Суюн Қораев. Шаҳар ичи атамалари (1990)

Ўзбек тили давлат тили мақомини олди. Энди уни фан тилига айлантириш устида ўйлашимиз керакки, тилимиз фан-техниканинг барча соҳаларига оид сон-саноқсиз истилоҳ (термин)ларни ўз лисоний воситалари ёрдамида бемалол ифодалай олсин. Бу эса мураккаб вазифа бўлиб, вақт ва катта куч-маблағ талаб қилади. Бунинг учун норматив луғатлар, турли фан соҳаларига доир истилоҳий луғатлар яратилиши керак. Бу борада Ўзбекистон ССР Нозирлар кенгаши ҳузурида тузилган Истилоҳшунослик қўмитасидан, ЎзССР Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтидаги Истилоҳшунослик ва луғатлар бўлимидан умидимиз катта. Ҳозир шу институтда ўзбек тилининг кўп жилдли изоҳли луғати тузилаяпти.

Тилшунослар, адиблар, журналистлар умуман ўз тилини қадрлайдиган, унинг келажаги ҳақида жон куйдирадиган ҳар бир фидойи ўзбек тилининг ички имкониятларини чуқур ўрганишга, шеваларда ишлатиладиган беҳисоб дурдоналарни йиғиб, адабий тил мулкига айлантиришга ҳаракат қилмоғи керак.

Шунингдек, шаҳар ичи истилоҳларини ҳам тилимизда тўғри ифода этишни узил-кесил ҳал қиладиган вақт келди. Масалан, аллея ҳам, булвар ва сквер ҳам кўпинча хиёбон дейилади. Ҳолбуки уларнинг фарқи бор: аллея икки томонига дарахт ҳамда буталар ўтқазилган йўл ёки боғдаги йўлак; булвар эса — одатда шаҳар кўчасининг ўртасидаги кенг хиёбон; сквер бўлса — шаҳардаги кичик жамоат боғи; ё парк билан боғ ҳам бошқа-бошқа — парк кўпинча табиий ўрмондан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиб, барпо этилади ва унинг ҳовузлари, йўлаклари, гулхоналари, жамоат дам олиши учун мўлжалланган бошқа жиҳозлари бўлади.

Қуйида шаҳар истилоҳлари ҳақида сўз юритиб, баъзи бир атамаларни адабий тилга киритишни таклиф этамиз.

БЕКАТ. Ҳозир станция ҳам, остановка ҳам, стоянка ҳам кўпинча бекат дейилаяпти. Ҳолбуки буларнинг ҳар бири бошқаларидан вазифаси, хизмати билан фарқ қилади; масалан, станция жумладан, метро станциялари жиҳозланиши жиҳатидан остановкадан фарқ қилади. Бекатни «станция» маъносида ишлатиш мумкин; остановка, шунингдек стоянка учун эса бошқа сўз топиш керак.

КЕНТ. Бу сўз «шаҳар» маъносини англатишини бундан минг йил олдин Маҳмуд Қошғарий ҳам айтган эди. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Кавказ, Шарқий Туркистон, Ўрта Шарқ, Кичик Осиёда кент деганда ҳозир ҳам «шаҳар», «аҳоли истиқоматгоҳи» тушунилади. Асли сўғдийча бўлган бу атама қадимдан икки шаклда ишлатилган, яъни кат, кас (охирги товуш тишлар орасидан чиқадиган с) «уй» ва «қишлоқ» маъноларини англатган. Катак, каталак сўзлари ана шундан келиб чиққан. Кент, кенд ҳам, кас ҳам ҳозир кўплаб шаҳар ва қишлоқ номлари таркибида учрайди. Ўзбекистонда Шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларигача кент «шаҳарча», «посёлка», Туркияда кент «шаҳар», Озарбайжонда «қишлоқ» маъносини англатган. Ўзбекистонда бу сўзни олдинги маъносида тиклаш мумкин: посёлкани кент, шаҳар типидаги посёлка ёки шаҳар посёлкасини шаҳрий кент деса бўлади. Бундан ташқари посёлка ўрнига қасаба сўзини қабул қилиш ҳам мумкин. Бу сўз, жумладан, Навоийда, Бобурда «шаҳарча», «посёлка» маъносида учрайди. Турклар (қасаба), озарбойжонларда (гасаба) уни айнан шу маънода ишлатаяптилар-ку!

МОЗОР. Бу сўз арабча бўлиб, «зиёрат қилмоқ», «қадам ранжида қилмоқ», «ташриф буюрмоқ», «йўқлаб бормоқ» маъносидаги зора феълига -ма қўшимчаси қўшилиб, маконни, жойни билдиради. Мозор асли, «зиёратгоҳ», «авлиё қабри» демакдир. Қишлоқ жойларда ҳар қандай муқаддас жойни мозор ёки авлиё дейишади. «Мозор босиб келган», «Туянинг мозор билан нима иши бор» иборалари сўзнинг ўша маъноси билан боғлиқ бўлса керак. Кейинчалик ҳар қандай қабристон ҳам мозор дейила бошланган. «Болали уй бозор, боласиз уй мозор» иборасидаги мозор ана шу маънони англатади. Қабристонни мозорот ёки мозористон дейиш тўғрироқдир, гўристон ҳам шу маънода; ташландиқ қабристон қўйинди ҳам дейилади.

МАВЗЕ (кўплиги мавози). Бу сўз арабча бўлиб, асл маъноси «ер», «макон», «шаҳардан узоқдаги жой» демакдир; русча урочице сўзига тўғри келади. Қўқон хонлиги архивларида «қишлоқ», «аҳоли пункти» ҳам мавзе деб аталган. Тошкент шаҳрида мавзе деганда шаҳар чеккасидаги хусусий боғлар, дала ҳовли тушунилган.

НОҲИЯ, ноҳият, кўплиги навоҳий. Арабча бу сўз «теварак-атроф», «вилоят», «мамлакат» маъноларини англатган. Масалан, Сирдарёнинг ўрта оқимини араб жуғрофияшуносларидан Ибн Хавқал ноҳия деса, Муқаддасий рустоқ, Ёқут Ҳамавий эса вилоя деган (булар маънодош сўзлар). Яна ўша Ёқут Панжакент атрофларини «навоҳий» деган. Классик форс-тожик адабиёти намоёндалари ҳам ноҳия, ноҳият сўзини «мамлакат», «ўлка», «теварак-атроф» маъносида ишлатганлар: ноҳия Навоийда, Бобурда ҳам (кўплик шаклида) «мамлакат», «тупроқ», «ер», тушунчасини билдиради. Туркияда наҳия «волост», «маъмурий бирлик», «тегра», Эронда «округ», «теварак-атроф». Ўрта Осиёда туман сўзи ҳам район маъносига бир оз мос келади: «Ўн минг ва ундан ортиқ аскар етказиб бериш имкониятига эга бўлган маъмурий-территориал бирлик» (ЎзСЭ, 11 том, 333-бет). Ҳазора ёки минглик ҳам маъмурий-территориал майдон маъносида ишлатилган (масалан, Бухорода 50 минг таноб ер ҳазора дейилган); Шўро ҳокимияти йилларида Ўзбекистонда депара сўзи «район» маъносида ишлатилган. Тошкент шаҳри инқилобдан олдин тўрт даҳага бўлинган; шу маънода даҳа сўзи ҳам район сўзига яқин келиши мумкин; лекин қишлоқ жойларда, масалан, Самарқанд, Жиззах вилоятларида даҳа 40-йилларгача «қишлоқ совети» тушунчаси ўрнида ишлатилган.

ЧОРСУ: 1. Ўрта Осиё шаҳарларида бош кўчалар чорраҳаси; 2. Шаҳарнинг бош кўчалари кесишган жой устига қурилган гумбаз, тим. Тарихчи О. И. Смирнова сўзларига қараганда, чорсу зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да човрусуқ «бозор» маъносида учрайди (айнан маъноси «тўрт томонли»). Човрусуқ тожик тилига, кейинчалик ўзбек тилига чорсу, чорси шаклида кирган. Араб тилида суқ «бозор»; у ҳолда чорсуқ «тўрт бозор» бўлади; форсча матнларда «чорбозор» сўзи ҳам учрайди. Академик В. В. Бартольд Туркманистондаги тарихий Марв (ҳозирги Мари) шаҳри тарихига оид мақоласида чорсу ҳақида бундай дейди: «Илгарилари бозорлар аксари шаҳристонлар деворидан ташқарида, работда бўлар эди; энди бўлса дарвозалардан шаҳар марказига қараб борадиган бош кўчалар кесишган жойда бозорларнинг марказий гумбази — чорсу турибди» (Бартольд, Асарлар, IV том, 192-бет). Кейинги пайтларда чорсу «бозор жой», «марказий бозор» деган маънони англатган.

ЧОШТЕПА, шоштепа. Тожикча чош «уюм» (чошдан «тўкмоқ», «уймоқ» феълидан), қўрғонтепа, қоровултепа, тепақўрғон, тупроққўрғон, ўйгантепа, Зарафшон — водийсида тол — тупроқ уюб қилинган тепалик; табиий тепаликлардан ҳам фойдаланилган ва устига яна тупроқ уюлган. Кўпроқ мудофаа мақсадларида қурилган. Бир тепалик иккинчи тепаликдан, иккинчи тепалик учинчи тепаликдан кўриниб турган ва ҳарбий хавф туғилганда бирбирига турли йўллар (олов ёқиш, тутун чиқариш) билан хабар берганлар.

ШАҲРИСТОН — ўрта асрларда шаҳарнинг давлат ҳокими яшайдиган марказий қисми, ички шаҳар, кремль. Санскритда бу сўз «шаҳар давлат ҳокими турадиган жой», «резиденция» маъносини билдирган. Шаҳристон атрофи баланд девор — шаҳрибанд билан ўралган. Шаҳристонни араблар мадина дейишган. Ташқи шаҳар работ, баъзан эса чақар ҳам дейилган. Масалан, Бобур тош шаҳарни, яъни ташқи шаҳарни чақар деб атаган. Шу билан бирга ички шаҳарни шаҳри дарун, ташқи шаҳарни шаҳри берун деб аташган. Шаҳар билан бирга қала-қалъа сўзи ҳам ишлатилган. Масалан, Хоразмда ички шаҳар — ичан қала, ташқи шаҳар — дишан қала дейилган. Шунингдек, кўн ковушдан фарқли ўлароқ резина галош қалаковуш, яъни шаҳарковуш деб аталгани ҳам шуни кўрсатади. Бир-бирига яқин жойлашган бир тўда шаҳар ҳам шаҳристон дейилган. Шу маънода бир қанча аҳоли истиқоматгоҳлари ва шаҳарларнинг бир-бирларига қўшилиб кетишидан ҳосил бўлган улкан шаҳар — мегаполисни шаҳристон деса бўлар экан.

ШОКЎЧА. Шаҳарнинг кенг тўғри кўчасини проспект деб келамиз, бир замонлар хиёбон ҳам дейишган. Тошкент шаҳар топонимия комиссиясидан Ёзувчилар уюшмасига боришганда кимдир, проспектни шоҳкўча дейиш керак, дебди. Таклиф ўринли. Чунки Маворауннаҳрнинг бош шаҳарлари ҳисобланган Бухоро билан Самарқанд орасидаги катта йўлни буюк тарихчи Наршахий «шоҳ роҳ» деб атаган (бу сўз тожик тилида ҳамон «магистраль» «тракт» маъносида ишлатилади). Таклифимиз шоҳкўча эмас, шокўча деб ёзган маъқул. Чунки ўзбек тилида сўзнинг иккинчи таркибий қисми ундош товуш билан бошланса, шоҳ сўзидаги ҳ ҳарфи (товуш ҳам) тушиб қолаверади: шокоса, шосупа, шотут (тожикчада шоҳкоса, шоҳтут ва б.).

Умуман шаҳар ичи истилоҳлари ўзбек тилида яхши ишланмаган; ҳали айтганимиздек аллея ҳам, сквер ҳам, булвар ҳам «хиёбон» дейилади; проезд, тупик каби сўзларнинг ҳам дурустроқ ўриндоши йўқ; тупик «боши берк кўча» ёки халтакўча деб келинган. Профессор Ортиқ Мўминов маҳалласида проездни «ёнкўча» дейишибди. Торкўча, жинкўча деган сўзларимиз ҳам бор.

ҚИШЛОҚ. Ҳар қандай шаҳар дастлаб қишлоқ бўлган. Бу сўзни ким билмайди дейсиз. Лекин бу сўзнинг келиб чиқиши ҳақида ҳамма ҳам ўйлаб кўрган деб бўлмайди. Қишлоқ «қишланадиган, қиш ўтказиладиган жой» дегани. Кўпгина халқлар илгарилари кўчманчи ҳаёт кечирганлар. Масалан, кўчманчи ўзбеклар. Бунда кишилар ёзда яйловга кўчиб боришган. Яйлов, жайлов «ёзлоқ», «ёзда туриладиган жой» дегани — қадимий туркий тилда яй, ёй, жой «ёз» демакдир. Масалан, қирғизлар ҳозир ҳам ёзни жой, баҳорни эса жаз дейишади. Халқ қиш келиши билан қишловга — қишлоққа кўчиб келишган. Қишлоқда том уйда, яъни ғиштин уйда туришган. Яйловда эса ўтов — бўз уй тикишган. Ўрта Осиёда тожикча деҳ сўзи ҳам ишлатилган: Бухоронинг XIV — XV асрларга оид вақф ҳужжатларида бу иккала истилоҳ ҳам ишлатилган. Деҳ турғун аҳоли истиқоматгоҳи бўлиб, унда кишилар қишин-ёзин яшашган. Уларнинг фарқини «фалон деҳнинг қишлоқлари» — «қишлоқот ёки қишлоқҳо деҳи…» каби жумлалардан билса ҳам бўлади — демак, деҳнинг бир неча қишлоғи — қишлови бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур тоғма-тоғ кезиб юрганда «Фалон жойга қишлоқ солдук», яъни «қишлаш учун тўхтадик» дейди.

Ҳозир қишлоқ деганда ўтроқ аҳоли истиқоматгоҳи тушунилади. Бу сўз Тожикистонда ҳам деҳ сўзини суриб чиқарди, Шарқий Туркистон, Афғонистон, Эронда ҳам кенг ишлатилади.

Бироқ Ўзбекистонда бу сўзга сунъий равишда қўшимча маъно юклатилди — Олий Совет президиумининг фармонига кўра қишлоқ Совети ҳам «Қишлоқ» дейиладиган бўлди. Бу хато мумкин қадар тезроқ тузатилиши керак.

Суюн Қораев, филология фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон