Наталья Симбирцева. Адабиёт кинога нима беради?

Кино – бадиий адабиётнинг энг инжиқ ўқувчиси ва энг маккор талқинчисидир”.

В.Гоффеншефер

Кино санъати йилдан йилга оммалашган сайин инсоннинг кундалик ҳаётидан китоб ўқиш амалиётини чиқариб ташламоқда. Бугунги кунда китоб ўқиётган кишига одамлар бошқача қарайдиган бўлиб қолди. Бу ҳаракатнинг ғалатилиги мулоқотнинг бошқа йўллари анча оддий йўлларга айланганлигидандир. Масалан, китобни ўқимасдан радиодан эшитиш мумкин, интернетдан топса бўлади, экранда “жонланади”. Китобнинг ўзини қўлга олмай туриб ҳам асар тўғрисида тасаввурга эга бўлиш мумкин. Бутунжаҳон интернет тармоғи орқали ҳар қандай китобнинг тайёр қисқача мазмунини топиш мумкин, яъни,  маълум бир китоб тўғрисида танқидий мақола ёки тақриз, блоглар, телеверсия ёки бошқа визуал кўринишидаги турли маълумотларни осонгина қўлга киритиш мумкин. Бошқача айтганда, бугунги кунда биз китобни ва айнан дастлабки манбанинг асл мазмунини йўқотиш эвазига унинг атрофидаги ўзига хос талқин қилинган информацион матнлар билан кифояланяпмиз.

Китоб дегани муаллифнинг “қоғозга туширилган фикри” бўлмай қолди.  Эндиликда китоб ўзининг мулоқот функциясини – индивидуал мулоқотини йўқотиб боряпти. Маълумки, бундай мулоқот жараёнида инсон оммавий коммуникация тузилмаларидан қатъий назар ўзига муаллиф, қаҳрамонлар, давр билан муносабат тизимини барпо этади. “Яккама якка” тамойилига кўра, китоб билан мулоқот китобхондан маънавий саъйи-ҳаракатни талаб қилади. Чунки китоб шахснинг шуурий маконига сингиб боради. Бугун дунёда нафақат китобга муносабат, балки унга ошно бўлишнинг усуллари ҳам ўзгарди: эндиликда китоб қулоқчинларда (наушник) жаранглаши, кўзга кўриниши, электрон шаклига кириши мумкин. Бу китобларнинг шаклий жиҳати – безагида ҳам намоён. Шу боис, китоб ва китобхон ўртасидаги мулоқотни нофаол – кўздан кечириш мулоқоти сифатида тасвирлаш мумкин. Мутолаа муаммоси шу қадар аниқ ва табиий ҳолдек кўринадики, ҳали у кўплаб бошқа муаммолар келтириб чиқармаса эди…..

Ҳозир китобнинг ўзини унинг экранлашган кўринишидан афзал деб биладиганлар кам: китобни кўриш ва эшитиш билан қабул қилишга ўрганган жамиятга фикрловчи доирага мўлжалланган асарларни тушуниш қийин ҳолга айланган.

Бадиий асарни экранлаштириш – бу ўқиладиган нарсанинг режиссёрлик талқини, кўплаб коммуникацион мулоқот тузилмалари асосида юзага келадиган медия макондир. Ушбу янги макон бир манба билан чекланмаса, асарнинг асл мазмунини тушунмаса-да, инсонга таъсир этиш имкониятлари кенг. Агар бундай талқинлар тайёр шакллар билан чегараланса, маънони ҳам торайтириб қўйиши мумкин. Табиийки, экранизацияни кўрадиган ҳар бир томошабин фаол китобхон бўлмайди, яъни, режиссёр томонидан таклиф этилган фильмнинг асл манбаси – китоб мазмунини танқидий англашга тайёр бўлмайди.

Бугунги кундаги экранлаштириш оммага таъсир этишнинг барча томонларини ҳисобга олади. Шунинг учун омма орасида тез тарқатилишидан ташқари арзон машҳурликни қўлга киритмоқда ва одамларни китобнинг асл нусхасини ўқитишдан “қутқармоқда”. Афсуски, кўпчилик адабиёт билан танишишнинг ушбу усулини қулай ва мақбул деб ҳисобламоқда. Чунки, китоб ўқишга вақт сарфлаш заруратини йўққа чиқаряпти. Бу кўриниб турган таназзул эканлиги аён бўлса-да, одамлар бу қулайликдан воз кеча олмайдилар. Бироқ юксак фикрловчи кишилар доираси ҳам кинематография ютуқларини инкор қилмайди, аксинча, маълум мезон ва дид асосида қабул қиладилар.

Маълумки бадиий асар матни экранлаштириш жараёнига ўзига хос таржимага тортилади. Натижада ўқилганда ҳис этиладиган фикрлар визуал тусга киради. Асарнинг мулоқот усули “китоб + ўқувчи”дан “китоб + томошабин”га ўзгаради. Асар билан ҳаққоний мулоқот амалга ошиши учун асар муаллифи ва уни экранда яратувчиси режиссёр фикран бир маконда бўлиши ва бир тилда сўзлаши зарур. Бундай мулоқотга томошабиннинг тайёргарлик даражаси турлича бўлади, яъни, оддий инсондан ҳам, мутахассис ҳам бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан экранлаштирилган асарни қабул қилувчиларни ҳам бир қанча тоифаларга бўлиш мумкин: тайёрланмаган, кам тайёрланган, тайёрланган ва яхши тайёрланган  ҳамда мутахассис томошабин.

Тайёрланмаган томошабин муаллифнинг фильмлаштирилган асарини мутолаа қилмаган бўлади. Кам тайёрланган томошабин эса асарни ўқиган, бироқ унинг ғоявий мазмуни ва яратилиш тарихи билан таниш эмас.

Тайёрланган томошабин матнни ўқиган, унинг ёзилишидаги ўзига хосликлар тўғрисида тасаввурга эга, ўша асарнинг бадиий даражасига ўзининг маълум муносабати мавжуд томошабиндир. Бу учинчи тоифа асар ва унинг фильм талқини орасидаги яқинлик ва тафовутларни аниқлай олади. Яхши тайёрланган томошабин эса асарни ўқиган, мазмунан англаб етган, ёзувчининг ижоди билан таниш, асар яратилган давр тўғрисида тасаввурга эга бўлибгина қолмай, сюжетлар, мотивлар, қиёфалар, ғоялар даражасида асарнинг бошқа асарлар билан мазмунан алоқасини аниқлай оладиган томошабиндир.

Мутахассис томошабин асарнинг матн асосини ҳамда фильм талқинини мазмунан ва шаклан таққослаб таҳлил қила олади. Бошқача айтганда, режиссёр қараши билан баҳсга кириша оладиган талқинчи ва танқидчи бўлади. Албатта, санъат асарини қабул қилишда бу миқёсдаги томошабин-ўқувчи доираси кенг эмас.

Масала, томошабин фильмни томоша қилишда қандай мезонларга таяниши лозимлигида. У фильмни асл матнга мослигини аниқлабгина қўя қоладими ёки режиссёрнинг ижодий мулоҳазасини тушунишга интиладими? Бу оддий масала эмас. Адабиёт ва кино санъати орасидаги ҳамкорликнинг натижаси баъзан томошабинни қаноатлантириши ҳам ҳафсаласини пир қилиши ҳам мумкин. Баъзи бир фильмлар томошабинни асар матнини ўқиб чиқишга ундайди. Аксарият мумтоз асарларни талқин этишдаги режиссёрнинг ижодий қараши, ўз муносабатини қандай тақдим этаётганлигини аниқлаш кўпчиликни қизиқтиради.

Кўз билан кўриладиган тасвирларни инсон онги жадалроқ ва самаралироқ илғаб олади. Бадиий асарни ўқиш китобхондан вақт ҳамда мураккаб фикрлаш фаолиятини тақозо этади. Муаммо шундаки, бадиий асар асосида олинган фильм аслиятга мос келиши “хомхаёл”ни юзага келтиради. Медиа маданият ҳукмронлиги шу қадар кучайиб кетдики, натижада инсон ҳиссий фикрлашдан тўхтаб қолди.

В.Гоффеншефер 1930-йиллардаёқ “Кино – бадиий адабиётнинг энг инжиқ ўқувчиси ва энг маккор талқинчисидир… Жавобгарлик бадиий асарни муайян қиёфаларда ўзича акс эттирувчи ижодкорнинг масъулияти ҳамда ўша асарни шарҳлаб, талқин қилувчи танқидчи масъулиятидан шаклланади. Бу масъулият бевосита инсон онгига таъсир кўрсатишнинг энг қудратли қуролларидан бири – кинода акс этади”, деб ёзганди ўз мақоласида. Бу фикр социалистик реализм даврида айтилган, лекин бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда ҳам тўғридир. Ўша даврда экранлаштириш тоталитар маданиятни тарғиб этувчи медиум сифатида юзага чиққан, Сталин даврининг асосий кинематографик жанрларидан бирига айланган эди.  Мафкуравий вазифалар юкланган, серсўз сценарийлар шу қадар ҳукмрон эдики, бу кинода тасвирнинг кейинги даражага тушиб қолишига ва ҳатто йўқолишига олиб келди. Бу жараён, айниқса, “кичик тасвир” деб аталувчи даврда (1946–1953) намоён бўлди. Кино санъатида адабий манбага асосланиш – экранлаштириш ўз сиёсий вазифасини адо этди ва ватанпарварлик туйғусини кўрсатишга қаратилган образларни кўпайтириб берди. “Петр 1” (1937–1939 йиллар, В.Петров,) “Чапаев” (1934 йил, режиссёрлар Г.Н. ва С.Д.Васильев) “Ёш гвардия” (1948 йил, режиссёр С.Герасимов), “Салават Юлаев” (1940 йил, режиссёр Я.Протазанов) ва бошқа фильмлар шулар жумласидан.

Ю.Шкловский ХХ аср бошида кино ва адабиёт нисбатининг икки кўринишини таклиф этади. Биринчиси, адабиёт кино усулларини кўпроқ қабул қилиши. Бу экранлаштиришда ўзига хос сюжет яратилишда акс этади;

Иккинчиси, фотография пайдо бўлиши билан натурализм рад этилганидек, адабиёт сюжетни буткул рад этади ва ўзининг қадрдон макони – сўз ва тил маконига қайтади.

Ю.Шкловскийнинг фикрига таянилса, экранлаштириш кинематографияда муваффақиятсизликка маҳкум бўлган жанрдир. Бизнинг асримизга келиб, экранлаштириш – ижодий мулоқотнинг бир усулига эмас, балки визуал маданиятнинг замонавий истеъмолчиси талабларини ҳисобга олувчи оммани ҳиссий фикрлашга мажбур қилмайдиган ялпи тусдаги медиа маҳсулот шаклига айланди.

Вақт ўтиб, кинематограф ва адабиёт иттифоқининг натижаси асл адабий матннинг ва унинг экран талқини орасидаги ўхшашлик мезонлари танқидчилар учун асосий мавзуга айланди. Аммо экранлаштириш бир вақтнинг ўзида ҳам индивидуал ижодкор (режиссёрнинг), ҳам ижодий гуруҳ (сценарийнавис, режиссёр, оператор, бастакор ва б.)нинг жамоавий асари сифатида даврнинг маънавий-ижтимоий қарашларининг кўп қатламли “кўчирмаси” сифатида яшаб, муайян шаклда ривожланиб келмоқда.

Китобнинг мазмуни ва муаллифнинг фикри қанчалик аниқ етказиб берилганидан қатъий назар, иккала асар (адабий матн ва фильм) ҳам ўз ўрнида муайян даврнинг гувоҳи ва солномасига айланади. С.М.Арутюнян фикри билан тўлдирилганда, “Бугунги кунда мумтоз адабиёт намуналарини экранлаштириш ўтмишдаги даврларни замонавий нуқтаи назаридан талқин қилишдан иборат бўлиб, у хоҳ эркин, хоҳ қатъий тарзда муайян янгича эстетик мезонлар, мафкуралар, инсон ва кишилик жамиятига нисбатан замонавий қарашларни юзага келишига хизмат қилади”.

Санъатнинг бошқа-бошқа турларига мансуб бўлган асарлардаги рамз ва образлар тизимни мазмунан умумлаштириш қандай амалга оширилади? Экранлашган асар мазмунини ўқишнинг ўзига хос томонлари сюжетнинг “медиал сусбстратлар” деб аталувчи турли ҳолатларда ифодаланиши билан боғлиқ. Мазкур ҳолатда етарлича эркин бўлган “нарративлар, икки турдаги асардаги рамз ва образларнинг ўзаро муносабатлари, бир-биридан фарқи ва ўхшашлигини аниқлаб беришга қодир”.

Адабиёт ва кинонинг ўзаро боғлиқлиги ва ҳатто ўзаро тобелиги кино назариётида ўрганилган.  “Кинонинг адабиётдан фойдаланишга уриниши ҳеч қандай натижа бермади, тўғрисини айтганда, инсценировка деб аталувчи бўлмағур натижалар берди” (В.Шкловский). “Кино адабиётдан “озод бўлиш” эвазига ривожланмоқда. Шу боис, оригинал сюжетларга таяниши лозим, чунки “сценарийнависликнинг асосий тамойили – бу бевосита ҳиссий англашдир…”. “Кино санъатини ривожлантириш – бу шакл орқали имкон қадар моҳиятни чиқариб беришдан иборат” (Б.Балаш). “Адабий асар ва унинг асосида яратилган фильм ўртасидаги ўйин экранлаштирилган асарни анчагина бойитади. Яхши экранлаштирилган маҳсулот дастлабки манбанинг руҳияти, мазмунини акс эттириши лозим” (А.Базен) “Экранлаштириш чоғида ҳам бадиий асар, ҳам кино йўқотилади. Агар қайсидир йирик асар экранда яшаб қолиши шарт бўлсагина, уни экранлаштирган маъқул. Акс ҳолда, у асарнинг аслидан ёмонроқ чиқади” (Г.Козинцев). “Адабиётга мурожаат қилиш эндиликда кино санъати учун бевосита аҳамиятли жиҳатдир, бу кинонинг бадиий усул ва тамойилларини такомиллаштириш демакдир” (Н.С.Горницкая). “Экранлаштириш дегани, бадиий асарнинг асл ғояси, унинг бадиий моҳияти доирасидан чиқмаган ҳолда, кино санъатининг ўзига хос воситалари орқали имкон қадар чуқурроқ ва шоирона етказиб беришдир” (И.Маневич) ва ҳоказо. Таниқли кино мутахассисларнинг бу каби фикр­ларидан кўриниб туриб турибдики, кино ва адабиётнинг биргаликдаги маҳсули санъатнинг алоҳида шаклини вужудга келтиради.

ХХ асрнинг охири ХХI асрнинг бошларида адабиёт ва кино муносабатининг ўзига хос томонлари тўғрисида сўз юритила бошлади. К.Ю.Игнатов экранлаштириш ва бадиий матн ўртасига тенглик белгисини қўйишни таклиф этади: “Экранлаштиришни кинематографчиларнинг мақсади бадиий асарнинг экранлашган кўринишини яратиш бўлгандагина оқилона иш деб қабул қилиш лозим”, деган фикрни ўртага ташлайди. Асарнинг мазмуни, руҳи ва тилини сақлаган ҳолда кино тилига ўгириш сифатида кўриб чиқишни таклиф этади”. В.В.Решетникова эса экранлаштиришни бадиий асарни турли тасвирий (сўз, мусиқа, видео) унсурлар воситасида экран тилига ўгиришдан иборат бўлган бадиий талқин сифатида тушунтиради. Экранлаштириш ўйинли кинонинг мустақил шакли бўлиб, унинг асосида адабий матн қарор топади.

Кинофильмга асос сифатида бадиий асардан фойдаланиш, бир жиҳатдан режиссёрга жиддий масъулият юклайди, шу билан биргаликда яратилаётган кино маҳсулотнинг муваффақиятининг маълум кафолати ҳисобланади. Адабиёт намуналарини экранда талқин қилиш замонавий маданият томонидан тақозо этилаётган ҳодиса сифатида мавжуд экан, унинг қийматини малакали танқидгина баҳолаши зарурлигини эътироф этиш жоиз.

Экранлаштириш адабий матннинг бадиий воқелигини ўзлаштириш усулларидан биридир. Режиссёрнинг кино воситаларига, дейлик,  камерага асардаги сўзлар бироз бошқача – фақат сценарийчи тилга олиш зарур деб ҳисоблаган нарсаларгина тушади. Сўзнинг ўзи тасвирлаш ва қиёфа яратиш кучига эга: у кино қиёфани яратиш жараёнида муболағани моддийлаштиришга имкон беради – матнда акс этган қиёфа кўзга кўринадиган қиёфага айланади. Сўз – бу адабиётчи тасвирлайдиган воқелик ҳамда китобхоннинг тасаввуридан вужудга келадиган ўхшатишлар ўртасидаги воситачидир. Кино бадиий асарда тасвирлашни талаб қилган нарсани кўрсатишга имкон беради. Бироқ фильм ижодкорларида ҳодисани “кадр ортида туриб ҳикоя қилиш” сўз воситасида тасвирлаш имконияти йўқ. Айни вақтда образларнинг ҳаракатлари, уларнинг нутқи, бошқа персонажлар билан муносабатини  акс эттириш ҳам кино воситалари, ҳам адабиётнинг қўлидан келади. Бизнинг замонамизда сўз санъати бошқа санъатларга (рақс, мусиқа, театр ва кино) туртки берувчи манба эканлигига қарамасдан, барибир устуворликка эга.

Бугун кино техник жиҳатдан жуда юқори натижаларни қўлга киритди. Бироқ фильм суратга олиш жараёнининг ташкилотчиси ва асосий ижодкори режиссёр бўлиб, бадиий воқеликнинг асл кўриниши унинг миясида шаклланади. Эрканлаштириш санъати ёзувчининг фикрларини мос визуал шаклга ўтказиш, топиш демакдир.

Рус тилидан Бекзод Қодиров таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 8-сон