“Буюк ёзувчи ва шоирлар ҳаётида ижодий эркинлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этган. Даҳо санъаткорлар, энг аввало, ана шу эркинликнинг куч-қуввати ва фалсафасига таянади. Шу боис ҳам ҳақиқий санъаткорнинг ҳаёт тарзи, руҳоний ғоявий олами бошқаларникига ўхшамайди”.
Ўш шаҳрининг ғарби жанубидаги Сулаймон тоғи (Барокўҳ) этакларини археологик қазиш асносида кўҳна ҳаммомнинг харобаси устидан чиқиб қолинди. Бу ердан сопол қувурлар топилди. Ҳаммомнинг оташхонаси, турли мақсадларда фойдаланилган катта-кичик хоналарнинг ўринлари аниқланди. Шуниси диққатга лойиқки, бу ердан сал нарида Фарғона вилоятининг ҳокими темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонасида масжиди жавзо бўлган (у ҳақда “Бобурнома”да қайд этилган). Бундан маълум бўладики, ўтмишда оммавий ҳаммомлар кўп холларда масжидлар билан ёнма-ён қурилган. Оқилона меъморий тартиб қўлланган. Зеро, масжидга покдамон ҳолда кирилади. Ота-буваларимиз аввал покланганлар, сўнгра муқаддас даргоҳга қадам қўйганлар.
Ҳаммомлар қадимда дийдорлашув маскани, чойхўрлик қилиб суҳбатлашадиган жой вазифасини ҳам ўтаган. Одатда, ҳаммом мутасаддилари чойхоначилардек сўзамол, латифагўй ва аскиячи шинаванда кишилар бўлганлар. Махсус ходимигарлар бўлиб, улар мижозларни массаж қилганлар. Натижада, кўп кишилар томир-пай хасталикларидан фориғ бўлганлар. Демак ҳаммомлар айни пайтда озроқ шифохона ўрнини ҳам босган.
Башарият тарихида ҳаммомлар қайси замонда ва қай тариқа пайдо бўлганлиги маълум эмас. Аммо қадимги Мисрда ўша фиръавнлар замонасида ҳам ҳаммомлар бўлганлиги маълум. Жисмларнинг солиштирма оғирлиги хусусидаги қонуни ихтиро қилган антик замон алломаси Архимед (э.а.3-аср) «Эврика!» («Кашф этдим!») дея ҳаммомдан қичқириб беихтиёр югуриб чиққанини ҳам биламиз. Бизнингча, дастлаб хонадонларда хусусий ҳаммомлар пайдо бўлган. Ҳаммомда ювиниб-тараниш оммавий тус олгач, умум ҳаммомлар кўпайган.
Бобур лирикасида алоҳида ўрин тутган ўзига хос тимсоллардан бири ҳаммом тимсолидир. Бобур салафлари ижодида ҳам ҳаммом тимсоллари мавжуд. Лекин ушбу тимсол Бобур ижодида янгича сайқал топган. Бобур шеъриятида бу тимсолнинг алоҳида мавқе касб этиши бевосита унинг ҳаёт йўли билан боғлиқдир.
Бобур шеъриятининг ўзига хос хусусияти унда шоир шахсиятининг бўртиб туришидир. Унинг асарлари тили, ифода услуби салафлари ва замондошлари асарларидан тамоман фарқ қилади. Бу ўзига хосликни айрим адабиётшунослар ҳукмдорларга хос бетакаллуфликка йўйса, баъзилар уни Бобурнинг турмуш тарзи билан боғлашади. Бобур лирикасида ватан ҳажри, лирик қаҳрамон ва маъшуқанинг ички дунёси, умуман дунё, ҳаёт фалсафаси, дину диёнат, май, адолат, рашк, рақиб каби мавзулар асосий ўрин тутади. Улар замирида Бобурнинг ўз ҳаёти, унинг бошидан кечирган реал воқеа-ҳодисалар тасвири ётади.
Шоирнинг аксарият ғазал ва рубоийларида аниқ бир мавзу теварагида сўз боради ва мантиқий изчилликка қатъий амал қилинади. Натижада, улар композицион яхлитлик касб этади. Бобурнинг конкрет бир мавзуга бағишланган ёки бир образни, ёхуд муайян бир ҳолатни ёритувчи ғазал ва рубоийлари, алоҳида-алоҳида фикрлар айтилган, бадиий етук байтлардан таркиб топган ғазаллари, яъни мақтуъ шеърлари ҳам шу тамойил асосида битилган. Бобур аниқ бир поэтик образга бағишлаб шеър битади. Уни ҳар томонлама талқин этади. Фикрини аниқ ва тушунарли ифодалайди. Бинобарин, мавзу, образ, ғоя бирлиги Бобур шеърларининг бош хусусиятидир.
Бобур шеърияти, албатта, муайян анъаналар негизида равнақ топган. Бироқ шоир ижодида анъанавий шеърлардан фарқли ўлароқ, лирик қаҳрамон қиёфаси жуда ҳаётий ва у қўллаган тимсоллар мавҳум эмас, балки нисбатан реаллашди ва конкретлашди.
Бобур шеъриятдаги анъанавий тимсол, образ ва мавзуларни янгича талқин этиш баробарида шеъриятга хазон япроғи, ватан, яхшилик, ҳаммом, пири нокомил каби янги поэтик образлар олиб кирди. У адабиётимизда ватан соғинчи мавзусини бошлаб бериб, ўз асарларида ватан манзараларини меҳр билан акс эттирди ва ватаннинг таъсирчан бадиий образини яратди.
Бобур амалга оширган прогрессив ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар Ҳиндистон тарихида алоҳида саҳифаларни ташкил этади. Давлат бошлиғи ва одил ҳукмдор сифатида Бобур турли диний эътиқод ва расм-русум, мистик ҳодисаларга дуч келди. У буни ўзининг “Бобурнома” асарида қайд қилади. Бобурнинг янги иқлим шароитига кўникиб мослашиши, янги диний эътиқодлар, урф-одат ва удумларни ўрганиб, ўзлаштириб олиши ҳам таҳсинга лойиқ.
Алишер Навоий ва Бобурнинг давлат арбоби ҳамда ҳукм фармон сифатида ҳаммомлар қурилишига алоҳида эътибор берганлари бежиз эмас эди, албатта. Алишер Навоийнинг кичик замондоши Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” китобида: “…каромат эгаси Амир(Алишер Навоий. –Б.Х.) мансабдорлик кунларида …ҳаммомлар қурган”, деб ёзади. Бу билан чекланмасдан: “Ҳаммомларнинг саноғи қуйидагича: “Шифоия” ёнидаги ҳаммом; Зиёратгоҳ ҳаммоми; Тарноб ҳаммоми; Дарраи Занги ҳаммоми; Тувучи ҳаммоми; Чиҳлдуҳтарон ҳаммоми; Панждеҳ ҳаммоми; Файзобод ҳаммоми; Саидобод ҳаммоми”, дея уларни бир-бир санаб кўрсатади. Бу далилни Бобур мирзо ҳам “Бобурнома”да тасдиқлайди.
Самарқанд қалъаси баёнида Бобур мирзо: “Улуғбек мирзонинг иморатларидин… Яна ушбу мадраса ва хонақоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур”, -дея қайд этади. Ўз салтанатида улкан ободончилик ишларини бошлаб юборган Бобур подшоҳ салафлари изидан бориб ҳаммомлар қурилишига алоҳида эътибор берган. Чунки ўша пайтда Ҳиндистонда “ҳаммом йўқ” эди. Бу юртда ҳаммом маданиятини Бобур подшоҳ жорий этиб, расм қилган, деб ҳеч иккиланмай айтиш мумкин.
“Ҳиндустоннинг яна уч ишидан мутазаррир эрдук: бир иссиғидин, яна бир гардидин, яна бир тунд елидин. Ҳаммом ҳар учаласининг дафии эрмиш”, “…намози шом намози хуфтон орасида Дўлпур қўрғонига кириб, чароғ била Абдулфатҳ солғон ҳаммомни сайр қилиб…”, – деб ёзади. Бобур мазкур асарда яна бир ўринда: “Панжшанба куни жумодил-аввал ойининг учида боғнинг жанубий тарафида (яъни Дўлпурдаги Нилуфар боғида) ҳаммомға ер тайин қилиб, ҳаммом ерини тузаттилар. Буюрдумким, бу тузалган ерда ҳаммомнинг курсисини қўпорғондан сўнг, ҳаммом тархини солғайлар. Бу ҳаммомнинг бир уйида даҳрда ҳавз буюрдум”, деб қайд қилган. “Бобурнома”дан бу хил мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин, бизнингча, ҳаммом поэтик тимсолининг устозлар бадиий ижодидаги инъикоси муҳимдир.
Ҳаммом таърифидаги шеърлар ўтмишда “ҳаммомнома” ёки “ҳаммомия” деб юритилган. Турк олими Огоҳ Сирри Лаванднинг ёзишича: “Шоирларнинг ғазалларида ҳаммом тасвирлари махсус ўрин эгаллаган. каттароқ ҳажмда бўлган ҳаммом таърифидаги шеърларга “ҳаммомнома” ёки “ҳаммомия” номи берилган. Масалан, турк шоирларидан Набийнинг ва Махмед Алининг ғазаллари орасида, Жаъфарнинг “Хавоснома”, Вужудийнинг “Хаёл ва ёр” маснавийси муқаддимасида ҳаммомномаларга ўрин берилган”. Бундай шеърлар дастлаб форстожик адабиётида пайдо бўлиб, XIV асрдан кейин туркий тилда ижод қилган шоирлар томонидан ҳам ушбу мавзудаги шеърлар яратилган. Туркиялик адабиётшунос Искандар Полонинг ёзишича, “Ҳаммомномалар кўпроқ қасида шаклида яратилган. Лекин ғазал, қитъа, маснавий, рубоий шаклларида битилганлари ҳам мавжуд… Ҳаммомномаларнинг аксариятида ҳодиса шоирнинг ҳаммомга келиши баёни билан бошланади. Бу ерда севимли маҳбубини кўриб, ҳайратга тушади, ва шеърни шу гўзални мадҳ қилиши билан давом эттиради. Бундай шеърларда, албатта, “ҳаммом” калимаси ишлатилиб ҳатто, у радиф сифатида қўлланилган”. Искандар Поло ҳаммом мавзуида қалам тебратган шоирлар ижоди тўғрисида мулоҳаза юритаркан, Муҳаммад Фузулийнинг қуйидаги байтини мисол келтиради:
Қилди у сарв саҳар ноз ила ҳаммомга хиром,
Шамъи рухсори ила бўлди мунаввар ҳаммом.
Ҳаммом поэтик деталь ёхуд поэтик тимсол сифатида у кўпгина буюк зотларнинг ижодида ҳам ўз аксини топганки, бу ҳолни кузатиб чиқамиз.
Ҳаммом тимсоли тўғрисида сўз кетганда кўпчиликнинг хаёлига дафъатан Навоийнинг ушбу маълум ва машҳур қитъаси ёдга келади:
Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ –
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.
Навоий мазкур қитъада ёруғ дунёга келган ҳар бир кишининг комиллик касб этмоғи эҳтиёж даражасидаги зарурат деб уқтирган. Қитъада қиёсий ташбеҳ усулидан фойдаланган. Ҳаммом ўзида фоний дунё тимсолини инъикос этган.
Ҳаммомға азм айлагач ул шўхи ситамгар,
Ҳаммом юзи акси била бўлди мунаввар.
Лутфийнинг мана шу матлаъ билан бошланувчи ғазали ҳаммом ҳақида бўлиб, олти байтли, тасвирга бой, воқебанд. Ғазални ўқиш давомида байтмабайт ҳаммом манзараси ўқувчи кўз олдида намоён бўлиб боради.
Гулдек танидин чунки арақ бўлди равона,
Ҳаммом гулоб иси била бўлди муаттар.
Алишер Навоий “Мажолис уннафоис”да Лутфийнинг маҳоратига таҳсин айтиб, “…замон шуароси борча татаббуъ қилдилар (эргашдилар)”, дейди. Навоийнинг ушбу эътирофи бежиз эмас. Бобур ижодидаги ҳаммомга бағишланган шеърлар Лутфийнинг мана шу биргина ғазалида жамлангандек, таъсирида яратилгандек таассурот уйғотади:
Сув ғайратидинким таниға тегди дамодам,
Жоним бори сув бўлдию ҳолим дағи абтар.
Эй кошки, мен бўлғай эдим олида ходим,
То васл туни бўлғай эди бизга муяссар.
Кавсар суйи, жаннат гули олтун, тароғ олғоч,
Ҳурлар келур эрдилар анга бўлғоли чокар.
Лутфийнинг оҳию ўти, кўз ёшига ҳаммомдаги ўту сув бас кела олмайди. Бу тасвир Бобур рубоийсида айнан такрорланади:
Бу Лутфининг оҳию ўти кўз ёшидандур,
Ҳаммомнинг ўтию суйи, тушмас анга бовар.
Бобур ўзигагина хос бўлган ростгўйлик билан ёзади:
Ҳаммомки, арк ичинда пайдо қилдим,
Соғинмаки, судин табарро қилдим.
Суд ушбу эмасмуким, тадбир била
Покиза баданларни тамошо қилдим.(182)
Аркда, яъни ҳукмдорлар ошиёнида ҳаммом қурдирдим. Аммо мени бундан фойда топиб бойимоқчи, деб ўйлама. Покдомон бокира вужудларни бу тадбир билан тамошо қилиш фойда эмасми ахир?! – дейди бу рубоийда.
Ҳаммомки, қилдим кўрунгизким, айём,
Ўхшатти анинг бори иши манга тамом.
Кўз ёшию кўнгул ўти бирла мендин,
Гулчеҳралар истабон юрийдур ҳаммом.(182)
Бобурнинг ушбу рубоийсида ҳам маъномазмун жиҳатидан Лутфийнинг юқоридаги ғазалида кўрган холатимиз намоён бўлади. Бобур ўзининг ҳолати билан ҳаммом ўртасида яқинлик борлигини шоирона лутф билан шарҳлайди. Рубоийда маъшуқасига интилган ошиқ изтироблари жуда таъсирчан ифодаланган. Бобур ўз давримда ҳаммом бунёд этдим: унинг фаолияти менинг худди ишу коримга ўхшайди. Менинг қалбим ёнади-ю, кўзим сув тўкади. Гулчеҳралар шунинг учун ҳам ҳаммомга келишни исташади дейди. Ҳақиқатан ошиқнинг қалби ўртаниб, ишқ оловида куйса, унинг кўз ёшланади. Ҳаммом ҳам ўту сув билан ишлайди. ошиқнинг ҳолати билан ҳаммомнинг фаолияти орасида ички нозик боғланиш бор.
Бобур мирзо яна бир рубоийсида:
Ҳаммомки, то маскани жонона эмиш,
Анда парилар ҳусниға девона эмиш.
Ул худ паридур борча мулозимлари ҳам,
Алқиссаки, ҳаммом парихона эмиш!(167)
Беш аср аввал битилган ушбу рубоийда ҳозирги ўқувчи учун бирор бир нотаниш сўз ёки бирикмалар йўқ, мураккаб тушунча ҳам йўқ. Рубоий халқ орасида кенг тарқалган тасаввур асосида битилган. Яъни ҳаммомда инсу жинслар маскан қуради, дейилади. Мана шу тасаввурдан бохабар ўқувчи шеър мазмунига тушуниб олади.
Юқоридаги ижод намуналарида маълум бўладики, Бобур шеъриятда мавжуд ҳаммом поэтик тимсолидан унумли фойдаланган. Хулоса қилиб айтганда гарчи бу тимсолнинг Бобурга қадар ҳам элементар кўринишлари мавжуд бўлган бўлсада, Бобур унинг янги қирраларини очди. Шунинг учун ҳам И.В.Стеблева: “…Бобур шеърларида тимсолларнинг ўзига хослиги борасидаги хулосалар туркийзабон мумтоз шеъриятнинг бутун тимсоллар тизимини ўрганишнинг бир бўлаги ва дастлабки босқичи деб қаралиши керак”, дейди.
Хосият Бекмирзаева,
ЎзР ФА Тил ва адабиёт
институти тадқиқотчиси
Фойдаланилган адабиётлар
Ҳаққул И. Навоийга қайтиш. – Тошкент: Фан, 2007.
Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Юлдузча, 1989.
Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. – Тошкент: Ғофур Ғулом номидаги бадий адабиёт нашриёти, 1989.
Огоҳ Сир Лаванд. Турк адабиёти тарихи. 1жилд. – Анқара, 1984.
Поло И. Адабиётшунослик терминлари қомуси. – Истанбул, 2007.