Эркин Воҳидов: “Навоий — Сўзни малҳам деб билган даҳо” (1988)

Журналнинг мазкур сонини (“Ёшлик”, 1988/2) тайёрлаш чоғида редакция ходими Нурулло Отахонов севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг хонадонида бўлиб, «Алишер Навоий ва замондошларимиз» мавзусида ўзини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этди. Ўша суҳбат ҳукмингизга ҳавола қилинмоқда.

– Эркин ака, авввало узримни айтай: мен Алишер Навоийни кўнгилдагидай билмайман. Бошқа соҳа кишиларини қўятурайлик, аксари адабиётчи тенгқурларимиз, ҳатто биздан катталар ҳам шундай дейишади. Алишер Навоий қуриб кетган шеърият қасрига бизнинг ҳам киргимиз, унинг бетимсол гўшаларида сайр қилгимиз, гўзалликларидан баҳраманд бўлгимиз келади, лекин… Ҳазрат ул қасрни тилсимлаб кетибдилармики (ёки уни ўзимиз қулфлаб ташлаганмизми), мактабда, олий ўқув юртида шунча ўқиганимиз билан тилсимни очадиган калитни тополмай оворамиз.

Бундай ҳолга тушиб қолишимизнинг сабаблари кўп, албатта. Гапни кўксимдаги армондан бошлаганимнинг боиси – Навоийни яхши билмай туриб у ҳақда суҳбат қураётганимдан хижолатдаман. Шунинг учун мавзуни атай умумийроқ йўсинда танладим.

Мана, йигирма биринчи аср остонасида турибмиз. Алишер Навоий туғилганига ҳам беш юзу қирқ етти йил тўлди! Юракда эса, ваҳима: биз дунёнинг кўпроқ ўткинчи ташвишлари орасида ўралашиб қолиб, адабиётимизнинг юраги бўлмиш Алишер Навоийдан узоқлаб кетмаяпмизми?

– Навоийни кўнгилдагидай билмайман, дедингиз, Нурулло. Ростини айтсам, мен ҳам билмайман. Энг катта навоийшунос ҳам шу гапни айтиши мумкин. Негаки, Навоий – чексиз ва тубсиз уммон. Унинг теранликларига бориб етиш ҳам, поёнсизлигини фикран қамраш ҳам оддий банданинг қўлидан келадиган иш эмас. Баъзан Навоий байтларини ўқиб туриб, буни одам боласи ёзмаган, деб юбораман.

Навоийга ақл билан етиш мумкиндир, уни тафсир қилиш, фикрларни, ташбеҳларни, ғояларни ўрганиш мумкиндир, лекин унга ҳис билан етиб бориш, руҳан яқинлашиш учун қарийб Навоийдай ҳиссиёт ва руҳиятга ҳам эга бўлиш керак. Бир хотира. Кунлардан бир кун меҳмон ёзувчилар билан Миртемир домланинг уйига бордик. Устоз бизга ўз ишхонасини кўрсатганда, меҳмонлардан бири савол бериб қолди: “Домла, нега Навоийнинг сувратини осиб қўймагансиз? Ахир, ҳар бир ўзбек ёзувчиси хонасида унинг портрети бор-ку”. Миртемир домланинг жавоби бундай бўлди: «Мен Навоийнинг юзига қарашга уяламан. Ўзбек шоири бўлатуриб уни кўнгилдагидек билмайман».

Бу, албатта, Миртемирга хос камтарлик ва закийлик билан айтилган сўз эди, Навоийни кўп ўқийдиган, бу сеҳрли ижоддан ҳайратланадиган одамнинг сўзи эди. Лекин мен бошқа нарсани ўйлайман, ўйлаб ташвишга тушаман, афсусланаман. Халқимизнинг илмий, маданий савияси ошиб бормоқда, деймиз-у, биз кундан-кун Навоийдан узоқлашиб кетмоқдамиз. Унинг сўзларидангина, оҳангидангина эмас, руҳидан узоқлашмоқдамиз. Навоийдаги чуқур инсонпарварлик, меҳр, фидойилик туйғуларидан ҳам узоқлашмаяпмизми, деб ташвишга тушаман. Айтадиган маъруза, ёзадиган мақолаларимизда “меҳр” сўзи кам, “қатъий”, “бешафқат”, “принципиал” деган сўзлар кўпроқ учрайди. Навоий сўзни малҳам деб тушунган, биз уни қилич деб англаймиз.

Яна бир хотира. Мушоира кечасида “гумбурлатиб” шеър ўқиган шоир ҳақида нозиктаъб бир шеърхон шундай деган эди: «Бамисоли саҳнада ўтин ёргандай бўлди». Навоийдан узоқлашиш, афсуски, шеъриятимизга ҳам хос белги бўлиб қолди. Аксар шоирларнинг шеърини ўқийману уларнинг умрида Навоий китобини очиб кўрганига шубҳа қиламан.

Навоийни ўқиш эси бор ишқибозга шеър ёзишнигина эмас, шеър ёзмасликни ҳам ўргатади.

Навоийни ўқимай қўйиш – уни йўқотиш билан баробар. Навоийни йўқотиш эса, халқимиз учун ўзликни йўқотиш демакдир. Негаки у – асл ўзагимиз, томиримиз, узоқ тарихимиз жам бўлган қомусимиз, руҳий неъматимиз.

Навоийнинг тантилиги, теранлиги, улуғлиги – аввало ўзбекнинг қалбига хос, сўнг умум жаҳонники.

Уни йўқотишга ҳаққимиз йўқ.

– Ўтган асрда яшаб ўгган машҳур можор сайёҳи, Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекисгон тарихини ўрганишда жуда катта хизмат қилган йирик олим Ҳерман Вамбери ўрни келганда Алишер Навоий ижоди хусусида ёзиб туриб, бир ҳолдан ажабланади. Гапи сўзма-сўз ёдимда йўқ, лекин адашмасам, у бундай дейди: Алишер Навоий асарлари оддий халққа кам тушунарли эканига қарамай, Ўрта Осиёда, айниқса ўзбеклар орасида ҳамон маълум ва машҳурдир; кечалари тўпланишиб унинг асарларини ўқийдилар, шоирлар деярли барчаси уни ўзига устоз деб билади…

Эркин ака, Сиз буни қандай шарҳлайсиз? Умуман, Навоий ва халқ муносабатига доир мулоҳазаларингизни айтсангиз.

– Вамбери айтган навоийхонлик давралари ҳам, афсуски, ўтмиш бўлиб қолмоқда. Бундай давраларни кўриш бизга тенгдош бўлганларга насиб этган. Улфатчилик расми қадимдан шундай эди: таомдан сўнг «амри маъруф», яъни маърифат амрини адо этиш, билимдон кишилар суҳбатини эшитиш, китобхонлик, баҳсу мунозара бўлар эди. Бундай ўлтиришнинг «гап» деб аталиши ҳам шундан.

Эсимда бор, тоғамнинг улфатларига чой ташиб хизмат қилиб юриб уларнинг шунақа ажойиб суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлганман. Алихон Соғуний, Чустий, Маъруфхўжа Баҳодиров, ака-ука Шожалиловлар қатнашадиган бу улфатчилик Навоий, Фузулий, Огаҳий, Машраб шеърларини талқин қилиш билан ўтар эди. Мен бу даврага ўзим мағзини чақолмаган байтларни тайёрлаб қўярдим, кўпчилик бўлиб улар бу байтларни шарҳ қилишар эди.

Йўл-йўлакай, мавзудан андак чекиниб бўлса ҳам, шу улфатчилик билан боғлиқ икки воқеани айтиб берай.

Фузулий девонида бир байт бор:

Банимким ғамларим бордир, бийирин устина қўйсанг,
Чиқар кофир жаҳаннамдан, кулиб аҳли азоб ўйнар.

Мазмуни бундай: Менинг шундай ғамларим борки, уларни туянинг устига қўйсанг, кофир жаҳаннамдан чиқади, азоб чекканлар кулади, ўйнайди… Ажабо, дейман, ғамни туянинг устига қўйиш нимаси-ю, кофирнинг жаҳаннамдан чиқиши нимаси? Буларнинг қандай алоқаси бор? Хаттотнинг хатосимикин? Ундай десам, ҳамма девонларда шундай ёзилган.

Байтни ўқиб берганимда уни ҳеч ким шарҳ қилолмади. Мажлис тўрида Алихон Соғуний улфатларни имтиҳон қилгандай жилмайиб ўтирар эдилар. Ниҳоят у киши, қани бир қўлни очинглар, деб Фузулий ҳаққига узун дуо ўқиб, сўнг байтни шарҳ қилиб бердилар. Қуръонда ёзилишича, кофир абадул абад жаҳаннамда бўлади. Туя игнанинг тешигидан ўтса, кофир дўзахдан чиқади, яъни ҳеч қачон чиқмайди. Фузулий байти шу оятга ишора экан. Менинг шундай ғамларим борки, улар туянинг устига ортилса, туя ипдек озиб кетади ва игнанинг тешигидан ўтадиган ҳолга келадию кофир жаҳаннамдан чиқади…

Иккинчи воқеа.

Навбатдаги ўлтиришда мен ўзим янги машқ қилган ғазалимни ўқиб бердим. Ўлтирганлардан бирига бу ғазалнинг бир байти маъқул келиб, уни мен сира хаёл қилмаган мазмунда шарҳлай бошлади. Мен, ёшлик – ғўрлик, дегандай, у ҳурматли мўйсафидга эътироз билдирдим. Мен ундай демаганман, бундай деганман, деб ўзим кўзлаган мақсадни айтдим. Шунда тоғам мени койиган бўлиб: «Қулоқ солиб жим ўтир, сен бола нарса, нимани биласан?» деганлари ҳеч эсимдан чиқмайди…

Саволингизга қайтиб, Нурулло, шуни қўшимча қилмоқчиманки, Ҳерман Вамбери замонидаёқ Навоийдан узоқлашиш жараёни бошланган, оддий халқ аввало саводсизликдан, сўнг эса тилдаги ўзгаришлар натижасида Навоийни ҳар томонлама англаб етолмаган. Лекин зиёлилар орасида ўша вақтда шубҳасиз Навоийхон, Бедилхонлар кўп бўлган. Ҳозирги давр билан солиштириб бўлмаслик даражада кўп бўлган. У замондан ҳамма жиҳатдан ўзиб кетган бўлсак ҳам, бу жиҳатдан орқадамиз. Балки Навоийни нашр қилиш, унинг номини ва асарларини тарғиб-ташвиқ қилиш жиҳатдан юз йил аввалгига қараганда юз бор устундирмиз, лекин Навоийни ростмана билмаймиз, десак тўғри бўлар. Бу бизнинг қашшоқлигимиз.

Сабаб? Сабаб кўп. Аввало, биз улуғ шоир яшаган давр тушунчаларидан жуда узоқдамиз. Тил деярли бошқа, алифбо бутунлай бошқа, образлар системаси тамоман ўзга. Боз устига, биз на Қуръонни, на ҳадисни, на Ислом тарихини, на Ислом фалсафасини биламиз. Мансури Халлож ким, десалар, Хожа Исмоил Бухорий қандай асарлар ёзган, десалар, Машрабнинг фалсафий дунёқараши қандай бўлган, десалар, биз нима деб жавоб берамиз? Биз улардан кўра людовиклар, ричардлар тарихини дурустроқ биламиз. Бу манқуртликнинг ўзгинаси.

Ўз қадрини билмаган ўзганинг қадрини не билсин?

Ўз юрти, ўз халқи тарихи билан қизиқмаган кишининг жаҳон тарихини билганидан не наф?

Ота-боболари сўзлашган тилни ҳис қилолмаган, улар ёзган хатни танимаган ўғлон ўғлонми?

Англияда бўлганимда, у ерлик маданият арбобларидан бирига савол бердим: нега инглизларнинг ёзуви билан ўқуви ўртасида шунча тафовут: «Оне» деб ёзасизлар-у, «ван» деб ўқийсизлар («бир» дегани), баъзан икки товуш билан айтиладиган сўзни тўртбеш ҳарф билан ёзасизлар (масалан «they» ёзилади, «де» ўқилади)? Шуни оддий қилиб, қандай ўқилса, шундай ёзсангиз бўлмайдими?, Шунда инглиз тилини ўрганиш ҳам осон бўларди, балки жаҳон тили бўлиб қоларди, дедим.

У жавоб қилди: ҳақиқатан бундай тафовут фақат чет эллик тил ўрганувчилар учун эмас, ўзимиз учун ҳам, ўзимизнинг болалар учун ҳам кўп мушкуллик туғдиради. Лекин биз ёзувимизни ўзгартирмаймиз.

Негаки, асрлар давомида яратилган маданиятимиз шу ёзувда битилган. Авлодларимиз бу ёзувдан ажралиб қолишини истамаймиз. Майли, инглиз тили жаҳон тили бўлмай қўяқолсин, деди у ҳазил аралаш.

Тошкентдаги шарқшунослик ва қўлёзмалар институтларининг фондида ҳали тахи бузилмаган, ҳеч ким ўқиб ўрганмаган, бу кетишда яқин юз йиллар ичида биров ўрганмайдиган қўлёзмаларнинг сони-саноғи йўқ. Булар орасида Навоийнинг барҳаётлик вақтида кўчирилган, улуғ шоир ўз қўли билан ушлаган дея тахмин қилинувчи девон ҳам бор.

Гоҳ қайғуга тушаман, яна юз йилдан кейин бу асарларни биров ўқий оладими, деб юрагим эзилади.

– Навоийшуносликнинг аҳволи, умуман, классик адабиётимизни ўқиш-ўқитиш хусусидаги фикрингизни ҳам билмоқчийдим… Биз олтмиш студент дорилфунуннинг адабиёт бўлимида беш йил (!) таҳсил кўрдик, лекин Алишер Навоийни билмай битириб кетавердик. Ҳатто навоийшуносликка ихтисослашиб олган муаллимларимизнинг ўзлари ҳам сабоқка муҳтож эканлар. Албатта, биз ҳам оппоқ эмасмиз, ўзимизда ҳам тиришқоқлик етишмагандир эҳтимол. Лекин барибир дарсларда Навоий ғояларининг ўта жўн талқин этилиши, образлар дунёсининг тўла очиб берилмаслиги қилар ишини қилди: биз Навоийни тушунишда мажруҳ авлод бўлиб вояга етдик. Камига, неча асрлар нарида шаклланган, бугунгача ўсиб, бир-бирини тўлдириб, тажриба орттириб келган Шарқ адабиётшунослиги намуналаридан етарли даражада баҳраманд эмасмиз. Қолаверса, Шарқ фалсафасини, унинг оқимларини билмасдан туриб мумтоз адабиётимизни ҳис қилиш, тушуниш мумкин эмас. Шу маънода, муҳтарам олимларимиз Алибек Рустамов, Нажмиддин Комиловларнинг кейинги пайтларда матбуотда эълон қилинган мақолалари диққатга сазовор. Ундай мақолаларнинг чиқиши икки жиҳатдан ибратли бўлди: аввало, классик адабиётни аслига яқин тушуниш мумкинлигини кўрдик; иккинчидан, бу соҳада ҳали ҳеч нарсани билмаслигимизни ҳам билдик…

– Биз мактабда ўқиган вақтимизда немис, инглиз, француз тилларига муносабат ўша тилларда сўзлашадиган аблаҳ империалистларга бўлган муносабатдек совуқ, беписанд бўлган. Шўрлик чет тили ўқитувчиларидай беобрў ўқитувчи бўлмас эди. Биз дарсда очиқдан-очиқ тўполон қилиб ўтирардик ва бу билан гўё синфий душманга нафратимизни намойиш қилган бўлардик. Мактаб маъмурияти ҳам бизни ортиқ исканжага олмас, синф раҳбарларимиз «йўлига»гина уришиб қўйишарди. Шундай қилиб бизнинг авлод мактабда чет тилини ўрганолмай қолган.

Айтмоқчиманки, ҳар бир фанни ўрганиш ўша фанга муносабатдан бошланади. Филолог студент Навоийни билмаса, осмон узилиб ерга тушармиди, муҳими гапнинг эга-кесимини, иккинчи даражали бўлакларини таҳлил қилолсин, мактабда дарс берганда аввало шу керак бўлади – мана шундай фикр маъмуриятда устивор бўлган жойда классик адабиёт ўрганилмайди. Қолаверса, домлаларнинг ўзи ҳам бу соҳада чуқур билимга эга эмаслиги маълум. Бунга ҳам ўша муносабат сабаб бўлган, улар ўқиган вақтларида ҳам… «осмон узилиб ерга тушмаган».

Классик адабиётни ўрганишнинг назарий асосларини қайта кўриб чиқиш керак. Аввалги суҳбатимизда айтган эдим, яна такрорлайман. (Аҳвол яхши томонга ўзгармагунча такрор-такрор гапиришнинг зиёни йўқ, менимча.) Биз ўтмиш ёзувчиларини «бизникилар» ва «бегоналар» қилиб ажратиб, бўлиб чиққанмиз. Масалан, Навоий бизники, Ҳусайний – бегона, чунки у подшо бўлган. Нодира бизники, Амирий бегона, у ҳам подшо бўлган. Вазирга, маликага чидаш мумкин, подшога шафқат йўқ. Хон саройига яқин бўлган шоира Увайсий – бизники, у аёл, лекин Фазлий Намангоний – бегона. У – сарой шоири. Суфиёна шеърлар ёзган бир шоир – бизники, бошқаси бегона – у диний-мистик шоир ва ҳоказо ва ҳоказо. Классик адабиётни бундай стереотипларга бўйсундириш, миямиздаги қолипларга жойлаб чиқиш ўзи кулгули. Бундай муносабат бўлган жойда классик шеъриятни холис ўрганиб бўладими?

Адабиётшуносликнинг тамға сандиғи катта экан, уни суфий, буни эпигон, яна бировни клерикал деб юз хил муҳр-тамғалар билан сийлаб чиқилган. Мен ҳам дорилфунунда тил-адабиёт факультетида ўқиганман. Лекин ҳали ҳануз Маҳзуна нега яхши-ю, Адо нега ёмонлигини билмайман.

Нега Навоий достонларини нашр этганда ҳамду наътлари, Худога ва пайғамбарларга илтижо билан айтган сўзларини қисқартириш керак? Энг буюк фалсафий фикрлар, қолаверса, энг исёнкор туйғулар ўша ҳамду наътларда ифода этилган-ку!

Классик адабиётшунослигимиз ўз қолипларидан, ҳадиксираш одатидан қутулмагунча бу илмнинг ташвиқотини йўлга қўйиб бўлмайди, ахир бу сирли қулфга солинган калитнинг ўзи хато, у бошқа қулфники.

Кейинги вақтда Навоий ва бошқа шоирларнинг ғазаллари таҳлили газета-журналларда кўриниб турибди. Мен Алибек Рустамов, Нажмиддин Комиловларнинг таҳлилига ҳеч эътироз қилмайман. Улар билгич олимлар. Лекин шундай таҳлилларга кўзим тушадики, уларни ўқиганда беихтиёр: «Эй худо, бундай таҳлилдан ўзинг асра», дегим келади.

Ғазалнинг мазмунини жўн гапириб бериш – таҳлил эмас. Бу ғазални ечинтириш. Уни шоҳона либосдан холи қилиб, очиқ танасини кўрсатиш холос. Бундай таҳлил шеърхонни совутади, шоирни беобрў қилади.

Шеърият – математик теорема ёки кимёвий формула эмаски, уни қисм-қисмларга ажратиб ўрганилса, калла-почасини айириб тахтланса. Шеър – сўз билан айтиб бўлмайдиган ҳиссиёт. Унда мусиқа бор, кўз илғамас товланишлар бор, ақл бовар қилмас сеҳр бор. Шеърни оддий сўз билан баён қилиб бўлмайди. Лекин бу гапдан, Навоий ғазалларини шарҳлаш керак эмас, деган фикр чиқмасин. Фақат, шарҳлаганда ғазалнинг гўзаллигини, санъатини, мўъжизавий қудратини ҳам оз бўлса-да ифода қилиш керак бўлади. Мен ҳам Навоийнинг бир-икки ғазалини шарҳ қилганман. Рост айтсам, шарҳлардан ўзимнинг кўнглим тўлмайди. Орзу қиламанки, Навоийни шарҳлайдиган одам аввало ўзида теран олимлик билан нозиктаъб шоирликни уйғун қилган одам бўлсаю у бор идрок ва ҳиссий иқтидорини сарф қилиб шу табаррук ишга киришса, Алишер Навоийни чинакам халқ мулкига айлантирса.

– Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида рўй бераётган бугунги ижобий ўзгаришлар адабиётимиз тарихини ўрганишимизда ҳам янги имкониятлар яратиши табиий. Шу маънода, ўтмиш маданиятимизга муносабатда қандай ўзгаришлар бўлишини истар эдингиз?

– Биз яқин ўтмишда йўл қўйган хатолар ичида энг ёмони – ошкораликдан чекинганимиз, десак тўғри бўлар. Халқни коммунистик руҳда тарбиялашни биз фақат биртомонлама маълумот бериш деб тушундик. Ҳамфикрларимизни эшитдик, қарши томоннинг гапига мутлақо қулоқ солмадик, радиосини бўғдик, китобини яқинлаштирмадик. Бир сўз билан айтганда, одамларни фикр қилмасликка, хулосаларни тайёр ҳолда қабул қилишга ўргатдик.

Афсуски, бу ҳол ўтмиш адабиётини, фалсафасини ўрганишга ҳам таъсир кўрсатди. Биз, ҳали айтилгандек, шоирларни, файласуфларни «бизникилар» ва «бегоналар»га бўлиб чиқдик. Бегоналарга реакцион, ғайриилмий, ғайримарксистик, деган тамғаларни босиб гўё бир сандиққа солиб қулфлаб қўйдик ва, бу сандиқда каттакон илон бор, очсанг – чақади, ўлдиради, деб одамларни қўрқитиб юрдик.

Ахир 1937 йилда бир одамни йўқ қилиб юбориш учун уйидан араб ёзувидаги китоб чиқиши кифоя эди. Бу китоб Қуръонми, Або Муслим саргузаштими, Алишер Навоий девоними – бунинг аҳамияти йўқ эди.

Ана шундай қилиб биз ўтмишдан узилиб қолдик. «Ўтмишни соғиниш», «ўтмишни идеаллаштириш» қабилидаги тайёр айбномалар ўз ишини қилди. Биз бугун на диний ақидаларни, на тасаввуф асосларини биламиз. Ҳа, билмаймиз ва билмаслигимиз билан керилиб қўямиз. Ваҳоланки, фақат жоҳилгина ўз жаҳолати билан мақтанади. Ваҳоланки, В. И. Ленин, дунё яратган барча билимларни эгалламай туриб коммунист бўлиш мумкин эмас, деган.

– Эркин ака, бир оз ўнғайсиз бўлса-да, ўзингизнинг ижодингизга тегишли мулоҳазамни ҳам айтсам. Гап «Ёшлик девони» ва анъана хусусида. Мана, девон босмадан чиққанига йигирма йил бўлибди. Биздан битта-иккита кўйлакни ортиқ йиртганларнинг гувоҳлик беришича, ўша йиллари «Ёшлик девони»чалик машҳур китоб кам бўлган! Гарчи кейинги китобларингизда Сиз мутлақо бошқа шоир сифатида кўринган бўлсангиз ҳам, руҳан барибир классик адабиётимиз анъаналарига содиқ қолавердингиз. Шеърий интизом, оҳанг, мусиқавийлик, фикрий теранлик, донишмандона назар, борингки, фалсафа – барчаси шарқона. Шунинг учун мен Сизни ижод томирларида Шарқ шеъриятининг қони оқиб турган йирик ҳамда (афсуски) сўнгги вакил деб биламан. Ажабки, Навоий, Фузулий, Бобур ғазалларига бор-йўғи биттадан мухаммас боғлагансиз. Муайян шоирлар ижодига салафларининг таъсири масаласини унга боғланган мухаммасларнинг сони ва умуман шарқ шеъриятида тез-тез қўлланилиб турадиган образларнинг нечоғлик кўп учраши билан ўлчайдиган адабиёшунослик назарида…

— Нимага шама қилаётганингизни тушундим. Аввало шуни айтишим керакки, агар мен Шарқ шеърияти руҳини ўзига сингдирган сўнгги шоир бўлсам, дунёда энг бахтсиз шоир бўлар эдим. Шукрки, бундай эмас.

Яқинда Тоҳир Қаҳҳорнинг бир туркум ғазалларини ўқидим, Астойдил қувондим. Ғазалнинг ўлмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Тоҳир бу кўҳна вазнга янги руҳ, янги ўй, янги жон берибди.

Йигирма йил илгари ёзган ғазалларим бир китобча бўлиб чиққач, анчагача ғазал ёзолмай юрдим. Баъзи ёзганларимдан кўнглим тўлмади. Улар нари борса «Ёшлик девони» даражасида эди. Билмадим, буни шуҳратпарастлик дейсизми, қарсакталаблик дейсизми, мен ҳарқалай ҳар бир янги ёзган китобим аввалгиларини қай жиҳатдандир такрорламайдиган, бирор хусусияти билан бошқачароқ бўлса, дейман.

Яна битта «Ёшлик девони» ёки яна бир «Тирик сайёралар» ёзгим келмайди.

Шарқ классик шеърияти мурғак хаёлим бешигини тебратган, десам янглишмасман. Сут билан кирган жон билан чиқади. Мен нима ёзмай, қай жанрда куч синамай бу меҳр, бу таъсир албатта намоён бўлади.

Шарқ классик шеърияти таъсирида бўлиш дегани албатта аруз вазнида ёзиш ёки шарқона образларни кўп қўллашни билдирмайди. Таъсир фикр қилиш тарзида, ҳис қилиш тарзида кўринади. Навоийнинг ғазалига мухаммас боғлаган шоир унга эргашган-у, боғламагани эргашмаган деган гап ижодий таъсирни жуда жўн тушуниш, жўнгина эмас, хато тушуниш демакдир.

– Эркин ака, охирги саволим эркин мавзуда. Алишер Навоий туғилган кун баҳона кўнглингизда биз ёшларга аталган яна қандай гапларингиз бор?

– Биз мақтанчоқ одамлармиз. Ўзимизни жуда маърифатли, салафларга қараганда беқиёс олға кетган, комил одамлар деб ўйлаймиз. Адабиётимиз ҳақида гапирганда ҳам фақат унинг ривожи, тараққиётини сўзлаймиз. Ўз кўнглимизда биз олдиндамиз-у, беш аср наридаги шоирлар орқада.

Менда савол туғилади. Биз Навоийдан қайси жиҳатимиз билан ўзиб кетдик? Маҳоратдами? Мутлақо! Ниятимизнинг улуғлиги ва поклигидами? Шубҳам бор. Инсон қалбини англаб етишдами? Инсонпарварлик ғоясидами? Яна шубҳам бор. Навоий ҳар жиҳатдан бизга қараганда покроқ, улуғроқ, олижаноброқ. У инсонга меҳрни куйлади, одамлар ўртасида улар қайси гуруҳга мансуб бўлмасин, нифоқ эмас, биродарлик бўлишини орзу қилди. У одамзод қалбига илоҳият даражасидаги муқаддас бир поклик деб мурожаат қилди.

Биз Алишер Навоийни яхши кўрамиз, яхши кўрганда ҳам бошқалардан қизғаниб, у бизники, деб яхши кўрамиз. Лекин шу муҳаббатимиз, қизғанишимиз даражасида уни биламизми?

Югославияда Струга шаҳридаги мушоира кунларида қизиқ бир воқеа бўлди. Анқаралик бир турк шоири билан танишиб қолдик. Ўта миллатпарвар йигит экан. Туркий тилда яратилган барча адабиёт усмонли туркники деган эътиқодини яширмади. Айниқса, Фузулийни жуда яхши кўрар экан. «Нега Фузулий озарбойжонники бўлади, у ахир усмонли турк тилида ёзган-ку», деб туриб олди. Қарасам, уни бу фикрдан қайтаришнинг иложи йўқ. Фузулийдан байтлар ўқий бошладим, у давом эттирди. Сўнг у бошқа байтни ўқиди, мен ғазални давом эттирдим. Шу кун кечгача Фузулийхонлик қилдик. Тун ярмига бориб шу нарса маълум бўлдики, мен Фузулий ғазалларини кўпроқ ёд билар эканман. Мақтаниб қўяй, турк шоиридан Фузулийни ютиб олдим. У икки қўлини кўтариб: «Эркин, Фузулий саниндир! Фузулий санин!» яъни, Фузулий сеникидир, деди.

Эртасига навоийхонлик қиладиган бўлдик. Лекин тонгда бизнинг сафар йўлимиз бошқа-бошқа ёққа тушиб қолди. Бир ҳисобда бундан суюндим. Турк шоирига Навоийни ютқазиб қўйишим ҳеч гап эмас эди. Бундай ҳолни ҳеч бир ўзбекнинг бошига солмасин.

Ахир, ер ишлаганники, шоир ўқиганники-да.

“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 2-сон