Адабиётшунослигимизда, янглишмасам, ижод психологияси алоҳида фан сифатида ажралиб чиқмаган. Бироқ ижод ғалаёнига қаттиқ берилган шоирки бор, бадиий ижод кечинмаларининг шуурий ҳамда ғайришуурий жиҳатларига ўз шеърларида муайян даражада тўхталмай иложи йўқ. Айниқса, ижод жараёнининг бу тафсилотлари улкан тарихий эврилишлар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлса. Ёдингизда бўлса, Алишер Навоий ҳазратлари “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида ижод руҳшунослигининг бир жиҳатидан нафис пардани қия очиб, ўқувчига ижодхонасининг айрим қирраларини кўрсатиб қўяди. Асарда Паҳлавон Муҳаммаднинг табиб сифатидаги маҳорати унинг ижодкор руҳий ҳолатини нақадар нозик илғай олиши сифатида ҳам намоён бўлади. Паҳлавон табиб ўзининг ана шу салоҳияти туфайли шоирни қалтис асаб касаллигидан халос қилади.
Шоирлар, албатта, ижод руҳшунослиги масалаларини тадқиқ этишни ўз ижодларида бош мақсад сифатида танламайдилар; улар мазкур руҳий жараёнга муайян даражада “тегиб” ўтадилар.
Абдулла Ориповнинг “Сароб” шеъри ҳам, гарчи ушбу мавзуга буткул бағишланган бўлмаса-да, унда тарихнинг яхлит бир парчаси шоир ижодий кечинмалари билан йўғрилган ҳолда, бадиий-маънавий жиҳатдан поэтик таҳлил қилинади.
Шеър ана шу асарнинг ўзи иншо этилаётган пайтдаги шоирнинг руҳий аҳволини баён қилишдан бошланади:
Олти ойким, шеър ёзмайман, юрагим зада,
Олти ойким, ўзгаларга тилайман омад.
Олти ойким, дўстларим ҳам пана-панада
Истеъдодим сўнганидан қилар каромат.
Бу мисралар шоирнинг ўзи билан айнан бир даражада бўлган лирик қаҳрамоннинг ички сезимларини, унинг қалами аниқ мўлжалга ураётганлигини яхши ифодалаган. (Мазкур шеърда лирик қаҳрамоннинг шоир билан айнан бир шахс эканлигини эътиборга олиб, мазкур мақоламизда бундан кейин уни шоир дейиш билан чекланамиз.) “Мўлжалга аниқ уриш” масаласига келганда эса, бу шеър 1966 йили, ўша йилларнинг бевосита таассуротлари остида шу даврнинг иқтидорли фарзанди томонидан яратилган эди.
Бу давр қирғин-қатағонларнинг урушдан кейинги иккинчи тўлқинига бевосита туташ йиллар бўлиб, Абдулла Орипов ва унинг авлоди эсини таниган, ўсиб-улғайиб, камол топган йилларга тўғри келади. Бу йилларда халқнинг гарданидан олиб ташланган таъқиқлар юки уни ижтимоий-сиёсий мажруҳликдан халос қила бошлаган, нисбий матбуот эркинлиги бўлса ижодкорлар елкасига офтоб теккиза бошлаган, чиндан ҳам “шеър улуғ, нон азиз” йиллар эди. Бироқ бу йиллари қатағон-қирғин шотирлари ҳам ўз отларидан тушган бўлсалар-да, ҳали эгарларда маҳкам ўтирар, ўзларининг машъум фаолиятларини бемалол давом эттираётган эдилар. Ана шу “дўст”лар эди Абдулла Орипов ҳамда унинг маслакдошлари нафас олаётган ҳавони заҳарлаётганлар. Бу “дўст”ларнинг қўли қаергача етарди, бу “олти ой” қанча давом этди? Қувончлиси шундаки, шоир уларнинг ғаламисликлари қаршисида довдираб қолмади. Уларга таслим бўлмади. Ижод қилишда, кураш олиб боришда давом этди. Бу курашнинг нисбатан яқинда тамом бўлган урушдан тафовутли ва қийин томони шунда эдики, бу “уруш”да фронт кўзга кўринмасди, душманлик бўриси зоҳирий дўстлик қўйининг терисини ёпиниб олган эди. Шеърдан аён бўладики, бу кураш қарама-қарши ғаддор томоннинг ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий писмиқликлари “иштироки”да кечаётган бўлса ҳам, ана шу давр таъбири билан айтганда, “ҳар қалай, олдда ҳали чироқлар бор” эди. Шунинг учун ҳам шоир ёзади:
Ниманидир ахтараман — шеърдан ҳам улуғ,
Ниманидир ахтараман — нондан азизроқ.
Дунё ўзи бепоён-ку, рангларга тўлуғ,
Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ.
Доғулилик йўлига ўтиб олган маккорларнинг кучи шунда эдики, улар замон ижодкорларининг кўзларидан рангларни йироқлаштиришга, уларга дунёни нисбий қарама-қаршиликларнинг оқ-қора бўёқларида кўрсатишга, шу билан санъатни, жумладан, сўз санъатини ҳам маънавий мураккабликдан маҳрум этишга ҳаракат қилардилар. Бу ишда уларнинг ҳам бўш келмаётганлиги шеър аввалидаги шоир тушиб қолган буҳроний кайфиятда кўзга ташланади. Шеър давомида шоир тушкунликнинг бу “қасам дараси”дан муваффақият билан чиқа бошлайди. Бунда унга аждодларимизнинг қадимги мумтоз шеъриятидан анъана бўлиб келган шеърий мажоз — анъанавий май образи қўл келади:
Инжиқ руҳим май истайди гоҳи-гоҳида,
Фақат унинг оғушида топаман ором.
Мумтоз адабиётимизда “май” илоҳий эътиқоднинг рамзи бўлгани каби, мазкур шеърда ҳам соғлом фикрлаш манзарасини яратишга имкон беради:
Хаёлларим сархуш бўлиб кезган чоғида
У беармон кунларимга қайтаман тамом.
Ўқувчи беихтиёр сергак тортади. Қонли ва бемиқёс жаҳон уруши бошланиб кетган, қирғин-қатағонларнинг ўлаксахўр шарпаси кезиб юрган йиллари туғилган болакайнинг кунлари қандай қилиб беармон бўлсин!
Шоир ниҳоятда қийин, айтиш мумкинки, қалтис вазиятдан маҳорат билан “чиқиб” кетади. Бу мураккаб ижтимоий-маънавий, руҳий аҳволни бартараф этишда унга сунъийликдан қочиб, табиийликка риоя қилиш, нозик ижодий интуиция мададга келади.
Абдулла Ориповдек ўз шеърларини ижодий ғалаёнлар измидаги руҳий ҳолатларда битадиган шоирнинг ижоди табиат билан шу қадар чамбарчас боғланганки, бу ижоднинг ижтимоий аҳамиятини ғоят ошириб юборади.
Шеър давомининг жозибаси шундаки, мисралардаги шоир қайтаётган армонсиз кунлар кашшофлик бўйинбоғини таққан ўспириннинг коммунистик “оламгулистончилиги” эмас, балки мана шу фарзанднинг она табиат билан узвийликда кечган масъуд дамларидир:
Кўз олдимда киприкдайин тизилар йиллар,
Ҳар бирига маржон бўлар аччиқ унларим.
Хира туман орасида чўғдай милтиллар,
Жайрон қувиб жайрон янглиғ ўтган кунларим.
Шеърнинг мана шундан кейинги улкан бир парчаси табиат ва инсоннинг озод муносабатлари манзарасини яратишга сарфланади. Шоир “Мактаб бордик — оғир бўлиб қолдик дафъатан” деб “у армонсиз кунлари” тавсифига чек қўяди.
Энди бу кунларнинг давоми ўсмир ҳаётини зиддиятлар гирдобига ташлайди. Шоир ўша даврда адабиёт ва санъатда ҳукм сурган машъум конфликтсизлик назариясининг ўзи мактабда кўриб улгурган башарасини чизиб ўтади:
Бу дунёда алам бўлмас, бўлмас деб фироқ
Даста-даста китоблардан ўқирдик таълим.
Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим.
Олтмишинчи йилларнинг ўрталари, яъни ушбу шеър яратилган пайтлари конфликтсизлик назарияси таъсири ҳали ўзининг авжида эди, ёвуз кучлар пана-панада ҳали ўзининг қора ишларини давом эттираётган эдилар. Шунинг учун ҳам шоирнинг “Паҳлавон Маҳмуддан мадад сўраб”, жамиятдаги нобоп жиҳатларга қарши курашга ўзини сафарбар қилгани чинакам жасоратли граждан шоирга хос хислат эди. Яқин ўтмишнинг яқин ўнйилликларидаги иллатлар бўлса тараққиётнинг оёғига тош бўлиб боғланиб, илгарилаб кетишимизга, табиийки, йўл қўймаётган эди. Бинобарин, шоир ўзининг уйғониши билан кифояланмай, ўзгаларни уйғотишни ҳам ўз бурчи деб билди.
Олис жануб тортганидай қушча юрагин,
Йироқларга етаклади мени бир сурон.
О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон.
Шоир юрагини “олис жануб”га ўхшаб тортаётган, албатта, бу унинг ўзини ва замондошларини чорлаётган келажак эди. Фашизм аждаҳосини енгган халқ энди саробларга ишониб яшай олмасди. “Ҳар кимдан қобилиятига яраша, ҳар кимга эҳтиёжига яраша” тарзидаги тутуриқсиз коммунистик келажакни ваъда қилаётган сароб мафкурадан одамларнинг шусиз ҳам қайтган ихлоси бадтар қайтиб бўлган эди. Шеърда қизил доктриналарнинг кўзга ташланмаслиги ҳам шунда.
Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.
Шеър топиладиган аҳволда эмасди ўзи. Аниқроғи, мафкура шоввозлари шоирлардан кутаётган шеърларни ёзишга шоирнинг қалами қақшатқич бир қайсарлик билан қаршилик кўрсатаётган эди.
Одамга, айниқса, шоир одамга, хусусан, виждонли шоир одамга ўзининг бир вақтлари соддадиллик қилиб ишонган идеалларидан, охирида бачкана бир ёлғон бўлиб чиққан муддаоларидан маҳрум бўлиш, майли, соғлом уйғониш ҳисобига бўлса ҳам, жуда оғир. Қимматга тушаётган бундай зил-замбил маънавий юкни, виждон юкини юракка юклаб бардош бериш учун ҳаётни ниҳоятда севиш, бориб турган некбин бўлиш талаб этиларди одамдан. Чунки:
Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар,
Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.
Мавжуд бўшлиқнинг ўрнини тўлғазиши керак бўлган маънавий бойлик унинг ўрнини босадиган даражада бўлмоғи зарур.
Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан,
Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени.
Туйғуларим фақатгина унга берар тан,
Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени.
Ватан агарчи буюк тасалли эса-да, барибир, идеаллардан маҳрумлик туйғуси шоирни эзаверади:
Аммо айтинг, қайда қолди у ёшлик пайтим,
Қайда қолди мен ишонган у ўзга ҳислар.
Энди шоир ўзини севгиси рад бўлган ошиққа ўхшатади. Фузулийнинг байти ёдингиздами:
Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар.
Бу мазмун ила хат ул сафҳаи рухсора ёзмишлар.
Ёш Абдулланинг ҳасрати ҳам ана шундай фузулиёна:
Гар бор бўлсанг жавоб бер, эй, илоҳий қудрат,
Наҳот гўдак ишончини ёзибсан қорга?!
Абдулла Орипов ўзининг олдига қўяётган бу саволга осмондан эмас, ердан жавоб топади.
Шовқин тўла кўчаларда кезаман танҳо,
Яна шеърим юва бошлар дилдан ғамимни.
Демак, “На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим” деган хавотирлар беҳуда. “Наҳот гўдак ишончини ёзибсан қорга?!” дейишлар ҳам ножоиз. Негаки, шоир маънавий табиб сифатида дардга ташхис ҳам қўя олган:
Хаёлларнинг гирдобида қолганда аммо
Алам билан хотирлайман муаллимимни.
Шоир яна ҳаётга, яна шеърга, яна курашга қайтади. Чунки у ажабланмайди. Буни ҳаёт дейдилар ва уни кечириш осон эмас. У осон бўлса эди, бу қадар тотли бўлмасди.
Не тонг, ахир фарзандимиз-ку шу замонага,
Ахир она сийнасидан фарзанд тонолмас.
Қўл кўтариб бўлармиди ахир онага,
Зотан, унга қўл кўтарган — фарзанд саналмас.
Бу шеър бутун бир халқни оғир уйқудан уйғотганлиги билан фақат ўзбек адабиётида эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам алоҳида ўрин тутади. Тўғри, бу шеър ҳали кўплаб тилларга таржима қилинмаган, кўплаб халқлар бу шеърни ҳали билмайди. Чунки муайян шеър аввало муайян заминда пайдо бўлади ва, аввало, муайян халқнинг ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлади. Ҳар бир халқнинг қисмати эса ҳар хил. Ҳар бир халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун алоҳида истеъдод, алоҳида овоз керак. Шунинг учун ҳам жаҳон адабиётида бирон-бир нимага арзимоқ учун аввало маълум бир халқнинг адабиётида бирон-бир нимага арзимоқ керак. Бу шеър, аввало, ўз муаллифининг, сўнгра мухлисларнинг, қолаверса, бутун халқимизнинг юрагида янгича бадиий-маънавий қарашларни барқарор қилди, мустаҳкамлади ва юксалтирди. Истиқлол умидларини эҳтиёжга айлантирди. Шеъриятда янгича йўналишни — озодлик йўналишини бошлаган шеърлардан бири бўлиб, ўз издошларини ҳурриятпарварлик йўлига бошлади. Ижодий жасорат намунаси бўлди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 2-сонидан олинди.