Ёқимли нутқ инсоннинг қиёси йўқ маънавий бойлиги, жавоҳирлар тўла сандиғи. Яхши сўз, яхши хабар кўнгилга қувонч бахш этади, юракка мойдек ёқади, шифобахш малҳамдек таъсир қилади. Халқимизда тилга доимо эътиборли бўлиш, ҳар сўз, ҳар иборани етти ўйлаб гапириш, қисқа сўзлаш, муомала одобига риоя қилиш хусусида кўплаб ҳикматлар мавжуд.
Улуғ устозлар “Тилингизга эҳтиёт бўлинг! Тил сабаб инсон бошига кўп кулфатлар келиши мумкин. Киши дилини оғритадиган, кўнглини совутадиган, шаънини оёқ ости қиладиган сўзларни айтишдан тийилинглар, ширинсўз бўлинглар. Чунки тилдан етган озор найза озоридан ёмон”, деб уқдиришади. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобидан иқтибос: “Инсонга энг итоатсиз аъзо – тил. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши ва ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган оқибатларга сабаб бўлади”.
Кайковуснинг “Қобуснома” асарида нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилган. Асарнинг еттинчи бобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (яъни қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур… Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.
Кайковус одамларни тўрт тоифага бўлади: “Бири улким, билур ва билғонин ҳам билур. Ул олимдур, унга тобе бўлмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин билур, ул қобилдур, унга ўргатмок керак. Бири улдурким, билур ва билғонин билмас, ул уйқудадур, уни бедор қилмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин ҳам билмас, у жоҳилдур, ундан қочмоқ керакдур”.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” асарида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик хусусида қуйидагилар баён қилинади: “Тил ақл ва билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита унинг очиқ ва мазмундор тилидир… Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил арслондир, қара, у сени доим эшикда пойлаб ётади. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эркинлик берсанг, ўйламасдан сўзласанг, у бир кунмас, бир кун бошингни ейди…”.
Абу Райҳон Беруний дейдики, тил – сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари айни ҳақиқатдир: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Она тилимиз, ундаги ноёб сўз ва иборалар, ҳикматлар, мақол ва маталлар асрлар давомида шаклланган ва сайқал топган бўлиб, бу ноёб хазина биз ва биздан кейинги авлодлар учун ҳам тенгсиз мерос ҳисобланади. Бу хазинадан баҳраманд бўлган буюк аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккирлар дунё тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар, айни чоғда, ўзларининг буюк асарлари, илм-маърифатлари билан бу хазинанинг мақомини янада баланд кўтардилар.
Нутқ ўз-ўзидан равон, оҳангдор ёки ёқимли бўлиб қолмайди. Чолғучи бирор куйни ўрганмоқчи бўлса, уни неча юз бор ижро қилибгина муддаосига эришади. Мусаввир янги бир асар яратгунча қанча заҳмат чекади. Ҳеч ким бирданига Суқрот ёки Абдулла Қаҳҳор даражасига кўтарилмайди. Нутқ маҳоратини эгаллаш учун йиллар давомида тинимсиз машқ қилиш, ўқиш, ўрганиш керак. Қадимги юнон нотиғи Демосфен ўзининг паст, ҳазин овозини яхшилашга жазм қилиб, ертўлага тушар экан-да, тўла шифтига ўткир тиғли ханжарни осиб қўйиб (бошини димоғдорона баланд кўтармаслик учун), узлуксиз машқ қилар экан. Шарқда воизлик маҳоратини тобига келтириш учун ёш воизлар тоғу тошларга чиқиб машқ қилишган, ўзларини муҳим баҳсларга, уларда юзага келиши мумкин бўлган мураккаб ҳолатларга тайёрлашган. Улуғ Пётр овози паст, нутқи равон бўлмаган кишиларни таълим муассасаларига қўймаслик хусусида фармойиш берган. Ферузхон мақом йўлларини бузиб ижро этадиган созандаларни жазолаган. Водий вилоятларида бугун ҳам сўзи дағал, табиатан қўрс, қизиққон, сал нарсага асабийлашадиган одамларни совчиликка юборишмайди. Негаки, бундай кишилар ноўрин бир сўз ёки ибора билан битиб турган ишни бузиб қўйишлари мумкин.
Жалолиддин Румий шогирдларидан: “Сўз не учун керакдур?” деб сўрайди ва бу саволга ўзи жавоб қайтаради: “Сўз – англамаганлар учун. Англаганларга сўзнинг ҳожати йўқдур”.
Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий турмуш тарзи, орзу-умидлари, зулм ва истибдодга қарши курашлари, шу билан бирга, эзгу фазилатлари, бағрикенглиги, мард ва тантилиги, ҳақсўз ва меҳнатсеварлиги, энг аввало, унинг сўзида, сўзлаш ва тинглаш одобида, мақолу маталларда, ҳикматли ривоятларда ўз ифодасини топган. Тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўрни ва зарурати бор, борди-ю улардан бирортаси парваришсиз қолса, боғнинг кўрки бузилади, таровати сусаяди. Бинобарин, тилимиздаги ҳар бир мақол ва матал, сўз ва ибора, ноёб айтимлар, топилма ташбеҳлар, “коса тагидаги нимкоса”лар ҳам шундай мақомга эга. Ҳикматли сўзлар, мақол ва маталлар, ривоят ва ҳикоятлар орқали биз халқимизнинг олис ўтмишига назар ташлаймиз, босиб ўтилган машаққатли йўллардан хабардор бўламиз. Шу маънода тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни эзгу амалларга, инсоний комилликка, саховатпешалик ва бағрикенгликка, ҳалол-покликка даъват этади. “Тилини асраган эл бой бўлади, уни йўқотган эл эса йўлидан адашади” деганларидек, ўзлигимизни йўқотмаслик, буюк хазинамиздан бебаҳра қолмаслик учун ҳам тилимизни асрашимиз лозим.
Собиқ тузум шароитида ўзбек тили таназзулга юз тутгани, унга эътибор сусайгани мана, салкам ўттиз йилдирки, тўхтовсиз таъкидлаб келинмоқда. Бу – бор гап, аммо шу ўттиз йил ичида бу кемтик тўғриландими, тилимизнинг мақоми ўзига муносиб даражада баландладими, деган саволга жавобимиздан қониқмаймиз. Албатта, маълум ишлар қилинди. 1989 йилнинг 19 октябрь куни бўлиб ўтган мамлакат Олий Кенгашининг навбатдаги сессиясида ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили деб эълон қилинди. Мустақиллик Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилди, тилимиз байроқ, герб, мадҳия каби муқаддас тимсоллардан бирига айланди.Унинг қадди-бастини тиклаш чора-тадбирлари белгиланди. Кўплаб ташкилотларда бу иш учун масъуллар тайинланди. Расмий йиғинлар “Ассалому алайкум” деган табаррук калом билан бошланиб, ўзбек тилида олиб борилиши, хоҳловчилар учун ўзбек тилини ўрганиш курслари ташкил этилиши кўнглимизни кўтарди. Уларда сабоқ олганларга “Ўзбек тилини ўрганиш курсларида ўқиди”, деган ҳужжат берилди. Қанча одам бу курсларни шитоб билан тугатди, бу хусусдаги маълумотномалар мутасадди идораларга жўнатилди. Аммо… минг таассуфки, бу ишлардан пичоқчага соп бўлгудек ҳам натижа чиққани йўқ. Бирор кишининг “Мен Ўзбекистонда шунча йил яшаб, ўзбек тилини билмаслигимдан хижолатда эдим, мана, озроқ ҳаракат қилиб, ишхонада, маҳаллада, кўча-кўйда одамлар, қўни-қўшнилар билан мулоқот қила оладиган бўлдим”, деганини эшитганимиз йўқ. “Зўр билан бўлган иморат охири вайронадур”, деган гап бор. Бунинг маъноси шуки, ҳар қандай тилни мажбурлаб, режа-топшириқ асосида, ҳаммани бир жойга тўплаб ўргатиб бўлмайди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларини ёдга олайлик. Кўп соҳада мураккаб муаммолар йўлимизга кўндаланг бўлиб турар, ички ва ташқи хуружлар асосий эътиборни ўзига қаратган, уларнинг олдини олиш учун туну кун ишлаш, шусиз ҳам қотган бошни янада қотиришга тўғри келарди. Шунда фаоллардан бирида “Тил масаласини бироз кечиктириб турсак бўлмасмикин, қайси тилда бўлмасин, бир-биримизни яхши тушуниб турибмиз-ку, нимаси ёмон”, деган “беозоргина” таклиф пайдо бўлди ва у кўпларга мойдек ёқди. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича машғулотлар ўтказиладиган хоналарнинг эшиклари ёпилиб, бу ишга хоҳловчиларни жалб қилувчи эълонлар ёпиштирилган жойидан сидириб олинди. Машғулотлар қандай ўтаётгани ва уларнинг натижаси ҳақида ҳисобот сўраш тақа-тақ тўхтади. Қўштиллилик тарафдорлари енгил нафас олдилар. Оқсоқол ёзувчимиз Иброҳим Раҳимнинг “Тилимизни ҳакка чўқиганми?” сарлавҳали мақоласи боис адабий жамоатчиликда юзага келган жонсараклик ҳам аста-секин сўнди.
1989 йили Бельгиянинг қадимий Брюгге шаҳрида бўлганимизда, маҳаллий университетнинг истараси иссиқ ёш ходими бироз ийманиб келиб, даврамизга қўшилганини ҳамон эслайман. “Исмим Йохан Вандевалле, сизлар билан суҳбатлашишни жуда-жуда хоҳлайман”, деди у ўзбек тилида. Унинг бийрон сўзларини, ширали талаффузини эшитиб хурсанд бўлдик. Ёшлигида ота-онаси билан дам олгани Туркияга борганида, икки ҳафта маҳаллий болалар билан ўйнаб, ўттиз-қирқта туркча сўзнинг маъносини билиб олибди-ю, бу тилни ўрганишга жиддий киришиб кетибди. Бир ярим йилда саводи яхшигина чиққач, ўзбек, тожик, қозоқ тилларини ҳам ўргана бошлабди. Ҳозиргача жаҳон халқларининг ўттиздан ортиқ тилларида сўзлаша олар экан.
Ҳамроҳларимиздан бирининг: “Шунча тилни ўрганиш сизга нима берди, ҳаётингизда қандай ўзгариш содир бўлди?” – деган саволига Йохан “Бошқа тилларини ўрганишим менга шу халқларнинг тарихи, маданияти, урф-одатларидан хабардор бўлиш имконини берди, дунёқарашим ўзгарди, билимим кенгайди, чўх муҳими – она тилимга, тарих ва маданиятимизга ҳурматларим кучайди, тилини, адабиётини ўрганган халқлар ёшлари билан суҳбатлашиш, янги дўстлар орттириш нияти пайдо бўлди. Ўзбекистонда бўлдим. Жуда ажойиб жой, тили ширин, ҳамма меҳмондўст, болалар чўх кўп, хурсанд бўлдим, бизда жужуқчалар оз”, деб жавоб қайтарди.
Йоханнинг шу жавобини эслар эканман, хўш, бизда нега шундай бўлмади, шу ерда туғилиб ўсган, вояга етган, бобоси, ота-онаси ва ўзининг умри шу ерда ўтаётган, келажак насллари ҳам шу юртда умргузаронлиқ қиладиган одамлар нега энди, ўттиз-қирқта оддий муомала сўзимизни, беш-олтита одатимизни, бир-иккита ахлоқий қадриятимизни, ақалли салом-алигимизни ўрганишмади, деган савол пайдо бўлади. Аммо шу заҳоти ичимдан келаётган “Тилимизни ўрганмаганлардан ўпкаламайлик, айбдор – ўзимиз”, деган раддияни эшитаман.
Тайсон исмли америкалик тадқиқотчи олим юртимизга келиб, қисқа вақт ичида ўзбек тилини, урф-одатларимизни, чойни ўгириб ичишни, қўлни ювганда панжаларни силкитмасликни, нонни тескари ушламасликни, қўлда ош ейишни чунонан ўрганиб олдики, унинг равон нутқини тинглаган, чойни тўкмай уч марта қайтаришини кўрган кишининг завқи келади.
Бир гал у билан бозор ораладик. Айни пишиқчилик пайти. Қовунчи деҳқонлар олдига келамиз. Тайсон ўртача қовунни қўлига олиб, неча пул, деб сўрайди (у ўзбекчани грамматика қоидалари орқали ўргангани боис, бизга ўхшаб, “неччи” демайди). Деҳқон бобо: “Пажалиста, 5 руб”, дейди. Тайсон ўрисча билмагани учун, ажабланиб менга ўгирилади. Тушунтираман. Ҳамроҳим қовуннинг нархини тушунади, аммо ёши бир жойга бориб қолган оқсоқол деҳқон Эски Жўва бозорида ўзбекча гапирмай, нуқул “Патхади народ, свой агарод” деяётганига тушунмайди.
Ёш инглиз тадқиқотчиси Африка жангалзорларида яшайдиган ёввойи қабила ҳудудига бориб қолади. Кундалик асарида ёзишича, бир ҳафта мобайнида ёввойилар билан имо-ишора орқали сўзлашади, икки ойдан кейин уларнинг энг муҳим ўн-ўн бешта сўзини ўрганади, бир йилдан кейин тилларини дурустгина тушуниб, улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетади, қабила аъзоларига муаллимлик қилиб, ўз мамлакати, бошқа ҳудудларда яшайдиган одамлар, кемалар, айсберглар, самолётлар, балиқ овлайдиган қуроллар, турли касалликлар, заҳарли ўт-ўланлар, денгиз ва океан жонзотлари ҳақида сўзлаб беради.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ходимлари, айниқса, муҳтарам элчилар қисқа вақти ичида тилимизни, расм-русумларимизни ўрганиб олишади-ку, “Ассалому алайкум, Ўзбекистондай гўзал юртга элчи бўлиб келиш мен учун шараф”, дейишади-ку ўзбекчасига. Заруратни ҳис қилган одам тилнигина эмас, бошқа нарсаларни ҳам ўрганади. Таассуфки, биз тил ўрганиш, урф-одатларимизни ҳурмат қилиш заруратини пайдо қила олмадик. Ҳаво бирдан исиб кетса, биров айтмаса ҳам енгил кийинамиз, совиб кетса иссиқ кийиниб оламиз-ку, худди шундай, бошқазабон ҳамюртларимизни “Бир жойда яшаб туриб, шу ернинг нонини еб, сувини ичгандан кейин тилини ўрганмасак уят бўлар экан”, деган хулосага келтира олмадик. Аксинча, “Пажалиста, патхади народ, палавина сахар, палавина мёд”, деб туравердик. Оқибат шунга яраша бўлди…
Муаммога бошқа тарафдан ёндошайлик – бугун, шу тарзда кетаверсак – эртага, ундан кейин, худди собиқ тузум пайтида бўлганидек, даврага, йиғинга, машваратга битта бошқа тилли киши келиб қўшилса, дарҳол унинг забонига ўтамиз, бу билан илғор, замонавий киши эканлигимизни намоён қилмоқчи бўламиз, аслида эса ўзимизни ўзимиз беҳурмат қиламиз.
Вилоятларимиздан бирида бизга бугунги фаол ибора билан айтганда “вундеркинд” болаларни кўрсатишди. Қойил қолмасликнинг иложи йўқ – ҳар биттаси камида учта хорижий тилни билади, бийрон сўзлашади, шу тилларда шеър ўқийди, қўшиқ куйлайди, воизлик қилади. Аммо… етти отаси ўзбек бўлган бу истеъдодларнинг деярли барчаси ўзбек тилида дудуқланиб, чала-чулпа гапиради, “Дорихона” сўзини талаффуз қилса, урғуни ҳар икки “о”га қўяди. Яна мисол керакми? Бундан беш-олти йил аввал истеъдодли шогирдлари билан чет элга борган ҳурматли олимларимиздан бири мезбонларга мамлакатимиз талаба-ёшлари инглиз тилини пухта билишларини намоён этмоқчи бўлади. Шогирдлар аввалдан тайёрланган матнларни завқ билан айтишади, жамоа бўлиб инглиз тилида қўшиқ куйлашади. Аммо… мезбонлар улардан Ўзбекистонда кечаётган бугунги жараёнлар, байрамлар, тарихий шаҳарлар, ёшларнинг қизиқишлари, урф-одатлар, диний маросимлар ҳақида сўрашганида, ўзбекча қўшиқ куйлаб беришни илтимос қилишганида, бир-бирларига қараб жим туриб қолишади. Ушбу сатрлар қоғозга тушаётганида ҳурматли зиёлиларимиздан бири телекўрсатувга қатнашиб, “Набирам инглиз тилида бемалол гаплаша олади, яна қўшимча француз, корейс тилларини ўрганмоқда, просто молодец”, деди. Яхши гап, аммо шу ёш йигитчанинг ўзбекчаси қандай экан-а? – деб ўйлаб қолдим.
Шу ўринда айтиб ўтмасак бўлмас. Бир гуруҳ эл-юрт ҳурматига сазовор кишилар яқинда иккинчи тил масаласини кўтаришди. Шунчаки таклиф бўлганида, майли эди. Эркин замон, кўнгилнинг кўчаси кенг. Аммо бу – “чуқур” ўйланган, кўтариш вақти аниқ топилган таклифлиги кўриниб турибди. Шунга қарамай, уларни койиш фикридан йироқман. Сабаби, фақат бизда эмас, собиқ иттифоқнинг деярли барча ҳудудларида, ҳатто узоқ-яқин хорижий давлатларда (масалан Африкада) ҳам дунёқараши, фикрлаш тарзи совет мафкураси таъсирида метиндай шаклланган, шу мафкурага ҳали-ҳануз садоқатли одамлар бор. Собиқ тузум узоқ йиллар давомида олиб борган ғайриинсоний сиёсатнинг натижаси бу. Аммо… ким учундир ихтиёрий танлов, ким учундир тақдирнинг танланмаган тақозоси дейиш ҳам мумкин. Иккинчи тил ҳақидаги таклифдан биз учун ғоят муҳим хулоса келиб чиқади: огоҳ бўлмасак, тилимизнинг мавқеи ҳақида қайғурмасак, ўзимизни ўзимиз ерга ураверсак, ҳа-ҳу демай ёнимизда, атрофимизда, бир жамоа, бир маҳалла, бир чойхона, бир дастурхонда айни шундай фикрлайдиган одамларнинг янги авлодлари ҳам пайдо бўлади. Йиғинларда улар билан ёнма-ён ўтирамиз, наҳорошларда қошиқларимиз шарақ-шуруқ овоз бериб, навбатма-навбат лаганга бош уради. Қўлимизни дуога бирга очамиз. Лекин тилимиз, дилимиз бошқа-бошқа. Ҳайратланарли эмас, ачинарли бир ҳолат.
Ўзбекистонга келган америкалик, буюк британиялик ёки япониялик сайёҳга бизнинг шу тилларда амал-тақал қилиб сўзлашимиз улар учун жиддий воқеа эмас. Ёнларида таржимонлар бор, керакли нарсаларни тушунтириб беришади. Уларга бизнинг ўзбекча талаффузимиз, ўзбекона фикрлашимиз, тилимизнинг оҳангини “аслият”дан эшитиш, ишонинг, ғоят муҳим. Французлар толмас санъаткоримиз Муножот Йўлчиеванинг қўшиқларини нега бор вужудлари билан, кўзларидан қувонч ва ҳайрат ёшлари думалаб тинглашади – улар қўшиқнинг сеҳрли таъсирида халқимизни, юртимизни, воҳаю водийни ҳис этишади, ҳали кўрмаган ноёб тарихий обидаларимизни, буюк ипак йўлларини, бугун ҳам эзгу ният билан улуғ сафарга отланаётган ҳикмат карвонларини тасаввур қилишга ҳаракат қилишади. Муножотхоним ўзининг ноёб санъати, юксак ижро маҳорати билан хорижлик мухлисларга Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмонанд диёрнинг мафтункор манзараларини, одамларининг беғубор қалбини мусаввир янглиғ намойиш этади десак, муболаға бўлмайди. Японларнинг, корейсларнинг, хитой ёки ҳиндларнинг мусиқасига, сўзлаш, саломлашиш одобига, талаффузда товушларнинг ўзаро уйғунлашувидан ҳосил бўладиган оҳанрабо майинлик ва беғуборликка эътибор берганмисиз? Сўз, жумлагина эмас, ҳарфлар, товушлар, урғу, бўғинлар, тутуқ белгиларигача соф миллий либосда-я! Бу билан улар ҳақли равишда фахрланадилар, бу бойликни бебаҳо хазина янглиғ асраб-авайлаб, келгуси авлодларга бус-бутун қолдирадилар. Тилимизнинг жаранги, латофати, ифода имкониятлари ҳеч бир халқнинг тилидан қолишмайди, аммо буни эътироф этган ҳолда, унга аста-секин зиён етаётганини сезиб туриб ҳам қулоғимизни қимирлатмай тураверсак бўлмас.
Икки оғиз сўз – инглиз тилини ўрганиш ҳақида. Биз уни дунёдаги барча тиллардан зўрлиги, алифбоси мукаммаллиги учун эмас, бугунги замонавий илмий манбалар асосан шу тилда эканлиги учун ўрганмоқдамиз. Бундай илм бошқа бир тилда бўлганида, табиийки, ўша тилни ўрганар эдик.
Биз рус тилини ўрганар эканмиз, бу адабиётининг “чексиз уммонига хос толстойча донишмандликни, шолоховча ҳайратланарли драматизмни, чеховча беқиёс одампарварликни ва борлиқни бунинча нозик идрок этишни…” (Ч.Айтматов) ўрганамиз. Француз, испан, ҳинд ёки корейс тилларига қизиқар эканмиз, бу адабиётлардан ҳам айни шундай фазилатларни қидирамиз. Бугун дунё мамлакатларида Ўзбекистонга, халқимиз тарихи, маданияти, адабиёти ва санъати, ҳунармандлиги ва бошқа соҳаларга қизиқиш кучаяётганининг боиси ҳам шунда.
Матбуот жим эмас: тилга эътиборсизлик ҳақида тинимсиз ёзилмоқда. Аммо биз ёзиб чарчамаяпмиз, қулоғи том битган маъмурлар эса кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишдан чарчаётганлари йўқ. Боз устига, айримлари қаддиларини ғоз тутиб, “Қайси газета, яна ёзибдими, қўяверинг, обунаси пачава, ҳадемай қоғоз матбуотнинг куни тугайди, қулоғимиз тинчийди..”., дея писанда қилмоқдалар. Пойтахтнинг серқатнов кўчаларидан бири ўртасидаги паннода “плов”га чексиз муҳаббат изҳор қилинган. “Отопительные системы” жумласи ўзбек тилига “Иссиқ қилиш” деб ўгирилган. Ўзбекнинг тили, мўътабар таомини масхаралашнинг бундан ортиқ намунаси бўлмаса керак. Мана, неча йилдирки, кир ювиш кукуни номидаги кўк чойни мириқиб ичиб ётибмиз. Баъзи кўчалар тил, ном нуқтаи назаридан шундай қиёфага кирдики, хорижлик меҳмон унинг Ўзбекистон ҳудудида эканлигига шубҳа қилиши ҳеч гап эмас. Маданий-маиший муассасалар, емакхона, ичмакхона, кийим-кечак бичмакхоналарга, намойиш залларига ном танлашда қайсидир узоқ мамлакатдан келган ажнабий мутахассис маслаҳат бераётганга ўхшайди.
“Зўр ТВ” телеканалининг кўпчиликка маъқул келадиган кўрсатувлари бор, албатта. Аммо тилимизни ошкора камситадиган, одоб-ахлоқимизга тўғри келмайдиган бачкана кўрсатувлар ҳам талайгина. Ҳар битта кўрсатув номига биттадан хорижий сўз қўшиш нима дегани? Бу хусусда куюнчак олимимиз Раҳмон Қўчқор ғоят таъсирчан мақола ёзди, лекин гап эгасини топмади. “Бетимнинг қаттиғи – жонимнинг ҳузури” бўлди, тамом-вассалом. Ўзини ҳурмат қиладиган халқ бунга тоқат қилмаслиги керак.
Очиғини айтганда, тилимизни асраш борасида қилаётган ишларимиз, унга ҳурматимиз ночор аҳволда. Эътиборсизлик кундан-кунга илдиз отмоқда, бу ҳолни хаспўшлашга уринмайлик. Телекўрсатув, радиоэшитириш, кино ва саҳна асарларида, воизларнинг маърузаларида ўзбек адабий тили жиддий лат емоқда. Кўриб, билиб турибмиз. Икки-уч тил бир-бирига қоришиб кетди, бўтқанинг ўзи. “Идора”, “дўкон”, “тижорат”, “сармоя”, “кафолат”, “бўнак”, “бай очиш”, “очиқлик”, “буюртма”, “пойдевор” каби қанчадан-қанча латиф сўзларимиз ўрнига бошқа тиллардаги сўз ва ибораларни тўғри келса-келмаса ишлатмоқдамиз. Қўшни қирғизистонликлар улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳар бири 120 босма табоқдан иборат уч жилдли илмий-адабий энциклопедияни нашр этишди. Бизда Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган, энциклопедия талабларига тўла жавоб бера оладиган жиддий тадқиқотдан бошқа яна бирор жиддий иш борми?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов бир гапни айтиб берган эди. У кишининг бир танишлари бошқа тилда сўзлашишга шу қадар берилиб кетган эканки, телефон жирингласа, гўшакни кўтариб, беихтиёр “Да-да” дер экан. Неъмат ака ҳар гал шу танишига қўнғироқ қилганида, навбатдаги “Да-да”ни эшитиб, “Дадангмасман, Неъмат акангман”, дер экан. Бир раҳбар расмий идораларда узоқ муддат ишлади, яхши ишлар қилди, аммо ким билан гаплашмасин, телефон гўшагини қўйишдан олдин, албатта: “Есть ака, тушундим ака, конечно, есть” деб қўярди. Унинг учун “Хўб бўлади” дейиш эскилик сарқити эди, назаримда.
Шу ўринда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан бир иқтибос келтиришга зарурат бор деб ўйлайман: “Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларга бериш керак… Миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини таниганидан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин. Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак..”.
Тил – тирик, ҳаракатчан вужуд, у ҳам худди инсон каби парваришга, диққат-эътиборга, меҳр-мурувватга муҳтож. Тўғри парваришланган ниҳол ўсиб-улғайиб мевага киргани каби, тилга эътибор ҳам ҳар янги авлодга шундай маънавий мева берадики, унга қиёс топишнинг иложи йўқ. Бу ҳақиқатни унутадиган бўлсак, йиллар ўтиб ўзбек тилини ўрганиш курсларини бошқалар учун эмас, ўзимиз учун қайта тиклашимизга тўғри келади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 6-сон