Такрорланмас асарлари билан жаҳон адабиётини безаган улуғ ёзувчилар, бир қарашда, кўзбойлоғичларга ҳам ўхшашади. Кўзбойлоғичнинг антиқа томошаларини ҳайрат билан кузатасизу, у қўллаган “сеҳр-жоду” сирини била олмайсиз. Худди шу каби улуғ адиблар асарларини тўла англаш, мағзини чақиш жуда қийин. Одатда, бундай асарларда билдирилган фикрлар, ишлатилган рамзлар моҳиятини тушунишга, ажойиб воқеалар замирига яширилган фалсафий ғояларни топишга кўп йиллар сарфланади. Уларни кўпинча музтоғларга қиёслашади. Денгиздан фақат боши чиқиб турган музтоғнинг асосий қисми уммон остида қолади.
Михаил Булгаков ХХ аср рус адабиётининг энг ёрқин вакилларидан бири ҳисобланади. У ўзининг сўнгги романи “Уста ва Маргарита”ни ўн йил ёзган. Реал ҳаёт, фантастика ва тарихий воқеалар юксак маҳорат билан бир-бирига боғланган бу романни қизиқиш билан ўқимаган китобхон кам топилса керак. Лекин ўқувчиларининг ёши ва савиясидан қатъи назар, оҳанрабодек ўзига тортадиган “Уста ва Маргарита”даги жумбоқлар, рамзлар маъноларининг ҳаммаси ҳам ҳали адабиётшунослар томонидан кашф этилмаган.
Романдаги “қўлёзмалар ёнмайди” ибораси жуда машҳур бўлиб кетган. Атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов таржимасида 1987 йили нашр этилган “Уста ва Маргарита”да бу ибора қуйидаги ҳолатда айтилган.
Воланд Устадан романи ҳақида сўрайди.
“— Романингиз нима ҳақда?
— Понтий Пилат тўғрисида.
Шунда шамларнинг олов тиллари яна тебраниб, елпина бошлади. Столдаги идишлар зириллаб кетди. Воланд мисоли момақалдироқдек қаҳ-қаҳ уриб кулди, аммо унинг бу қаҳ-қаҳасидан ҳеч ким чўчимади ҳам, ажабланмади ҳам. Бегемот негадир чапак чалиб юборди.
— Нима, нима ҳақида? Ким ҳақида? — деди Воланд кулишдан тўхтаб. — Шу замонда-я? Воажабо! Нима, бошқа мавзу топилмадими? Қани, кўрайлик-чи, — Воланд кафтини юқорига қилиб қўлини чўзди.
— Афсуски, сизга уни кўрсатолмайман, — деб жавоб қилди Уста, — чунки мен уни печкага қамаб ёқиб юборганман.
— Кечирасиз-у, ишонмайман бунга, — деди Воланд, — бу мумкин эмас. Қўлёзмалар ёнмайди. — У Бегемот томонга ўгирилиб деди: — Қани Бегемот, узат буёққа романни.
Мушук стулдан “дик” этиб турган эди, ҳамма унинг даста-даста қўлёзмалар устида ўтирганини кўрди. Мушук энг устки нусхани таъзим билан Воландга узатди”.
Одатда, “қўлёзмалар ёнмайди” иборасини кўпчилик бир хил маънода тушунади. Яъни, Устанинг Понтий Пилат ҳақидаги асари юксак савиядаги мукаммал асар бўлгани учун ҳам ўтда куймаган, деб ҳисоблашади. Лекин рус адабиётшуноси И.Л.Галинскаянинг фикрича, “қўлёзмаларнинг ёнмаслиги”га бошқа сабаб ҳам бор.
Маълумки, Булгаков “Уста ва Маргарита”ни ёзишдан аввал христиан дини ва унинг тарқалишига оид кўплаб тарихий маълумотлар, ривоятларни ўрганган ва роман ичидаги роман деб ҳисобланувчи Пилат воқеасини тасвирлашда ҳам Фаластиннинг Иудея вилоятида юз берган тарихий воқеалардан фойдаланган. Олиманинг фикрича, “қўлёзмалар ёнмайди” ибораси ҳам тарихий ривоятдан олинган. Бу ривоят XII — XIII асрларда Европада давом этган салиб юришлари билан боғлиқ. 1209 йили Рим папаси буйруғи билан Франциянинг Прованс вилоятида яшовчи, христиан динини тан олмаган албигой бидъатчиларига қарши юриш бошланади ва 1229 йилга келиб бу ўлканинг бутун аҳолиси қириб юборилади. Ривоятларга қараганда, уруш бошланмасдан аввал Доминик де Гусман исмли авлиё бидъатчилар билан учрашиб, уларни тўғри йўлга бошлашга узоқ вақт ҳаракат қилади ва охири айтган гапларини қоғозга ёзиб уларга қолдиради. Бидъатчилар ёқиб юбориш учун оловга ташлаганларида эса қўлёзма ёнмайди.
И.Л.Галинскаянинг фикрича, авлиёнинг қўлёзмаси ҳам, Устанинг Иешуа ва Пилат ҳақидаги романи ҳам бир сабаб туфайлигина ёнмаган. Чунки ҳар икки қўлёзмада Инжил шарҳланган эди.
“Уста ва Маргарита” қайта-қайта ўқиладиган асар, уни ҳар сафар қўлга олганингизда роман ҳақидаги таассуротларингиз янада бойиб бораверади. Шу билан бирга, асар сюжетига маҳорат билан сингдириб юборилган сирли эпизод ва рамзларга, иқтибос ва фалсафий мулоҳазаларга дуч келаверасиз. Булгаков қўлёзмасининг вақт оловида ёнмаслигига ҳам шулар сабаб бўлса, ажаб эмас.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 1-сонидан олинди.