Абдулҳамид Чўлпон. Миллат масаласи (1923)

Тошкентда қозоқ-қирғиз шевасида чиқатурған «Оқ жўл» рафиқимиз «Туркистондаги миллатлар орасини яқинлаштириш керак» деган сарлавҳа билан бир бош мақола ёзадир.
Бу – миллатлар масаласининг қайтадан қўзғатилиши, шў­ролар ҳокимиятининг эски ва зўр асосларидан энг каттасига яна бир мартаба қайтмоқ демакдир, бу қайтиш керак, лозим, зарур бир қайтишдир. Йўқ эса, манави НЭП (янги иқтисод сиёса­­ти)­нинг «шарофати» билан бу муҳим ва қийин масала хийла унутулуб, кўздан ташланиб юборилған эди. Агарда масала тугаб, ҳал этилиб, тамом бир тараф қилиниб ташланған бўлса, майли, локин ундай эмас. Буни «Оқ жўл» рафиқимиз ҳам: «Миллат масаласи битди деганларнинг гапи тагсиз, қип-қизил ёлғон. Ўртоқ Троцкий айтганидек, миллат масаласини ечилди деб юрганлар ўшал масаланинг орасида димиқиб қолған кишилардир…» – деган сўзлар билан билдириб ўтадир.
Айниқса, бизнинг Туркистонда бу масаланинг ўзига кўра нозиклиги бор. Буни «Оқ жўл» йўлдошимиз ўз қараши билан қараб исбот қиладир. Яъни миллат масаласида эзилганларнинг эзилгани қилиб кўчма халқни кўрсатиб айтадир:
«Туркистондаги халқларнинг орасида оёқлиқ мол чорвасини қўллатиб юрган, уни ташлай олмай ё бўлмаса илгари бостириб, яшната олмай келаётканлар туркманлар билан қирғиз-қозоқлардир. Шунинг учун янги иқтисод сиёсати орқасида Туркистондаги бошқа халқларнинг оғзиға тушуб, тишига юмшоқ келиб ётканлар ҳам туркманлар билан қирғиз-қозоқлар бўлуб келмакдадир».
Фақат шундай оғир бир масала тўғрисида ёзилар экан, очиқ-сочиқ, тўппа-тўғри, ойдек ёруқ қилиб ёзмоқ керак эди. Ҳолбуки, «Оқ жўл» йўлдошимиз кучлик бир асабият билан ёзған шу мақоласида айтмак истаганини очиб бера олмайдир. Мана қуйидағи сўзларини ўқунг:
«Янги иқтисод сиёсати чиққандан бери у еримни ундай қилдилар, бу еримни бундай қилдилар деб безиллаб ўлтурғанлар туркманлар билан қирғиз-қозоқлар бўлуб келди. Ўрун (ўтроқ)лашкан чорваси бор, ўзи эплик халқлар арзон олиб, қиймат сотиб, янги иқтисод сиёсати натижасида туркман билан қирғиз-қозоқдан фойдаланиши аниқ».
Бундан нима онглаймиз?
Бундай «аниқлар» кўб, лекин мақсад, асос аниқ эмас.
«Оқ жўл» рафиқимизнинг: «Ерлик халқлар бир-биридан фойдаланмоқчи бўлса, икковини қўшуб фойдаланайин деб орқасида тайёрланиб турған мустамлакачилар бор. Ерлик халқларнинг ҳаммасини бирдай ҳайдаб, юргузуб келган ўрус муштумзўрлари бор», – деган сўзлари миллат масаласига унинг қарашини аниқроқ кўрсатадир.
Туркистонда эзилган халқлар бор. Эзилган синфлар бор, эзгувчи халқлар, эзгувчи синфлар бор. Сиёсатни олиб борғанда эзгувчилар билан эзилгувчиларни айириб олиб бормоқ керак. Фирқанинг сўнгғи умумий қурултойи бу тўғрида кўб гапирди.

________________________
«Туркистон» газетасининг 1923 йил 22 май – 134-сонида «Қ» имзоси билан нашр қилинган. «Оқ жўл» газетасида босилган «Туркистондаги миллатлар орасини яқинлаштириш керак» номли мақола муносабати билан ёзилган. Биринчи марта Чўлпон «Асарлар»и 4-жилдида қайта чоп этилган.