Шафоат Раҳматулло Термизий. Дўмбира менинг илк устозим (2011)

Онам бечоранинг айтишича илон йилида туғилган эканман. Уруш, қаҳатчилик. Икки акам фронтга кетишган. Нон азиз паллалар эди. Чорвадорнинг қора ўтовида қўзилар билан кўканлашиб улғая бордик. Синфдан-синфга юқорилаган сари китобхонлик касалига йўлиқиб қолдим. Ҳатто далага пахта теришга борганда ҳам иложи бўлса бир қисса ё романни ҳеч кимга кўрсатмай этакка солиб кетишга ҳаракат қилардим. Зеҳним ўткир эди. Бир-икки ўқиган шеърни ёдлаб қолар эдим. Унча-мунча ижодий машқлар қилганман. Аммо уларнинг бари жўқий шеърлар эди. Келажакда назм илми билан мунтазам шуғулланаман, деган ният менинг хаёлимга ҳам келмаган ўша пайтлар. Энди эса ўша мактабда олган адабий-бадиий жозибалар, уйдаги бахшиёна урф-удумлар кўнглимга жиндак ижод туйғусини жойлаган тақдир-битик эканми деб ўйлаб қоламан.

Оиламизда бахшиликка қизиқиш зўр эди. Раҳматли катта акам Бобоқул Раҳматулла ўғли ҳам ўсмирлик пайтлари бахшичилик қилиб, дўмбирани маромига етказиб, катта маҳорат билан чалар эди. У кишининг бирон воқеани ҳикоя қилиб бериш маҳорати ҳаммани қойил қолдирарди. Айниқса, ўзи бошидан охиригача бўлган иккинчи жаҳон урушида кўрган-кечирган воқеаларини гапириб, бутун бир даврани лол қолдириб турган онларининг жуда кўп гувоҳи бўлганман. Акам жуда эрта вафот этиб кетди.

Кичик акам Чоршам бахши Раҳматулло ўғли ҳам муштдайлигидан терма қўшиқ тўқиб, дўмбирадан ажралмай қолган эди. У бахшичиликни бетиним машқ қилиб, катта бахшиларнинг оғзига тушиб, тезда танилиб кетди. Айниқса Шерободлик машҳур Мардонақул Авлиёқул ўғлидан йўл-йўриқлар олиб, вилоятнинг етакчи, чечан бахшиларидан бирига айланди.

Чоршам бахшининг жуда кўп ўзи тўқиган термалари ва шеърлари бор. У киши қирқдан зиёд халқ дос­тонларини маҳорат билан ижро қилар эди. Унинг ўзи ижод қилган “Тошбосар” достони мен билган ўзбек замонавий достонлари орасида чинакам теран сюжет ва бетакрор мазмунли халқ романидир. Чоршам бахшининг “Алпомиш” шажарасидаги бир неча чуқур маъно-мазмунли янги достонлари сурхондарёлик олимлар томонидан ёзиб олинган ва айримлари нашр ҳам қилинган. Бахшининг ўзи тўқиб айтган ва маҳаллий матбуотларда чиққан шеърларини тўпласа ҳам бир китоб бўлади. Ана шундай юксак истеъдод соҳиби ўн йилча бурун оламдан ўтди. Бу катта сўз хазинасининг бор бисотини халққа, келажак авлодларга етказиш борасида ҳали кўп тадқиқотлар бўлишига умид қиламан.

Менинг шеъриятга, сўз сеҳрига қизиқишимга ма­на шундай оила муҳити сабаб бўлган бўлса керак, ҳойнаҳой. Айтишим мумкинки, дўмбира менинг илк ус­тозим.

Матбуотда илк бор чиққан вақтимни мен 1968 йил деб белгилаганман. Адашмасам, ўша вақтдан бошлаб шеърият билан жиддийроқ шуғуллана бошлаганман.

Биринчи китобим “Жануб шамоли” 1981 йилда Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилган. Китоб чиқаришга жу­да кеч уринганман. Ваҳоланки, шу китобга кирган шеърлар ва “Оҳу” достоним 1971 йилдаёқ вақтли матбуотда эълон қилинган эди.

Менинг доимий беминнат устозим – китоб! Мен адабиёт дарсини мустақил мутолаа қилиб баҳоли қуд­рат ўрганганман. Чунки мен адабиёт йўналиши бў­йи­ча таълим ололмадим. Тошкентда зилзила бўлган йил Тошкент Давлат университетига талабгорлардан Самарқанд шаҳрида ҳужжатлар қабул қилишди. Ўшанда Самарқанд опера ва балет театрида ишлардим. Таваккал қилиб журналистиканинг сиртқи бў­ли­мига ҳужжат топширдим. Ва талаба бўлдим. Бир семестр Тошкентга бориб ўқиб келдим. Кейин ҳарбий хизматга кетдим. Аскарликдан кейин ўқишни яна бориб тиклаш ва давом эттиришга бўйним ёр бермади, қолиб кетди. Шундай қилиб менга катта шоир-ёзувчилар ва адабиётшуносларнинг китоблари устозлик қилишган, холос.

Ҳарбий хизмат даврида ҳам шеърлар қоралаб турдим. Бунга армия ҳаётининг ўзига хос қийинчиликлари, гўзал театр турмушини соғиниш, дўстлар даврасини қўмсаш каби туйғулар туртки бўлди. Армиядан қалин бир дафтарни қоралаб қайтдим. Сурхондарё вилоят халқ ижоди уйига йўриқчилик вазифасига олишди. Бу ерда жуда кўп санъаткорлар билан танишдим.

Шу орада бойсунлик бир қизга бағишлаб “Бойсуннинг шўх дилбари” деган шеър ёзиб, унга ўзим мусиқа басталаб ўзим ижро этиб юрдим. Бу шеър вилоят газетасида босилиб ҳам чиқди. Шундан кейин менда яна жасорат пайдо бўлди. Энди мунтазам машқ қила бошладим. Бир куни ёзганларим – ўзимга маъқул шеър­ларимни олиб, юз истиҳола билан таҳририятга кириб бордим. Ўша пайтлари Теша Сайдалиевни сиртдан танир эдим. Буни қарангки, Теша ака ҳам мени сиртдан танир экан. У кишининг ёнларида бургут сиймо бир зот ўтирарди. “Менгзиё, бу йигит Шафоат Раҳматуллаев бўлади, яхши шеърлар ёзаяпти” деб таништирдилар Теша ака. Менгзиё ака билан ака-ука, дўст бўлиб кетдик. У кишига шеърларим жуда маъқул бўлиб қолди. Кўп ўтмай ўша 1968 йилда Менгзиё Сафаров менга вилоят газетаси саҳифасида оқ йўл тилади. Ўшанда ўттиз ёшнинг остонасида эдим.

Ҳаётда катта ёзувчи Менгзиё Сафаров билан ака-ука, ҳаммаслак, ҳамиша, бир-биримизга узанги-йўлдош эдик. Менгзиё ака ҳам китоб чиқаришга деярли эътибор бермасди. Менгзиё ака менинг назаримда гўё абадий яшайдиган, омади доим олдинда, ҳамма нарсага барибир улгурадиган бир сиймо бўлиб туюларди. Аммо ҳеч ким ва ҳеч нарса боқий эмас экан.

Шу йилларда Республика газета ва журналларида мунтазам чиқиб турдим. “Ўзбекистон маданияти”, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Саодат” каби газета ва журналларда шеърларим босилди. 1975 йилнинг баҳорида Менгзиё ака билан Тошкентга бордик. Ёзувчилар уюшмасида устоз Саид Аҳмад ака ўзининг қадрдон укалари Менгзиё Сафаров, Неъмат Аминовлар билан ичак узди қилиб ҳангомалашди. Кетарда ҳаммамизни уйига ошга таклиф қилдилар. Кечқурун устознинг уйига учовлон кириб бордик. Устоз ҳазил-ҳузул билан кутиб олди. Саида опа олдиларига фартук тутиб олган, ошхонада ошга уриниб юрипти. Неъмат ака мендан шеърлар ўқиб беришимни сўрадилар, бир-иккита шеър ўқидим. Шеър тугагач, Саид Аҳмад ака чақириб қолдилар: “Саидахон, мана бу саҳрои боланинг шеърларини сиз ҳам эшитиб кўринг”.

Опа келгач бояги шеърларни яна қайта ўқидим. Шеърлар Саида опага ҳам манзур бўлди шекилли, “Шафоат, шеърларингиздан ташлаб кетинг” деди. Мен шеърларни Саида опага қолдириб кетдим. Саида опа 1975 йилнинг май ойида “Ўзбекистон маданияти” газетасида менга “Оқ йўл” тилади. 1976 йилда Ғ.Ғулом нашриётидан чиққан “Ёшлик баёзи”да бир туркум шеър­ларим босилди. 1979 йилда “Ёшлик” алъманахида шеърларим бо­силган. 1979 йилда “Шарқ юлдузи” кутубхонаси тўплами “Гўзалликнинг туғилиши” тўп­ламида “Оҳу” достоним тўлиқ ҳолда босилди. Ни­ҳоят, 40 ёшнинг устида биринчи китоб – 1981 йилда Ғафур Ғулом нашриётидан илк тўпламим “Жануб шамоли” чиқди. Ўша йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сарвар Азимов бошчилигида, Зулфия опа, Эркин Воҳидов ва бошқа ижодкорлар вилоятимизга келишиб бизларни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишди. 1988 йилда “Ёш гвардия” наш­риётидан ик­кинчи тўпламим “Умид остонаси” чиқди. 1992 йилда “Гулоб” номли тўпламимни вилоятимизда мавжуд бў­лган “Жайҳун” нашриёти чоп қилди. 2003 йили “Озод сўз” сайланмам “Янги аср авлоди” нашриётида нашр қилинди. 2008 йилда бирдан икки мўъжаз тўпламим “Кўринмай гулладим” ва “Шоҳ ва шоир”ни “Муҳаррир” нашриётидан чоп қилдирдим. Китобларим турмуш тақозоси билан кам тиражда чиққан.

Хуллас, қимирлаган қир ошар деб қимирлаб ёзиб турибман. Худо сабр берса, шеърларимнинг ўзини бир китоб, достонларимни бир китоб, бадиий ва илмий пуб­лицистик мақола ва суҳбатларимни бир китоб қилиб чиқариш ниятим бор. Имкон бўлса галдаги ана шу режаларни амалга ошира олсак марра бизники. Мен катта-кичик ўндан ортиқ достонлар ёзганман.

Менинг педагогик фаолиятим эса 1968 йилдан бош­ланган. Шу йили институтга мусиқа ўқитувчиси бў­либ ишга келганман. Ўшанга ҳам 43 йил бўлибди. Ҳануз шу даргоҳдаман. Мен ҳам озми-кўпми таълим берган айрим шогирдларим ҳозирда университетимизнинг етакчи олимлари. Айниқса, педагогика фанлари доктори, профессор, Термиз давлат университетининг ректори, фидойи фан ва жамоат арбоби Мамат Ҳайдаров билан фахрланаман.

Мусиқа соҳасида ҳам бир-иккита илмий-услубий рисолалар ёзганман. Булар 1991 йилда чоп қилинган “Мусиқа услубиёти”, 1992 йилда чоп қилинган “Мусиқа алифбоси” ва 2003 йилда чоп қилинган “Бошланғич му­сиқа” рисолаларидир.

Шу пайтгача жами олти бадиий китоб, уч мусиқий рисола чоп эттирган бўлсам, улардан биттаси ўн минг тиражда, қолганлари кам тиражларда чиққан. Ҳозирги пайтда китоб чиқаришдан кўра уни сотиш изтироби, азоби бор. Шунинг учун китоб чиқаришдан кўнглим тўлмайди. Кейинги 2008 йилда чиқарган икки мўъжаз тўпламимни шу боисдан уйга босиб қўйибман. Учрашувларга борганда ўқувчиларга, чегарачиларга битта-иккитадан совға қилиб озайтиряпман.

Менинг назаримда, адабиёт миллат маънавияти ва маданиятининг ҳам пойдевори, ҳам кўзгуси. Чунки миллий тил ҳам, миллий театр ҳам, миллий кино ҳам, миллий қўшиқчилик ҳам, колаверса, миллий фольклор ҳам адабиётга суянади.

Адабиёт катта майдон, ҳамиша шундай бўлиб кел­ган. Бугун тўққиз яшардан тўқсон яшаргача китоб чиқариб ётибди. “Эрмас осон бу майдон ичра тур­моқ…” деган эдилар улуғ бобомиз. Биз ҳам “Ҳаёт ру­боб – ҳамма чолғучи. Ҳар ким ўз куйини чалади. Ким­нинг куйи бир лаҳзаликдир. Кимнинг куйи мангу қолади” деб минғирлагандик бир вақтлар. Бугунги адабиётнинг ютуғию қусури хусусида гапиришга маънавий ҳуқуқимиз ҳам йўқ, қувватимиз ҳам етмайди. Фақат вақт ҳакам дея оламиз. Ўзимизга қарата уни шундай таъкидлаганмиз:

Сен ўчсанг нима ғам, порлайверади,
Йўлчироғ ҳақиқат – поклик онаси.
Ҳаммага зол ҳукмим борлайверади,
Темир қонун вақтнинг қозихонаси!

Менимча адабиётшунослиги кучли ривожланган рус ва Европа мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, ўзбек адабиётининг ҳам қадимдан ҳозиргача, аввало, асрлар бўйича изчил даврлаштириш, кейин эса иложи бўлса нашрини ҳам бошлаш керак. ХХ асрда амалга оширилган ноёб нашрларни яна ўша ҳолича ва ўша кўринишда қайта нашр қилинса нур устига аъло нур бўларди. Ҳозир улар олтинга баробар, топилмайдиган бўлиб қолди.

Республика олий ўқув юртлари ахборот ресурс мар­казлари китоб фондлари фақат ўқув, илмий ва иж­тимоий-сиёсий адабиётлардан иборат бўлиб қол­япти. Уларнинг алоҳида бой бадиий адабиёт фондини зудлик билан ташкил этиш керак. Ёшлар бадиий адабиётдан узилиб қоляпти.

Ҳар бир вилоят Ёзувчилар уюшмаси бўлимлари қошида “Ижод” фонди ёрдами билан алоҳида бой ба­диий адабиёт кутубхонаси ташкил этилса яхши бў­ларди.

Ва ниҳоят, оилам ҳақида гапирсам: турмуш ўр­тоғим ўқитувчи Хосият Раҳмутуллаева билан саккиз фарзандга ота-она, ўн битта набирага бобо-момо бўлиб рўзғорни эплаб турибмиз.

АДИБ ҲАҚИДА

Шафоат РАҲМАТУЛЛАЕВ (Шафоат Раҳматулло Термизий) – 1941 йилда Сурхондарё вилоятида та­валлуд топган. 1965 йили Тошкент Давлат консерваториясини тамомлаган. Унинг “Жануб шамоли”, “Умид остонаси”, “Озод сўз”, “Кўринмай гулладим”, “Шоҳ ва шоир” сингари китоблари нашр қилинган. Шунингдек, мусиқа соҳасида “Мусиқа услубиёти”, “Мусиқа алифбоси” ва “Бошланғич мусиқа” рисолалари муаллифи ҳамдир.

Шафоат Раҳматуллев 1968 йилдан буён Термиз давлат университетида дарс бериб келмоқда. 1998 йилда “Шуҳрат” медали, 2003 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 11/12-сон.