Нинель Владимирова. Муаммоларни биргаликда ечайлик (1989)

Қайта қуриш бизнинг ғоявий чимматларимизга янгича қарашни тақозо қилаётган ҳозирги пайтларда биз халқлар дўстлиги, «ягона, кўп миллатли маданиятимиз» ҳақида тез-тез мулоҳаза юритмоқдамиз. Ва шундай хулосага келаётирмизки, биз кўпинча ўзямиз истаган нарсани бор деб қабул қилган эканмиз, худди иқтисодда ва бошқа соҳаларда бўлгани каби, миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳам ютуқлардан кўра муаммолар кўп экан.

Ҳар бир халқ бугун ўзини камситилган ҳис ҳилиш учун сабаблар топмоқда. Бу сабаблар авваллари айтилмас эди, агар тили ботир бирор Жасур чиқиб қолса, энг қаттол ва ювилмайдиган тавқи лаънат — миллатчи ёрлиғи қадаларди.

Бизда ўзининг сиёсий нуфузини бировларни қоралаш, «фош этиш»га қурган ва шу билан ўзини интернационалист кўрсатадиган кишилар оз эмас. Яқин-яқингача Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир буюк ватанпарварлар бўлганлигини, уларнинг ўз улусларига муҳаббати ҳеч қачон бошқа халқларга нисбатан ҳақорат ё нафрат эмаслигини англайдиган одамлар бармоқ билан санарли эди. «Интернационал»нинг таржимони Чўлпон худди шу бир иши учун ҳам миллатчи бўлолмасди. Ахир ўша пайтдаёқ гап ҳар бир халқнинг жуда муҳим унсурлари ҳақида — унинг тарихи, маданияти, ниҳоят — тили ҳақида борарди.

Бугун бизда бу муаммолар ҳақида кўп ва эҳтирос билан, кўпинча тартибсиз гапиришмоқда. Жиддий ва мантиқли мулоҳазаларнинг етишмаслиги эҳтироснинг қайнашига олиб келади. Биз кўпинча фактлар билан эмас, мишмишлар ва хавотирлар билан яшаяпмиз.

Ўзбеклар табиий ва қонуний ҳолда ўз тиллари ва маданиятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини хоҳламоқдалар. Худди шунинг учун уларнинг ўзбек тилига давлат статуси берилиши ҳақидаги талаблари қонунийдир. Ўзбекистонда яшаётган бошқа тилли халқларнинг бир қисми буни тушуниб турибди. Биз маданияти ва тили ҳақида қайғураётган халқнинг туйғуларини тушунамиз, бу халқ экологик аҳволдан ҳам хавотирланмоқда, экологик ҳалокатдан эса ҳаммамиз баробар жафо чекамиз. Бошқа тилли халқларнинг иккинчи қисми бирор нарса чиқиб қолмасмикин, деган хавотирда кечаги кун тасаввурлари билан яшамоқда.

Ахир халқлар дўстлиги на сталинчиларнинг, на турғунлик тарафдорларининг, на бошқа «сиёсатдон»ларнинг ўйлаб топган нарсаси эмас.

Маҳаллий аҳолининг бу ерга аввал мустамлакачилик мақсадларида келганлар, кейин маърифатчи ва ҳарбий қашшоқлик ҳайдаб келган қочқинчилар, кейинроқ зилзиладан жабр кўрганларга ёрдамга қўл чўзган бошқа халқлар билан муносабати ўзининг инқирозлари ва ихтилофларига, ёруғ ва хира кунларига эга. Биз расмий ташвиқотларимизда фақат нурли томонлар ҳақида гапирдик.

Тўғри, яхши ишлар ҳам бўлган. Босқинчилар билан бирга ажойиб рус табиблари, маърифатпарварлари, шарқшунослари ҳам келганлар. Ўлканинг иҳтисодий тараққиёти олдинга силжиди…

Ўшандаёқ, кейин Улуғ Ватан уруши даврида биз ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва табиий бағри кенглигини ҳис қилганмиз. Ахир 20-йиллардаги очлик пайтидаёқ рус крестянларининг болалари ўзбек оилаларига нон қўмсаб келишган, уруш пайтида эса ўзбеклар етимларни миллатига, ранг-рўйига қарамасдан тарбияга олдилар, ўз болалари каби вояга етказдилар.

Жуда кўп ўзини ва ўзбекларни ҳурмат қилган рус кишилари ўзбек оилаларида ёнма-ён яшаб уларнинг тилларини, одоб, расм-русумларини ўргандилар. Энг асосийси бизга ўзбекларнинг юксак саховатлилиги, шафқатлилиги, сабр-тоқатлилиги ҳам юқди.

Ўзбек тилининг тақдирига келганда, муаммо анча мураккаброқ. Ўзбек миллий тилини рус мактабларида гоҳ ўргатишди, гоҳ ўргатмай қўйишди. 30-йилларда нашр этилган Илья Альбертович Киссеннинг ажойиб дарслиги ўзбек тилини ўрганувчилар учун узоқ йиллар ягона дарслик бўлиб қолди.

Ўзбек тилини бошқа миллатларга махсус ўргатувчи муаллимларни ҳеч қачон ва ҳеч қаерда махсус ўқитмадилар. Бу мураккаб иш билан шуғулланувчи истеъдодли ўқитувчилар ҳар доим ҳам учрайвермади.

Ҳамма ҳам мендай ўзбек тилини Киссен ёки Коблов каби машҳур муаллимлар тасарруфида ўрганишга муаяссар бўлавермади. Ҳар хил сабаблар ўзбек тилини ўрганишга менсимай қарашга олиб келди. Ўзбекларнинг ўз она тилини билмайдиган, адабиётини ўқиёлмайдиган думбул авлоди пайдо бўлди. Ўзбек зиёлиси дунё ва рус маданияти, адабиётини ўрганиш учун факат рус тилини билишга мажбур бўлди. Бу табиий эди. Лекин бу жараён кўпчиликни ўз она тилини ўрганиш шарт эмас, деган ўйга олиб борди, ўзбек тилини ўрганишга эътибор сусайди.

Бугун кўпчилик республикаларда муаммо адолатли ҳал қилинди — миллий тиллар давлат тили деб қабул қилинди. Биз ҳам, рус тили миллатлараро мулоқот воситаси эканини ёдда тутган ҳолда, ўзбек тилини бошқа миллат вакиллари, ўлканинг ҳамма аҳолиси ўрганиши учун шароит яратишимиз зарур. Аввало яхши дарсликлар ва малакали ўқитувчилар тайёрлаш керак. Ҳали ҳануз бундай муаллимлар махсус тайёрланмайди. Бизда рус тилини ўзбек мактабларида ўқитувчи муаллимлар тайёрлайдиган педагогика институти бор, жилла қурса шу даргоҳда рус мактабларида ўзбек тилини ўқитувчи муаллимлар тайёрлайдиган факультет очилса эди.

Мен ўзбек тилини биладиган руслар аллақандай айрича истеъдодга эга, деб ўйламайман. Ўзбек тилини ўрганиш, истак бўлса, унчалик қийин эмас. Мен ҳатто Шарқ факультетида ўқиётганимда ҳам, ўзбек тилида эркин ўқиёлсам-да, ўзбек адабиёти бўйича мутахассис бЎламан, деб ўйлаганим йўқ эди. Мен «бешафқат» Киссенга муваффақиятли имтиҳон топширганман, муаллимлардан омадим юришган, ажойиб шарқшунос М. Салье билан бирга ўзбек тилидан рус тилига таржимада ҳаммуаллифлик қилганман. Шахсан мен учун бадиий таржима машаққатли, айни пайтда сеҳрли ва кўнгилга яқин иш бўлди, бу соҳадаги қилган ишларим кўнглимнинг хоҳиши билан амалга ошди.

Бадиий таржима билан шуғулланаётиб мен йиллар сайин тилнинг эркин оқимига тушдим. Унинг нозик томонларини сездим, кейинчалик ўзбек маданиятининг ич-ичига олиб борувчи йўлларни англай бошладим. Менинг кўз ўнгимда ўзбек маданиятини инсонпарварлик ва одамийликнинг юксак намунаси деб билган рус зиёлилари келади. Е. Бертельс, В Жирмунский, А. Кононов, А. Боровков, В. Решетов, С. Поливанов каби шарқшунослар, Л. Соловьев, ҳамма севиб ўқийдиган Б. Чепрунов каби ёзувчилар, ўзбек адабиётининг илк таржимонлари Л. Соцердотова, С. Паластратовни ҳурмат билан эъзозлайман. И. Киссен ва М. Сальени юқорида айтиб ўтдим. Шу лаҳзада Ойбекнинг «Қутлуғ қон» ва бошқа ўзбек ёзувчиларининг ажойиб асарларини рус тилига гўзал таржима қилган Н. Ивашев номини тўлқинланиб тилга олгим келади.

Бугун Ўзбекистонда яшаб ва ўзбек халқини ҳурмат қилиб унинг тилини ўрганаётган одамларнинг ҳаммаси ҳам таржимон ёки адабиётшунос бўлиб кетмас, аммо ўзбек тилини ўрганиш ҳар бир кишига яшашда ёрдам бериш билан бирга кутилмаган қувончлар, катта ва кичик кашфиётлар, мўъжизалар олиб келади. Ўзбек тилини билиш энг аввал оддий ва қизиқарли кишилар билан мулоқот, бой маданият, маънавий қийматлар, халқларнинг ҳақиқий дўстлигига йўл очувчи маърифатга имкон беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 31 март