Абдулҳамид Чўлпон. Муттаҳид фронтимизнинг биринчи вазифалари (1923)

Ниҳоят, Тошкент ёшлари Туркистоннинг марказида ишлаб юрган масъул маориф ходимлари маориф ва мадания­тимиз устига келаёткан зўр таҳликани англадилар. Газетамизнинг Янги йил сонида босилған «Ерлик халқ мао­рифида муттаҳид фронт»* сарлавҳалик хитоблари билан жаҳолат ва таассуб отлиқ «қора бало»га қарши бирлашиб қўзғолдилар.
Тошканд маориф оқсоқолларининг бу ҳаракатлари жуда вақтида бўлди. Агар бир оз кейин бўлғанда ҳам кечикиб қолмоғимиз эҳтимол эди. Негаким ҳукуматимизнинг кечирмакда бўлған пул танглигини (молия буҳрони – финансовый кризис) ҳали енгилгани йўқдир. Ҳукуматимиз бу тангликдан қутулмоқ учун ҳар нав чора ва тадбирларни кўрмакдадир. Мамлакатнинг ҳамма ишини бир даража оқсотиб турған бу танг­ликни йўқотмоқ учун пул-молия ишларини пухталаб тежаш лозим бўлса, бу йўлда маориф ишларига зарар келтиратурған баъзи бир чораларни ҳам кўрмакка, қўлланмоққа тўғри келадир. Шунинг учун маориф ишларида биз ҳукуматга ортиқ зўр умидлар билан таяна олмаймиз. Маориф муассасаларимизнинг кўпини ўз гарданларига олған маҳаллий маблағларимиз эса ортиқ даражада бузуқ йўлсиздирлар. Демак, улар билан ҳам биз истаганимиз натижага ҳали-бери ета олмаймиз. Шундай бўлғандан кейин энди бирдан-бир йўл бизга «Ўзинг учун ўл, етим!» шиори-да қоладир.
Бизнинг муттаҳид фронтчиларимиз ўзларининг кетатур­ған йўлларида шу шиорни маҳкам ушлаган кўриналар; уларнинг хитобларида шу ҳақиқатлар жуда очиқ кўрсатмишдир. Муттаҳид фронтни уюштирған марказдаги маориф оқсоқоллари фронт очилғандан сўнг қилинатурған ишларга бир дам ҳам кечикмасдан ёпишмоқлари лозимдир. Фронтни очишда кечикишдан сақланған бўлсалар, унинг биринчи вазифаларини бош­лашда ҳам сира кечика кўрмасунлар, бу йўлдаги кечикиш натижа эъти­бори билан баб-баровардир.
Фронтнинг биринчи вазифалари, бизнингча, ўлкага тарқалиб иш бошламоқ, миллий бойлиғимиз бўлған вақфларға ёпишмоқ бўлса керак. Ўлкада ишламак, маҳаллаларнинг ҳақиқатан ўлиб қолған маорифини гўрдан тортиб чиқармоқ вазифаси сира кечикдирилишга ярамайдир. Маҳаллаларда наридан-бери маориф ишларига аралашиб келаётқан ёшларга англамас миялар томонидан қўл текизилмакка бош­лағани тўғрисида дараклар кела бошлади. Масалан: Самарқандда маориф ишларини яхши йўлга қўйиб келаётқан маориф мудири Вадуд ўртоқнинг ишдан бўшатилиб, ўрнига ерлик халқ маорифи билан кўпда алоқаси бўлмағон кишиларнинг қўйилғонлиғи тўғрисида «Зарафшон» рафиқимизда бир бош мақола ўқудук. Вадуд ўртоқ тўғрисидағи бу ўрунсиз ҳаракат Самарқанд ёшлари орасида «Мана, айтмадикми, биз ёшларға ишлагали йўл бермайлар…» деган бир фикр туғдирған. Ҳолбуки, бу фикрнинг туғулиши бизнинг муттаҳид фронтимизға қарши биқиндан ясалған ҳужум кабидир. Бу ҳужум бизга ўз кишиларимиз томонидан билмаслик орқасида қилиниб турулған ҳужумдир. Бизнинг муттаҳид фронт оқсоқолларимиз бир камисия ёки бир тўда ҳолида тезлик билан маҳалларга бориб ёки марказий ҳукумат билан онглашиб бу ҳужумни қайтаришлари, балки буткул енгиб ташлашлари тегишдир.
Муттаҳид фронтнинг биринчи вазифаларидан яна бири вақф­лар масаласи деб эдик. Яқинда бу тўғрида марказий ҳу­кумат маҳкамаларида жуда яхши қарорлар чиқорилди. Шу қарорни дарҳол юзага чиқориш ишига киришмак, қарор ёзилған сиёҳ қурумасдан туруб режани чизиб олмоқ марказдаги маориф оқсоқолларининг муҳим ва ғалабага қарата олиб боратурған қарзларидур.
Юринг, ўртоқлар!

____________________
«Туркистон» газетасининг 1923 йил 7 январь сонида «Абдулҳамид Сулаймон» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон «Асарлар»и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Муттаҳид фронт – бирлашган, ягона фронт.