Қаюм Каримов. Календарь – тақвим – йилойкун (1991)

Вақт ўлчами инсоният тараққиётининг барча босқичларида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳозирги календар пайдо бўлгунига қадар одамлар ёғоч ва бошқа нарсаларга ўйиб кун, ой саноқларини санаш, каноп, арқон кабиларга тугун тугиш, хурофий аломатлар, ривоятлар, қиссалар орқали авлодларга хабарлар етказганлар. Бу одамларга ов, экин-тикин, йиғим-терим мавсумларини белгилаш, сафар-саёҳат, савдо-сотиқ, маросимлар ва бошқа қатор муҳим тадбирлар, ҳаётий воқеа-ҳодисаларнинг вақт-муддатини аниқлаш каби тадбирлар учун зарур бўлган.

Тараққиёт илгарилаб борган сари одамларда энг кичик ва катта вақт оралиғи (кун ойлардан тортиб йилгача бўлган оралиқ)ни аниқлашга эҳтиёж тобора орта борган. Мана шу тариқа кеча-кундуз, ҳафта, ой, фасл, йил, мучал ҳисоб усуллари келиб чиққан. Бундай эҳтиёж қачон, қаерда, кимда туғилганлиги ва дастлаб кандай йўл билан қондирилганлигига ишора қилувчи аниқ далиллар йўқ. Аммо анча изга солинган вақт ўлчови усуллари эрамиздан илгариги даврлардаёқ амалда бўлган. Бизнинг ҳозирги тушунчамиздаги календар ўз ибтидоси билан жуда қадим замонларга бориб тақалади.

Календар лотинча сўз бўлиб, у календариум (қарз дафтари) ва календар (ҳар ойнинг биринчи куни) сўзларидан олинган. Қадимги Римда қарз юзасидан улуш ҳар ойнинг биринчи, яьни календар куни тўланиши ва у қарз дафтари (календариум)да қайд қилиб борилиши расм бўлган.

Календарнинг ҳозирги маъноси вақт оралиғи бирлигини ҳисоблаш усулиднр. Бу усул табиат ҳодисаларининг самовий жисмлар ҳаракатидаги даврийлик (Ернинг бир кеча-кундузлик ҳаракати, Ойнинг Ер атрофидаги кўринма ҳаракати, Қуёшнинг кўк гумбази сирти бўйлаб йиллик ҳаракати) билан боғлиқ ҳолда юз бериши, яьни кеча билан кундуз, йил фасллари, ой қисмлари алмашинуви кабиларга асосланган.

Дунёда кенг тарқалган ва узок амалда бўлган йилномалар қаторига Юлий ва Григорий календарларини, милодий, ҳижрий ва мучал йил ҳисоблаш усулларини киритиш мумкин.

Юлий календари. Эрадан олдинги 28 асрдаёқ қадимги Мисрда қуёш календари амал қилган. Унинг ҳар бир йили 30 кунлик 12 ойдан иборат бўлган, ҳар йил охирига 5 кун кўшилиб, йил 365 кун қилиб олинган. Бу календар тропик йилдан тахминан 6 соат (тўрт йилда бир сутка) қисқа бўлган. Шу сабабли йил боши олдинга сурилиб чалкашиб юрган. Мана шу чалкашликни тузатиш мақсадида Рим консули Юлий Цезарь мисрлик мунажжим Созиген маслаҳати билан милоддан олдинги 46 йилда ислоҳот ўтказади. У тропик йил (Ер Қуёш атрофини 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияда бир марта айланиб чикиш даври) тахминан 365,25 кунга баробар келишини билгани ҳолда йилни (2 ойга бўлади, ток ойларни 3), жуфт ойларни 30 кундан, феврални эса оддий йилда 28, кабиса йилда (кабиса — тўлдирилган, орттирилган демакдир) 29 кундан қилиб белгилайди. Шунингдек, йил бошини 1 январга — Рим консуллари ўз лавозимларини эгаллаш кунларига кўчиради. Ислоҳ қилинган бу календар эрадан олдинги 45 йилнинг 1 январидан Юлий Цезарь номи билан Юлий календари (эски усул) деб аталади. Юлий календарида ҳар уч йил 365 кундан (оддий йил), тўртинчи йил, яьни 4 га қолдиқсиз бўлинадиган йил 366 кундан (кабиса йил) қилиб олинади.

Бу календар йили (365,25 кун) тропик йилдан 11 дақика 14 сония ортиқ. Бу фарқ 1600 йилга келиб 10 кунга етган.

Григорий календари. Юлий календаридаги мазкур фарқни тўғрилаш мақсадида Рим папаси Буанкампанъо — Григорий XIII римлик математик ва табиб Луижи Лилио (Алоизий Лилий) лойиҳаси асосида 1582 йил 24 февралда ислоҳот ўтказди. 1582 йилнинг 4 октябридан кейин 5 эмас, бирдан 15 октябр ҳисоблаб, эски усул бўйича йиғилиб колган 10 кунлик фарқни йўқотди, одатий ой кунлари, барча байрам, маросимлар ўз вақтига қайтарилди. Келгусида яна шу фарқ асосидаги чалкашлик келиб чиқмаслиги учун 400 йилда 3 кунни чикариб ташлашга қарор қилинди. 4 га қолдиқсиз бўлинадиган йиллар кабиса (366 кунлик) йил ҳисобланди. Аммо икки ноли билан 4 га бўлиниши мумкин бўлган, нолларисиз юзлик қисми 4 га ёки икки ноли билан 400 га бўлинмайдиган йиллар (1300, 1500, 1700, 1900 каби) кабиса эмас, оддий (365 кунлик) ҳисобланади. Бу Григорий календари (янги усул) деб номланди.

Григорий календари йили ўртача 365, 2425 кунга тенг бўлиб, тропик йилдан 0,0003 кун узунроқ. Бу фарк 3300 йилда 1 ёки 10000 йилда 3 кунга тенг бўлади. Деярли аниқ ва мукаммал бўлган бу календар ҳозир дунёнинг кўпчилик мамлакатларида қабул қилинган. ССЖИда 1918 йил 14 февралдан (эски усул бўйича 1 февралдан) В. И. Ленин декрети билан янги усулга ўтилган.

Ўрта Осиё халқлари, кўпгина Шарқ мамлакатлари халқлари каби, қадимдан сўғдий, хоразмий, сурёний, ҳижрий, мучал каби йил ҳисоблаш усулларидан фойдаланиб келганлар. Ҳозирда дунё халқлари орасида милодий ва ҳижрий йил ҳисоблаш усуллари кенг тарқалгандир.

Милодий йил. Буни ўрислар Исо-масиҳ туғилишидан сўнгги йил ҳисоби ёки насронийлар йилномаси дейишади. Бу йил ҳисоби Европа мамлакатларида ва Россияда кўлланади. У эрамизгача бўлган биринчи асрда насронийликнинг тарқала бошлаши билан боғлиқ ҳолда жорий бўлган. Милодий арабча милод — туғилиш сўзидан олинган бўлиб, йил ҳисоби Рим роҳиби Кичик Дионисийнинг ҳеч кандай далилларга асосланмаган таклифи билан Исо Масиҳнинг тахмин килинган туғилган йилидан бошлаб ҳисобланади. Янги эранинг биринчи йили милодий йилнинг бошидир. Мусулмонлар ҳар бир милодий йил бошини Далв ойининг биринчи кунидан бошлаб ҳисоблайдилар.

Милодий йилнинг ҳозир ССЖИда кўлланаётган 12 ой номлари Григорий календаридаги европача номларнинг ўрисча кўриниши бўлиб, булар қуйидагича: Январ — 31, Феврал — 28—29, Март — 31, Апрел — 30, Май — 31, Июн — 30, Июл — 31, Август — 31, Сентябр — 30, Октябр — 31, Ноябр — 30, Декабр — 31 кун.

Милодий календарда дастлаб янги йилни баҳор ойи — 1 мартдан, сўнгроқ эса 1 сентябрдан бошлаб ҳисобланган. Пётр I нинг 1699 йил 15 декабрда имзо чеккан буйруғи билан Россияда 1700 йилдан милодий йил қабул килиниб, янги йил боши 1 январ деб белгиланган.

Ҳижрий йил. Ҳижрий сўзи арабча ҳижрий — кўчиш сўзидан олинган. Милодий 610 йилда Маккада пайғамбарлик нозил бўлган Муҳаммад алайҳиссалом (570—632) уммавий зодагонлар қаршилиги ва тазйиқи туфайли ўз издошлари билан 622 йили Маккадан Мадинага (Ясрибга) ҳижрат қилади. Ҳижрат милодий 622 йилнинг 8 сентябрида ёки қамарий йил Сафар ойининг 27 куни содир бўлган. Шу куни Расулоллоҳ ва унинг издошлари Маккадан чиқиб кетиб, уч кун ғорда тургач, Рабиул аввал ойининг 12-куни Мадинага кириб борадилар. Ҳижрат 15 кун давом этган. Ривоятларга кўра ҳижрат ҳақидаги фикр пайғамбаримиз хотирасида Муҳаррам ойида туғилган. Шунинг учун ҳижрий йил боши Муҳаррам ойининг биринчи кунидан, яъни ҳижрат содир бўлганидан 56 кун илгаридан ҳисобланиши қонунлаштирилган. 8 сентябрдан оркага саналиб 56 кун чиқариб ташланса, Муҳаррам ойининг биринчи куни милодий 622 йилнинг 16 июл жума кунига, аниқроғи 15 июлдан 16 июлга (пайшанбадан жумага) ўтар кечасига тўғри келади. Мусулмонларда олдинги билан кейинги куннинг алмашинуви чегараси тун оқшоми ҳисобланган.

Ҳижратдан ўн етти йил ўтгач, милодий 638 йилда халифа Умарнинг буйруғи билан мана шу ҳижрат вақти — биринчи Муҳаррам (милодий 622 йил 16 июлга тўғри келади) мусулмон йил ҳисобининг боши деб эълон килинади. Мана шу йил ҳисоби «Ҳижрий йил ҳисоби» деб юритилади.

Ҳижрий йил ҳисоби икки усул билан олиб борилади: 1. Ҳижрий қамарий йил ҳисоби; 2. Ҳижрий шамсий йил ҳисоби.

Ҳижрий қамарий йил. Буни араб йилномаси, Муҳаммад алайҳис-салом йилномаси деб ҳам юритилади. Қамарий (қамария) сўзи арабча қамарун, яъни Ой сўзидан олинган бўлиб, йил ҳисоби Ойнинг Ер атрофида бир марта айланиб чикиш даврига кетган вақт бирлигига асосланган. Маълумки, Ой янги кўринган нуқтасидан силжиб, яна ўша нуқтасига — Қуёш каршисига қайтиб келиши учун кетган вақт — синодик Ой даври 29 кун 12 соат 44 дақиқа 2,8 сонияга тенг. Тақвимда яхлитликни таъминлаш мақсадида ой кунлари шартли равишда 29 ва 30 кунлик қилиб олинган. Мана шундай ҳисобда бир йилда Ой Ер атрофини 12 марта айланиб чиқади ва бунга 354 кун кетади. Аммо Ойнинг бу тақвимий даври билан унинг синодик даври (29.12.44.2,8) орасида тафовут бўлиб, тақвимий ой синодик ой давридан ортда қолиб боради. Шу сабабли тақвимий йил 354 кундан, синодик ой йили 354, 367 кундан иборат бўлади. Орадаги бу фарқ қар 30 йилда 11,013 кунни ташкил килади. Мана шу ортиб қолган 11 30 йиллик даврнинг 11 йилига (2, 5, 7, 10, 13, 18, 21, 24, 26, 29) қўшилиб кабиса (-2-55 кунлик), қолган 19 йили оддий (354 кунлик) тарзида ҳисобланади. Йил кабиса ёки оддий эканлигини билиш учун уни 30 га бўламиз. Агар бўлишдан қолган колдиқ юқоридаги 11 рақамдан бирига тўғри келса, ўша йили кабиса бўлади, қолган йиллар оддийдир.

Масалан: 1409 ҳижрий қамарий оддий ёки кабиса эканлигини билиш учун уни 30 га бўламиз. 1409:30=46, қолдиқ – 29. 29 қолдиқ юқорида саналган 11 йилнинг энг охиргисига тенг. Демак, 1409 ҳижрий қамарий йил кабиса (355 кунлик) йил экан.

Қамарий йил ойлари фасллар бўйича қишдан кузга, куздан ёзга, ёздан баҳорга ва баҳордан қишга қараб силжиб боради. Ҳижрий қамарий йил ой номлари қуйидагилар: Муҳаррам (Ашуро) — 30, Сафар — 29, Рабиул аввал (Рабиул уло) — 30, Рабиул охир (Рабиус соний) — 29, Жумодиул аввал (Жумодиул уло) — 30, Жумодиул охир (Жумодиус соний) — 29, тўрт оғайни ойлар мавлуд ойлари, Ражаб — 30, Шаъбон (Барот) — 29, Рамазон (Рўза) — 30, Шаввол (Ҳайит) — 29, Зулқаъда (Ора) — 30, Зулҳижжа (Қурбон) — 29—30 кун. Ҳозир ҳижрий қамарийнинг 1410 йили бўлиб, унинг биринчи Муҳаррами 1989 йилнинг 3 августидан бошланган.

Ҳижрий қамарий йил кабиса (355 кунлик), милодий ва ҳижрий шамсий йиллар оддий (365 кунлик) бўлса; орадаги фарқ 10 кун; ҳар учала йил ҳам кабиса (355 ва 366 кунлик) бўлса, орадаги фарқ 11 кун; ҳижрий қамарий йил оддий (354 кунлик), милодий ва ҳижрий шамсий йиллар кабиса (366 кунлик) бўлса, орадаги фарқ 12 кунга тенг бўлади.

Ислом диний анъанаси қамарий йил ҳисобига асосланган бўлиб, диний муассасалар ишлари шу асосда юритилади, барча диний маърака, маросимлар, байрамлар, ақидавий урфу удумлар, тарихий воқеалар, адабий китобат саналари, таваллуд ва риҳлат ҳисоблари ва шу каби бир қатор бошқа тадбирлар қамарий асосида олиб борилади.

Ҳижрий шамсий йил. Шамсий (Шамсия) сўзи арабча шамс — Қуёш сўзидан олинган. Шамсий йил ҳисоби Қуёш календари демакдир. Ҳижрий шамсий йил давомийлиги Ернинг Қуёш атрофини бир марта айланиб чиқишига кетган вақт билан ҳисобланиб, бу вақт 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сония (бир тропик йил муддати)га тенг. Бу йил ҳисобида ҳам яхлитликни таьминлаш учун уч йил 365 кундан ҳисобланиб оддий йил тарзида олинади. Ҳар тўрт йилда йил кунларининг каср қисми жамланиб, бир кунга тенглаштирилади. Шу тўртинчи йил 366 кунлик, яъни кабиса бўлади.

Қуёш осмон гумбази сирти бўйлаб ўзининг йиллик айланма кўринма ҳаракати (бу ҳаракат аслида. Ернинг Қуёш атрофини йил давомида бир марта айланиб чиқиш ҳаракати натижаси ўлароқ содир бўлади) йўлида осмоннинг 12 тенг майдонини босиб ўтади. Мана шу 12 тенг майдоннинг ҳар бирида тўп юлдузлар туркуми мавжуд бўлиб, улар классик илми нужумда мунтаҳабул буруж — буржлар мажмуи деб аталади. Буржлардаги ҳар бир туркум юлдузлар тасаввур қилинган шаклларига мос ном билан аталган ва ҳижрий шамсий йилнинг 12 ойидан ҳар бирига ном қилиб олинган. Ҳижрий шамсий йилнинг ой номлари куйидагилар: Ҳамал — 31, Савр — 31, Жавзо — 31, Саратон — 31, Асад — 31, Сунбула — 31, Мезон — 30, Ақраб — 30; Қавс — 30, Жадий — 30, Далв — 30 Ҳут — 29/30 кун.

Ҳижрий шамсий йил ҳам ҳижрий қамарий йил каби милодий 622 йилнинг 16 июл кунидан бошлаб ҳисобланган. Аммо янги йилнинг биринчи куни баҳорги тенгкунлик 21 мартга мос келувчи Ҳамал ойининг биринчи куни — Наврўзи оламдан — табиатнинг уйғониш вақтидан нишонланади. Оддий ва кабиса йиллар нисбатига кўра айрим йил бошлари 20 ёки 22 март кунларига ҳам тўғри келиши мумкин (жадвалга қаранг).

Ҳижрий шамсий йил ойлари доим йилнинг муайян вақтларида келади, ҳижрий қамарий йил ойлари каби силжиб юрмайди. Шунга кўра Ҳамал, Савр, Жавзо ойлари — буржи обий ёз фаслига; Мезон, Ақраб, Қавс ойлари — буржи бодий куз фаслига; Жадий, Далв, Ҳут ойлари — буржи хокий — қиш фаслига тўғри келади.

Ҳижрий шамсий йил ҳисобидан деҳкончилик, чорвачилик, умуман хўжалик юритиш, кундалик, мавсумий амалий тадбирларни режалаштириш, ишларни вақт-фурсати, кези, мавсумига қараб асосли ва тўғри йўлга қўйиш амалларида фойдаланилади.

Мучал йил ҳисоби. Мучал сўзи муча исми ва муча — феълидан ҳосила бўлиб, қирғиз тилида мучу — туғилган йилига етмоқ (ўн учундў мучўду, андан киин кучўду — ўн учида ёшига етди, ундан кейин куч олди) маъносида келади. Йилнома вазифасида мучал сўзи: 1. Ҳар бир йили бир ҳайвон номи билан аталувчи ўн икки йиллик давр; 2. Шу ўн икки йиллик даврга кирувчи ҳар бир йилнинг номи; 3. Таваллуд санаси, туғилган йил каби уч маънода ишлатилади. Бунда ёш ҳозирдагидек ҳар йилда эмас, балки мучал даври муддатига етганда нишонланади. Мучал йиллари номлари қуйидагича: Сичқон, Сигир, Паланг, Қуён, Балиқ, Илон, От, Қўй, Маймун, Товук, Ит, Тўнғиз. Ҳар бир мучал йили 22 мартдан бошланади. Мучал йилномаси бўйича 1990 йил 22 мартдан От йили бошланди. Одамлар ўзларининг, ота-оналарининг, бошқа оила аъзоларининг, шунингдек, машҳур кишиларнинг мучал йилларини эсда сақлаш орқали уларнинг ёшларини, туғилган йилларини, яшаган даврларини аниқлашган, ёш ва йил суриштиришган бўлиб ўтган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг саналарини аниқлашган.

Бирор кимсанинг мучали орқали ёшини аниқлаш учун унинг туғилган йилига 9 (тўққиз) рақамини қўшиб, уни 12 (ўн икки)га тақсим қилиш керак, тақсимдан қолган қолдиқ сон нечага тенг бўлса, мучал сирасидаги шу рақамга тўғри келадиган ҳайвон номи шу кишининг туғилган йили бўлади.

Мучал давридаги ўн икки йилнинг ҳар бири милодий йилнинг 22 мартидан бошланиб, кейинги йил мартининг 21 кунигача бўлган муддатни ўз ичига олади. Икки милодий йил март ойларининг шу кунлари мучал йиллари ўртасидаги чегара бўлади. Шунинг учун мартнинг 21-кунигача туғилган одам 21 мартдан кейин туғилган одамдан ёшда бир мучал йили билан фарқланади. Масалан, 1990 йил От йили. Бу 1990 йилнинг 21 мартидан кейин туғилган одамларнинг мучал йили бўлиб, 21 мартгача туғилганларнинг мучал йили Отдан олдинги йил, яъни Илон йили бўлади. Ҳомила муддати ҳисобга олиниб, биринчи мучал даври 12 эмас, 13 йил ҳисобланади. Мучал чиқариш ва йил суриштиришда шуларни албатта ҳисобга олиш керак.

Милодий йил мучал ҳисобига ўгирилса, 1990 йил ичида мучал даври 165 марта тўлиқ такрорланганлиги, 166-даврнинг 10-йили кетаётганлиги, милоднинг биринчи йили Мучал сифатидаги Товуқ йилига тўғри келиши маълум бўлади: 1990:12=165. Қолдиқ=10. Жорий От йилидан орқага қараб 10, 9, 8,

7, 6, 5, 4, 3, 2, 1 тарзида саналса сўнгги 1 рақами Товуқ йилига тўғри келади.

Йил айлантириш. Ҳар бир милодий йил икки ҳижрий йилнинг маълум ойлари оралиғида ёки, аксинча, ҳар бир ҳижрий йил икки милодий йилнинг маълум ойлари оралиғида келиши сабабли милодий йил ҳижрий йилга ёки ҳижрий йил милодий йилга айлантирилганда, улар икки йил билан ишора қилинади. Масалан, биринчи ҳижрий қамарий йил 622 ва 623 милодий йиллар июллари ёки биринчи ҳижрий шамсий йил 622 ва 623 милодий йиллар мартлари оралиғида келади. Шунга кўра 1 ҳижрий йил-622-623 милодий йил, ёки, аксинча, 623 милодий йил-1-2 ҳижрий йил бўлади.

Бу амални 1410 ҳижрий қамарий, 1368 ҳижрий шамсий ва 1990 милодий йилларга нисбатан қўлланса, натижа қуйидагича бўлади:

ҲҚ 1410=М 1989—1990
ҲШ 1368=М 1989—1990
М 1990=ҲК 1410—1411
ҲШ 1368—1369

(ҲҲ=ҳижрий қамарий=1410, ҲШ=ҳижрий шамсий=1368, М=милодий=1990)

Ҳижрий қамарий йилни милодий йилга айлантириш. Бу уч амал билан бажарилади: 1. Ҳижрий қамарий йилга 622 қўшилади; 2. Ҳижрий қамарий йил 33 га бўлинади; 3. Биринчи амал натижасидан иккинчи амал натижаси олиб ташланади. Чиққан натижа милодий йил бўлади.

Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

М=ҲҚ 622 — ҲҚ/33 = 1410
622 — 1410/33 = 2032-42=1990.
М=1990 й.

Натижа сўнггидаги олув (—) аломати бўлув амалидан қолган қолдиқни 1 (бир) ҳисоблаб, ўша натижадан (1990) олиб ташлашга ишорадир. Демак, 1940 ҳижрий қамарий йил 1989-1990 милодий йилларга тўғри келади.

Ҳижрий шамсий йилни милодий йилга айлантириш. Бунинг учун ҳижрий йилга 622 қўшилади. Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

М=ҲШ 622=1368 622=1990. М=1990

Демак, 1368 ҳижрий шамсий йил 1989-1990 милодий йилларга тўғри келади.

Милодий йилни ҳижрий қамарий йилга айлантириш. Бу қуйидагича уч амал билан бажарилади: 1. Милодий йилдан 622 айрилади; 2. Биринчи амалдан чиққан натижа 32 га бўлинади; 3. Иккала амалнинг натижаси қўшилади. Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

ҲК=М—622 М—622/32 = 1990—622 1990—622/32 = 1368 42≈1410, ҲҚ=1410

Натижа сўнггидаги қўшув (—) аломати бўлув амалидан қолган қолдиқни 1 (бир) ҳисоблаб, чиққан натижага қўшишга ишорадир.

Демак, 1990 милодий йил 1410-1411 ҳижрий қамарий йилларга тўғри келади.

Милодий йилни ҳижрий шамсий йилга айлантириш. Бунинг учун милодий йилдан 622 ни айириш керак. Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

ҲШ=М—622=1990—622=1368. ҲШ=1368

Демак, 1990 милодий йил 1368—1369 ҳижрий шамсий йилларга тўғри келади.

Ҳижрий қамарий йилни ҳижрий шамсий йилга айлантириш. Бу қуйидагича бажарилади: Ҳижрий қамарий йилдан шу қамарий йилни 33 га бўлишдан чиққан натижа айирилади. Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

ҲШ=ҲҚ—ҲШ/33 = 1410 — 1410/33= 1410—42=1368. ҲШ=1368.

Демак, 1410 ҳижрий қамарий йил 1369 ҳижрий шамсий йилга тўғри келади.

Ҳижрий шамсий йилни ҳижрий қамарий йилга айлантириш. Бу амал қуйидагича бажарилади: Ҳижрий шамсий йилга шу шамсий йилни 32 га бўлишдан чиққан натижа қўшилади. Бунинг амалий ифодаси қуйидагича:

ҲК=ҲШ — ҲШ/32= 1368 1368/32 = 1368 42=1410. ҲК=1410.

Демак, 1368 ҳижрий шамсий йил 1410 ҳижрий қамарий йилга тўғри келади.

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 5-сон