Дилмурод Саидов. Мозий ҳақиқати (1990)

Халқимизнинг маънавияти тарихига холисанилло назар ташласак, бу юрт не-не фозиллару шоирлар, оқинлару соҳибқиронларнинг юрти бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Ўз бошидан аччиқ ситамларни кечирган, аммо фалакнинг ёзмиши экан, деб бўйин эгишни ўзига ор билган аждодларимиз жасоратидан ҳақли суратда фахрлансак арзийди. Афсуски йиллар, асрлар давомида бу юрт осмонида пайдо бўлиб турган қора булутлар қуюқлашса қуюқлашдики, аммо тарқалмади. Зулмнинг зўрлигидан урф-одатлар, анъаналар барҳам топди, шарқона меҳр-оқибатга путур етди. Узоққа бормайлик, яқин ўттизинчи йиллардаги оммавий қирғиннинг ўзи халқларни «ўтир», деса ўтқазиб, «тур» деса турадиган қилиб қўйди. Одамлар муте турмуш кечиришга маҳкум этилдилар.

Мана шундай ҳукмрон сиёсат бизларни ҳам аждодлар хотиридан ажратди. Тилимизни, дилимизни, шууримизни ўз измига солиб қўйди. Байналмилалчилик деган сохта ниқоб билан кўзимиз тўсилди. Минг-минг йиллик тарихимиздан юз ўгирдик. Узоқ вақт сукут сақладик. Қадриятларимиз топталди. Кўриб туриб кўрмасликка олдик. Баъзан сезгир, тўғри сўз, ҳалол, покиза, бўлар сўзни айтган ижодкорларни, халқпарвар кишиларни қувғин қилишди, таъқиб остига олишди. Имломиз бир эмас икки маротаба янгиланди. Гўё биз бир дарахт бўлсак кўкка бўй чўзмадик, ерга қараб ўсдик. Бошқачароқ қилиб айтганда, томиримиз ер юзида қолиб танамиз ер остига кўмилди. Жиловбардорларимиз бизни ана шундай усталик билан тескари ўстириб бор овоз билан қолоқ, саводсиз оммани маданиятли қилиб тарбиялаяпмиз, деб оламга жар солдилар. Бора-бора ўзимизни маданиятли бўлиб бораётгандай ҳис эта бошладик гўё.

Аслида-чи, ўз тарихимиз, ўзлигимиз, одамийлигимиз, маданиятимиз, еримиз, сувимиздан тондик. Ҳатто ота-онамизни тан олмайдиган тўтиқушларга айлана бошладик. Ичдан бузилдик. Ўз ота тупроғида яшаб, она тилини унутганлар кўпайгандан-кўпайди. Гўё ота-боболари тилида гаплашса маданиятсиз бўлиб қолармиш! Зиёлилар оиласида ўзбек тилида гаплашишга ор қиладиганлар ҳатто тилимизга Давлат мақоми берилганидан кейин ҳам субутсиз, ориятсиз бундай кимсалар ўз Она тили билан фахрланиш ўрнига уни тан олмасдан, оёқ тираб туришибди. Шунинг оқибатида оммавий ҳаракат — давлат тили ҳақидаги қонунни амалга ошириш йўлидаги уринишлар баъзан тўсиқларга учрамоқда. Шунга қарамай кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб якдил ҳаракат қилмоқда. Хатолар тузатилмоқда. Бундай уринишларимиз эса бесамара бўлиб қолмаётир. Мана, биргина Тошкентдек шаҳри азим кўчалари, мавзелари номланишига эътибор қилинг-а. Шаҳримиздаги 486 та кўча, мавзе, жой номлари Горкий, Шевченко, Иванов, Петров каби қардош халқлар номояндалари исми билан юритилиб, 257 та кўча, жой номлари ўрта осиёлик алломалар номида экан.

Буни қаранг, бизнинг нақадар қардошликка садоқатимиз баланд! Ҳатто кўчаларга ном беришда ҳам ўз улушимизни дўстларимизга инъом этиб юборамиз. Ҳатто «Фигурная», «Откритий» каби ҳеч бир маъносиз сўзлардан ташкил топган жой номлари сони 300 дан ортиб кетганди. Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Юқорида қайд этилган номутаносибликни бартараф этиш, халқимизнинг муносиб фарзандлари хотираларини абадийлаштириш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Ижроия қўмитаси 1988 йил декабрида жой номларини белгиловчи Атамалар жамоасини тузди. Мазкур жамоа таркибига халқимиз, юртимиз тарихини яхши билган, шаҳарнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ соҳаларда ишловчи нуфузли кишилар жалб этилди.

Адабиётшунос олимлардан Иристой Қўчқортоев, Муҳсин Зокиров, тарихчилардан профессорлар Қодирхўжа Фозилхўжаев, Ғуломқодир Рашидов, шаҳар Бош рассоми Р. Юсупов, ёзувчи Мирмуҳсин, Дадахон Нурий, меҳнатда ўрнак кўрсатган шаҳар оқсоқоллар Кенгаши раисининг ўринбосари Т. С. Содиқов шулар жумласидандир.

Атамалар жамоаси қисқа вақт ичида 260 та кўча, мавзе, мактаб, маҳалла, корхона, ташкилотлар номини ўзгартирди, айрим номсизларига ном берди.

Шу жумладан 12 та тарихий жой атамаси ва 49 та тарихий шахслар номлари тикланди.

«Високовольтний» мавзеи ўзининг тарихий «Яланғоч» даҳаси номи билан атала бошланди. «Москва» меҳмонхонасига жойлашган ўрнига кўра «Чорсу» тарихий номи берилди.

Тошкент вилояти Калинин ноҳияси ҳудудидан Тошкент шаҳрига ўтган ерларда қурилган турар-жой мавзеи номаълум сабаблар билан «Калинин массиви» деб номланиб қолган эди. Аҳоли талабига кўра ва турар-жой ўрамининг янги ТошМИ шифохонасига яқин жойлашганлиги инобатга олиниб тиббиёт илмининг сарбони Абу Али ибн Сино номи берилиб, «Абу Али ибн Сино мавзеси» деб юритиладиган бўлди…

«Ясний» мавзеи аҳолисининг сўровига кўра бу жойга атоқли саркарда, тарихий шахс, Ҳумоюн номи берилди. «Солнечний» мавзеига эса ўзбек классик адабиёти намояндаларидан бири Аҳмад Югнакий номи берилиб, «Аҳмад Югнакий мавзеси» деб атала бошланди.

Пойтахтимизда барпо этилган маданият ва истироҳат боғларининг бирортаси ўзбекча ном билан аталмас эди. Бу ҳақда шаҳар меҳнаткашларидан кўплаб эътирозли мактублар олинди. Шунингдек, бу ҳақда жумҳурият матбуотида, радио ва телевидениеда қатор танқидий гаплар айтилган. Шаҳар меҳнаткашларининг эътирозлари тўғри деб топилди.

Киров номи билан юритиладиган майдон, кўча, ноҳия, мактаб, ёдгорлик мавжудлиги ҳисобга олиниб, унинг номи билан аталадиган маданият ва истироҳат боғига Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди. Шунингдек, Тошкент дарвозаларидан бири ҳисобланмиш тайёрагоҳдан бошланувчи Б. Хмельницкий кўчасининг Ш. Руставели кўчасигача бўлган қисмига ҳам Бобур номи берилди. Шаҳримиздаги марказий истироҳат боғи Ленин комсомоли номи билан аталиши ҳисобга олиниб, «Ўзбекистон ЛКСМ 40 йиллиги» номли истироҳат боғи ЮНЕСКО Қарори асосида ва шаҳар меҳнаткашлари илтимосига кўра Муҳаммад Тарағай Улуғбек хотирасига «Улуғбек номли маданият ва истироҳат боғи» деб қайта номланди.

Ал-Хоразмий, Қозизода Румий, Темур Малик, Шарафиддин Илоқий, Шоҳаким Тошкандий, Абу Бакр ибн Исмоил Шоший, Аҳмад Яссавий, Закариё Розий каби тарихий шахслар, олим, шоир ва саркардалар номлари шаҳримиз кўчаларига, мактабларга, мавзеларга берилди.

Истибдод йиллари қурбонлари Мирали Миркаримов, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир хотиралари ҳам абадийлаштирилди.

Мирали Миркаримов номи Киров ноҳиясидаги «Башкирская» кўчасига, Чўлпон номи Ҳамза ноҳиясидаги «Учительская» кўчасига ва 258-мактабга, Усмон Носир номи 242-мактаб ва Тошкент матбаа ўқув юртига, Фитрат номи «Новый путь» кўчасига берилди.

Шунингдек, кўплаб кўчаларга, мактабларга ўзбек совет даврининг атоқли кишилари, фан, санъат намояндалари номлари берилди. Академиклардан Яҳё Ғуломов, Ғани Мавлонов, Саъди Сирожиддинов, Марат Нурмуҳамедов, Аҳрор Музаффаров, Содиқ Азимов номлари, санъаткорлардан Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Миршоҳид Мироқилов, Амин Турдиев, Соиб Хўжаев, Ҳамза Умаров номлари, давлат арбобларидан Аъзам Хўжаев, Жаҳон Обидова, Асадулла Хўжаев номлари абадийлаштирилди. Бу бир томондан улуғ кишиларга халқ ҳурматининг ифодаси бўлса, иккинчи томондан мана шу кўчалардан ўтган, шу мактабларда таҳсил олганларнинг фахр ва ғурур билан аждодларини эслаб, хотирлаб туришига сабаб бўлади.

Шаҳримиздаги 300 га яқин ҳеч бир маъно англатмайдиган кўчалар, мавзелар рўйхати қайта номланиш учун аҳоли фикрини билиш мақсадида «Тошкент оқшоми» рўзномасида эълон қилинди. Эълон бўйича шу йилнинг саккиз ойи давомида 132 та кўча номи ўзгартирилди. Йил охиригача мазкур рўйхатдаги атамалар халқимиз дили ва дидига мос келадиган номлар билан ўзгартирилади.

Жумҳурият давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 24 моддасида: «Ўзбекистон ССРдаги шаҳарлар, қишлоқлар, ноҳиялар, кўчалар, майдонлар, бекатлар, тарихий обидалар ва бошқа жўғрофий-ҳудудий ўринларнинг номлари миллий шаклда берилади ва ягона давлат тилида ёзилади» дейилган. Қонун қабул килинган кундан то шу кунгача 1092 та кўча, 9 та мавзе номларининг кўрсаткичлари миллий шаклда берилиб, ягона давлат тилида ёзилди. Ҳозиргача жами 22800 та кўрсаткич ўрнатилди. Йил охиригача 2000 та кўча ва мавзе бўйича 36000 кўрсаткич ўрнатилади.

Трамвай-троллейбус ишлаб чиқариш бошқармаси, шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатувчи йўловчи транспорти Бошқармаси, шаҳар савдо, умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, деҳқон бозорлари бошқармалари бошлиқларига, Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси раҳбарларига Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 24-моддаси бажарилиши юзасидан расман кўрсатма берилди ва уларнинг фаолиятлари назоратга олинди. Бу борадаги сусткашликлар учун шаҳар, ноҳия миқёсида иш юритувчи маиший хизмат, савдо шохобчалари, корхоналар раҳбарлари огоҳлантирилдилар. Уларга шу йилнинг охиригача «Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақидаги Қонуни» талаблари бўйича қатор тадбирларни амалга ошириш ҳақида кўрсатмалар берилди.

Тошижроқўм Атамалар жамоаси мазкур қонун бажарилиши юзасидан Ўзбекистон ойнаи жаҳони, ҳаво мавжлари, матбуоти ходимлари билан биргаликда йил давомида 12 марта баҳс ташкил қилди. Жамоа фаолияти ҳақида аҳоли матбуот ва бошқа воситалар орқали доимий равишда хабардор қилиб турилаяпти.

Бироқ амалга оширилаётган бу ишлар айрим ҳамшаҳарларимизга ёқмаётир. Улар ўзларини ўзбек халқи томонидан камситилаётган қилиб кўрсатишга уринмоқдалар. Иттифоқ, жумҳурият миқёсидаги раҳбарларга, матбуотларга асоссиз равишда шикоят ва мактублар йўлламоқдалар. В. Дядиченко, X. Князев, А. Пак, И. Адаев, И. Ишченко каби қатор ҳамшаҳарларимиз ўзларининг ўринсиз шикоятлари «Рабочая трибуна», «Ветеран» каби рўзномалардаги ножоиз мақолалари билан ишимизга халал беришга ҳаракат қилмоқдалар. 20—30 ва ҳатто 50— 60 йил ўзбек юртида яшаб шу юртнинг сувини ичиб, нонини еб, маҳаллий тилни билмасликларидан уялмайдиган бу кимсалар Давлат тили ҳақидаги Қонунга ўзга миллатни камситувчи дастур сифатида қора чаплашга ўтиб олишган.

Сўзимиз бошида халқимиз тарихи, аждодларимиз хотираси ҳақида тўхталган эдим. Дарҳақиқат, бу юртда Исмоил ал-Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Маҳмуд Қошғарий, Ибн Сино, Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Ал-Хоразмий, Навоий, Бобур, Нодира, Машраб каби юзлаб алломалар вояга етган. Бу юрт тупроғи Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темир каби жасоратли ўнлаб саркардалар киндик қони томган, Спитамен, Тўмарис, Муқанна, Торобий, Номоз, Қурбонжон додхоҳ, Бобон Алибой ўғлидек минглаб халқ қаҳрамонлари камол топган муқаддас тупроқдир. Бу юрт тупроғини тавоф қилса арзийди. Чунки бу юрт фозилу шоиру олимлар қадами теккан, эрк учун, озодлик учун асрлар давомида курашиб ўтган қаҳрамонлар қони томган муқаддас тупроқдир. Уни эъзозламаган меҳмон бу юртда қадр топмас. Бу тупроққа оёқ қўйиб уни кўзга суртмаган мезбон рўшнолик кўрмас. Бу юрт халқининг тилида «Хамса» битилган. Бу юрт сўзлаган тилда ашъор битиб, Лутфий камол топган. Бу тилда ёзилган «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Меъмор», «Жайҳун устида булутлар», «Меҳробдан чаён», «Ўтган кунлар», «Умид», «Фарғона тонг отгунча», «Қўшчинор чироқлари», «Кўрган кечирганларим», «Наврўз», «Сароб», «Тобутдан товуш», «Ҳазрати инсон» каби неча ўнлаб асарларни дунё халқлари ўз она тилларига таржима қилиб ўқимоқдалар. Зеро, халқимиз иродаси олдида Чингизхон, Искандар Зулқарнайн, Боязиддек дунёни ларзага солган жаҳонгирлар ҳам тан берганлигига кўҳна тарих гувоҳ, тарихни эса ўчириб ҳам, синдириб ҳам, ёндириб ҳам бўлмайди!

Умумхалқ иши ҳисобланган бизнинг ишимизга тўсқинлик қилмоқчи бўлган кишиларга келсак, қайси давр, қандай тузум бўлмасин, ҳар бири ўз яловочларига, манқуртларига эга бўлганлигини эслаш кифоя. Манқурту яловочлар доимо ўзгариб турганлар. ХАЛҚ ва ҲАҚИҚАТ эса абадийдир.

Дилмурод Саидов, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси атамалар комиссияси раисининг ўринбосари.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 11-сон