Гулсара Исмоилова. Чокар шеърияти (1990)

Ижодининг асл моҳиятини, бош мавзуини халқ тақдири билан боғлаган ижодкорлар ўз асарлари билан ҳамиша эл хизматидадирлар. Маданий ҳаракат анча жонланган, адабий гуруҳлар фаолияти ҳаётга сезиларли таъсир ўтказа бошлаган бир давр — XX аср бошлари Хоразм ўлкасида илғор фикрли бир қанча ижодкорлар етишиб чиқди. Маданий омилларга нисбатан мойил бўлган Муҳаммад Раҳимхон — шоир Феруз хонлиги даврида бу фаолият бироз самарали бўлди. Ана шундай ижодкорлардан бири Чокар бўлиб, унинг адабий мероси адабиётшуносларимиз томонидан жуда кам ўрганилган. Юнус Юсупов, Фароғат Мусамуҳамедова, Нурмамат Қобуловларнинг тадқиқотларида шоирнинг Октябр инқилобига қадар ва ундан кейинги ижодидаги мавзу ва шакл йўналишлари ҳақида муҳим фикрлар юритилган бўлса-да, бироқ бу тадқиқотлар шоир ижоди кўламини тўла қамраб ололмайди. Чунки Чокардан бизга бой адабий мерос қолган бўлиб, унинг шеърлари жамланган учта девон ҳамда қирқдан ортиқ катта-кичик баёзлар тадқиқотга муҳтождир.

Чокар шеърларидан намуналар дастлаб «Ўзбек адабиёти» беш томлигининг II китобида ҳамда Ф. Мусамуҳамедованинг 1974 йилда чоп эттирган «Танланган шеърлар»ида эълон қилинган ва улар миқдор жиҳатидан жуда кам. Масалан, «Танланган шеърлар»да 57 та, «Ўзбек адабиёти» китобида 22 та шеър берилган, иккала китобдаги шеърларнинг такроран келишини ҳисобга олсак, Чокарнинг ҳаммаси бўлиб 70 та шеъри эълон қилинган холос.

Ф. Мусамуҳамедова ўз изланишларида шоир адабий меросининг деярли барча жабҳаларини кўздан кечириб чиқади ва фикрларини шоирнинг бутун мероси асосида баён қилади. Бироқ бу кузатишларда шоирнинг фақат соф ижтимоий мазмунни ифодаловчи ҳамда лирик мавзудаги шеърларигина тадқиқот доирасида қамраб олинган. Ҳолбуки, шоир меросида ишқий йўналишда ёки мистик қобиққа ўраб, анъанавий диний бағишлов тарзида бошланган, аслида илғор фикрли қарашларни ифодаловчи бир қанча шеърлар ҳам борки, уларнинг асл моҳиятини ва унда кўзланган мақсадни илғаб олиш қийин эмас.

Ҳар бир асарни чуқур ўрганиб, унинг асл баҳосини бериш ва ўрнини белгилаш, кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш лозим. Зеро, Чокар адабий меросини қайта кўздан кечириш, унинг тарихий ва маданий тараққиётга сезиларли таъсир кўрсатувчи асарларини эълон қилиш кун тартибида турган вазифалардандир.

Шу мақсадда Чокар шеърлари жамланган девон ва қўлёзма баёзларни кўздан кечирар эканмиз, унинг ижтимоий аҳамиятга молик кўплаб шеърларига дуч келамиз. Шуни ҳам айтиш лозимки, мазкур девонларда шоирнинг соф диний характердаги ва мадҳия руҳида яратилган шеърлари ҳам мавжуд. Бироқ бу тахлит шеърлар Чокар ижодининг ижтимоий аҳамиятига соя ташлай олмайди. Шундай шеърлар ҳам учрайдики, гарчи уларнинг илк мисралари диний мазмун ва руҳда бошланса-да, аслида асар мағзини насиҳатгўйлик ташкил этади. Мисолларга мурожаат қилайлик. 901 рақамли девоннинг 109-бетида шундай мисралар бор:

Оллоҳ, қил ўзинг лутфу карам мискин гадоларга.
Ки, то зор ўлмасун онлар жаҳон ичра ағниёларға.

902-рақамли девондан ҳам бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, масалан:

Риёсиз сунний эшон қолмади олам аро, англанг,
Бу ишлар бор қиёматдин аломат, эй мусулмонлар.

Англашиладики, «мискин гадолар», «риёсиз эшон» бирикмалари шоирнинг кўзлаган мақсадини ва унинг давр муаммоларига бўлган муносабатини белгилаб турибди. Бироқ, афсуски, мазкур мисраларда шоирнинг мурожаати, изтироби ифодасида атиги хитоб сифатида жаранглаётган «Оллоҳ» ва «эй, мусулмонлар» сўзларининг қўлланилиши бу тахлит шеърларнинг мистик мазмундаги шеърлар таркибига киритилишига ва оқибатда шу пайтгача назардан четда қолиб кетганлигига сабаб бўлган. Ҳатто Чокарнинг эълон қилинган шеърлари орасида диний сўзлар учраган байтлар ҳам бус-бутунича тушириб қолдирилган. Масалан, 902-рақамли девондаги «Хивақ» радифли шеърнинг қуйидаги икки байти Чокар «Танланган шеърлар» китобида учрамайди:

Жаҳон офатларидан гар саломат қолсанг тонг йўқдур,
Эрур ўртасида лангар онинг Полвон ота, Хивақ.
Ҳаз деб ҳар киши ихлос ила қилса талаб анда,
Агар бўлса гадо, қилгувси беҳад ағниё Хивақ.

Хоразм вилоятида Полвон Пир деган муқаддас жой бўлиб, кўп замонлардан бери одамлар уни зиёрат қиладилар. Нақл қилинишича, бирор армони, дарди бор одам бу даргоҳга зиёратга келиб, ҳовузига танга ташласа ёки дарахтларига оқ чит боғласа, кўнглидаги ниятига етармиш. Юқоридаги байтда ана шунга ишора бор ва мазкур байтлардан воз кечилганининг сабаби ҳам шундадир.

«Танланган шеърлар» китобининг 13-бетида «Не аҳвол» сарлавҳаси билан унинг бир шеъри келтирилади:

Жаҳонга, билмадим, бўлмиш не аҳвол,
Қилур ҳар кунда пайдо ўзга бир ҳол,—

мисралари билан бошланувчи ва давр зиддиятларидан нолиш руҳида яратилган бу шеърнинг қўлёзмадаги охирги байти тушириб қолдирилган. 902-рақамли девоннинг 301-бетида жойлашган мазкур шеърнинг хулоса байти шундай:

Қиёматни аломати бу, Чокар,
Ки, тез чиқгуси тонгла эмди дажжол.

Ривоятга кўра, дажжол қиёматга яқин келиб, халқ бошига турли офатларни соларкан. Чокар ушбу шеърида ана шу афсонага ишора қилади ва бунинг ёрдамида ўз даври иллатларини очиб беради. Гарчи байтда диний мазмун берилаётган бўлса ҳам, бироқ ундан келиб чиқадиган хулоса ижтимоийлик касб этади, яъни мазкур мисралар шоирнинг даврга нисбатан ҳукмини ифодаламоқда.

Шунингдек, шоирнинг эълон қилинган шеърлари орасида диний атамаларнинг ўзгартирилган ҳолда берилганини ҳам кузатамиз. 902-рақамли девоннинг 294-бетидаги «Насиҳат манга берма…» деб бошланувчи шеъридаги:

Маломат қилурсан мудом ҳақ элин.
Агарчи ўзинг хумсаи мода шайх,

байтидаги «ҳақ» сўзи «Ўзбек адабиёти» китобида «ишқ» тарзида ўзгартириб берилган. «Танланган шеърлар»да эса бу байт бутунлай тушириб қолдирилган. Кўриниб турибдики, мазкур мисралар да диний атамалар қўлланилган бўлса-да, бироқ шеър моҳияти мистикадан йироқ, аксинча, уларда илғор фикрлар мавжуд.

Бу фикрлардан шундай хулоса келиб чиқадики, XX аср бошлари Хоразм адабий муҳитига сезиларли таъсир кўрсатган Муҳаммад Юсуф Харратов — Чокарнинг Октябр инқилобигача бўлган ижоди устида бошланган тадқиқот ишлари давом эттирилиши лозим.

Гулсара Исмоилова, Бобур номидаги адабиёт институти илмий ходими

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 11-сон