Ҳабибулла Зайниддинов. Аҳсикат (1989)

Самарқанддаги Афросиёб тепалиги каби қадимий археологик ёдгорликлардан бири — кўҳна Ахсикат эрамиздан олдинги VI—V асрларга оид маълумотларга кўра эрамизнинг то XIX аср ўрталаригача ҳам шу ном билан аталган. Унинг харобалари ҳозирги Наманган музофотининг Тўрақўрғон мавзеси, Шаҳанд қишлоғи чегарасидадир. Унга Задарё мавзесининг маркази бўлмиш Жомашуйдан Сирдарёга қурилган кўприк орқали ўтилади. Кўприкдан ўтишингизданоқ ўнг ва сўлда қадимги Ахсикат шаҳрининг ўтмишда иш берган, даврлар ўтиши билан қулаган, емирилган баҳайбат мудофаа деворлари, минора шаклидаги қоровул тепа (чинк)лар, шаҳар ичкарисида эса, кўча ва улкан қўрғон-қаср иншоотларининг қолдиқлари кўзингизга ташланади.

Ахсикат диёрида яшаб, болалиги ўтган шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг «Бобурнома»сида қайд этиб ўтади. У: «Сайҳун суйининг шимолий тарафидағи қасабалар: бир Ахсидир. Китобларда Ахсикат битурлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққиз йиғоч (бир йиғоч 8 км) йўлдур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эрди. Сайхун дарёси қўрғонининг остидин оқар. Кўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур. Хандақининг ўрниға амийқ (чуқур) жарлардур… Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур. «Деҳ кужоу дарахтон кужо» (қишлоқ қайдаю, дарахтлар қайда) масалини ғолибо Ахси учун айтибтурлар. Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, «Мир Темурий» дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғой. Бухоро қовуни машҳурдур. Самарқандни олғон маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтуруб бир мажлисда кестурдум, Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эрди», дейди.

…Ўтган асрнинг учинчи чоракларида чор Россияси уюштирган археологик тадқиқотларидан бу ерда деярли натижа чиқмади. Улардан сўнг «маҳаллий халқ» у ерни тартибсиз равишда кавлаб, қимматбаҳо буюмлар қидира бошлайди. Худди шу қидирувлар давомида Ахси ва Шаҳанд харобаларидан қадимги олтин, кумуш ва бошқа буюмлар топилган.

Археологик тадқиқотчилар Ўрта Осиёнинг жанубий, жануби-ғарбий томонларида топилган, мисга чўкичлаб ишланган қадимий буюмларни эрамизгача бўлган V—IV минг йилликка оид деб тахмин қиладилар. Санъатдаги чин гўзаллик асло эскирмаганидек, топилган ва топилаётган талайгина ёдномалар ичида эрамиздан аввалги ва эрамизнинг XIII асрларига қадар бўлган даврларга мансуб гўзал табиат манзаралари, ҳайвонот олами, қушлар ва бошқа турли жонзотларнинг тасвири шунчалар лол қоларли даражада ўта маҳорат билан акс эттирилиб, ложувард тусда сир берилган кулолчилик буюмлари ҳар жиҳатдан киши диққат-эътиборини ўзига тортади. Сабаби, бу буюмларда фазовий шаклларнинг бадиий тузилиши, ўсимликсимон нақш безакларнинг мазмунан теран, бой ва хилма-хиллиги, рангларнинг ҳаётий уйғунлашиб, ёрқин жилвагарлик касб этиб ҳамда бахт рамзи сифатидаги нилий бўёқларнинг ғоятда моҳирона ишлатилганлигидадир.

Шу нарса равшанки, Шарқ меъморчилиги, Ўрта Осиёнинг бой кулолчилик санъати жуда қадим замонлардаёқ кенг тармоқ отиб ривожланган эди. Хусусан, кўҳна Ахсикатнинг ажойиб топилмалари ичида қўшқулоқ — кўзасимон идиш, эрамизнинг III асрига мансуб зангори тусда сир бериб сайқалланган гулдон, X асрга оид, ичига нозиктаъб хаттот томонидан «Шу лаган эгасига оқ йўл, шодлик сиҳат-саломатлик тилаймиз», деб ёзилган лаган ва косалар, яна ўша асрга тааллуқли лаганларнинг бирига: «Бойликка интилишдан воз кечмоқлик саодатдир», деган арабий ёзувдаги ноёб топилмаларни ҳам Фарғона кулолчилик санъатининг энг ёрқин намуналаридан биридир, деб айтиш мумкин. Бу каби кулолчилик санъати қадам-бақадам, даврма-давр янада ўсди, тараққий этди. Бунга VIII—XIII асрларга тегишли ҳайвонлар, қушлар, табиат, ов манзараси, тантанали маросимлар, жанговар эпизодлар ҳамда исломдан аввалги маҳаллий ёзув лавҳалари туширилган сопол тахтачалар, кўза, ганч қинли биллурий сиёҳдон, хум ва бошқаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Фарғоналиклар ишлаб чиқариб, Хитойда илоҳий деб қаралган нозик санъат турларига кирувчи ялтироқ рангли нақшинкор шишалар, чиннисозлик маҳсулотлари, ғоят гўзал ва бадиий жиҳатдан юксак ишланган қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари, олтин ва кумушдан ясалган мунчоқлар, узуклар, билакузуклар, зебигардону тўғноғичлар, туморлар, нажжор-наққошлар яратган жуда гўзал жилоли мўъжизакор буюмлар, нафис тўқилган газмолнинг жуда пишиғидан тортиб, юпқасигача бўлган ҳар хил турлари, ўша даврларда нафақат Ўрта Осиёда, балки хорижий ўлкаларда ҳам талаб катта бўлган карбас (бўз) маҳсулотлари, сўзсиз, ҳунармандчиликнинг юксак даражада ривожланганлигини ва ихтисослаштирилганлигини яққол кўрсатади.

Ўрта Осиёда сиркор сопол ишлаб чиқариш VIII — IX асрларга келиб айниқса кенг қулоч ёзади. Хусусан, X—XII—XIII аср мўғуллар тажовузига қадар сирланган буюмлар ясаш ғоят юксак тараққиёт даражасига етишганлигини пайқаш қийин эмас. Бу даврдаги сопол идишлар шаклининг ихчамлиги ва гулларининг кўркамлиги билан диққатни ўзига тортади. Хуллас, ўрта аср кулолчилигининг илғор усул ва услуби, хумдонларнинг амалий тузилиши, шакли, қўлланилган зарурий асбоб-ускуналарнинг созлиги ва ҳоказолар бу санъатнинг ўз даврига нисбатан камолот чўққисига чиққанлигини кўрсатади. Жумладан, Қува, Риштон, Ургут, Чуст, Ахсикат кулоллари ясаган буюмлар алоҳида диққатга сазовордир.

Турли рангдаги кесак ёки минераллар майдаланиб, махсус элакдан ўтказилган, сўнг унга ёпишқоқ суюқлик (дарахт елими, тухум оқи, асалари муми ва бошқалар) қўшиб бўёқ қилинган. Шунингдек, бўёқлар сунъий усул билан ҳам тайёрланган. Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда тайёрланган бундай нафис ва нозик сифатли бўёқларга чет мамлакатларда ҳам талаб катта бўлган. Ҳатто, бу елимли бўёқлар Хитой, Россия, Эрон, Туркия, Италия, Испания, Арабистон, Ҳиндистон каби кўпгина мамлакатларга мунтазам равишда чиқариб турилган.

Ёдгорликлар — ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришига кўра, фарғоналиклар қадимдан конларда ишлаганлар, мис ва темир эритиш билан, темирчилик, металлардан турли хил ҳарбий ва меҳнат қуроллари ясаш, мисгарлик, кандакорлик, аравасозлик, гилам тўқиш, намат босиш, дегрезлик, пичоқчилик, бўз тўқиш, шоҳидўзлик дастгоҳлари,заргарлик, бинокорлик ва бошқа ишлар учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни ишлаш билан қизғин шуғулланганлар. Жумладан, 1069 йилда ёзилган, туркий тилининг қимматли ёдгорлиги бўлган дидактик йўналишдаги «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим») номли асарда, айниқса, ҳунармандларга юқори баҳо берилади. Ўз даврининг ажойиб фарзанди бўлган аллома Юсуф Хос Ҳожиб Боласағуний ўзининг ушбу асарида шундай дейди: «Улар сен учун жуда зарур кишилардир, сен улар билан яқин алоқада бўл: темирчи, этикчилар, ўймакор, мисгарлар, сувчи, эгарчи, бинокор, тошчи (тоштарош), ўқчи, камончиларнинг фойдаси катта. Хуллас, бу дунёнинг жамики гўзалликлари булардан чиқади»[1].

Сақланиб қолган қуёш ва сув соатлари, юлдузларнинг жадваллари алломаларнинг зўр заковатлари билан ижод этилган мунажжимлик асбоблар қадимги Ахсикатда илму фаннинг қай даражада ривож топганлиги ва юксалганлигини ҳам яққол кўрсатади.

Араб сайёҳлари ал-Мақдисий ва ал-Истаҳрийларнинг (X—XI асрлар) берган маълумотларига кўра, Ахсикат уч қисмдан: Шаҳристон (шаҳар маркази бўлиб, унинг жанубий қисмидан IX—X асрларда асосий савдо ҳамда улуғ ипак йўли тармоғи ўтган, шунингдек, бу шаҳар айни бир вақтда металлургия маркази ҳам ҳисобланган), Работ (шаҳар атрофлари), ниҳоят Арки аъло (подшоҳ қароргоҳи)дан иборат бўлган. XII аср охирлари — XIII аср ўрталарида яшаб ўтган географ, тарихчи олим Муҳаммад бинни Нажиб ал-Бакрон ўзининг Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад Ига (1209 йили) бағишлаб ёзган «Жаҳоннома» сарлавҳали дунё харитасининг шарҳи (иловаси)да: «Фарғона — Моварауннаҳр ҳудудидаги вилоят, унинг пойтахти Ахсикат деб аталади. Ниҳоятда хушҳаво жой, Самарқанддан Фарғонагача 53 фарсах (бир фарсах 6—7 км) масофадир… Бу ернинг (яъни Фарғонанинг) яхшилигини билиб, қадимдан ҳар жойдан турли қавмлар кўчиб келиб, иморатлар ва экинзорлар қилиб турғун бўлиб қолганлар. Хонадонлари ҳар жойда, тиллари ҳам ҳар хил бўлган. Уларни «ҳар хона» деганлар. Бу сўз истеъмолда «Фарғона» бўлиб кетган»,[2] — деб ёзади. Юнон манбаларида Фарғона сўзи «Паркана», қадимги форс шеваларида «тоғлар қўйнидаги олтин водий», Хитой манбаларида эса, тоғли ўлка маъносини англатган экан.

«Эрамиздан аввалги 11 асрларда Фарғона аҳолиси чорва, ер хўжалиги билан шуғулланган, пахта, йўнғичқа, буғдой, шоли, узум етиштиришда тенгсиз соҳибкор бўлган. Хитойликлар узумчиликни дастлаб ана шу фарғоналиклардан ўрганишган»[3]. Ўша даврларда Ўрта Осиёга сафар қилган Хитой сайёҳи Чжань Цянь Фарғонанинг бош шаҳрини хитойча Гуйшуань (Ахсикат) деб атайди[4].

Фарғонада махсус отлар боқилган, хитойликлар бу отларни «Муқаддас тулпор» деб билганлар ва уларга ҳатто сиғинганлар, ўз юртларида ушбу отлар учун ҳайкаллар ўрнатганлар.

Чжань Цянь эрамиздан олдинги 126 йили Фарғонадан ватанига мазкур отлардан ва беда уруғидан олиб борган биринчи киши саналади. Хусусан, муаррих Ю. Н. Алескеров Чжань Цянь эсдаликларидан мисол келтириб, қуйидагича ёзади:

«…Даваннинг (Фарғонани хитойлар шундай деб атаганлар: Ҳ. 3.) ҳавоси ғоят мусаффо, зилол сувлари доимо шарқираб оқиб туради. Даван тоғ ёнбағирларидаги яйлоқларда тоғ отлари ирғишлаб юради. Йўқ, уларни тоғ отлари дейиш камлик қилади. Улар чиндан х,ам само отлари бўлиб, териси қам ўзгача, қизил, худди қон рангидадир. Бу отлар чунонам абжир, хипча, оёқлари узун, қўлтиқлари тагида кўз илғамас қанотлари бор. Уларга минган чавандоз ҳар қандай елдирим ёвни осонликча қувиб етади. Ҳар қандай учқур ёвдан ҳам худди шундай қочиб қутила олади»[5].

Хитойнинг Цинь ва Хань (эрамиздан аввалги 255—206—25 йиллар) сулолаларининг императорлари шахсан ана шу зотли отларни қўлга киритиш мақсадида даванликларга бу отлардан кўпроқ юбориб туришларини илтимос қилиб мурожаат этганлар. Ҳатто бу борада улар ўртасида тез-тез жиддий ҳарбий тўқнашувлар ҳам бўлиб турганлиги тарихдан маълум.

Машҳур сайёҳ ва олим Ёқут Хамавий (1179—1229 йил) «Мўъжам ал-булдон» номли асарида Фарғона ҳақидаги ал-Истаҳрийнинг сўзини келтириб шундай ёзади:

«Агар сиз шаҳар ўртасидаги катта қўрғонга чиқиб, ундан Фарғона атрофига назар солсангиз, худди қоғозга чизилган харитага ёки рангли суратга ўхшаган бир манзарага кўзингиз тушади. Бу ўлканинг бош шаҳри (пойтахти) Ахсикатдир. Моварауннаҳрда қишлоқларнинг ва аҳолиси кўпроқ бўлган бундан бошқа шаҳарни кўрмадик, экинзорларининг кенглиги, чорвасининг беҳисоблиги учун ҳам ҳар бир қишлоқнинг ораси бир манзилга яқин келади…»

Бу айтилганлар кўҳна Ахсикат санъати, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ҳамда моддий ва маънавий тарихидан бир томчи, тўғрироғи, унга бир ишора, холос. Чунки Ахсикат Искандар Зулқарнайн қўшин тортиб келган даврдан аввал ҳам гуллаб-яшнаган, шунингдек, кўп маротабалар чет эл босқинчилари ҳужумидан харобага айланган ва яна қайта-қайта тикланган. Олтин водий деб аталадиган Фарғона ўлкасидаги мазкур Ахсикат шаҳрининг тарихи узун, кўп қиррали бўлиб, уни ўрганиш, бебаҳо тарихи хазинасига йўл топиш давримиз олимларининг шарафли ишига айланса ва эҳтимолки, вақти келиб, ҳозирда хароба ҳолида ётган мазкур Ахсикат аслига келтирилиб қайта тиклаш, ҳақиқий очиқ ҳаводаги музей шаҳарча ҳолига келтиришдек олийжаноб тадбирлар ҳам амалга ошиб, бу ерга қадам ранжида қилувчиларни хушнуд этса ажаб эмас.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 10-сон

[1] Юсуф Хос Ҳожиб. «Қутадғу билиг». «Фан», Т., 1971 й. 667-б.
[2] Ҳ. Ҳасанов. Ҳофизу Абрў, Ҳайдар Мирзо, Филипп Ефремов. «Фан», Т., 1964 й. 28-б.
[3] В. В. Бартольд. Сочинения. т. II, ч. I, М., 1963 г. 176-б.
[4] Ўша жой. 199-б.
[5] Ю. Н. Алескеров. Самарканд. Изд. «Узбекистан», 1967 г. 30-б.