Узоқ ўтмишда Нил дарёси бўйларидаги кишилар ва қадимги мисрликлар гулга нисбатан муқаддас гиёҳ сифатида муносабатда бўлганлар. Кейинчалик бу тасаввур ва тушунча Бобил (Вавилон) ва Эронга ўтган. Ўрта асрларда Европада гул номи билан боғлиқ шаҳарлар (Флоренция, Венеция) бунёд этилиб, улар номига муносиб мислсиз даражада гуллаб яшнаган.
Қадимги Хитойда императорлар хонадонида гул алоҳида эъзозланиб парвариш қилинган, ҳукмдорларнинг тожларни безаган. Хитойликлар турмушида бу ҳолнинг асоратини ҳозирги кунда ҳам кузатиш мумкин.
Пайғамбаримиз саҳобаларининг айтишларича, Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассаламнинг бадан терларидан гул бўйи келар экан… Халқимизда ҳам ёрни гул, гулни ёр дейди. Ёр ким эканлиги бизга маьлум. Бинобарин, гул ҳақидаги тушунча илоҳий мазмун касб этган. Халқ оғзаки поэтик ижодида гул ҳақидаги қўшиқлар бутун бир циклни ташкил этади. Фольклоршунос профессор Ҳошимжон Раззоқов бу туркумдаги термаларни йиғиб “Гулёр” китобини нашр эттирган.[1]
Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижодида энг кўп қўлланган тимсоллар гул ва булбулдир. Улар воқеаларни туташтирувчи боғич сифатида ва фалсафий хулосалар чиқариш воситаси ўрнида такрор‑такрор тилга олинади. “Ҳазон бўлмай боғда гуллар сўлмасин”,[2] “Баҳорда очилган боғнинг гулисан”,[3] “Қайси боғнинг, кўзим, тоза гулисан, Чаманда сайраган сен булбулисан?”[4]
Халқимизда қизлар исмига гул сўзини қўшиш одат тусини олган (Орзигул, Гулнора, Гулжамол ва ҳоказо)
Европада илм‑фан соҳиблари ва саъаткорларни бошларига лавр‑дафна гулчамбари кийдириш ёки бўйинларига осиш билан шарафланса, бизда кишиларнинг чаккасига гул қистириш одатлари бор.
Ёзма адабиётдаги кўпгина поэтик тимсоллар дастлаб халқ оғзаки шеъриятида пайдо бўлган. Гул ва булбул тимсоли бунинг ёрқин далилидир. Албатта, бу тимсолларнинг мумтоз шеъриятимиздан кенг ўрин эгаллашида форс-тожик адабиётининг ҳам таъсири бўлганлигини инкор қилмаслик керак. Айни пайтда ушбу анъанавий поэтик тимсоллардан қайси шоир қандай мақсадларда фойдалангани ва уларни қандай тарзда янгилай олганлигига алоҳида диққат қилиш лозимдир. Шуни инобатга олган ҳолда профессор Иброҳим Ҳаққулов мана бундай фикрларни баён этади: «Бобурда ўзига хос бир гулпарастлик завқи бор. Шоир баъзан гул тимсолини шундай ташхислантирадики, хаёлингизда гулдай нозик, гулдай сеҳрли бир санам жонланиб кетишини сезмай қоласиз. Бобур-шеърга гулнинг муаттар бўйи, рангин бўёқлари ва бетакрор жозибасини мужассамлаштирган шоир. Чунки қаламни у қачон фикр, қачон руҳ ва туйғу ёки ҳол ва эҳтирос «қўлига» тутқазишни жуда яхши фарқлайди».[5]
Мумтоз адабиётда Атойи, Саккокий, Гадоий, каби шоирлар ҳам ижодларида гул образига тез-тез мурожаат қилганлар. Шу ўринда Атойининг ғазалидан гўзал тасвирли байтига мурожаат этамиз:
Уётқондин қизил гул кўнглаки ғарқи арақ бўлсин, Юзи гулшан сари гулгун қиё боғин беза-беза.[6]Алишер Навоийда ҳам гул ва булбул тимсоли алоҳида тасвир ва талқин этилган, бу ҳақда устоз навоийшунос Мақсуд Шайхзода қуйидаги байтни келтириб, шундай дейди:
«Истамиш булбул вафо гулдин, магарким жоладин Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.Бу бир байтнинг ўзида шоир ҳаётнинг ғамли бир манзарасини чизиб беради. Гулдан вафо кутган булбул бечора билмайдики, ғунчанинг табассум қилиши сохтадир, чунки у шудринг доналаридан қотиб қолиб, доимо хандон кўринади».[7]
Навоий лирикасида гул тимсолининг кўплаб рамзий маъно ва образлари баён этилган. Бу ҳақида ёзар экан адабиётшунос А. Валихонов Навоийдаги гул образини саккиз қисмга ажратади ва уларни алоҳида‑алоҳида сарлавҳалайди[8].
Алишер Навоийдан яна бир байт:
Зиҳи ҳарлаҳни булбул савтининг зотингға исботи, Жаҳон боғида ҳар гул яфроғи ҳуснунгға миръотиБу байт ҳақида филология фанлари номзоди Каромат Муллахўжаева шундай фикр билдирган: “Жуфтликда қўлланган гул ва булбул тимсоллари, кўпинча, фақат шу туркум ғазалларгагина хос маъно-мазмун касб этган. Гул Оллоҳ гўзаллигини намойиш этиш учун бир кўзгу бўлса, булбул ана шу гўзаллик шайдоси”.[9]
Мавлоно Лутфий ижодида эса гул ва булбул тимсоли бетакрор жилоланади:
Юзунг сифоти Лутфи сўзин нозук айлади, Гул садқаси дурур, неки булбул наво қилур!Бобурнинг яна бир салафи Умар Хайём ҳам гул, булбул тимсолидан жуда ўринли фойдаланган, бунга бир мисол:
Гул кулиб боқарди, май жомда ёқут, Бир маст булбул кўриб, этолмай сукут, Юрак тили билан шивирлаб айтди: Умр ўтиб боради, ҳар фурсатни тут.Гул тилга олинганда, албатта Булбул ҳам ёд этилади. Буни қарангки, улар ўзаро бир-бирига оҳангдош, назмда қофиядош ҳам.
Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен, Сен шуъласен, ул шуълаға мен қулдурмен. Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким, Шаҳмен элга, вале сенга қулдурмен!(87)Устоз Абдуқодир Ҳайитметов Бобурнинг ушбу машҳур рубоийси ҳақида шундай дейди: «Лирик қахрамон номидан Бобур ўзини маҳбубаси қошида камситиб, уни гул, ўзини бечора булбул, уни шуъла, ўзини кул деб атайди».[10]
Бобур ана шу «ҳақир булбул»ликни шоҳликдан ҳам юқори қўяди. Чунки гул-унинг маъбудаси. Бинобарин гул ва булбул Бобурнинг энг севган ва қайта- қайта мурожаат қилган тимсолларидан эди.
Бобур ёрни тўғридан-тўғри “гул” деб атайди ва унга “гул” деб мурожаат қилади. Бинобарин, Бобур ёрни гулга нисбат беради ва дейди:
То сабо зулфини ул гулнинг паришон айлади, Жон била ақлу кўнгулни елга бердим совуруб.(19)Байтда “сабо” ва “ел” синонимларини ўз ўрнида қўллаганини таъкидлаш лозим.
Пора-пора бўлган кўнгилни шоир гул ғунчасига ўхшатади: “Чок кўнглум ҳайъати гул ғунчаси андомида” (яъни кўнгилнинг кўриниши гул ғунчаси шаклида )
Жомий ҳам ошиқнинг ҳижронда қон ютган қалбини гулнинг қатма-қат ғунчасига ўхшатиш билан лирик қаҳрамоннинг ахволини намойиш қилади, кейинги мисрада эса ошиқ бундай ахволдан лоладек қонли ёшлар тўкади:
Сенингсиз ғунчадек дил ғарқи хундир, Кўзум ёшини кўргил, лолагундир[11]Бобурнинг бошқа бир ғазалида ўқиймиз:
Бобур, ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом, Бир “Навое Рост” қил мундоқ мақоминг борида.(17)Яъни: Бобур, гулнинг кўйида булбул мақомига эришдинг, шундай даражанг борида бир «Рост» навосини айт. “Навойи Рост” – халқ мақомларидаги куйнинг бир шўъбаси. Кўриниб турибдики, шоир Булбул мақомини улуғлаяпти ва унга ҳавас қиляпти.
Юзунгдин айру мен хор, эй азизим, Киши гулдин айирмас хорларни.Шоир бу ўринда ёрга “азизим” дея мурожаат қилиб, ўзини “хор” деяпти. Айрилиқда таҳқирланганини, гулдан тиконни ажратиб бўлмаслигини таъкидлаш билан “хор” сўзининг икки хил маъноси борлигини, шоир уни ўша икки хил маънода қўллаганини унутмаслик лозим. Биринчи мисрада “Сендин айрилиб хор бўлдим” деса. Иккинчи мисрада эса гулдан тиконни айирмаслик лозимлигини айтади.
Ёр юзини гулга қиёслаш, ёрни “юзи гул” дея таърифлаш Бобур учун доимий ифодадир:
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам, Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.(40)Бобур ижодида бус-бутун гулга бағишланган шеърлар ҳам талайгина. “Ғунчадек кўнглум менинг гулзор майли қилмағай”, “Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим”, “Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур” мисралари билан бошланувчи ғазаллари ана шундай ғазаллардандур.
Шоир лирик қаҳрамонининг кечираётган ҳаяжонлари, қайғу ва шодликлари реал ҳаёт лавҳаларининг унинг қалбидаги аниқ инъикосидир. Шоир ана шу лавҳаларни гўзал, равон, оддий, аммо чуқур ифодалар ёрдами билан тасвирлайди:
Ҳазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим, Кўруб раҳм айлагил, эй лола руҳ, бу чеҳраи зардим. Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз, Аёғингға тушуб барги хазондек мунча ёлбордим.Ғаройиб манзара тасвири берилган ушбу сатрларда ҳам шоир ёрга қарата,“эй гул” деб мурожаат қилганининг шохиди бўламиз.
Латофат гулшанида гул киби сен сабзу хуррам қол, Мен арчи даҳр боғидин хазон япроғидек бордим.(38)Мен бу дунёдан хазон бўлган япроқ каби кетар бўлсам ҳам, сен гўзаллик гулшанида гул каби яшнаб қол. Байтда гул хазон япроғига қарама-қарши қўйилган. Натижада, тазод санъати рўёбга чиқяпти. Устоз Азиз Қаюмов мана шу ғазал хусусида шундай ёзади: «Бобурнинг лирик шеърларида ифодаланган севги туйғулари чуқур самимият билан суғорилган. »[12]
Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур, Ғунча сиррин очқон ул икки лаби хандонидур.Бу байтда суратий ташбеҳ – истиоравий ташбеҳ мавжуд. “Гул” сўзлари икки хил маънода қўлланган: биринчисида бевосита ёр назарда тутилган бўлса, иккинчисида – “гул жамолин” бирикмасида “гул” сифатлаш бўлиб келган. “Ики райҳонидур” деб шоир ёр чеҳрасининг икки четидаги гажакларини кўзда тутган.
Бобур ўз шеърларида баъзан худди рассом каби манзара чизади:
Ўқи захмини кўриб ҳар ён танимда, эл дегай Ким, бу кўҳи дарднинг ул лолаи Нуъмонидур.(25)Тасаввур этинг: ошиқ танасида маъшуқа ўқларидан жароҳатлар бисёр, халойиқ бу ҳолни кўриб: “Булар – дард тоғининг қип-қизил лолалари-ку”, – дейди.
«Гул», «булбул» тимсоли Бобурнинг ўз ички дунёси ва изтиробли руҳий ҳолатларини ҳаққоний ва равшан ёритишига илҳомлантирган ва восита бўлган.
Ғунчадек кўнглум менинг гулзор майли қилмағай, Ғам била бутган кўнгул гулгашт ила очилмағай.Байтдаги «ғунчадек», сифатлаши «гулзор майли»га рағбатсизлик шоирнинг кўнгил ҳолини шархлайди. Чунки уни ғам-ғусса эгаллаб олган (яъни ғам билан кўнгил йўғрилган). Шунинг учун ҳам у ҳеч маҳал «гул гашт ила» очилиб- сочилмайди. Буни кимгадир англатиш ва изҳор айлаш керакми? Ранго-ранг гул етиштирувчи боғбон хаёлга келади. У ҳар кўнгилни гул ва гулзор ошуфта айлайди, деб ўйлайди. Аммо «таҳ-батаҳ» «қонлуқ кўнгул»нинг аҳволи ўзгачадир:
Ранга-ранга гулларингни, боғбон, раз этмаким, Таҳ-батаҳ қонлик кўнгул гул орзусин қилмағайБоғбон, ранг-баранг гулларингни кўп мақтама: лахта-лахта қонли кўнгилга гул ҳаваси сиғармиди?
Йўқтур улким гул юзунгдин айру боқсам гул сари, Ғунча янглиғ кўнглума юз хори ғам санчилмағай.Лирик қаҳрамон гулзордаги гулдан юз буриб, ўзининг ҳаёт гулини шарафлайди: -Гул юзингдан кўз олиб, гулга назар солмасман, шунда ғунчадек кўнглимга юзлаб ғам тиконлари санчилмайди,-дейди у.
Навбатдаги байтда ўқиймиз:
Оразу қаддингни таъриф этсалар юз йил, ҳануз, Эй юзи гул сарвқад, юздин бири айтилмағай.Эй юзи гул, сарвқад! Жамолингни, қадду қоматингни юз йилдан буён таъриф этсалар ҳам, юздан бирини-да ҳали айта олганлари йўқ. Шунинг учун мана шу гулдан ажралмаслик зарур:
Сендин айрилдим эса бўлди насибим хори ғам, Сендин, эй гул, эмди Бобур бир замон айрилмағай.(61)Сендан айрилганимда, насибам ғам тикони бўлди, эй гул, Бобур энди сендан бир зум айрилмайди.
Бошқа бир ғазалида шоир:
Сен гул киби то ғамзадасен ҳуснунға мағрур, Булбул киби мен ғамзада ҳуснунга ҳайрон.“Ғамзадасен” сўзи билан “ғамзадамен” сўзи талаффузда ҳам деярли бир хил, фақат бир товуш билан фарқланади. Бироқ биринчи “ғамзадасен” ноз-фироқ қиляпсан маъносини англатса, иккинчи “ғамзадамен” сўзи эса ғамнокман маъносини билдиряпти. Бобур гул ва булбул тимсолини қаерда қўлламасин, маъшуқани ҳаёт бўстонининг тенгсиз гули, ошиқ тақдирини ҳал қилувчи гўзаллик маъбудаси сифатида таърифлайди. Ва унга қуллигини такрор-такрор қайд этиб ўтади. Шак- шубҳа йўқки, қуйидаги сингари сатрлар Бобур шеъриятининг ўзига хослиги, ҳаётийлиги, вақт ва замонга бўйсунмаслигини намойиш қилади:
Юзунг била лабларинг эрур гулу мулдек, Балким, юзунг олида эрур гул қулдек. Бобур киби ишқдин дам урмайдур эдим, Эй гул, мени ишқинг айлади булбулдек.(78)Ушбу рубоийдаги “Балки юзунг олида эрур гул қулдек” қиёсига эътиборингизни тортамиз. Гулни қулдек чоғлаш! Оргинал қиёсий ташбеҳ. Анъанавий Гул билан Булбул тимсоллари Бобур ижодида ана шу тарзда талқин этилган.
[1] Раззоқов Ҳ. Гулёр. Тошкент. Ғ.Ғулом нашриёти. ‑1977й.
[2] Алпомиш‑2. Тошкент. “Ўзбекистон”, 1993. 40‑бет.
[3] Ўша манба, 162‑бет.
[4] Орзигул. Тошкент. Ғ.Ғулом нашриёти. 1975. 370‑бет.
[5] Ҳаққулов И. Ким нимага таянади? –Тошкент, 2006. 52-бет.
[6] Атойи. Танланган асарлар. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1960. – Б.153.
[7] Шайҳзода М. Устод санъатхонасида. // Шарқ юлдузи. Тошкент, 1966, №5. 199-бет.
[8] Қаранг: Валихонов А. Ғазал нафосати. – Тошкент:Адабиёт ва санъат, 1985. – 98-167-бетлар.
[9] Муллахўжаева К. Алишер Навоий ғазалиётида тасаввуфий тимсол ва бадиий санъатлар уйғунлиги.АКД.Тошкент, 2005.10-бет.
[10] Ҳайитметов А. Бобур рубоийларининг ғоявий бадиий концепсияси. // Ўзбек тили ва адабиёти. -Тошкент, 1983. №6, 21-бет.
[11] Жомий. Мақсуди дил… – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1989. – Б. 152.
[12] Қаюмов.А. Бобир лирикасининг асосий хусусиятлари. // Ўзбек тили ва адабиёти масалалари. -Тошкент, 1958, №2. 17-бет.