“Тарихи Рашидий” инглиз тилида

Туркистонлик муаррихлар битган расмий тарих асарлари, солномалар юз йиллардирки, ғарб олим ва тадқиқотчилари эътиборини ўзига жалб этиб келади. Бу қизиқишни оламга донғи кетган боболаримиз: Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб асарларнинг бир неча жаҳон, хусусан, Eвропа тилларига қилинган таржималарида кўришимиз мумкин. Чунончи, Амир Темурнинг “Темур тузуклари” инглиз тилига Майор Деви тарафидан таржима қилиниб, 1783 йили Оксфордда, 1785 йили Калькуттада; Л. Лангле томонидан француз тилига таржимаси эса 1787 йили Парижда китоб ҳолида босилиб чиққан.

Алишер Навоий асарлари ҳам кўп тилларга таржима қилинган. “Сабъаи сайёр” достонидан олинган бир парчани ҳикоя тарзида 1557 йилдаёқ Христофор Арминий томонидан итальян тилига ўгирилиб, ўзининг “Сарандиб шоҳи уч ўғлонининг зиёрати” асарига киритган ва бу кейинчалик Eвропа тилларида ҳам эълон қилинган.

“Бобурнома” инглиз тилига турли вақтларда уч марта: Уильям Эрс­кин ва Жон Лейден (1826), Анета Бевериж (1922) ва Уилльер Такстон (1996) томонидан таржима қилиниб, Англия ва АҚШда қайта-қайта чоп этилган.

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар қаламига мансуб “Тарихи Рашидий” асари ҳам ғарб олимлари диққат назарига тушган нодир асарлар сирасига киради.

“Тарихи Рашидий”ни инглиз тилига илк марта британиялик шарқшунос олим Эдуард Денисон Росс (1871-1940) таржима қилган эди.

Британия “Қироллик география жамияти”нинг олтин медали соҳиби, Британия қироличасининг ХуРоссон ва Сейистонга тайинлаган консул-генерали, географ, сайёҳ олим Ней Элиас (1844-1897) эса таржимани таҳрир қилиб, изоҳлар ва харита билан бойитиб, Лондонда 1895 йили “Sampson Lou, Martson and Company, Ltd.”да босиб чиқарган.

Ней Элиас “Тарихи Рашидий”нинг таржимасига ёзган сўзбошисида бу нашр асарнинг инглиз тилига биринчи расмий таржимаси бўлса-да, форсий ва туркий тилларни билувчи шарқшунос У. Эрскин, Ҳ. Ҳоворт, сержант-генерал В. Ҳ. Белью, Элиот, Р. Б.Чо каби ғарб олимлари мазкур асар билан аллақачон танишиб, ўз тадқиқотларида фойдаланиб улгуришган эди, деб хабар қилади. Ҳатто олим Р. Б. Чо асарнинг фақат географияга оид қисмларини ажратиб олиб, таржима қилган ва 1876 йили “Geographical Society’s Journal” (Буюк Британияда тахминан 1831 йилдан чиқа бошлаган) журналида нашр этган. Шунингдек, шарқшунос олим У.Эрскин ҳам асарнинг айрим бобларини инглиз тилига ўгирган, аммо бу таржима ҳеч қаерда чоп этилмаган. Н. Элиаснинг тахминига кўра, биз ҳам шу фикрга қўшиламиз, умуман, Эрскин “Тарихи Рашидий”ни нашр этиш учун таржима қилмаган, балки ўша пайтда ёзаётган китоби “Темур хонадонидан чиққан илк икки шаҳзода Бобур ва Ҳумоюн қўли остидаги Ҳиндистон тарихи” (“A History of India under the Two First Sovereigns of the House of Taimur: Baber and Humayun”, Лондон, 1854) китобида фойдаланиш учунгина бунга қўл урган.

“Тарихи Рашидий”ни инглизчага таржима қилиш нияти Ней Элиасда биринчи бор 1877 йилда дўсти Р.Б.Чо туфайли пайдо бўлганди. Элиаснинг тахминича, Чо ўзи тайёрлаётган туркийча луғатни тамомлагандан кейин, “Тарихи Рашидий” таржимасига киришмоқчи бўлган. Аммо у олим 1879 йили тўсатдан вафот этади ва таржима амалга ошмай қолади. Шундан кейин, Элиас асарнинг асл нусхасини топишга киришади, лекин бу саъй-ҳаракатлар, уринишлар бекор кетади.

Ней Элиаснинг “Ғарбий Мўғулистонга саёҳат”             (“A Journey through Western Mongolia” // “R.G.S.”, 1873, xliii 108-бет), “ХуРоссондаги апокрифик матн” (“An Apocryphal Inscription in Khorassan” // “R.A.S.”, 1896, 767-бет), “Турбат-и-жомдаги матн борасида кузатишлар” (“Notice of an Inscription at Turbat-i-Jam” // “R.A.S.”, 1897, 47-бет) сингари мақолалар ёзганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

1893 йили Англияга қайтган Н. Элиас У.Эрскиннинг қисман қилган таржимаси билан танишиб қолади. Унда дастлаб таржимани тўлдириб, Эрскиннинг номи билан нашр этиш фикри туғилади, бироқ инглизча матн билан яқиндан танишиш жараёнида у ердаги баъзи ўринлар аслида таржима эмас, балки изоҳсифат хулоса (summary)лардангина иборат эканига амин бўлади.

Британия музейидаги шарқ матнлари каталогини тузган ва “Тарихи Рашидий”ни синчиклаб ўрганиб чиққан олим Чарльз Рьё Ней Элиасга бошқача маслаҳат беради. У форс тилини чуқур билувчи, тилшунос, узоқ шарқ тиллари бўйича мутахассис шогирди Эдуард Денисон Россни асарнинг янги таржимасида ҳамкорликка жалб этишни тавсия этади.

Эдуард Денисон Росс ҳақида икки оғиз сўз. У шарқшунос, тилшунос, Узоқ Шарқ тиллари мутахассиси. Қирқ тўққиз тилда ўқий олган, ўттизтасида бемалол гаплашган. Яқин Шарқ Британия информатика бюросининг директори бўлиб ишлаган. Эйлин Повер билан биргаликда “Катта йўл сайёҳлари” (“The Broadway Travellers”)нинг 26 бобини таҳрир қилишган. XIV асрдан XIX асргача яшаб ўтган сайёҳларнинг турли тилларда ёзилган сафар таассуротлари жамланган бу мажмуа 1926-1936 йиллар оралиғида Лондонда нашр этилган.

Юқорида зикр қилинганидай, 1894 йили “Тарихи Рашидий”нинг инглиз тилига биринчи расмий таржимасига киришилади ва бу жараён eтти ой давом этади. Э.Д.Росс таржимага Британия музейи каталогида Add. 24. 090 рақами остида сақланаётган форсча матн билан профессор Кауел бисотида бўлган Or. 157 рақамли матнни асос қилиб олади. Асарнинг иккинчи қисми таржимасида эса “Британия ва хорижий Инжил жамияти” (“British and Foreign Bible Society”)га тегишли бўлган иккита туркийча нусхадан бирини танлайди. Н. Элиаснинг гувоҳлик беришича, таржима жараёнида Эрскиннинг изоҳлари Россга анча қўл келган.

Н. Элиас, айтиб ўтганимиздек, “Тарихи Рашидий” таржимасини таҳрир қилган. Олим олти бобдан иборат, яъни асар муаллифи, ўша даврга оид бўлган тарихий, этник, этнографик, географик ва ҳоказо маълумотларни ўз ичига олган кириш қисмини ҳам таржимага қўшган. Бой маълумотга эга бўлган бу боблар мана бундай номланади: “Муаллиф ва унинг асари”, “Чиғатой сулоласи”, “Мўғуллар диёри”, “Халқ – мўғул, турк ва уйғурлар”, “Шарқ хоқонлиги ёхуд Уйғуристон”, “Тарихи Рашидий” ва ундан кейинги давр”.

Олим биринчи бобда асарнинг муҳим аҳамиятига тўхталиб, унинг Марказий Осиёнинг кам ёритилган тарихини ўз ичига олганига, ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётига оид маълумотларга бойлиги ва буни маҳаллий тарихчи битганига алоҳида урғу беради.

“Муаллиф ва унинг асари” бобида ҳаммани қизиқтириб келадиган мавзу, яъни Ҳайдар Мирзо ва Бобур Мирзо ҳақида шундай дейилган: “Бобур, Амир Темур (ёки Тамберлайн)нинг авлоди бўлган ва шу сабабдан у мўғул бўлишдан ҳам кўра кўпроқ турк (туркий – Д.А.) бўлган, чунки Темур барлос деган зоти баланд турк қабиласидан эди… Мирзо Ҳайдар ҳақиқий Чиғатой мўғулларининг бир бўлаги бўлган дуғлат қабиласидан чиққан ва бу қабила барлос қабиласи каби обрўли бўлган…”

“Халқ – мўғул, турк ва уйғурлар” бобида жаҳон тарихшунослигида кўп учрайдиган хато яъни бобурийлар сулоласи, умуман, Марказий Осиё туркий халқларининг “мўғуллар” деб нотўғри аталиши ҳақида сўз юритилиши диққатга сазовордир. Жумладан, олим шундай ёзади: “…Нафақат Бобурнинг ўзи, балки унинг ота-боболари ҳам ҳар жиҳатдан турк бўлган, инчунин, бу жиҳатлар нафақат уларнинг тили ва урф-одатларида, балки бошқа миллат билан қанчалик даражада аралашганликларида ҳам кўринган эди. Ваҳоланки, ҳозирда топилиши мумкин бўлган унинг (Бобурнинг – Д.А.) авлодларига оид Ҳиндистонда чизилган портретларда ҳақиқий мўғул миллатининг ҳеч қандай ирсий белгилари кўринмайди”.

Ўз фикрини давом этдираркан, Н. Элиас, аввало, мўғул ирсининг белгилари “ўчиб кетиши” учун кўплаб асрлар керак бўлишини таъкидлайди. Олим бу мулоҳазалардан кейин шундай хулосага келади: 1) мусулмон тарихчиларининг асарларини ўқиётганда (бу таъкид ғарб олимларига қаратилган – Д.А.), улар қўллаган қабила номлари доимо этник маънода қабул қилинавермаслиги лозим, бошқача қилиб айтганда, муаллиф “турк” ёки “татар” (ёки “тартар” – Д. А.) сўзини умумийлаштириб айтмоқдами ёки маълум бир гуруҳ одамларини бошқалардан ажратиш учун миллатига урғу бераётирми, шунга эътибор қилиниши керак; 2) асарларда “мўғул” сўзи кимнингдир миллатини кўрсатиш учун келтирилган eрларда, кўп ҳолларда хато ишлатилган ва шу йўсинда кенг қўлланилиб кетган. Асосан, асл турклар, умуман мўғул бўлмаган қабилалар шу ном билан атаб юборилган; 3) “турк”, “татар” ва “мўғул” номларининг қўлланилиши ва аҳамияти турли даврларда турлича бўлган.

Олим бу фикрлар “мўғул” атамасининг илмий муомалада ишлатилишидаги чалкашликлар олдини олишга ёрдам беради, деб умид қилган. Афсуски, синчков олим Н.Элиаснинг билдирган жиддий мулоҳазаларига қарамай, ўшанга ҳам 116 йил (!) ўтибди, жаҳон тарихшунослигида бобурийлар сулоласи ҳалигача “мўғуллар династияси”, соҳибқирон Амир Темур эса ғарб энциклопедия ва илмий китобларида “татар”, “тартар”, “монгол”, “мўғул” деб аталмоқда.

Таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али “Амир Темур чамани” эссесида долзарб саволни ўртага ташлайди: “Нима учун Цезар, Искандар, Чингизхон ёки бошқалар ҳақида жаҳонда ҳамма энциклопедияларда бир хил маълумот берилиб, номлари ҳурмат билан бир хил ёзилади-ю Амир Темур ҳақида, худди Клавихо айтгандай, камситмоқчи бўлгандай хилма-хил номлар, таърифлар келтирилади?.. Эҳтимол, бу атай ўқувчини чалғитиш учун қилинар?.. Бундай муносабатга ортиқ йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етишимиз керак” . АҚШ профессори У.Такстон ҳам “Бобурнома”ни таржима қилар экан, кириш сўзида айнан мана шу мавзуга тўхталган ва Бобур “мўғул” деб аталиб, темурийдек шарафли нисбасидан бебаҳра қилинганини куйиниб ёзганди. Дарҳақиқат, бундай чалкашликларга чек қўйиш вақти аллақачон етди. Айниқса, “Буюк мўғуллар империяси”ми, “Бобурийлар империяси” деб аталиши керакми қабилида илмий доираларда баҳс бораётган бир пайтда, бу масалага Америка олимларининг қарашлари жуда муҳимлигини таъкидлаш лозим.

Таржимага қайтсак. Юқорида айтиб ўтилган боблар 128 саҳифани ташкил этади. Н.Элиас, таржиманинг бу нашрида Ҳ.Чарбау томонидан чизилган Марказий Осиёнинг ўрта асрлар харитаси ҳам берилган, деб хабар қилади. Аммо, бизга номаълум сабабларга кўра, бу харита асарнинг қўлимиздаги, Вашингтон университети Сюзало кутубхонасида сақланаётган нусхасида йўқ. Таржимада илова, кўрсаткичлар, жой, киши номлари, хронологиялар мавжуд. Бундан ташқари, китобга учта шажара ҳам киритилган: 1) олим Х. Ховорт томонидан тайёрланган С.Лейн Пулнинг “Муҳаммад сулолалари” (“Muhammadan Dynasties”) китобида босилиб чиққан “Чиғатойлар хонадони” шажараси; 2) профессор Блокманнинг “Ain-i Akbar” китобидан олиниб, қисқартирилган ҳолда берилган “Темурийлар хонадони” шажараси; 3) Элиаснинг ўзи тайёрлаган “Дуғлат амирлари” шажараси.

Қўлимиздаги бу нашр таржима, изоҳу иловаларни ўз ичига олган ҳолда 535 саҳифадан иборат. Китобнинг титул варағида “Тарихи Рашидий” номи остига изоҳ сифатида “Марказий Осиё мўғуллари тарихи” (“History of Moghuls of Central Asia”) деб қўшимча қилинган.

Муҳаррир таржима жараёнини eнгиллаштириш мақсадида исм ва жой номларини мутахассис У. Жоунснинг содда, яъни талаффузи аслиятга иложи борича яқин олинган методига кўра, Ҳиндистон давлати расмий ҳужжатларида бу номлар қандай ёзилган бўлса, шундайлигича олганини сўзбошида таъкидлаб ўтади.

Таржимада учрайдиган ингичка ярим ойсимон қавслар Муҳаммад Ҳайдарга тегишли. Қалин ва бурчакли қавслар, Н.Элиаснинг айтишича, номаълум туркийзабон таржимон томонидан қўйилган. Ингичка бурчакли қавсларни эса муҳаррир билан таржимон ўқувчига матннинг тушунилиши енгил, ўқилиши равон бўлиши ва асар руҳини сақлаш мақсадида берилган сўзлар учун қўллашган. Улар нафақат инглизча сўзларни, балки форс ёки туркийча матнда қўлланилган сўзларни ҳам баъзан қавс ичида бериб кетишган. Масалан, 296-саҳифада ўқиймиз: “The valley of the Shahnaz lies in the western range, and the [high] road from Kashghar to Badakhshan runs through this valley. On the road from Kara Chanak to Kilpin Rabat, is a resting place [manzil] for those coming and going [on the road]…” Таржимаси: “Шаҳнoз водийси ғарбий томонда жойлашган бўлиб, Қашғардан Бадахшонга олиб борадиган катта [high] йўл мана шу водийни кесиб ўтади. Қора Чаноқдан Киплин Работга кетишда [ўша катта йўлда] келиб-кетиб турганлар учун дам олиш ери [манзил] мавжуд…” Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Н.Элиас изоҳларида ўқувчининг асарни яхшироқ англаши учун ўша давр тарихий контекстини, мантиқан боғлиқ бўлган фактлар билан янада бойитган. Баъзан биттагина изоҳ бир ярим ёки ундан ҳам кўпроқ саҳифани эгаллаганини кўриш мумкин. Масалан, 278-бетда “кўрагон” (муҳаррир инглизчада “kurkan” деб беради) сўзини инглиз ўқувчисига муфассал тушунтириб бериш учун деярли икки саҳифада изоҳлаган. Изоҳларни ёзишда олимлар Ховорт ва Вадел ҳам ўз ҳиссасини қўшганини эслаб ўтиш жоиз.

Н.Элиаснинг хабар қилишича, таржимон Э.Д.Росс бир гапда такрорланган сўзларни таржимада тушириб қолдирган. Бобнинг бошида ёки сўнгида келган олтита юлдузча аслиятда берилган ғазаллар таржима қилинмасдан қолдирилганини англатади. Баъзи ўринларда ўгирилмаган ғазалларни ўқувчига билдириш учун ингичка бурчакли қавслар ичида “verses” – “ғазаллар”, “verse” – “ғазал” ёки “two couplets” – “икки байт” ва ҳ.к. деб берилади. Бироқ ғазаллар ҳамма eрда ҳам қолдириб кетилмаган.

Қисқа вақт, яъни eтти ой давомида 535 саҳифали таржимани изоҳлар билан тайёрлаш (бу яна 128 бетли кириш қисмидан ташқари) қанчалик изланиш ва меҳнат талаб қилганини тасаввур этиш қийин эмас. Бу борада Ней Элиаснинг ғайрат-шижоати, албатта, таҳсинга лойиқдир.

“Тарихи Рашидий”га бўлган қизиқиш тобора ортиб борганини Росс таржимаси иккинчи марта 1898 йили Лондондаги “Curzon” нашриётида ҳеч қандай ўзгаришларсиз босилиб чиққанидан ҳам кўриш мумкин. 1973 йили эса Патнадаги “Academica Asiatica” нашриётида учинчи нашр амалга оширилди (Иккинчи ва учинчи нашрлар ҳам ҳар бири 535 бетдан иборат). Иккисида ҳам харита берилган. Хаританинг машҳур Буюк Британия жуғрофий журналида ҳам алоҳида босилиб чиқиши нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.

1970 йили 1898 йилги нашр, бу сафар харитасиз, Нью-Йоркдаги “Prager” нашриётида босиб чиқарилади.

“Тарихи Рашидий”нинг 696 саҳифадан иборат нусхаси 2008 йили бешинчи марта, Нью-Йоркдаги “Cosimo Inc.” босмахонасида чоп этилди. Бу нашр “A History of Moghuls of Central Asia: The Tarikh-i” деб номланган.

1996 йили профессор У.Такстон “Тарихи Рашидий”ни инглизчага тўлиқ ўгиради, кириш сўзи ёзиб, изоҳлар, кўрсаткичлар, харита илова қилади ва Ҳарвард университетидаги Яқин Шарқ тиллари ва маданияти факультетида нашр этади. Таржимон асардаги шеърий парчаларни ҳам инглизчага ағдариб, курсивда бергани эътиборга молик. Нашр “Mirza Haydar Dughlat’s Tarikhi-i-Rashidi: A History of the Khans of Moghulistan” деб номланган.

“Тарихи Рашидий”нинг инглизчага таржималари ва қайта нашрлари – ғарб олимларининг Туркистон-Турон замини тарихига бўлган катта қизиқишини кўрсатади. Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу қизиқиш ўз вақтида сиёсий мақсадлардан холи бўлмаган, албатта. Чунки юқорида айтиб ўтилганидек, “Тарихи Рашидий” билан танишиб чиққанларнинг кўпчилиги Ҳиндистон, умуман, Шарққа маълум бир мақсадда юборилган ҳарбий шарқшунослар бўлганини эсда тутишимиз лозим. Бугун эса “Тарихи Рашидий”нинг хориж олимлари учун аҳамиятли экани сабаби унда Марказий Осиёнинг кам кўрсатилган даври ёритилгани, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаётга, тарих, география, этнография ва ҳоказоларга оид маълумотлар кўплиги, энг муҳими, асар ёритилган даврни ўз кўзи билан кўрган шу замин фарзанди томонидан ёзилганидадир. Бинобарин, ҳали бу нодир асарнинг инглиз тилига янги таржималари, унинг тарихий аҳамиятига бағишланган тадқиқотлар пайдо бўлишига шубҳа йўқ.

Дилбархон Аҳмедова, тадқиқотчи (АҚШ)

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 8-сон