонадон билан тақдирингизни боғлагансиз. Бу оила бошига тушган фожиалардан хабардорсиз. Айни пайтда Усмон Носирнинг лагердаги ҳаёти ва у ерда ҳам асарлар яратганлиги ҳақида ҳар хил хабарлар бор.

— Усмон Носир қамалганидан кейин ҳам оиласи билан борди-келдим узилгани йўқ. Кейин 1940 йилда унинг синглиси Роҳатхон билан турмуш қурдик. Ўшанда менга ҳам «кўра-била туриб халқ душманининг синглисига уйланди» деган таъналар кам бўлмади, асарларим нашрлари тўхтатиб қўйилди. Усмон Носирнинг думи деган гапларни оз эшитмадим. Лекин бу ташвишлар Усмон Носирнинг онаси — Холамбиби холам бошига тушган кулфатлар олдида зарра деса ҳам бўлади.

Усмон Носирнинг лагердаги ҳаёти ва вафоти ҳақида ҳам турлича маълумотлар бор эди. Қамоқда бўлиб, муддати тугагач ўша ерда турмушга чиқиб, эрининг оқланишини кутиб юрган Тожихон Шодиева хатимга жавобан ёзган мактубида: «Усмон бироз ақлдан озиб касалланган» деса, у ердан қайтиб келган яна бир киши «Усмон очлик эълон қилиб ўлган», дейди. Кемероводаги лагерлар бўйича кадрлар бўлимида ишлаган рус аёли Н. Сирота эса «Усмон Носир касал ҳолда ишлаб юриб ўлган», деб гувоҳлик берди. Ниҳоят, бу саволларга аниқ жавоб топилди. Ўтган йил шоир ижодининг мухлислари қизим Нодира Рашидова билан биргаликда Усмон Носирнинг қамоқда кечган ҳаёти ҳақида сўраб-суриштирдилар ва унинг касаллиги туфайли Магадандан Кемерово областининг лагерига юборилганлигини, шу ерда вафот этганлигини аниқлашди. Ўша ерда шоирга ёдгорлик қўйилди ҳамда ҳокидан олиб келиниб Тошкентдаги Чиғотой қабристонига кўмилди. Ниҳоят, ҳамиша юртига талпинган шоир вужуди ўз юртига бир ҳовуч ҳок бўлиб қайтди.

Албатта, Усмон Носирнинг қамоқда кечган ҳаётининг ҳали очилмаган саҳифалари кўп. Етти йил давомида азобда ўтказган кунларида қалбидан ўтган туйғуларни англаб етиш осон эмас. Лекин унга тегишли ҳар бир ҳужжатда самимий, пок қалб эгасини кўриш мумкин. Усмон Носирнинг Тошкентда қилинган тергови тўғрисидаги маълумотда унинг ҳеч кимни тилга олмаганлиги, ҳеч кимни айбламаганлиги аниқ бўлди. Ёки унинг халқлар «доҳий»си Сталинга 1940 йилда ёзган аризасида ҳам ўзининг ҳақлигига, айбсизлигига ишонч туйғуси уфуриб туради. Бу ариза кейинчалик — 1943 йилда Москвадан Тошкентга Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Усмон Юсупов номига юборилган. Шу ариза асосида Усмон Юсупов «Қизил Ўзбекистон» газетасининг ўша йиллардаги бош редактори С. Ражабов, профессор А. Боровков, шоир М. Шайхзодадан иборат комиссия тузиб, Усмон Носирнинг аризасига жавоб беришни топширган. Комиссия ўша пайтда унинг ишини ҳар тарафлама текшириб оқлаш тўғрисида қарор чиқарган. Бу ҳақда С. Ражабов «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ўтган йили эълон қилган мақоласида ҳам эслатиб ўтади. Афсуски, бу қарор ҳам амалга ошмасдан изсиз йўқолган. Ундан на асл, на кўчирма нусха то ҳанузгача топилгани йўқ.

Усмон Носирдан сўнгги хат 1944 йилда келди. Бу хатни 1937 йилда қамалиб кетиб, кейин муддатини ўтаб бўшаган, аввал Тошкент тўқимачилик комбинатининг кўп нусхали газетасида редактор бўлиб ишлаган Фарруҳ Аҳмадий олиб келди. Хатда Усмон Носир ўзининг бетоблиги ҳақида гапириб, «Ўзбекистонда мени йўқлайдиган кишилар йўқми? Аям Ҳамид Олимжонга бориб илтимос қилсин, мени бу ерлардан Ўзбекистонга олдириб кетсин. Умримнинг охиригача ўз юртимда, қамоқда бўлсам ҳам майли», деб ёзган эди. Шундан кейин Холамбиби холам республика Ёзувчилар союзига бориб, Ҳамид Олимжонга мурожаат қилди. Лекин бу ердан ҳам бирор қониқарли жавоб ололмади.

Усмон Носирнинг қамоқдаги пайтида доҳий В. И. Ленин ҳақида достон яратганлиги ва ўнлаб шеърлар ёзганлиги ҳақида ҳар хил маълумотлар бор. Унинг асарларини республика Ёзувчилар союзига юборганини ҳам эшитганман. Аниқ эсимда, 1944 йил эди. Бир куни йўлда Абдулла Қаҳҳор билан учрашиб қолдик. Шунда у киши менга: «Ҳамид Олимжон хонасида ўтирганимда секретари катта конверт олиб кириб берди. Ҳамид Олимжон уни очиб, Усмон Носирдан келибди, асарларини юборибди, деди», деб айтди ва шундан хабардор бўлиб туришимни таъкидлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ҳ. Олимжон фожиали ҳалок бўлди. Шундан сўнг Усмон Носир юборган қўлёзмаларни топиш имкони ҳам бўлмади. Кейинчалик ҳам бу асарлар Ёзувчилар союзи ва бошқа мутассадди ташкилотлар орқали кўп қидирилди, афсуски, топилмади. Шу ўринда ҳурматли газетхонлардан агар қўлларида Усмон Носир асарлари бўлса, республика Ёзувчилар союзи ёки газета адресига юборишларини илтимос қилардим. Зора, шу тариқа истеъдодли шоир маънавий хазинаси янада бойиса!..

— Ўша йиллари фақат Усмон Носиргина эмас, бошқа юзлаб талантлар, истеъдодлар ҳам бой берилди. Гарчи, айрим ёзувчилар Сталин қамоқхоналарининг азобини тортмаган бўлса-да, репрессиянинг совуқ шамолидаи бебаҳра қолмаганлар.

—Тўғри, репрессия даврида ижоди ёки шахси қораланмаган ижодкор кам қолди. Жумладан, Ойбек ҳам 30-йилларнинг охирида худди Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир каби Ёзувчилар союзи аъзолигидан четлаштирилди. Союзда унинг устидан бўҳтонлар, туҳматлар авж олиб, эрта-индин қамаш тўғрисида буйруқ тайёрланаётган бир пайтда Ойбек бу ерга «Қутлуғ қон» романини муҳокамага қўйиш учун олиб борганди. Шунда союз раҳбарлари «Сиз союз аъзоси эмассиз, шу сабабли асарингизни муҳокама қилмаймиз», деб қайтарганди. Бундан хабар топган «Ўқув» нашриёти романни ўзлари муҳокама қилиб, нашрдан чиқардилар. Ўшандан кейин, «Қутлуғ қон» ҳақида яхши гаплар айтилгандан сўнг Ойбекка бироз йўл очилиб, у союз аъзолигига қайта тикланди ва анча муддатга союз раиси бўлиб ҳам ишлади. Бироқ бу атоқли ижодкор устидан бўҳтонлар у Ёзувчилар ташкилотига раис бўлганидан кейин ҳам тўхтамади. Ўша пайтда союзда партия ташкилотининг бюроси бўлмаган ва унда Ойбек муҳокама қилинмаган бирор кун йўқ эди. Бундай муҳокамалар «Навоий» романи пайдо бўлганидан кейин яна кучайди. Ҳатто унга «Сталин» мукофотининг берилиши ҳам ҳар хил бўҳтонларнинг йўлини тўса олмади. Чунки ўша йилларда адабиётимизнинг ғаламис «ботир»лари оз эмасди. 50-йилларда Ойбек ҳаёти узра қора булутлар янада қуюқлашди-ю, лекин Сталин вафоти туфайли лагерь даҳшатидан қутулиб қолди. Аммо ғаламис кимсалар тинч турармиди, улар туфайли Ойбек оғир касалга мубтало бўлди. Ёки «Сароб» романидан кейин Абдулла Қаҳҳор бошига тушган ташвишларни санаб бўлармикан! Ёҳуд Миртемирнинг қувғинликда кечирган кунларини унутиш мумкинми?

— Талантли ўзбек ижодкорлари устидан айбловлар 50-йилларда ҳам тўхтамаган. Буидай янги-янги репрессияларга йўл очиб берилишининг сабаблари сизнингча нимада?

— Энг аввало, Сталин шахсига сиғинишнинг авж олишидан, қолаверса, ўша пайтда ижодий союзлар тепасига ноҳалол, бировларнинг ижодий ютуқларини кўра олмайдиган баъзи ҳасадгўй кимсаларнинг келиб қолишида, деб биламан. Энг даҳшатлиси шундаки, бу йилларда қамоқхоналарга урушнинг қонли йўлларини босиб ўтган, минг ўлимдан омон қолганлар, ғалабанинг тезроқ қўлга киритилиши учун фронт орқасида жонбозлик кўрсатганлар ташландилар. Шулардан бири, атоқли шоир Шайхзоданинг шахсини муҳокама қилишга, аниқроғи уни Ёзувчилар союзи аъзолигидан четлаштириш учун чақирилган мажлисда иштирок қилганман. Матбуотда Шайхзоданинг 50-йилларда айбланиши вв қамалиши ҳақида кўп ёзишди. Шунинг учун буларни такрорламасдан, унга қўйилган айблардан биттаси тўғрисида тўхталиб ўтмоқчи эдим.

Маълумки, Шайхзода Низомий номидаги педагогика институтида узоқ йиллар ишлаган ва мен ҳам у билан бир кафедрада 10 йилдан ортиқроқ ёнма-ён меҳнат қилиш бахтига муяссар бўлганман. У ҳақиқий маънода олим ва шоир эди. Классик адабиётни чуқур биларди. Унинг лекцияларидан талабалар билан биргаликда институтнинг бошқа олимлари ва аспирантлари ҳам баҳраманд бўларди. Шунинг учун союзда ўтган муҳокамада Шайхзода домлага институтдаги лекцияларининг савияси паст деб айб қўйилганда чидаб туролмадим. Сўзга чиқиб, бу айбномалар бўҳтон эканлигини исботлашга ҳаракат қилдим. Лекин ўшанда ғишт қолипдан кўчган экан: Шайхзода туҳматлар туфайли союз аъзолигидан ўчирилиб, қамалди. Ўшанда менинг озгина ҳимоячилик ролим ҳам айрим одамларнинг эътиборидан четда қолмаган экан, шекилли, ўша пайтда республика ички ишлар министри бўлиб ишлаган қўшнимиз Йўлдош Бобожоновдан хотини орқали «Ўткир эҳтиёт бўлиб юрсин!», деган огоҳлантириш олганман…

Нимасини айтасиз, ҳозир шундай давр келдики, ҳар биримиз ўз-ўзимиздан «виждонимиз олдида покмизми?» деб сўрашимиз ва унга дилдан жавоб беришимиз керак Чунки бизнинг олдимизда катта мақсад, 20-30-40-50-йилларда кўнглимизнинг туб тубига кўмилган ҳақиқатни бугунги авлод олдида очиқ, ошкора айтиш масъулияти турибди Зеро, бизнинг келгуси ҳаётимиз ҳам бугунги виждоний ҳақиқатимиз асосига қурилади.

Лекин ўша ҳақиқатни ҳозир қай даражада ошкор қилаяпмиз. Очиғини айтишимиз керакки, биз кўпгина ҳолларда ҳақиқатнинг ўзига етиб бора олаётганимиз йўқ, унинг йўлини тўсган айрим кимсаларни фош қилиш билан ўралашиб қолмоқдамиз, Тўғри, бу ҳам керак. Лекин асосий мақсадимиз репрессия, шахсга сиғиниш даври нинг қурбонлари, айбсиз айбдорлар ҳақидаги бор ҳақиқатни қайта тиклашдан иборат-ку. Шунинг учун баъзи таклифларимни ўртага ташламоқчи эдим.

Аввало, республикамизнинг ўзида репрессия, шахсга сиғиниш қурбонларига атаб ёдгорлик тикланса ва унинг ёнида музей ташкил қилинса, яхши бўларди. Ёзувчилар союзида улар ҳаётини, ижодини ўрганиш учун тузилган комиссияга ўша ижодкорларнинг ҳар хил мутасадди ташкилотлар томонидан тортиб олинган архивлари қайтариб берилса. Чунки айбсиз айбдорлар ҳозир матбуотда айтилаётганларгина эмас. Улардан қанчасининг ҳали на номи, на асарлари тилга олинди. Шунингдек, бир пайтлар «Тирик сатрлар» сингари китоб нашр этилиб, сўнг йиғиштириб олинганди. Эидиликда бундай китобларни ҳам янада тўлдириб, маэмунан бойитиб нашр этиш пайти етди…

Хуллас, бу борада олдинда қилинадиган ишлар кўп.

Суҳбатни К. Матёқубов олиб борди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 17 февраль