Абдулҳамид Чўлпон. «Кўмак»га кўмак (1923)

Турли мамлакатларнинг олий ва ўрта мактаб­ларига Туркис­тон ерлик халқ болаларини тўлғазмоқ мақсади билан қурулған «Кўмак» уюшмасининг бош идораси сўнг вақтда буткул сўниб кетди. Марказда аҳвол шу кўчада экан, маҳаллаларда «Кўмак» уюшмаларининг яхши ишлар бош­лағанлиқлари онглашиладир.
Агар Самарқандда чиқатурған «Зарафшон» рафиқимизнинг маҳаллий хабарларини таъқиб қилиб борсак ҳар сонида дегулук «Кўмак»нинг фаолияти тўғрисида хабарлар ўқуймиз, ўқуймиз-да суюнамиз.
«Зарафшон»* рафиқимизнинг кейинги (37) сонида ўртоқ А.Исмоилзода «Кўмакка аҳамият берайлик» деган сарлавҳа билан бир бош мақола ёзиб, «Кўмак»ни: «Жаҳолат билан кураш майдонида билимсизликка қарши халқнинг ўз ичидан чиққан бир қаҳрамондир», – деб таъриф қилғандан сўнг қаҳрамоннинг вазифаларига кўчуб дейдир: «Ҳар бир кураш майдонида ул курашни бошқарғучи штабнинг (бош қароргоҳнинг) зўр вазифалари бўлғанидек, шунга қарата ўзи ҳам аҳамиятга молик саналадир. Иштабнинг тўғри ва ҳар томондан яхши йўлға қўюлишидан муваффақият кутуладир».
Ўртоқ Исмоилзода ул мақоласида Самарқанд «Кўмак» уюшмасининг сўнг кунларга қадар бўлған мавжуд ниятидан норозидир. Ул ўзининг бу норозилиғини: «Кўмакнинг аҳамиятини бошқа ерларда халқ бир қадар тушунган бўлса ҳам, бизнинг Самарқанд вилоятида ҳозирға қадар керак даражада тушунтиролмаган, «Кўмак» уюшмаси узоқдан йўқ каби кўрунадир», – деган сўзлар билан онглатадир. Локин Самарқанд «Кўмак»и сўнг вақтда хийла жонланған, яхши, яхши, жиддий, жиддий қадамлар босқандир. Буни биз «Зарафшон»да ўқуб била эдик. Буни ўртоқ Исмоилзода ўзи ҳам: «…ҳар нима, сўнг вақтларда баъзи маорифпарвар ўртоқларнинг ташаббуси билан бир қадар йўлға қўюлди. Четдаги талабаларга мумкин қадар ёрдам ҳам бўлди», – деган сўзлар билан эътироф қиладур.
«Кўмак» уюшмалари маҳаллаларда тирилиб, жонланиб кет­дилар. Марказда эса унинг сира товуши чиқмайдир. Бу ғай­ритабиий ва балки бир оз уят-да…

_______________________
«Туркистон» газетасининг 1923 йил 17 ап­рель – 110-сонида «Қ» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон «Асарлар»и 4-жилдида қайта чоп этилган.
«Зарафшон» рафиқимиз – «Зарафшон» газетаси назарда тутилган. Мазкур газета Самарқандда 1927 йил 27 октябрдан Ғози Юнуснинг ҳаракати ва Туркистон Марказий Ижроқўмининг ёрдами билан чиқарилган.