Элеонора Амашкевич. Кино санъатидаги асорат (1989)

Конфликтсизлик назарияси. Бу зарарли назария бошқа санъат асарларида бўлганидек, кино санъатида қам жиддий асорат қолдирди. Биз қуйида шу хусусда мулоҳазалар юритамиз.

Аввало «назария» тарихи ҳақида. Совет эстетикаси, адабий танқид ва адабиётшуносликда қабул қилинган бу шартли атама, биринчи галда, замонавий воқеаларга бағишланган адабиёт ва санъат асарларида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган конфликтлар — зиддиятлар, қарама-қаршиликлар бўлмаслигини тақозо этади. Шу йўсинда Совет жамиятида социалистик қурилиш, кураш жараёнида юз берадиган қарама-қаршиликлар рад этилди. «Конфликтсизлик назарияси» тарафдорлари мавжуд конфликтларни тасвирлашдан бош тортиб, фақат «яхши» ва «энг яхши» конфликтларни тан олар эдилар.

«Конфликтсизлик назарияси»нинг ривожланиши шахсга сиғиниш пайтларига тўғри келди. Бу давр дабдабабозлик, сохта муваффақият, шиорона гаплар даври бўлиб, бадиий адабиётда ҳаётийликдан узоқлашиш тарзида кўзга ташлана бошлади. Адабиёт ва санъатдаги конфликтсизлик йўлларининг назарий асосида «социализм — қарама-қаршиликсиз тараққиётдир», деган нотўғри талқин ётар эди. «Под знаменем марксизма» журнали саҳифаларида бўлиб ўтган мунозараларда жамиятимизда нафақат антагонистик, ҳатто ноантагонистик қарама-қаршилик ҳам йўқ, дейишгача бориб (1940 йил, 8-сон, 50—51 -бетлар) етдилар.

Шу қарашларга мувофиқ бу назария тарафдорлари оғир, жасоратли совет ҳаётини юзаки, сохта акс эттирилган бадиий асарларни кўкка кўтариш билан шуғулландилар, ҳаётимиз фақат ғалабалардан ташкил топган ҳаёт тарзида бир ёқлама талқин қилинди. Мана шу эҳсонлар туфайли С. Бабаевскийнинг «Олтин юлдуз кавалери», «Ер устида нур», И. Пирьевнинг «Кубань казаклари», А. Сафроновнинг «Москва характери» каби пьесалари ҳақиқий бадиий асар намуналари, деб жар солинди. Шу назария тарафдорларидан бири танқидчи А. Эльяшевич шундай деб ёзган эди: «Бизга байрамона адабиёт керак, бу адабиёт кишиларни ҳаёт икир-чикирларидан устун қўйиши даркор («Звезда» журнали, 1954 йил, 10-сон). Хуллас, «Конфликтсизлик назарияси» социалистик реализм санъатининг асосий принципларига катта путур етказди.

1938 йили А. С. Макаренко «Шаблонга қарши» мақоласида шундай деб ёзган эди: «Бизнинг адабиёт конфликтли ҳолатларни тасвирлашдан қўрқмаслиги керак. Ҳаётнинг гўзаллиги ҳам бу ҳаётда конфликтлар йўқлигида эмас, балки уни ечишдан иборатдир».

Партиямиз XX съездидан кейин «конфликтсизлик назарияси» қаттиқ танқидга учради. Лекин XX съезддан кейин ҳам ёзувчиларни эскириб қолган қарашларга, идеал қаҳрамон образини яратишга ундашлар йўқ эмас эди. «Шахсга сиғиниш йўқ, унинг акс-садоси, шамоли ҳали ҳам, минг афсус, адабиётда, умуман, матбуотда ўз ўрнини топмоқда», деб таъкидлаган эди КПСС XXVII съездида сўзлаган нутқида А. Т. Твардовский.

Ўзбек адабиётида ҳам «конфликтсизлик назарияси» камида ўттиз йил мобайнида ҳукм сурди. Конфликтсиз сип-силлиқ кино намуналарини биз урушдан кейинги йилларда чиқарилган фильмлар ичида кўп учратамиз. Н. Ғаниевнинг «Фарғона қизи» (1948) номли фильмида қишлоқ хўжалигини механизмлаш муаммоси қўйилган. Фильм анча бўш бўлиб, у Н. Ғаниев истеъдодига хос эмас эди. Санъатшунос Ж. Тешабоев шу фильм ҳақида шундай ёзган эди: «Режиссёр, актёр, сценарийнавис берилган андозани жонлантиришга уриндилар, фильмга жасоратлик, олижаноблик руҳини киритмоқчи бўлдилар. Жиддий кузатувлар, ҳаётий фактлар, характерларнинг ўзига хослиги билан асосланмаган муаллифларнинг ғояси ҳавойи бўлиб, режиссёр Н. Ғаниевнинг шубҳасиз қимматли топилмаларини йўққа чиқарди».

Бундай ҳаққоний эътирозлар «Гулбаҳор», «Стадионда учрашамиз», «Саҳродаги воқеа», «Янги уйга кўчиш», «Опа-сингил Раҳмоновалар» каби фильмларга ҳам бевосита тааллуқли эди.

Ўзбек санъати учун ҳам 50-йиллар энг мураккаб давр эди. Ҳаётнинг ўзи носоғлом йўналишларни бартараф қилиб, олдиндаги янги муаммоларни ҳал қилишни тақозо этарди. Энг муҳими, санъатда ҳақиқий ҳаётга бир оз яқинлашиш керак эди. Чунки ана ўшандагина шу пайтгача инкор қилиниб келинган характерлар ва конфликтлар юзага келар эди. Лекин бунга ҳали анча бор эди. К. Ёрматовнинг навбатдаги «Абу Али ибн Сино» (1958) фильми ҳам унча муваффақиятли чиқмади. Мазкур асар ўша вақтда мақталган «Алишер Навоий» фильмининг чиқарилиши совет биографик фильмларининг пайдо бўлишида муҳим роль ўйнади. Агар «Мичурин» фильмидан «вейсманизм, морганизм мавзуини акс эттиришни» талаб қилганларини, «Тарас Шевченко» фильмида эса, Добролюбов ва Чернишевскийларнинг кўрсатилмаганлигини «айб» деб ҳисоблаганларини инобатга олсак, «Алишер Навоий», фильмининг тақдири анча омадли эканлигини кўрамиз. Бу фильмга нисбатан сунъий талаблар қўйилмади. Шунинг учун ҳам тарихий шахслар ҳаётига бағишланган фильмлар орасида «Алишер Навоий» фильми ўзининг ғоявий-бадиий тугаллиги ва равшанлиги билан ажралиб туради.

40-йилларнинг ўртаси ва 50-йилларнинг бошларида мамлакатимизда яратилган биографик фильмларни баҳолашда «норматив эстетика», яъни бошқа камчиликлар қаторида қаҳрамонни чеклаб қўйиш «мезони» ҳам бор эди. Биринчи галда, қаҳрамон томонидан қилинган ишлар ниҳоятда дабдабабозлик билан акс эттирилар эди. Бу эса қаҳрамонни кўкка кўтариш, унинг шахсиятини бўрттиришга олиб келар, яъни оддий ҳаёт билан кинодаги ҳаёт ўртасида катта «жарлик» ҳосил бўларди. «Алишер Навоий» фильмидан олдин яратилган «Александр Невский», «Суворов», «Пархоменко», «Котовский» сингари биографик фильмларда ватанпарварлик мавзуи кўтарилган бўлиб, буларда ҳарбий саркардалар ҳақида ҳикоя қилинган эди. 1947 йилгача шоирлар ҳаётига бағишланган кинофильмлар деярли йўқ эди. «Пушкиннинг ёшлиги», «Арзрумга саёҳат», «Шоир ва шоҳ» номли овозсиз фильмлар, албатта, бундан мустасно.

60-йилларнинг бошларида ўзбек киносанъатига бир қатор ёш истеъдодлар кириб келди. Э. Эшмуҳамедов, Ж. Исҳоқов, А. Ҳамроев, Р. Ботиров сингари ёш истеъдодлар кириб келди.

А. Қаҳҳор сценарийси асосида «Синчалак» фильми (1961, постановкачи Л. Файзиев)нинг яратилиши билан кино санъатимизда объективлик сари биринчи жонланиш сезилди. Танқидчилар бу фильмни таҳлил қилиб, унинг афзал томонларини таъкидладилар. Қаландаров образини яратган актёр Ш. Бурҳоновнинг истеъдодига юқори баҳо бердилар. Лекин ўша даврда янги шароит пайдо бўлганини ҳеч ким таъкидламаган эди.

Танқидчиликнинг ўзи кўп йиллар давомида шундай йўл тутдики, оқибатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, яъни ҳаётий қарама-қаршиликни, яъни конфликтнинг юзага чиқишини давлатимиз тузилишига зид деб тушунилди. П. Қодиров сценарийси асосида олинган Р. Ботиров ва А. Хачатуровнинг «Сенинг изларинг» фильми ҳам нисбатан муваффақиятсиз чиққан эди. Чунки ишланаётган ҳужжатли материалнинг ўзи кино асарининг муваффақиятли чиқишини таъминлай олмас эди. Фильмда жуда кўп нарса — долзарб конфликтлар, ҳаққоний образлар, ҳаёт драматизми йўқ эди. Фильм постановкачи Равил Ботиров учун дастлабки синов бўлди. Ботировнинг фильмлари замондошларимиз ҳаёти ҳақида изчил сўзлаб берар, уларда одамийлик тарғиб қилинар эди.

Шуҳрат Аббосов «Сен етим эмассан» фильмида кино санъати ёрдамида ўзининг энг асосий инсоний бурчини бажарган оддий киши образини кўрсата билди. Тошкентлик темирчи Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри аянинг оғир уруш йилларида етим болаларни тарбиялаб, ҳаётга йўллаши фильмнинг моҳиятини ташкил этди. Фильм томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.

Ш. Аббосов ва А. Неверовнинг «Тошкент — нон шаҳри» кино қиссасида яқин ўтмиш воқеалари орқали авлодимиз уй ва интилишлари таъсирли равишда ўз ифодасини топди. Лекин Ш. Аббосовнинг «Оловли йўллар» киноэпопеяси муваффақиятсиз чиқди. Унда ноҳаётий ўринлар, воқеалар талайгина.

Али Ҳамроев кино санъатига ўзига хос овоз билан кириб келди. Танқидчилар таъбири билан айтганда, у яратган фильмлар жўшқин қаҳрамонлари билан ажралиб туради. 60-йилларда А. Ҳамроев «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» асарини яратиб, кино санъати мухлисларини хурсанд қилди. Истеъдодли режиссёрнинг кўпгина фильмлари фақат республикамиздагина эмас, балки Иттифоқ миқёсида шуҳрат топди. Унинг «Фавқулодда комиссар», «Еттинчи ўқ», «Қушлар кетидан кетади одам» асарлари янги мезондаги фильмлардир.

Истеъдодли режиссёр Э. Эшмуҳамедов ижоди тимсолида ўзбек киносида поэтик йўналиш кўрина бошлади. Шу билан бирга Элёр гражданлик жасоратига эга бўлган режиссёрлигини ҳам намоён этди. Унинг «Учрашув ва хайрлашув», «Бизнинг ёшлигимиз», «Умид қушларимиз» фильмлари, айниқса «Алвидо, ғўр ёшлигим» асари долзарб ижтимоий долзарб муаммоларни кўтариб чиққанлиги билан томошабинлар эътиборини тортди. «Алвидо, ғўр ёшлигим» фильми ўзининг ошкоралик ва принципиаллик даражасининг юқорилиги билан ажралиб туради. Фильмда инсон учун ҳақиқат, пок виждонлик нақадар зарурлиги алоҳида таъкидланган. Адолат учун курашиш инсон ҳаётининг моҳияти, деган юксак ғоя илгари сурилган.

Мана, жамиятимиз энг масъулиятли давр — қайта қуриш жараёнини бошдан кечирмоқда. Ошкоралик ва демократия шароитида бор ҳақиқатни кино асарларининг ҳам асосий вазифасидир. Ана шу йўл билангина биз, санъатнинг бошқа турларида бўлганидек, кино санъати асарларида ҳам турғунлик давридан қолган асоратлардан тезроқ қутуламиз.

Элеонора Амашкевич, филология фанлари кандидати

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 2-сон