Матншунослик ва мумтоз адабиёт ўзаро бири иккинчисини тақозо қиладиган, бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайдиган соҳалардир. Матншунослик айни пайтда тўғри матн яратиш учун ҳам асос бўладиган соҳа. Бу соҳада мактаб яратган олимларнинг меҳнатлари, тажрибалари бугунги кунда қўл келмоқда. Уларнинг мактаблари насиҳатгўйлик ёки матндан фақат хато излашдан иборат эмас, балки уcтозларнинг тайёрлаган матнлари, таянган принциплари матншуносликни шакллантирди. Мактаб катта қалб, чуқур билим, илмга муҳаббат, қолаверса, илмий маданият орқали яратилади. Бир мисол. Рус адабиёти тарихида рус йилномалари матнлари бўйича С.Шамбинаго, И.Тихомиров каби олимлар тадқиқотлар яратган. Аммо бу матнлар юзасидан иш шу билан тўхтамаган. Бу йўналишда машҳур матншунос А.Шахматов ҳам иш олиб борди. У матндаги хатоларга эътибор қаратар экан, устозлар билан зиддиятга киришмади, балки тадқиқот усулини ўзгартирди: аввал матнни тадқиқ этиб, кейин нашр қилди. Ниҳоятда ибратли усул! Муайян бир давр адабий ёдгорлигининг мазмун-моҳияти унинг ким томонидан нашрга тайёрлангани билан ўлчанмайди, балки адабиёт тарихида тутган ўрни билан ўлчанади, қолаверса, матннинг яшаши, авлодлардан авлодларга ўтиши ҳам матншунос яратган матннинг cавияcи билан белгиланади.
Адабий ёдгорликлар билан авлодларни боғлаб турадиган, матннинг қандай cавияда бажарилганини кўрсатадиган бир омил — мажмуалардир. Мажмуа бадиий асарлардан муҳим парчаларни олиб, бир китобга жамлашдангина иборат эмас, айни пайтда у тузувчининг диди, асарга муносабати ва матннинг қанчалик қимматли эканига эътибор қаратишни тақозо этади. Мажмуалар ана шундай пухта нашрлардан парчалар танлаб, яратилади.
Биз мумтоз адабиёт асарлари матнини яратиш муаммоси тўғрисида сўз юритар эканмиз, матншуносликда шу кунгача давом этиб келаётган мажмуалар ва уларнинг яратилиш принципларига эътиборни қаратмоқчимиз. Ўзбек адабиётида мажмуа яратишнинг ўзига хос анъаналари бор. Абдурауф Фитрат, Олим Шарафиддинов, Ҳоди Зариф ва бошқа олимлар тузган мажмуалар бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Матн танлашда дид, изчиллик ва мантиқийлик улар яратган мажмуаларнинг умрбоқийлигини таъминлади. Биргина Фитрат домланинг «Энг эски турк адабиёти намуналари»(Тошкент, «Мумтоз сўз», 2008; нашрга тайёрловчи: Орзигул Ҳамроева) мажмуасига назар ташлаш кифоя. Фитрат «Девону луғотит турк»даги тўртликларга муайян мантиқий изчилликда тартиб бериб, Алп Эр Тўнга марсиясини тиклади, тўртликларни луғат ва изоҳлар билан таъминлади. Мажмуа XI аср ва ундан олдинги давр адабиёти тўғрисида тасаввур ҳосил қилишда ўз вазифасини бажарди. Бу ва бу сингари мажмуалар адабиёт тарихи учун ишончли манба вазифасини ўташи шубҳасиздир.
Мумтоз адабиёт тарихи мажмуалари янгиланиб боришни тақозо этади. Янги манбалар китобхон ихтиёрига ҳавола қилингандагина мумтоз адабиёт ўз вазифасини бажарган бўлади. Улуғ устозлар анъаналарини қўлдан келганча давом эттирган ҳолда, биз томонимиздан «Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари» (Тошкент, “Фан”, I жилд, 2003, 2005; II жилд, 2007) чоп қилинди. Албатта, олдинги мажмуаларни айнан такрорламаган ҳолда. Зотан, эски мажмуалар ўз вазифасини бажарди. Биз тайёрлаган мажмуаларга, биринчидан, илгари ўзбек тилида чоп этилмаган янги матнлар бошқа тиллардан таржима қилиниб киритилди ва ўзбек адабиётининг мулкига айлантирилди, иккинчидан, имкон қадар матнлар(масалан, айрим нома, мунозара жанрларига оид матнлар) фотонусхасидан фойдаланилиб, айрим тузатишлар қилинди; учинчидан, XIV асргача бўлган оғзаки ва ёзма манбалар олий ўқув юртлари учун мўлжалланиб, қўлланма вазифасини бажариши назарда тутилган ҳолда тузилди.
Мажмуалар қандай принципларга кўра тузилади, қандай матнлар олинадию, қайси бири олинмайди, деган саволлар туғилиши табиий. Мажмуа тузишнинг ўзига хос принциплари бор. Биринчидан, матнларни қиёслаш ва саралаш талаб этилади. Бу принципга Фитратнинг юқорида биз айтиб ўтган мажмуаси энг яхши мисол бўла олади. Турк олими Кўпрулизоданинг «Девону луғотит турк» юзасидан олиб борган кузатишларига Фитрат ҳар бир тўртлик юзасидан муносабатини билдириб, пухта мажмуа яратганини айтишимиз даркор. Биз ҳам матнларни танлашда шу принципга аcоcланишга, айниқса, номалар ва Сайфи Саройи ижодидан намуналар танлашда ҳаракат қилдик.
Сайфи Саройи XIV аср ўзбек адабиётида алоҳида ўрин тутади. У Олтин Ўрда адабиёти ва Мисрда туркий қавмлар барпо қилган Мамлуклар давлатидаги адабий муҳитнинг ёрқин вакили. Шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарини «Гулистони бит-туркий» номи билан илк бор туркийчалаштирди, ўз даврининг малик уш-шуароси сифатида шуҳрат қозонди. Сайфи Саройи ижоди, хусусан, унинг таржимонлик маҳорати ҳақида ҳали кўп гаплар айтилиши керак. Биз бу улуғ шоир билан боғлиқ бошқа муҳим масала — унинг асарлари нашри устида қисқача тўхталмоқчимиз.
Сайфи Саройининг «Гулистони бит-туркий» аcарини Туркияда ўтган аср ўрталарида Фаридун Нафиз Ўзлуқ чоп эттирган; Қозонда, Қозоғистонда бу шоир ижоди бўйича ўша даврда бир қанча ишлар амалга оширилган. Ўзбекистонда бу асарнинг икки нашри — Э.Фозилов ва Н.Даврон амалга оширган нашрлари бор. Биз ҳам «Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари»нинг II жилдига бу шоир ижодидан намуналар олиб, изоҳ ва шарҳлар билан таъминладик. Матнни ким тайёрлагани эмас, бадиий cавияcи мажмуада асосий мезон бўлгани учун Сайфи Саройининг замондош шоирларга жавоб ғазалларини Амир Нажип нашридан, «Гулистони бит-туркий»дан намуналарни Насрулло Даврон нашридан айрим тузатишлар билан олишга тўғри келди. Э.Фозилов тайёрлаган нашр ўз-ўзидан четга сурилиб қолди. Бунга сабаб — Э.Фозилов нашрининг cавияcи юкcак эмаcлиги бўлди. Cўзимизнинг исботи учун Амир Нажип ва Э.Фозилов нашрларидан Мавлоно Қози Муҳсин ғазалига эътибор берайлик. Тўртинчи байтнинг биринчи мисраси Амир Нажипда:
Йанағи меҳрулара олма сотар.
Мисранинг мазмуни тушунарли: Ёрнинг ёноқлари шунчалик қизилки, худди қуёшга қизил олмани сотмоқчи бўлаётгандек, қуёш билан баҳслашаётгандек.
Энди юқоридаги мисрани Э.Фозилов қандай ағдарганига эътибор берайлик:
Янгоғи сайрулара олма сотар.
Мазмун мубҳам, «меҳр»ни «сайр»га алмаштирган Э.Фозилов нимани назарда тутган — ўзига маълумдир-у, аммо китобхонга қоронғу.
Яна шу ғазалнинг бешинчи байти Амир Нажипда:
Не янгоқким мот этар тоза гулни.
Мисра мазмунини тушунишда ҳеч қандай муаммо йўқлиги учун шарҳламаймиз-да, шу байтни Э.Фозилов қандай тушунганини кўрамиз:
Не янгоқким, мот отар(?) тоза гули(?).
На мантиқ, на мазмун бор, балки «отар»нинг биринчи ҳарфи алифни Э.Фозилов калтак деб тушунган бўлса керак? Бўлмаса, мотни отиб бўладими?! Кимдир кимнидир мот қилади!
Яна шу шеърнинг охирги байти Амир Нажипда:
Қоша кўза алданурса дағийлар.
Яъни «дағийлар» — бошқалар демоқчи экани маълум. Э.Фозиловда:
Қоша, кўза алданурса доийлар.
Шу шеър муаллифи Қози Муҳсинга нисбатан ишлатилган Мавлоно сўзини матнчи чала-ярим қилиб Мавло деб ўқиганини ҳам тушуниш қийин. Биз шу ғазалдаги унчалик аҳамиятсиз, шеър мазмунига халал бермайдиган қусурларга эътибор бермадик.
Саъдий «Гулистон»ининг форсча асл нуcхаси учинчи боби 22- ҳикояси охирида «Мен айтдим» ибораси бор. Сайфи Саройи таржимасида «Хаёлга Хожа Исҳоқ Хоразмийнинг қуйидаги ҳикмати келур» деган жумладан кейин қуйидаги тўртлик келтирилган:
Тушиб бир кун отиндин, бу масални
Бадиҳа назм этти Хожа Исҳоқ:
«Жаҳон севган кишининг кўзларини
Қаноат тўлдирур ё ўлса тупроқ».
«Гулистони бит-туркий»ни синчиклаб ўрганган Амир Нажип шу шоирнинг ғазалига Сайфи Саройи жавобан ёзган ғазалнинг биринчи байтини қуйидагича чоп эттирган:
Таолаллоҳ зиҳи сурат, зиҳи маҳбуби руҳоний,
Ким онинг ҳусни шавқидин кўнгуллар бўлди нуроний.
Байтнинг биринчи мисрасидаги руҳонийни Э.Фозилов равҳони деб ўқиганини ҳеч ҳам англаб бўлмади.
Агар Сайфи Саройининг Э.Фозилов нашрга тайёрлаган китобини шу тарзда таҳлил қилишни давом эттирсак, бугунги авлодда 60- йиллардаги матншунослар шу даражада ночор бўлган экан-да, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Аслида, энг лаёқатли матншуносларни ўша давр етиштирган. Фақат юқоридагидек нашрлар мумтоз адабиётнинг қимматини бир оз туширади, холос.
Матншунослик бир ёзувдан бошқасига ҳарф ағдаришдан иборат эмас. Ёки дуч келган матнни олиб, мажмуа ясашдан ҳам ҳеч ким наф кўрмайди. Матншунос, биринчи навбатда, матнни дид ва саводхонлик билан тайёрлаш малакасига эга бўлса, мажмуа тузувчилар учун ҳам, келгуси авлодлар учун ҳам катта иш қилган бўлади. Матндаги хато мажмуада ҳам давом этаверса, бора-бора мумтоз адабиётнинг қиёфасига доғ тушади. Иккинчидан, матн талабага ёки кенг оммага мўлжалланганда, албатта, луғат ва изоҳлар билан таъминланиши керак. Умуман, матн тайёрлаш ва шу асосда мажмуалар тузиш бир-бирига боғлиқ жараён эканини ҳар доим эътиборда тутишимиз лозим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 18-сонидан олинди.