Абдулҳамид Чўлпон. Мусулмонлашдириш (1923)

Сарлавҳа қалтис кетди. Хийла қалтис кетди. Буни ўрусчалаштирсак, мусульманизация бўладирким, эски тўра, бурунғи чиновниклардан чиққан мустамлакачи – колонизаторларнинг кайфлари учади.
– Ҳа, мусулмонлашдириш? Бу нима деган гап? Бунга йўл бериб бўлурму? Ҳай, сергак бўл! Йўлни тўс!
– Қоч, ўғлон, қоч, от босди – миллат келур!
Ол-ҳа, қоч-ҳа!..
Қандай қиласиз, мустамлакачи ўртоқ? Замон шу, шўро ҳукуматининг тутқон йўли шу. Шўро ҳукумати бор жойда ерлилашдириш, мусулмонлашдириш деган гаплар бўла берадир. Сиз қовоқ солиб, лунжингизни пастга туширганингиз билан шўро ҳукумати тутқон йўлидан кета берадир.
Қўйинг, кўп хафа бўлманг. Шўро ҳукумати: «Ишингизи мусулмонча юргизинг, шундай қилмасангиз, тўғри келмайдир», – деб бизнинг мусулмонларға буйруқ қилса ҳам, бизлар бошимизни қалаб, ў… бирмунча ўйланамиз, «Қилайликми? Йўқми?» – деймиз.
Бирмунча ўйлар, фол боқдиришлар, истихора қилишлардан сўнг ул буйруқни бажо келтиришга қарор берамиз.
Сиз, мустамлакачи ўртоқ, бажо келтиришдаги ҳунарларимизни қаранг. Сизга бир мисол келтурай: Андижон инқилоб-ҳарб шўроси билан қўмитаси, шаҳар маҳкамалари, идоралари, дўкон-савдохоналаридаги вивеска (унвон)ларни мусулмончалашдиришга қарор бериб тегишлик буйруғини чиқарди.
Бир-икки ҳафта ўтгандан сўнг катта-катта, қулоч-қулоч вивескаларнинг устида қарич-қарич, вершук-вершук* келатурған «қўшма» (илова)лар пайдо бўлди. Агар яқинга бориб дурбин билан қарасангиз, ҳалиги «қўшма» тунукаларга чизилғон хатларни ўқий оласиз. Масалан: Андижоннинг марказий суратхонаси Медведь фамилиялик бир кишиники экан. Яъни суратхонанинг каттаси «Медведь» деган бир бандаи Худонинг авлодидан экан. Шул ҳам вивескани мусулмонлашдирибдир, яъни «Центральная фотография. Медведь»нинг устига мусулмон хати билан «Марказсуратхона. Айиқ» деб ёзибдир.
Ана холос, бўлди-кетди.
Яна бир мисол: Эски шаҳарда, Қатортеракнинг бошида (Инқилоб дарвозаси ёнида) бир идора пайдо бўлубдирким, мусулмонча вивескаси мана шу: «Кина маҳкама нажолис мелиса фуркур ули район Андижон эски уяздини».
Мен бунинг мусулмончасидан, азбаройи Худо, ҳеч нарса фаҳмламадим. Ўрусчасини ўқиганимдан кейин билдимким, «Андижон шаҳар атрофининг мелиса идораси» экан…
Биз ҳам «Дархон»* газетига бир вивеска буюрдик. Бир Худо ярлақаб, ўшал кўчалардан ўтиб қолсангиз, кўзингиз йўғон бир вивескага тушар. Вивесканинг йўғон ўрусча хатлари устида мусулмонча ёзилғон шу хатларни кўрарсиз: (эски араб ёзувида) «Ўзбекча «Дархон» газетаси идораси»).
Ҳозирдан айтиб қўяйлик: ул хатларнинг маъноси мундай бўладир: «Ўзбекча «Дархон» газетасининг идораси»…
Балли, отангга раҳмат, ўлма, мусулмон!..

_____________________
«Дархон» газетасининг 1923 йил 11-сонида босилган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Вержук-вержук (вершок-вершок) – ботмон-ботмон маъносида.
«Дархон» – 1923 йил кўкламида «босмачилик ҳаракати»га чек қўйиш мақсадида Туркистон МИҚ ва Туркфирқа томонидан Андижон шаҳрида Ғози Юнус муҳаррирлигида ташкил этилган газета. Аммо «Дархон»нинг бўлажак ходимлари Андижонга келганларидан кейин газетани тайёрлаш ва чоп этиш машаққати Чўлпон зиммасига тушган.