Улуғ маърифатпарвар, миллатпарвар инсон, педагог ва адиб, 30-йиллар бошидаги Сталин қатағони қурбони Мунаввар Қори Абдурашидовдан биттагина сурат қолган. Бу суратга у рафиқаси Лазизахон, 3-4 ёшлардаги бола — Муҳаммадхон билан бирга тушган. Эр-хотин курсида ўтиришибди, устига чакмонча, бошига зардўзи дўппи кийган болакай улар олдида турибди. Бу сурат 1992 йилда биринчи бор «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилингач, биз суратдаги бола ҳаёт эканлигини, Тошкентнинг Новомосковская мавзеидаги ҳовлисида яшашини билдик ва у киши билан учрашиш мақсадида уйига бордик. Бизни ёши етмишлардан ошган, ўрта бўйли, оқиш юзидан нур ёғилиб турган киши — Муҳаммадхон ака кутиб олдилар.
Суҳбат асносида маълум бўлдики, Муҳаммадхон ака Мунаввар Қорининг ўғли эмас, жияни (акаси Муслимхоннинг ўғли) бўлиб, гўдаклигидан Мунаввар Қори тарбиясида ўсган экан.
Биз Муҳаммадхон акадан: «Мунаввар Қорининг фарзандлари бўлмаганми?» — деб сўрадик. У киши: «Фарзандлари бўлган, лекин гўдакликларида турли касалликларга чалиниб, ўлиб кетишган, шу боис, мени ўз тарбияларига олишган», — дедилар.
Муҳаммадхон ака журналдаги сурат қаерда олдирилганлигини ҳам эслар эканлар. «Ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги театр биноси рўпарасида, кўчанинг ўнг томонида озарбайжон миллатига мансуб бир кишининг суратхонаси бўларди, ўша ерда олдирилган, бу сурат», — деб эслагач, Мунаввар Қори ҳақидаги хотираларини ҳикоя қилдилар.
…Бугунги кунда Муҳаммадхон ака ҳам дунёдан ўтиб кетдилар. Шу боисдан, у кишининг хотираларини ён дафтаримиздаги битиклар асосида баён қиламиз.
Муҳаммадхон Абдурашидов ҳикояси:
— Мунаввар Қори отадан уч ака-ука эдилар: Аъзамхон, Муслимхон, Мунаввархон. Болалар отадан ёш айрилишган. Уларни оналари Хосиятхон тарбиялаган. Фарзандлар бошланғич таълимни ҳам маҳалла отини бўлган оналари қўлида олишган. Муслимхон билан Мунаввархоннинг зеҳни ўткир бўлган. Шу боис, улар ўқишни давом эттириб, аввал Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида, кейин ўша пайтдаги Туркистондаги илм маркази бўлган Бухородаги мадрасага бориб ўқишган.
Бухородаги мадрасани битириб Тошкентга қайтгач, Мунаввар Қори Мирободдаги масжидда имомлик қилган.
XIX аср охирида Мунаввар Қори Исмоил Гаспрали ва бошқа татар маърифатпарварларининг ғоялари билан танишгач, жадидлик ҳаракатини бошлайди, Тошкентнинг Дархон маҳалласидаги ҳовлисида янги усул мактабини ташкил этади. Унинг бу иши чор маъмурларига ёқмайди. Махфий полиция бу «кўзи очиқ» инсон ортидан хуфиялар қўяди.
Аммо Мунаввар Қори ўз фаолиятини давом эттираверади. 1906 йил сентябрда «Хуршид» («Қуёш») газетасини нашр этиб, ўзи муҳаррирлик қилади. Лекин кўп ўтмаёқ, оқ подшо маъмурлари уни ёпиб қўядилар. Кейинроқ Мунаввар Қори «Нажот» (1917 йил), «Кенгаш» (1917 йил), «Ҳуррият» (1917 йил), «Осиё», «Сурат», «Ҳақиқат», «Турон» ойномалари ва рўзномаларида муҳаррирлик қилади. «Садойи Туркистон» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлайди.
Мунаввар Қори ўз фаолиятини маърифатпарварликдан бошлаган эди. 1916 йилдаги халқ қўзғолонининг қонга ботирилиши, 1917 йилдаги Октябрь давлат тўнтаришидан сўнг Қўқон мухториятининг тугатилиши ва Қўқонда оддий халқ қирғин-барот қилинганлиги Мунаввар Қорини маърифатчидан истиқлолчига айлантирди. Тошкентдаги илғор фикрли ўзбек зиёлилари ва ёшлари Мунаввар Қори атрофига тўпланадилар. «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олиб бўлмай, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур», — деб ёзган эди Мунаввар Қори ўзининг «Мақбул қурбонлар» мақоласида.
1929 йил 6 ноябрда Мунаввар Қорини ҳибсга олганлари ҳам кечагидек ёдимда. Оқшом чоғи уйга тўрт киши кириб келди. Улардан иккитаси ҳарбий формада эди. Ҳарбийлардан бири Мунаввар Қорини қамаш ҳақидаги ордерни кўрсатди. Кейин уйни тинтув қилишди. Ҳарбийлардан бири том устини тинтув қилаётганида фанер ёрилиб кетиб, ҳарбийнинг оёғи осилиб қолган. Тўртовлон уйдан анчагина китоб, қўлёзмаларни олиб кетишган.
Шу куни Тошкентда жами қирқ нафар собиқ уламо ва эшонзодалар ҳибсга олинган. Булар орасида Қудуқбоши маҳалласидан Оловуддин Махсум, Хайриддинхон Эшон, Дукчи маҳалласидан Абдувоҳид Қори, Эшонгузар маҳалласидан Ҳасан Қори, Эшонхўжа домла, Оқмачит маҳалласидан Муҳиддин Қори, Хонхўжа Эшон ва бошқа кишилар бор эди.
Тошкент қамоқхонасида бирмунча вақт сақланган Мунаввар Қорини Ўзбекистондан олиб кетишди. Шундан бери унинг ўлик-тириклигини ҳеч билолмадик. Мунаввар Қори ҳаёт эмиш, Сибирнинг аллақайси бир шаҳридаги лагерда қамоқ муддатини ўтаётган эмиш, бир татар аёлга уйланиб олган эмиш, деган гапларни ҳам эшитганмиз, лекин бу гапларнинг ҳақиқат эканлигига ишонмаганмиз.
Отам Муслимхон домла укаси билан бирга Бухородаги мадрасани битириб келгач, анча йиллар турли масжидларда имомлик қилганлар, аммо сиёсий ишларга аралашмаганлар. У укасининг сиёсат билан шуғулланаётганлигидан ташвишланиб: «Ука, бу ишингни ташла, охири «вой» бўлиши мумкин», — деб огоҳлантирган. Шунда Мунаввар Қори акасига: «Сиз менинг бу ишимга аралашманг», — деган эканлар.
1941 йил. Уруш бошланганида мен, мактабда ўқитувчилик қилардим. Бир куни дарс бошланишидан аввал ўқитувчилар хонасида уч киши ўтирардик. Немис-фашистлари Москва остоналарига яқинлашиб қолган оғир пайтлар эди. Суҳбатдошларимдан бири фронтдаги аҳвол ҳақида гапириб: «Маршал Ворошилов Сталинга вақтинчалик Москвани душманга топширмасак бўлмайди. Жуда кўп қўшин қирилиб кетади. Уралга чекиниб, куч тўплаб олишимиз керак, дебди», — деди. Мен шунда: «Ворошилов ҳам тажрибали саркарда, таклифида асос бўлиши мумкин», — дедим. Айбим шу. Кечаси НКВД ходимлари уйимизга келиб, мени ҳам қамоққа олиб кетишди. У ерда мени ўз бошлиқлари олдига олиб киришиб: «Мана, Мунаввар Қорининг ўғлини ушлаб келдик», — дейишди. Мени Қизил Армияга қарши миш-мишлар тарқатишда айблаб, ўн йил қамоқ жазоси беришди. Аслида эса Мунаввар Қорининг тарбиясида ўсганлигим учун қамашди. 1955 йилда оқландим.
Қамоқда суд бўлганимга қадар Акмал Икромовнинг поччаси (исми ёдимдан кўтарилди) билан бир камерада ётганман. У киши жуда одамохун инсон экан. Биз ётган камерада маҳбуслар кўп эди. Бир куни темир эшик очилиб, хонага отам кириб келдилар. У кишини дастлаб кўриб танимадим: соч-соқоллари қиртишлаб олиб ташланган, ранг-рўйлари бир ҳолатда, кўзлари ҳам хиралашиб қолган эди. Отам эшикдан кириб, остона яқинидаги бўш бир жойга ўтирдилар. Мен у кишига синчиклаб-тикилиб, отам эканлигини билдим. Акмал Икромовнинг поччасига: «Бу киши менинг отам-ку» — дедим. Беихтиёр кўзларимга ёш келди.
Биз камеранинг тўрида эдик. Ёнимизда бир туркман йигит ётарди. Акмал Икромовнинг поччаси уйидан келтирилган нондан туркман йигитга тўртта берди-да: «Ҳув, анави мўйсафид пойгакда қолди. Ўша одам билан ўрин алмашинглар, сен ёшсан, жон ука», — деди. Туркман йигит рози бўлди. Отамнинг олдига бориб кўришиб, ёнимизга бошлаб келдим.
Отамнинг қамалиши тафсилоти шундай бўлган: уруш бошланиб кетгач, Совет ҳукумати гитлерчиларга қарши коалицияга кирган Ғарб давлатлари ҳукуматларининг талаби билан мамлакатда дин-эътиқодга озгина эрк беради. Шу баҳонада Ўрта Осиё диний бошқармаси тузилади, йирик шаҳарларда учта-тўрттадан масжидлар очилади. Шундан кейин менинг отам Тошкентдаги масжидлардан бирига имом қилиб тайинланадилар. Лекин НКВД хуфиялари уларнинг бу ерда эмин-эркин ишлашига имкон бермайдилар.
Бир куни отамни маъмурий идорага чорлашиб: «Масжидда Совет ҳукуматига қарши гапирадиганларни бизга маълум қилиб турасиз», — дейишади. Отам табиатан юввош одам бўлганликлари учун бу таклифга «йўқ» демайдилар. Лекин бировни сотмайдилар ҳам. Кунлардан бир куни уни яна маъмурий идорага чақиришиб: «Бизнинг топшириғимизни нега бажармаяпсиз?» — деб сиқувга олишади. Отам эса уларга: «Бажаряпман. Одамларга тўғри юринглар, ҳукуматга тил теккизманглар, бу ҳукумат билан ўйнашиб бўлмайди, деяпман», — дейдилар. Маъмурий идора ходими эса: «Биз сизга бундай топшириқ бермаганмиз, Совет ҳукуматининг душманларини ушлаб беринг деганмиз. Сиз топшириғимизни бажармадингиз, энди ўзингизни қамаймиз», — деб отамни ҳибсга олишади, уриб, қийнашади. Лекин кексалигини, кўзи хиралашиб қолганлигини, бунинг устига ҳеч бир айби йўқлигини ўйлаб, озгина инсофга келишдими, ҳар ҳолда бир йилдан кейин қамоқдан чиқариб юборишди.
Отам 1955 йилда 86 ёшида вафот этганлар.
Мен бир куни отамга: «Омадсиз эканман, ўн йил умрим қамоқда ўтди. Ўқиб, ўсиб-униш имкониятидан маҳрум бўлдим. Мен билан бирга ўсганларнинг кўпчилиги кимсан — фалончи бўлиб юришибди», — деганимда, у киши: «Ўғлим, ношукур бўлманг. Буни қисмат дейдилар, ундан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Ўзингизга маълум, миллионлаб одамлар урушда қирилиб, болалари етим-есир бўлиб қолди, минг-минглаб бегуноҳ кишилар қамалиб, отилиб кетди. Сиз эса қамалган бўлсангиз ҳам омон қолдингиз, оқландингиз, соппа-соғ яшаб юрибсиз, оилангиз, фарзандларингиз бор. Беажал ўлиб кетганлар олдида сиз омадлисиз», — деган эдилар. Нафсиламрини айтганда, отам ҳақ эдилар.
Зулайҳо Қаюмова ҳикояси (91 ёшда):
— Мунаввар Қори билан менинг отам дўстона муносабатда бўлишган. У кишининг уйимизга меҳмон бўлиб келганларини ҳамон яхши эслайман.
Мунаввар Қори йигирманчи йиллардаги зиёлиларнинг сардори эди. Шу боис, отам бу киши билан дўст бўлганликларидан беҳад фахрланардилар.
Отам ҳам ўқиган одам эдилар. У киши аввал рус-тузем мактабида, кейин гимназияда, ундан сўнг эса Санкт-Петербургда ўқиб, ирригатор-муҳандис касбини эгаллаган эдилар, йигирманчи йилларда Туркистондаги суғориш ташкилотларида масъул вазифаларда ишлаганлар. Жумладан, Тошкент вилоятининг ариқ оқсоқоли (бош ирригатори) лавозимида ишлаган пайтларида вилоятда суғориш ишларини яхшилаш билан боғлиқ кўпгина ишларга бош-қош бўлганлар.
Аммо одам душмансиз бўлмас экан. 1929 йилнинг охирида отамни туҳматчилар қаматишди. Унга суд ҳукми билан ўн йил қамоқ жазоси берилди.
Отамни Тошкент қамоқхонасидан олиб кетишадиган кунда Олой бозори яқинидаги қамоқхона дарвозаси олдига бориб турдим. Шунда тўнғич фарзандим Маҳмуджон қўлимда эди.
Бир маҳал қамоқхона дарвозаси очилиб, маҳбусларни саф-саф қилиб олиб чиқишди. Улар орасида отам ҳам, Мунаввар Қори ҳам бор эди. Маҳбусларни Тошкент темир йўли юк-товар станцияси томон ҳайдаб кетишди. Ҳозирги Амир Темур хиёбони яқинида отам бораётган саф Мунаввар Қори кетаётган саф билан тенглашди. Шунда дўстлар бир-бирларини кўришгач, унсиз-садосиз бош қимирлатиб, саломлашишди. Бир маҳал Мунаввар Қори отамга қараб:
— Абдуқаюмхон, Сизнинг гуноҳингиз нима экан? — дедилар.
— Туҳмат балосига учрадим, Қори ака, туҳмат балосига, — дедилар отам маҳбусларни қўриқлаб бораётган НКВД ходимларига олазарак қараб.
Тошкент юк-товар станциясида бир узун юк поезди турарди. Унинг қизил вагонлари қари-қартанг маҳбуслар билан тўла эди. Суриштирсак, бу маҳбуслар шоир Ҳамза ўлими баҳонасида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида, Тожикистон ва Туркманистонда ҳибсга олинган уламо ва руҳонийлар экан. Тошкентлик маҳбусларни ҳам шу поездга жойлаштиришди. Бир оздан кейин поезд ўрнидан қўзғалиб, кунчиқар томонга йўл олди.
Отам Сибирдаги қамоқ лагерларида тўрт йил бўлгач, ишларининг судда қайта кўрилишига эришиб, оқланиб, қайтиб келдилар. Аммо Мунаввар Қорини ортиқ кўрмадим.
1929 йилдаги қатағонга шоир Ҳамза ўлими баҳона бўлган. Ҳамза асли пичоқлаб ўлдирилган. Лекин ҳукумат одамлари уни диндорлар тошбўрон қилиб ўлдиришди, деб эълон қилишиб, шу баҳонада бутун Ўрта Осиёдаги кўзга кўринган диндорларни қамоққа олишган.
«Вечерняя Москва» газетасидаги хабар (1992 йил 25 май):
«1930-1940 йилларда Ваганьково қабристонига махфий дафн этилган Сталин қатағони қурбонларининг рўйхатини эълон қилишни давом эттирамиз. Уларни аксил-инқилобий фаолиятда, зараркунандаликда, террорчилик ҳаракатлари қилишда уринишда айблаганлар. Эндиликда уларнинг барчаси оқландилар. «Вечерняя Москва»да эълон қилинган рўйхатни бизга СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси ва Давлат хавфсизлиги қўмитаси Москва шаҳар ва Москва вилояти бошқармалари ҳужжатхоналари ходимлари тайёрлаб беришди.
Отилганлар рўйхатини газета 1990 йил 6 декабрдан эълон қилишни бошлаган эди. Шундан бери «Вечерняя Москва» саҳифаларида Ваганьково қабристонига махфий кўмилган 600 нафардан ортиқ ва жасади куйдирилиб, Донской қабристонидаги 1-қабрга кўмилган 250 нафардан ортиқ қатағон қурбонларининг исм-шарифлари эълон қилинди.
Афсуски, шу пайтгача 30-50-йиллардаги қатағон қурбонлари бўлган барча отилганларнинг рўйхатини тўла эълон қилиш масаласи ҳамон ҳал этилгани йўқ.
«Вечерка»нинг шундай таклиф билан бир қатор чиқишларига қарамай, Россия хавфсизлик вазирлиги, худди илгариги йиллардаги СССР Давлат Хавфсизлик қўмитаси сингари, таклифимизни жавобсиз қолдиряпти».
* * *
«Вечерняя Москва» газетаси ушбу хабар билан бирга, 30-йиллар бошидаги қатағон қурбонлари бўлган кишилардан тўққиз нафарининг суратини ва улар ҳақидаги қисқача маълумотларни эълон қилди. Бу кишилардан 5 нафари ўзбекистонликлардир. Мана ўша маълумотлар:
АҲРОРИЙ Саид Абдурашидович (Саид Абдурашидович Аҳрорий). 1895 йилда Туркияда туғилган, ўзбек, ВКП(б) аъзоси, ўрта маълумотли. Самарқанд молия-иқтисод техникуми ўқитувчиси, Самарқанд шаҳрида яшаган. 1930 йил ноябрда қамалган. 1931 йил 23 майда отилган. (Саид Аҳрорий ВКП(б)нинг эмас, Бухоро Компартиясининг аъзоси бўлган — муаллиф.)
АБДУРАШИДОВ Мунаввар Қори (Мунаввар Қори Абдурашидов). 1878 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, партиясиз, олий маълумотли, адабиётшунос. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳаси, Дархон маҳалласидаги 17-уйда яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамалган. 1931 йил 23 майда отилган.
ТИЛЛАХОНОВ Салимхон (Салимхон Тиллахонов). 1897 йилда Тошкентда туғилган, ўзбек, партиясиз, тўлиқсиз олий маълумотга эга, «Плодовинсоюз» йўриқчиси. Тошкент шаҳар Девонбоши маҳалласидаги 169-уйда яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамалган. 1931 йил 23 майда отилган.
МАҚСУДОВ Тангриқулҳожи. 1900 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, ўрта маълумотли, рабфакка кирувчиларни тайёрлайдиган курс мудири. Тошкент шаҳрида яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамалган. 1931 йил 23 майда отилгак.
ШЕРМУҲАМЕДОВ Нажмиддин (Нажмиддин Шермуҳамедов). 1900 йилда Тошкентда туғилган, ўзбек, партиясиз, бошланғич маълумотга эга, маълум бир жойда ишламаган. Тошкент шаҳар, Бешёғоч даҳасининг Машраб маҳалласида яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамалган, 1931 йил 23 майда отилган.
* * *
«Вечерняя Москва» газетасининг ушбу хабар босилган сони қсеронусхасини «Шарқ юлдузи» таҳририятига москвалик ўзбек профессори Ражаббек Исломбеков юбордилар. У киши газета ксеронусхасига қўшиб юборган мактубларида шундай ёзадилар: «Вечерняя Москва» газетасида Сталин қатағони қурбони бўлган ҳамюртларимнинг суратларини кўрганимда жуда ҳаяжонландим. Газета таҳририятига қўнғироқ қилиб, хабарни тайёрлаган ходимдан бу кишилар Москванинг қайси қамоқхонасида ётганликлари ва қаерда отилганликлари ҳақида қўшимча маълумот олишга ҳаракат қилдим. Газета ходими Мелкумовнинг маълум қилишича, марҳум ҳамюртларимиз Москванинг машҳур Бутирка қамоқхонасида ётган ва шу ерда қатл этилиб, махфий равишда Ваганьково қабристонига дафн этилган эканлар. Ушбу рўйхат «Шарқ юлдузи» журналида ёки республикадаги бошқа бир нашрда эълон қилинса фойдали бўлар, деб ўйлайман.
«Вечерняя Москва» газетасида сурати эълон қилинган беш нафар ҳамюртимиз орасида фақат бир киши — Мунаввар Қори Абдурашидов менга таниш. Мен у кишини ҳаётликларида кўрмаганман, лекин Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласида ўз ҳовлиларида ташкил этган янги усулдаги мактабда ўқиганман.
Болалигимда маҳалламиздаги катта ёшли кишилардан бу инсоннинг ўз ҳаётини миллатига хизмат қилиш учун тиккан улуғ маърифатпарвар ва истиқлолчи бўлганликларини эшитганман. Шу боис, бу инсонга нисбатан қалбимда ҳурмат бир умрга муҳрланиб қолган.
Мунаввар Қори 20-йиллар охирида қатағон қилинганлигини эшитганман. Лекин у киши қаерда вафот этган ва дафн этилганликлари тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдим. Газета хабари бу масалага равшанлик киритди».
* * *
Москвадан газета ксеронусхасини олгач, ундаги беш кишидан биттаси кекса журналист, меҳнат фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали бош муҳаррирининг собиқ ўринбосари Холида Аҳророванинг отаси эмасмикан, у кишининг оталари ҳам 30-йилларнинг бошида қатағон қилинган дейишади, деб тахмин қилдик ва «Саодат» журнали таҳририятидаги ҳамкасблардан Холида опанинг уй телефон рақамларини олиб, қўнғироқ қилдик.
Эртаси куни Холида опа таҳририятимизга кириб келдилар ва газета ксеронуехасига тикилиб: «Бу киши менинг отам бўладилар. Мен у кишининг изларини 60 йилдан бери излайман. Отамнинг нима учун қамалганликлари ва ўлимга маҳкум қилинганликларини сўнгги йиллардагина аниқлаш имконига эга бўлсам-да, қаерда қатл этилганлари ва қаерга дафн этилганлари менга номаълум эди. Эндиликда ҳаммаси равшан бўлди. Бунинг учун сизларга раҳмат! Эидиликда отам хоки ётган жойни бир зиёрат қилсам, армоним қолмасди» — дедилар. Кейин Холида опа Салимхон Тиллахоновнинг ҳам авлодларини билишларини, уларни топишда ёрдам беражакларини айтдилар ва оталари ҳақидаги ҳикояни бошладилар.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кекса журналист Холида Аҳророва хикояси:
— Дунёда армонсиз инсон кам бўлади. Отамдан жуда ёш айрилганлигим, унинг меҳрига тўймай, ўксиниб ўсганлигим менинг бир умрлик армонимдир. Отамдан жудо бўлганимизда мен тўрт ёшли қизалоқ бўлганман. Шу боис, уни элас-элас эслайман. У ўрта бўйли, хушбичим, оврўпача кийиниб, майин, қўнғир сочларини бир томонга силлиқ тараб юрадиган зиёли одам эди.
Отам 1929 йилнинг 12 ноябрида эрталаб уйдан чиқиб кетганлар-у, қайтиб келмаганлар. У тирикми, ўликми, қамалганми ёки озодликдами — ҳеч аниқлашнинг иложи бўлмаган. Онамнинг бормаган идораси, мурожаат қилмаган раҳбари қолмаган.
Отам йигирманчи йилларда Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати идораларида масъул вазифаларда ишлаганлар, маълум муддат Бухоро Халқ Шўролар Республикасининг Озарбайжондаги элчиси ҳам бўлганлар. Уни Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовлар яхши билишган. Отам бедарак йўқолгач, онам Тошкентда (1930 йили пойтахт Тошкентга кўчган эди) Файзулла Хўжаевга ҳам мурожаат қилганлар. У киши: «Саидни қидиряпмиз, топилиб қолса керак», — деган. Энди англашимча, Файзулла Хўжаев отамнинг қамоқдалигини билган, лекин бор ҳақиқатни онамга айтиб, уни ранжитишнн истамаган.
Отамнинг 1929 йил 12 ноябрда қамалганлигини бир тасодиф туфайли аниқлаш имконига эга бўлдим. Москвада нашр этиладиган «Родина» журналининг 1989 йил ўн биринчи сонида эълон қилинган тарих фанлари доктори Фарҳод Қосимов билан фалсафа фанлари номзоди Баҳодир Эргашевнинг мақоласига кўзим тушди. Мен бу мақолани ўқимаслигим ҳам мумкин эди. Мақола Бухоро инқилобига доир бўлганлиги учун ҳам мутолаага киришарканман, қалбим тўрида дадам ҳақида бир дарак топармиканман, деган умид йўқ эмас эди. Негаки, дадамнинг ҳаёти тарихи шу инқилоб билан туташ… Шунда бирдан дадам ҳақидаги парчага дуч келдим.
«Ўзбекистон Жумҳуриятининг биринчи раиси бўлган Хўжаевдан ташқари, 1920 йил инқилобига алоқадор бўлган кўплаб кишилар Сталин даври қатли омига гирифтор бўлди. Улар орасида Бухоро Компартиясининг биринчи раиси Нажиб Ҳусаинов, 1923 йилда худди шу лавозимда ишлаган Абдулла Раҳимбоев, Ўзбекистоннинг биринчи Халқ Молия Комиссари Қори Йўлдош Пўлатов, биринчи ўзбек ва тожик профессорлари Абдурауф Фитрат, Мусо Саиджонов ва Аббос Алиев, ўша даврнинг таниқли адабиёт намояндалари Саид Аҳрорий ва Аҳмаджон Абдусаидов (Ҳамдий), Ўзбекистоннинг таниқли партия ва совет ходимларидан Абдураҳим Юсуфзода, Раҳматулла Музаффаров, Отахўжа Пўлатхўжаев ва кўплаб бошқа ўртоқлар бор эди».
Тонггача мижжа қоқмадим. Отамнинг қамалиш тафсилотларини кимдан, қаердан аниқласам бўлади? Бирон-бир хабар топишга ишончим йўқ эди. Сабаби, эллигинчи йиллардан ОГПУга ариза билан мурожаат этган ва у ердан: «Бизда ҳеч қандай маълумот йўқ», мазмунида жавоб олган эдим. Бари бир ўша маҳкамага яна мурожаат қилдим. Ахири орадан икки ой ўтиб, жавоб хати олдим. «Ўзбекистон ССР Олий Судининг 1957 йил 5 сентябрдаги 216/11 ажрими билан СССР Бирлашган Бош Сиёсий Бошқармаси Коллегиясининг 1931 йил 25 апрелидаги Саид Абдурашидович Аҳрорийга доир иши тўхтатилиб, унинг пок номи ўлимидан сўнг тикланди…»
Олтмиш йил бедаракликдан сўнг отам ҳақида топган илк аниқ маълумотим эди, бу.
Дадам ҳақида нималарни биламан? У киши ҳақидаги хотираларим, асосан, онам ҳикоялари бўйича шаклланган. Аммо маъмурий идора ҳужжатхонасидаги «Мунаввар Қори Абдурашидов, Салимхон Тиллахонов ва бошқалар», деб номланган жиноий ишнинг ўн иккинчи жилдида ОГПУнинг анкетаси бор. 1930 йил 14 февраль куни оператив вакил Журавлёв тўлдирган ана шу анкетада, тўғрироғи, тергов баённомасида дадамнинг манзилгоҳи Самарқанд шаҳри, Қаландархона даҳаси, Маҳдум Хоразмий маҳалласи, 4-ҳовли деб кўрсатилган.
Ҳужжатлардан билишимча, бобом Абдурашидхўжа хўжандлик бўлиб, ҳаж сафаридан қайтаётиб, Туркияда яшаб қолган эканлар. Отам Муҳаммад Саид Туркияда туғилган. Туркиядан Биринчи жаҳон урушига жўнаган отам турклар билан ўрислар ўртасида бўлган жангда жароҳатланиб, ўрисларга асир тушиб қолади ва Красноярск шаҳридаги тутқунхонага жўнатилади. Ҳужжатлардан яна шуни билдимки, 1918 йил февралида Красноярск тутқунгоҳидан қочиб, Тошкентга келган Саид Аҳрорий Ўқчи маҳалласида «Ватан» деган мактаб очади ва шу мактабда «Изчилар тўдаси» деб номланган ёшлар гуруҳини ташкил этади.
Отам авлодлари Истанбулда 1897 йилдан бошлаб яшаган экан. Дадам Истанбулда аввал гимназияни тамомлаган, сўнг икки йил мобайнида ҳарбий билим юртида таҳсил олиб, зобит бўлган экан. 1918 йилда Туркистонга келганидан бу ёнга «Турк ўчоғи» миллий уюшмасини ташкил этган. «Турк сўзи» рўзномасини чоп этган. «Ватан» мактаби ҳузурида «Изчилар тўдаси» уюшмасини ташкил қилган. Бу кашшофлар уюшмаси — ўлкамиздаги энг биринчи ёшлар уюшмаси, ёш авлодни билимдон, жисмонан бақувват қилиб тарбиялашни кўзда тутган ташкилот.
Яна ҳужжатлардан шуни билдимки, дадам ташкил, этган «Изчилар тўдаси» ўз олдига талай маърифий вазифаларни қўйган. Лекин бунга тергов органларининг қараши бошқача бўлган. Шу ўринда дадам кетидан тушган хуфиялардан бири «Юрчи»нинг ёзувларидан келтираман: «Тўданинг олдига қўйган мақсади: ўн олти ёшдан ўттиз ёшгача бўлган ёшларга миллий байроқ остида илм бериш, улардан мутахассислар тайёрлаш, уларни жисмоний етук қилиб тарбиялашдан иборат бўлиб, илм олиш учун хорижга жўнатиш, санъатни ривожлантириш, адабиёт ва матбуотни миллий руҳда барпо этиш, ҳарбий ўқувни йўлга қўйиш ва охир-оқибатда Туркистон халқини миллий мустақиллик учун курашчи қилиб тарбиялашдан иборатдир».
Хуфиянинг чақувларига бу кунги кўз билан қаралса, «Изчилар тўдаси» қанчалар хайрли ишларни мақсад қилиб қўйганлиги намоён бўлади.
«Изчилар тўдаси» ёшлар учун мўлжалланган уюшма бўлса, бошқалар учун ҳам уюшмалар ташкил этила бошланган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди, албатта. Совет воқелигида бўлиб турган ерлиларга нисбатан шовинистик муносабат — камситишлар, халқ, турмуш даражасининг кун сайни пасайиб бориши, алифбомизнинг ўзгартирилиши, марказнинг миллий жумҳуриятлар устидан юритаётган ҳокими мутлақлиги… шунга ўхшаш қатор бедодликларга чек қўйиш мақсадида зиёлилар «Иттиҳоди тараққий», «Иттиҳоди тараққийпарвар» каби жамиятлар ташкил этдилар ва миллий мустақиллик учун кураш йўлида фаоллик кўрсата бошладилар. Менинг отам кейинчалик «Миллий истиқлол» номи остида иш юритган, раҳбари Мунаввар Қори бўлган шу жамиятнинг фаол аъзоларидан бўлган. «Миллий истиқлол»чиларнинг нияти ҳуррият учун курашмоқ эди. Лекин ОГПУ уларни таъқибга олди ва 1929 йилда деярли ҳаммасини қамаб, бир қисмини (ўн беш нафар) отишга ҳукм қилди, қолганларига 10-15 йилдан қамоқ жазоси берди.
Бир йилдан ортиқ ҳужжатгоҳда ўтириб, отам Муҳаммад Саид Аҳрорийнинг қисқагина умри давомидаги ўн йиллик меҳнат фаолиятига доир далилларни аниқладим. (То шу кунгача мен булардан тамомила бехабар эдим).
- «Турк ўчоғи» уюшмаси ташкилотчиси ва раҳбари.
- «Турк сўзи» рўзномасининг адабий муҳаррири.
- «Ватан» мактаби ташкилотчиси ва раҳбари.
- «Ёш бухороликлар» қўмитаси саркотиби.
- Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти нашриёти директори.
- «Бухоро ахбори» рўзномаси муҳаррири.
- Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти Нозирлар Кенгаши аппарати ходими.
- «Озод Бухоро» рўзномаси муҳаррири ўринбосари.
- Молия Халқ Комиссарлиги ҳодими.
- «Зарафшон» газетаси муҳаррири.
- Самарқанд молия-иқтисод техникуми ўқитувчиси.
Отам дурустгина бадиий талант эгаси бўлган. У ўнлаб публицистик мақолалар, шеърлар ёзган. Лекин бу мақола ва шеърлар ўз даврида алоҳида китоб ҳолида нашр этилмаган. Шу боисдан мен уларни кутубхона ва ҳужжатхоналарда ўтириб, 20-йиллардаги рўзнома ва ойнома тахламларини титкилаб, қидириб топяпман. Отам асарларида ўз халқи эрки ва бахт-саодатини, чинакам инсоний туйғуларни куйлаган. Зотан унинг ўзи халқ эрки ва бахт-саодати учун курашни ҳаётининг асосий мақсади қилиб олган олижаноб инсон эди.
Мана, отамнинг ёзган шеърларидан айрим намуналар:
ИСТАЙМАНКИ
Истайманки, кўнглум ўзин бошқа ўтка қўймасун,
Севгингдаги ниҳоясиз тиниқликка тўймасун.
Сандан гўзал кўрингуси дилбарларга уймасун,
Севгингдаги ниҳоятсиз тиниқликка тўймасун.
Эй, кўнглумга эга бўлган қора кўзли жайроним,
Қўй, йиқилсун ишқ кўйинда тотли умрим, жаҳоним,
Тилайманки, ёш чоғимда туйғум, жоним, виждоним,
Севгингдаги ниҳоятсиз тиниқликка тўймасун.
Боку. «Маърифат ва маданият», 1923 йил №1
СЕН ЯША!
Севикли рафиқамга
Йўқсулликлар, айрилиқлар мени бутун эзганда,
Елғизликнинг наштарлари юрагимни тешганда.
Ҳаётимнинг баҳорини сен келтирдинг бирликда,
Сен келган кун руҳим теран севинчлар-ла безанди.
Меҳрибоним! Бу қоронғу, бу қоронғу очунимда биргина.
Сен эрурсан оппоқ, ёруғ юзли юлдузим.
Сен мен билан бўлган сайин қайғу кирмас кўнгулга,
Фидо сенга ёзувларим, ҳам ҳар сўзим.
Вазирам, кул, хандалар соч менинг нурсиз умримга,
Вужуд бериб, жон бағишла гўзал тилакларимга!
Тилаганча очил, яйра, ўйнаб, яшна, қанотлан,
Булбул каби сайраб учгил, яшна мани бағримда.
Боку.1922 йил, 3 сентябрь.
АРМОН ЙЎЛИНДА
Ер олдига борай деб кўп уриндим,
Қонга ботиб тиканларда сурундим.
Эсим кетди, элга ёмон кўриндим,
Йўл очилсин севганимга қовушай!
Армон излаб, ўздин узун борлиқдан,
Кўп толиқдим ва зерикдим торлиқдан.
Жондан тўйдим, бошдан кечдим аниқдан,
Тоғлар чўксин армонимга эришай!
«Ерни тепма сочиласан», дейдилар,
Юксалишдан мени қаттиқ тийдилар.
Улар халққа ёвуз душман эдилар,
Қанот, тирноқ беринг учай, тирмашай —
Ер олдига эргашай.
Самарқанд. 1926 йил, январь.
Зилола Сулаймонова ҳикояси (Салимхон Тиллахоновнинг набираси):
— Бобомни 1929 йил 6 ноябрь саҳарда Девонбеги маҳалласидаги ҳовлимизга НКВД ходимлари бостириб кириб, қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетишган. Бувим Кароматхон Шодмон Қори қизи гўдак фарзандларини бағрига босиб, икки қўли бир тепа бўлиб, додлаб қолаверганлар. Шунда бувим 28 ёшда, фарзандлари Гўзал (менинг онам) етти ёшда, Ширин холам 4 ёшда эканлар.
Девонбеги маҳалласидаги уйимиздан икки уй нарида бобомнинг аммаваччаси Яҳёхон Саидов яшаган. Касби муаллимлик бўлган бу қариндошимиз ҳам Мунаввар Қори раҳбарлигидаги «Миллий истиқлол» жамиятининг фаол аъзоларидан бўлган. У бобомни олиб кетгани уйимизга НКВД ходимлари келишганини сезиб, ҳовлисидаги уч пахса девордан ошиб қочган. Қирғизистонга бориб, у ердан Хитойга ўтиб кетган. Ўша пайтда Қирғизистон билан Хитой чегарасида, баланд тоғ устидан Хитойга ўтиш мумкин бўлган, хавфли жойига сим тортиб-қўйилган сўқмоқ йўл бўлар экан. Шу йўлни айрим маҳаллий кишиларгина билишар экан. Яҳёхон амаки яхши кишилар кўмагида шу сўқмоқдан Хитойга ўтиб кетади ва ўша ерда яшаб, бола-чақали бўлади. У Сталин вафот этгач, 1955 йилда Тошкентга оиласи билан қайтиб келган.
Бобом Салимхон Тиллахонов ўз даврининг ўқимишли кишиларидан бўлганлар. Дастлаб биринчи босқич эски мактабни тамомлагач, рус-тузем мактабида ўқиганлар, кейин Бухородаги мадрасада таҳсил кўрганлар. 1917-1918 йилларда Бокуда иқтисод ва жуғрофияни ўргатувчи тўлиқсиз олий ўқув юртида ўқиганлар. Айни пайтда Боку молия билим юртида муаллимлик ҳам қилганлар.
Ўқишни битиргач, Тошкентга қайтиб, турли курсларда иқтисодиёт ва сиёсий аҳволдан лекциялар ўқиганлар. Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг иқтисод ва тарих куллиётига кириб ўқишни давом эттирганлар.
1921 йилдан бошлаб икки йил педагогика билим юртига директорлик қилганлар. Шу даврда у кишининг «Садойи Туркистон», «Маданият ва революция» каби газета ва журналларда иқтисодий мавзуда қатор мақолалари чоп этилган.
Бобомнинг ота-боболари ҳам ўқимишли, илмнинг қадрига етадиган кишилар бўлишган. Катта бобомиз Рустамхон Нурмуҳаммад ўғли домла бўлган, Тиллахон бобомиз мадрасада мударрислик қилган. У фарзандларининг ҳам илмли бўлиши учун интилган. Бобомнинг синглиси, 30-йилларда ҳозирги «Саодат» журналига муҳаррирлик қилган Хосият Тиллахонова 1917 йилдан сўнг Тошкентдаги Валихўжабойнинг ҳовлисида очилган биринчи ўзбек қизлар билим юртида Ойдин Собирова, Саида Шераҳмедова, Робия Носирова каби кейинчалик Ўзбекистоннинг таниқли зиёлилари бўлиб етишган ўзбек қизлари билан ўқиган. Уларга шу даврда Мунаввар Қори Абдурашидов, Шокиржон Раҳимбоевлар билан бирга, Петербургдаги Смольний хотин-қизлар маориф институтини битирган, полковник Еникеевнинг хотини Саодат Еникеева, Қримдан келган Муршидахоним Исмоилова, қозонлик Гавҳар Алиева каби машҳур мураббийлар дарс беришган. Бироқ Хосият Тиллахонованинг ҳам тақдири фожиали бўлган — уни 1937 йилда «халқ душмани» сифатида қамашган.
Бобом Мунаввар Қори Абдурашидовнинг энг яқин дўсти ва маслакдоши, «Миллий истиқлол» жамиятидаги биринчи муовини бўлганлар. Асосан, жадидлардан ташкил топган бу жамият аъзолари юртнинг мустақиллигига эришиш учун халқ фарзандларини ўқитиш, улар савиясини ошириш керак, деган фикрда бўлганлар. Шу боисдан ҳам 20-йилларда қобилиятли ёшларни чет элларга, биринчи навбатда, ўша даврдаги тараққий этган капиталистик давлат саналган Германияга юбориб ўқитиш ҳаракати бошланган. Бу хусусда «Бухоро ахбори» тазетасининг 1923 йил 17 март сонида. қуйидагилар ёзилган: «1922-23 йилларда Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятидан Берлинга талабалар олиб бориш, уларни олий, махсус ўрта ва ўрта таълим билим юртларига жойлаштириш машҳур татар зиёлиси Олимхон Идрисов, Бухоро Марказий Ижроқўми аъзоси Бурҳонов ва Россия ваколатхонасининг собиқ ходими. Кеминистскийлардан иборат комиссияга топширилган. Бухоро талабалари Германияга бориб етганда тил ўргана бошлаган, тез замонда немис тилини яхши билиб, имтиҳон топширувчилар бўлган Шамсилбанот Аширмат қизи билан Сайдали Усмон мактаб мудири, доктор Расма ҳузурида имтиҳон бериб, Шамсилбанот дорилфунуннинг тиббиёт шўъбасига қабул этилганлар.
Хориждаги талабаларимизга давлат нафақаларидан ташқари ҳар икки жумҳуриятнинг турли хил маданий ва спорт ўйинлари, томошаларидан тушадиган даромадларнинг ҳам маълум қисмлари ажратилиб турилган… Шунингдек, маҳаллий илғор маърифатпарварлардан Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Шокиржон Раҳимий, Саидносир Миржалолов, Салимхон Тиллахоний ва бошқалар моддий ёрдам кўрсата бордилар»;
Салимхон Тиллахоний шу мавзуда «Туркистон» газетасида 1928 йил 11 мартда эълон қилинган «Четга кўпроқ ўқувчилар юбориш керак» мақоласида шундай деб ёзган эди:
«1922 йил ўқиш мавсумида Тошкентда ташкил этилган «Кўмак» уюшмасининг ташаббуси, Туркистон ҳукуматининг кўмаги, Бухоро жумҳуриятининг ғайрати ва Шўролар Россияси соясида Туркистон ва Бухородан 70 га яқин ўқувчи Германияга кетган эди. Мана бу ҳисобга қараганда 12 миллион нуфузга молик Туркистонимиздан 70 тагина талаба бўлиши ҳеч бир вақтда бизни қаноатлантирмайди. Ҳаракат қилиб, келгуси йилларда Оврўпанинг ҳар бир бурчагига минглаб талабалар юборишимиз керакдир! Бизнинг дўхтиримиз, адибимиз, муҳарриримиз, технигимиз, файласуфларимиз ва ҳоказо улуғ кишиларимиз, йўл бошловчиларимизни ўз ичимиздан чиқаришимиз лозимдур. Мамлакатимизнинг ҳаёти бўлган сув ишларимиз ҳам бизнинг жаҳолатимизга қурбондир. Оврўпа сувсиз ерларни ишга киритган бир замонда биз катта-катта дарёларимиздан баҳра ололмасдан, ташна ҳолда яшаймиз. Оврўпа минглаб кишиларни ҳовода юритган ҳолда, биз ҳамон Имом Аъзам аробаси билан нашъунамо қилмоқдамиз. Ҳар бир маслаҳат, ўйлашнинг натижаси болаларимизни четга юбориб ўқитиш бўлиб чиқмоқда».
Бу сўзлар йигирманчи йилларда — элимиз чоризм кишанидан қутулган, лекин ҳали бўйнига «қизил империя» кишани ростмана илинмаган бир пайтда халқимизда, айниқса, унинг илғор вакиллари бўлмиш зиёлилар орасида уйғониш бўлганлиги, улар ўз эл-юртларини чинакам эркка, бахт-саодатга эриштириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида қаттиқ қайғурганликлари, халқни маърифатли қилишни бунинг асосий омилларидан бири деб билганликларининг яққол далилидир.
Бобом жуда билимдон, форс, араб, рус ва озарбайжон тилларида яхши сўзлаша оладиган, Алишер Навоий, Бедилнинг кўп ғазалларини ёд биладиган қобилиятли инсон бўлганлар. Терговчилар ҳибсга олинган бобомга: «Сен миллатчисан», — дейишади У киши: «Мен миллатчи эмасман, миллатпарварман», — деб жавоб қилган эканлар.
Бувимдан: «Бобомдан жуда ёш бева қолган экансиз, нега иккинчи марта турмуш қурмагансиз?» — деб сўраганман. Шунда бувим: «Бобонг шу қадар гўзал, шу қадар ақлли инсон эдики, мен ундай одамни топа олмасдим. Иккинчидан, мен уни шу қадар севар эдимки, вафотидан сўнг унинг ўзинигина эмас, ҳатто руҳини ҳам норизо қилишни истамаганман», — деб жавоб берган эдилар.
Бобом сураткашликка ҳам ҳавасманд бўлиб, ўз фотоаппаратлари бўлган экан. Шу боисдан, у кишидан талай суратлар қолган. Лекин 1937-38 йилларда қама-қама яна авжига чиққанида, бувим бу суратларни сақлашга қўрқиб, йўқ қилган эканлар. Фақат биттасини тандирнинг остига латтага ўраб яшириб асраганлар.
Ҳозир шу сурат биз учун ноёб ёдгорлик саналади. Унга қараб бобомнинг чинакам гўзал, зиёли инсон бўлганлигини билиш мумкин.
Бобом «Миллий истиқлол» жамиятининг раҳбарларидан бири бўлганликлари учун у кишини қамоқда жуда қаттиқ тергов қилишган. Бувимни, қариндош-уруғларимизни, ҳатто шаҳардаги Тиллахонов фамилияли бегона кишиларни ҳам маъмурий идорага чақиравериб, тинкаларини қуритишган. Охири бувим фамилияларини ўзгартириб, ўз оталари номига ўтказиб, Шодмонова қилиб олганлар. Шундан сўнггина у кишини маъмурий идорага чақириш тўхтаган.
Ўша даврда «Миллий истиқлол» жамиятининг аъзоси сифатида ҳибсга олинган Азиз Лазиззода бобомни охирги марта Бутирка қамоқхонасининг йўлагида кўрган эканлар. «Унинг ранги бир ҳолатда, оқсоқланиб қадам қўярди. Афтидан, терговчилар Салимхоннинг оёғини тепиб, шикастлаган эдилар», — деб эслаганди Лазиззода.
Мунаввар Қори ҳам бир кишилик хонадан кўпчилик сақланадиган хонага ўтказишларини илтимос қилиб, қамоқхона маъмуриятига ёзган аризасида ўзининг саломатлиги яхши эмаслиги, оёқлари шишиб кетганлигини ёзган экан.
Салимхон Тиллахоновнинг рафиқаси, икки қизи оламдан ўтиб кетишди, ҳозир саккиз набираси ҳаёт. Биз набиралар тез-тез учрашиб, бобомизни эслаб турамиз, унга муносиб бўлишга, руҳи-покини шод этишга ҳаракат қиламиз.
Салимхон Тиллахонов, Мунаввар Қори Абдурашидов, Саид Аҳрорий ва уларга маслакдош бўлган, улар билан бирга қатл этилган миллатпарвар кишиларнинг ачинарли қисмати бугунги озодлигимиз, мустақиллигимиз ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги, бу йўлда халқимизнинг кўплаб ажойиб фарзандлари қурбон бўлганликлари далилидир. Биз, бугунги авлод кишилари юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек асрасак, вақтинчалик иқтисодий қийинчиликларга бардошли бўлиб, Ватанимиз равнақи йўлида қўлни-қўлга бериб ҳалол меҳнат қилсак, бугунги кунларни орзу қилган, лекин унга етишолмай оламдан ўтган ота-боболаримиз руҳи-покини шод этган бўламиз.
* * *
Биринчи жаҳон уруши арафасида Туркистон катта сиёсий курашлар майдонига айланиб кетди. Туркистонга кўчирилган ва сургун қилинган рус, украин ва бошқа халқларнинг вакиллари орқали ўлкага марксистик ғоялар кириб кела бошлади. Оврўпаликлар кўп яшайдиган, саноат маркази бўлган шаҳарларда большевистик гуруҳлар ташкил этила бошлади. Лекин маҳаллий аҳоли бу ғояга қизиқмади. Шу боис, Октябрь давлат тўнтаришигача ўлкада социал-демократик ҳаракатда иштирок этган деярли биронта ҳам маҳаллий халқ вакили бўлмади. Аксинча, маҳаллий халқ зиёлилари, айниқса, уларнинг илғор вакиллари бўлмиш жадидлар коммунистик ғоялар мусулмон халқларининг имон-эътиқодига зид, истиқболи бўлмаган ақида эканлигини ўша пайтдаёқ айтган эдилар.
1911-1912 йилларда Туркистонда Рафиқ Эл Аъзамнинг (таржимон Зокир Эл Қодирий) брошюраси турк тилидан ўзбек тилига таржима қилиб тарқатилди. Бу китобчанинг кириш қисмида мусулмон динининг социализм, анархизм ва Ғарбда пайдо бўлган бошқа ғояларга, шунингдек, умуман, ҳаётга муносабати баён қилинган эди. Муаллиф бу китобида Ғарбда пайдо бўлаётган ҳеч бир янги таълимот, шу жумладан, социализм ҳам инсонни бахтли қилолмаслигини, ижтимоий муносабатларни яхшилашнинг ягона йўли — ислом ақидаларига амал қилишдан иборатлигини исботлашга ҳаракат қилган. Муаллиф социалистларнинг тушунарсиз ва асоссиз ғоялари одамларни бахтли қилиши мумкинлигини ҳеч тушунолмаслигиии, моддий ва маънавий бахтга илоҳий қонунларга амал қилган шароитдагина эришиш мумкинлигини ёзади.
Туркистонда ва Бухорода барча туркий халқларни бирлаштиришга, Туркистон мустақиллиги учун даъват этувчи варақалар, китоблар, прокламациялар тарқатила бошланди. Айниқса, Бухоронинг Россиядан қисман мустақиллиги, бу ерда чор цензурасининг йўқлиги уни буюк Туркистоннинг бирлиги ва мустақиллиги учун кураш ғоялари тарқатиладиган марказга айлантирди. Бундай ғоялар, айниқса, Биринчи жаҳон уруши даврида авж олиб, Россия қўшинлари катта талафот кўра бошлаганидан кейин кучайди. Ҳатто Тошкентдан Афғонистонга махфий вакиллар бориб, Афғонистон ҳукуматини Россия империясига қарши уруш бошлаб, мазлум Туркистон халқларининг озодлик курашига ёрдам беришга даъват этдилар. Лекин Афғонистон ҳукумати раҳбарлари бу таклифга рози бўлмадилар.
1913 йилда Верний (ҳозирги Алмати шаҳри) қалъасида «Мусулмонлар тўгараги» ташкил этилди. Бу тўгарак етакчилари мусулмонларни жипслашишга ва эътиқодни ҳимоя қилишга даъват этдилар.
Дастлаб Турқияда XIX аср охирида ташкил этилган, 1909 йилнинг 27 апрелида Султон Абдулҳамид II тахтдан ағдарилгандан кейин ҳокимият тепасига келган, эрк ва эътиқод, тараққиёт учун курашни ўзининг бош: мақсади қилиб олган «Иттиҳод ва Тараққий» партияси ғояларининг Туркистонга ёйилиши ҳам Биринчи жаҳон уруши даврига тўғри келади.
Чор ҳукумати даврида халқнинг маънавий зимистонда қолганидан ўртанган Туркистон жадидлари элни аввал ёруғликқа олиб чиқишга — онгини ўстиришга уриндилар. Шу мақсадда Туркиядаги «Иттиҳод ва Тараққий» партиясидан андоза олиб, ўлкамизда «Иттиҳоди тараққийпарвар» (Тараққийпарвар уюшмаси) тузилди. Худди шу ҳодиса уларнинг кейинроқ большевиклар томонидан пантуркизм ва панисломизмда айбланишлари учун яхши дастак бўлди. Ваҳоланки, бу ҳаракат дастурида туркий бўлмаган бошқа бир миллатга душманлик, унинг мустақиллигига хавф солиш кўзда тутилмаган эди. Кейинчалик ташкилот номидаги «парвар» сўзи олиб ташланиб, жамият «Иттиҳоди тараққий», ундан сўнг «Миллий иттиҳод» деб аталган, яъни тараққиёг йўлида бирлашиш кўзда тутилган. Ҳужжатларнинг далолат бердшича, бу ташкилотнинг ташкилотчиси ва маънавий раҳбари Мунаввар Қори Абдурашидов бўлган.
Йигирманчи йилларнинг иккинчи ярмида ташкилот «Миллий истиқлол» номини олади. Мунаввар Қорининг изоҳича, жамиятнинг айни пайтдаги мақсади ҳамда унинг олдида турган вазифаларидан келиб чиқилганда, «Миллий истиқлол» номи кўпроқ мос келар эди. Зеро, миллий иттиҳод (миллий бирлашув) ҳақида, яъни барча туркий миллатларни (ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, қирғизларни) бирлаштириш ҳақида, аввало, асосий мақсадга — мустақилликка эришгандан кейингина гап бўлиши мумкин, деб ҳисобланган. «Миллий истиқлол»нинг ўз олдига қўйган вазифаси қуйидагилардан иборат бўлган:
- Мустақил Туркистон учун кураш.
- Мактаб-маориф ишида ислоҳ ўтказиш.
- Бидъатга берилган руҳонийларга қарши кураш.
- Турк ҳарбий асирларига ёрдам кўрсатиш (Биринчи жаҳон урушида ўрислар асир одиб, тутқунгоҳларга солинган турк ҳарбий асирлари Октябрь тўнтариши туфайли озод бўлишгач, қора тортиб, Тошкентга келган эдилар).
- Жамиятга аъзолар жалб этиш.
Мунаввар Қорининг далолат беришича, жамият бирон-бир кимсада миллий озодлик ҳаракатига интилиш борлигини сезса, ишончли аъзолардан бирини у билан мулоқот олиб боришга ундаган ва бу шахс лойиқ топган тақдирдагина хайрихоҳ кимсани жамиятга аъзо бўлишликка таклиф этган. Таклифни қабул қилган киши ўша ташвиқот қилган жамият аъзоси етагида (аксарият тунда) бирон-бир мактаб ёки идорага борган.
Бу одам кузатиб борилган хонада стол турган. Унинг устида «Смит-Витобсон» тўппончаси ва Қуръони карим бўлган. Орқада қизил алвон—унинг ортида эса Раёсат аъзоларидан бири келганларга кўринмай турган. Бошлашиб келганикки одам алвон рўпарасига келиб тўхташган ва алвон ортида турган Раёсат аъзоси хитоб қилган: «Фалончи! Туркистон Миллий Истиқлол жамияти Сизни ўзининг ҳақиқий ва садоқатли аъзоси бўлишингизга ишонч билдиради. Шунга эътирозингиз йўқми, содиқ аъзо бўлишни истайсизми?» Аъзоликка кираётган киши розилигини изҳор этгач, байроқ ортида турган одам унга дейди: «Фалончи! Сизнинг ўз ихтиёрингиз билан аъзоликка киришингизга жамият номидан розилик билдираман. Менга берган сўзингиз чин бўлса, ўнг қўлингизни Каломуллоҳга, сўл қўлингизни тўппонча устига қўйинг! — Сўнг бошлаб келган одамга мурожаат этади, — Сиз, Фалончи, мана шу кишининг шу дақиқадан бошлаб Туркистон Миллий Истиқлол Жамияти аъзолигига қабул этилганига гувоҳ бўлинг». Бошлаб келган киши розилик билдирганидан кейин қасамёдга ўтадилар. Алвон ортидаги одам: «Фалончи! Энди Сиз жамиятга қасамёд қиласиз. Мен нима десам, шуни такрорланг!» — дейди-да, сўзларни лўнда-лўнда қилиб айтиб туради ва аъзоликка кираётган кимса уни такрорлайди. «Менким фалончи, жамиятнинг икки обрўли аъзоси олдида, ўнг қўлимни Каломуллоҳга, сўл қўлимни ўлим қуроли устига қўйиб туриб ва юзимни буюк Туроннинг миллий байроғига қаратган ҳолда Туркистон «Миллий истиқлол» жамиятига аъзо бўлганлигимга қасамёд қиламан.. Жамият мақсадлари ва фармонларига ҳеч қачон қаршилик кўрсатмайман, ҳар қандай қурбонлардан, бажариш жуда қийин бўлган фармонларни ижро этишдан сира қайтмайман. Жамиятнинг барча топшириқ ва буйруқларини сўзсиз бажараман, унинг мақсадлари рўёбга чиқиши йўлида бор мол-мулкимни сарфлашга, жонимни фидо қилишга тайёрман. Жамиятнинг бирон-бир сирини ошкор этгудек бўлсам ёки унга хиёнат қилсам, 24 соат ичида мени ўлимга маҳкум этишларига розиман. Жамият сирини ошкор этмасликка Парвардигори олам олдида диним-имоним билан қасамёд қиламан». Шу дақиқадан бошлаб, бу кимса «Миллий истиқлол» жамияти аъзоси саналарди.
«Миллий истиқлол»чилар сафи вазифалар моҳиятини онгли суратда тушуниб етган аъзолар ҳисобига кенгайиб борган. Шўро ҳокимияти ўрнатилгач, улар янги ҳокимиятни чинакам ишчи-деҳқон ҳокимияти деб ишониб, биргаликда иш олиб боришни кўзлаган даврлар ҳам бўлган. Ҳатто Мунаввар Қори маълум муддат коммунистик партия аъзоси ҳам бўлган. Бунинг сабабини сўрашганда, у: «Мен халққа манфаати тегиши мумкин бўлган, уни ёруғликка олиб чиқадиган ҳар қандай ташкилотга аъзо бўлишга тайёрман», — деб жавоб берган. Аммо бу зукко зиёлилар янги ҳокимиятнинг сўзи билан иши бошқа-бошқалигини тезда англаб етдилар. Халқ орасида ҳам норозилик кундан-кунга ортиб борди. Бу бедодликларни ўз кўзи билан кўриб, ўз бошидан кечириб турган зиёлилар мушоҳада юритишар, қиёслашар ва тегишли хулоса чиқарардилар. Бу хулоса Шўро ҳукумати фойдасига бўлмас эди. «Ўзбекистонда буюк давлат шовинизми ривожланиб боряпти», «Ўрусиянинг марказий туманларидан ўрисларнинг оммавий равишда кўчириб келтирилиши, бунинг оқибатида маҳаллий аҳоли орасида ишсизликнинг кўпайиб бориши, маҳаллий саноатнинг ривожланишига аҳамият берилмаганлиги, устига-устак, тўқимачилик фабрикаларининг Ўрусия ҳудудида қурилиши ва бор пахтанинг ўша ёққа ташиб кетилиши хонавайрон бўлган ўзбек ҳунармандларининг ҳолини баттар хароб қилади», — «Миллий истиқлол»чиларнинг хулосаси шундай эди.
Бу орада Туркистон жумҳуриятларга бўлиб юбориладиган бўлди. Туркистонни ҳур, мустақил кўриш орзусида ёнган «миллий истиқлол»чилар англадиларки, Шўро ҳокимиятининг сўзи бошқа-ю, иши бошқа. «Гўштни ҳам аввал нимталаб бўлакларга бўлинади, сўнг еб юбориш осон бўлади», — дедилар истиқлолчилар. Аммо уларнинг нолаю талабларини тинглагувчи қулоқ, англагувчи дил топилмади. Аксинча, уларнинг ҳар бир қадами ОГПУ таъқибида бўлди.
Зулайҳо Қаюмова ўз хотираларида «миллий истиқлол»чиларнинг ҳибсга олинишини Ҳамза ўлими билан боғлайди. Ҳақиқатда уларнинг ҳибсга олинишига шу воқеа баҳона бўлган бўлиши мумкин. Лекин масаланинг асл сабаблари бошқа ерда.
«Вечерняя Москва» газетасида номи ва сурати эълон қилинган кишилардан тўрт нафари қозоғистонлик. Бу кишилар ҳам 1929 йилнинг турли ойларида қамоққа олиниб, Москванинг Бутирка қамоқхонасида отиб ташланганлар. Шу далилнинг ўзи ҳам Шўро ҳокимиятига нисбатан мухолифиятда бўлган кишиларни қамаб йўқ қилиш Бутуниттифоқ миқёсида амалга оширилганлигини кўрсатади.
«Миллий истиқлол» жамияти раҳбарларини аввал масъул лавозимлардан четлаштириб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилдилар. Масалан, Мунаввар Қори Абдурашидов Октябрь тўнтаришидан кейинги дастлабки йилларда Туркистон Республикаси Маориф комиссарининг ўринбосари бўлган. Шундан кейин секин-аста лавозимлари пасайтирилиб, охирида маҳалласида ўзи ташкил этган мактабда ўқитувчи бўлиб қолган, рўзғорини зўр-базўр тебратган. Бухоро Халқ Республикасининг Озарбайжондаги элчиси, Бухоро Халқ Республикаси нашриётининг директори, бир қатор газеталарнинг муҳаррири бўлиб ишлаган талантли шоир ва публицист Саид Аҳрорий эса сўнгги пайтда молия-иқтисод техникумининг оддий ўқитувчиси эди. Яхши иқтисодий билимга эга бўлган, бир нечта тилни билган, педагогика билим юртида директор бўлиб ишлаган Салимхон Тиллахонов эса 1929 йилда «Плодовошчвинсоюз»да йўриқчи бўлиб ишлаб юрган эди.
1929 йилнинг кеч кузида «Миллий истиқлол»чиларни битта-битталаб ҳибсга олдилар. Жамиятнинг жами саксон етти аъзоси қамалди.
Уларни нега айнан шу даврда қамаб, йўқ қилишди? Сабаби, бу даврда Шўро ҳукумати қишлоқда қулоқларни синф сифатида тугатишга киришаётган пайт эди. «Миллий истиқлол»чилар эса, большевикларнинг фикрича, қулоқларнинг ғоявий раҳбарлари эдилар. Шу боисдан ҳам Шўро ҳукумати Туркистонда қулоқлаштиришни «Миллий истиқлол»чиларни йўқ қилишдан бошлади.
«Миллий истиқлол»чилар нимани исташарди? деган савол туғилади. Бу саволга уларнинг ўзлари шундай жавоб беришган: Республика давлат идораларидаги раҳбарлик лавозимларида ҳеч бўлмаса эллик фоиз маҳаллий миллат фарзандлари ишласин. Ў0збекистон қизил мустамлака бўлиб қолмасин. Истиқлолчилар яна пахта яккаҳокимлигига йўл қўймаслик кераклигини, ер-сув ислоҳоти нотўғри ўтаётгани, алифбони ўзгартириш мамлакатни саводсиз бир ўлкага айлантиражагини, халқ ўз тарихидан узилиб, манқуртга айланиб қолажагини таъкидладиларки, уларнинг бу талабларига бугунги кун назари билан қаралганда нақадар тўғри, одилона ва ўз вақтида қўйилган талаблар эканлигига қаноат ҳосил қилиш мумкин. «Миллий истиқлол»чилар социализм яхши нарса, аммо у хомхаёлликдан бошқа нарса эмас, деган фикрда эдилар, диний эътиқоднинг оёқ ости қилинишига қарши эдилар.
1929 йилнинг ноябрь ойида ҳибсга олинган «Миллий истиқлол» жамиятининг аъзолари орасида юқорида номлари тилга олинган кишилардан ташқари, Азиз Лазиззода, Шорасул Зуннун, хотин-қизлар педагогика техникумининг директори Усмонхўжа Тўхтахўжаев, «Қизил Ўзбекистон» рўзномасининг адабий ходими Усмон Акрамий, рўзнома тарқатиш идораси ходими Толибжон Мусабоев, Ҳасанқори Хоний, Мирхалил Каримов, Зайнутдин Насриддинов, Абдуллахўжа Ғафуров, Насимжон Маҳмудов ва бошқа кишилар бор эди.
Ҳибсга олинганлар аввал Тошкент қамоқхонасида, кейин Москвадаги Бутирка қамоқхонасида азоб чекдилар. Уларга РСФСР Жиноят мажмуаси 58-моддасининг турли бандлари билан жазо берилиб, 15 нафари отувга ҳукм қилинди, қолганларига турли муддатли қамоқ жазоси берилди. Отувга ҳукм қилинганлар қуйидагилар эди:
- Мунаввар Қори Абдурашидов.
- Салимхон Тиллахонов.
- Ғулом Икромов.
- Мирхалил Каримов.
- Нажмиддин Шораҳмедов.
- Толибжон Мусабоев.
- Асадулла Хўжахонов.
- Усмонхўжа Тўхтахўжаев.
- Исмоилжон Иброҳимов.
- Тангриқулҳожи Мақсудов.
- Ҳасан Қори Хоний.
- Зайнитдин Қори Хоний.
- Муллағайбулло Дадамуҳамедов.
- Абдуллабек Мусабеков.
- Саид Аҳрорий.
«Миллий истиқлол»чилардан фақат айрим кишилар, жумладан, Азиз Лазиззода ва Шорасул Зуннунгина йигирма йилдан ортиқ қамоқ ва сургун азобини тортиб, Сталин вафот этиб, мамлакатдаги сиёсий муҳит бир оз юмшаганидан кейингина ўз оилалари бағрига қайтиш имконига эга бўлдилар. Узоқ йиллик қамоқ ва сургун азоби уларнинг қаддини букиб, соғлиқларини ишдан чиқарганига қарамай, бу кишилар маданиятимизнинг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилишни давом эттириб, ўзларидан яхши ном қолдирдилар.
1994 йил.