Яқинда Сурхондарёнинг олис тоғ қишлоқларида бўлдим. Бу ерларда турли хил элат-уруғлар яшайди: қатаған, турк, қўнғирот, жуз, барлос, кенагас… хуллас, элшунос, тилшунос, шевашунослар учун турган-битгани хазина. Ана шундай жойларда қурилган мактаблару коллежларнинг янги, кўркам биноларидан дил яйрайди. Мен ўзим учун ҳали адабий тилга кирмаган, муқобили бўлмаган айрим сўзларни эшитиб, уларни ёзиб олар эканман, халққалбинингдурлар тўла теран бируммон эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Бир тошҳовлидаги туғдона дарахти соясида шу ерлик қариялардан бошқа ҳудудларда учрамайдиган шифобахш гиёҳлар: ҳаррон, қувонтовуқ, туятўппон, тулкитошак, шунғулаларнинг доривор хислатларини сўраб-суриштириб, суҳбат қуриб ўтирган эдим, бир маҳал сал наридаги тошқалов ёнида ўзаро жиқиллашиб қолган уч-тўрт болакайнинг гап-сўзлари диққатимни тортди. Ажабо, улар Тошкент шевасида “даҳанаки жанг” олиб боришаётганди. Уларнинг турқи-тароватидан шу ерлик эканлиги кўриниб турса-да, мен “балки ота-оналари Тошкентдан кўчиб келишгандир”, деган хаёлга бордим. Йўқ, улар шу қишлоқ болалари экан. Болалар билан тиллашиб, гап орасида нега тошкентча шевада сўзлашаётганини сўрадим. “Нима қипти, гапирсак ёмонми?” — деди улардан бири. “Ана, телевизорда, киноларда, радиода ҳам шунақа гапиришади-ку”, — деди иккинчиси. Мен нима дейишимни билмай қолдим.
Қумқўрғон — Бойсун — Тошгузартемир йўли бўйлаб поездда қайтарканман, шу ҳақда ўйлар эдим: аср қурилиши деб ном олган бу улкан йўлни турли шеваларга бой бутун халқимиз қурмадими?! Бир шевани иккинчи вилоятда ўзлаштиришаётган бўлса, нега менга ғалати туюлаяпти?
Талаба пайтларим Тошкентда бир чол-кампирнинг хонадонида ижарада турганман. Ўшанда уларнинг ғоят чиройли суҳбатларидан, шеваларидаги чиройли оҳанг, лутф ватовланишларданҳайратланиб, завқланганларим ҳамон эсимда. Бундай завқ туйғусини Хоразмда ҳам, Бухорою Фарғонада ҳам, Шаҳрисабзда ҳам ҳис қилганман. Юртимиздаги турлича шевалар, турлича анъана, удумлар, либослар, таомлар ранг-баранглиги… булар бари миллат бойлиги. Ана шу хусусиятлар маданиятни, маънавиятни бойитиб, қадриятларимизни чўғлантириб туради. Бугунги пойтахт шеваси ҳақида, унинг бошқа ҳудудларга таъсири ҳақида ўйлар эканман, шундай савол қаршимда кўндаланг бўлди: бу яхшими, ёки?.. Агар яхши десам, бугун шаҳарда, кўча-кўйда эшитилаётган антиқа сўзлашувлардан бир пайтлар ҳалиги чол-кампирлар суҳбатидан олганим қадар ўша завқу ҳайратни ҳис этолмайман. Талабалар, ўқувчилар, болакайлар нутқида чала, бузуқшева, жаргонлар шунчалик аралашиб кетганки, сўзларнинг тўмтоқлиги, чалалиги, синдириб ташланганлиги кишини ҳушёр торттиради.
Ўз жозибасини йўқотган бундай ғализлик олис тоғқишлоғидаги тақлидга мойил болалар тилида ҳам акс этмоқда. Тўғри, асл пойтахт шевасининг ўзига хос жозибаси, оҳанги, таровати баъзида маҳаллий зиёли оилаларда сезилиб туради. Умуман олганда эса унинг турли хил лаҳжалар ва қоришмалар ҳамда хорижий сўзлар биланқоришиб, сийқалашиб кетаётганлиги кўзга ташланади. Ва унга олис туманлардаги овул, қишлоқ болаларининг тақлид қилаётганлиги кишини ҳайрон қолдиради. Бунда албатта радио ва телевидение бошловчилари, шарҳловчи ва турли хил маслаҳат берувчи мутахассисларнинг, айниқса, хусусий киностудиялар маҳсулотларининг “хизмати” катта.
Ҳар бир миллатнинг ўз адабий тили бор, шу туфайли унинг ўрни, шавкати, бир сўз билан айтганда, шаклланган ўзлиги бор. Тил жамиятнинг ўзи кабиривожланади, нафас олади, бойиб боради. Албатта, у кези келганда, хорижий тил ва шевалар ҳисобидан бойиши жаҳондаги юксак мақомдаги тиллар тажрибасидан маълум. Мукаммал адабий тил элатлару турли этник уруғларни бирлаштирган ҳолдабир-бирини тўлиқ тушуниш имкониятларини беради. Шаҳар аҳолиси тилида шу макон, шу муҳитга мос сўзлар ишлатилса, чорвачилик, боғдорчилик, деҳқончилик тараққий топган жойларда эса яшаш тарзи, касби кори билан боғлиқ сўзлар устивор. Адабий тил эса улардан сараланиб, танланиб, шу тахлит бойиб боради, айни пайтда, бадииятда, китобларда, ваъзхонликда, расмий учрашувларда, ўқув сабоқларида ўз аксини топади. Ўзбек адабий тилининг ана шу меъёр мувозанати Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом сингари пойтахтда туғилиб ўсган буюк адибларнинг барча асарларида сақланиб қолингани учун ҳам ҳаммага бирдай тушунарли. Тўғри, улардаги баъзи сўзлар эскирган ёки бугунги кунда унутилаётган, истеъмолдан чиқазилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бундай жараён табиий ва у барча тилларга хос.
Аммо тилни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмаслиги, ундаги сўзларни халқдан олиб, саралаб, курмаклардан тозалаб, соғломлаштириш, жонлантириш, худди инсон сингари парваришлаш, муҳофаза қилиш, истеъмолга жалб қилиш лозимлигини асрий тажрибалар кўрсатиб турибди. Эсимда бор, мустақилликнинг илк йилларида хориждан меҳмон бўлиб келган ватандошларимиздан бири фарғоналик қариндоши билан мулоқотда унинг тилида русий атамаларнинг кўплигидан қиттиқ ранжиб: “Сен сўзларингга русчани аралаштириб гапирар экансан. Наҳотки, ўз она тилингни камситаётганингни билмасанг. Ўзбек тили кўп тиллардан ўзининг лаҳжалари, сўз бойлиги билан устун туради-ку!” — деган эди.
Бир куни устоз Саид Аҳмадга “Туршак сўзи аслида турш маъносини англатади, биздаўтган асрнинг 60-70 йилларида оқ, шўр узумдан шинни-қиём қилишар, уни туршак дейишарди. Ўрикнинг қуритилгани эса ғўлин ёки ўрикқоқи дейилади” дедим. “Бўлса бордир, ҳозир унинг маъноси ўзгариб кетган, — деди устоз. — Энди, ҳечбўлмаса, қолган сўз бойлигимизни асраб-авайласак ҳам катта гап”.
Халқнинг бебаҳо мулки — табиатни, унинг бойликларини, ҳайвонот ва наботот дунёсию дарёларини қандай эҳтиётлаб, тоза сақлаш лозим бўлса, тил ҳамхудди ана шундай мунтазам эътиборга муҳтож. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида она тилимиз мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конституцияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Она тилимиз юзасидан кўп ишлар қилинди. Шу билан бирга, Президентимиз таъкидлаганидек: “Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз”.
Бир фикр. Саудия Арабистонида бўлганимда, бир зиёли кишидан шундай гапни эшитган эдим. Унинг айтишича, араб тилида сўзлашувчи барча мамлакатларда янги сўз пайдо бўлса, хоҳ у ўзидаги шевадан кирган, хоҳ хорижий калом бўлсин, ўша сўзни кенг муҳокамага қўйишаркан. Агар ўша сўз махсус ҳайъат томонидан яширин овоз билан тасдиқдан ўтсагина, кенг омма уни ёзма ва оғзаки нутқида ишлатаркан.
Англияда эса турли касб эгалари — у юрист бўлсин ёки оддий ишчими ўз она тилининг (яъни инглиз тилининг) меъёрларини яхши билиши шарт экан. Шунинг учун қўлланиладиган атамаларни тўғри талаффуз этиш, адабий тил меъёрларига амал қилишни кенг ёйиш учун махсус дискларда турли хил маърузалар чиқариларкан. Бизда ҳам, айтайлик, табиий-илмий, гуманитар таълим, техника ва технология, иқтисодиёт ва бошқарув, маданият ва санъат, ҳуқуқшунослик, педагогика, тиббиёт ва фармацевтика, ҳарбий таълим, қонунчилик бўйича намунали, жонли, тўғри талаффузда ёзилган маърузалар махсус дисклар сифатида чиқарилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Маълумотларга кўра, бугун ер юзи аҳолиси 2 минг 976 тилда гаплашар экан. Бу тилларнинг имконияти, луғат бойлиги, лексик ва грамматик хусусиятлари аллақачон ўрганилган. Айни пайтда бундай тадқиқотлар ўзбек тили бўйича ҳам амалга оширилган. Унга кўра она тилимизнинг имкон даражаси жуда катта. Буни бир пайтлар Алишер Навоий бобомиз “Муҳокамат ул-луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асарида далиллаб бергани нечоғлик мароқли.
Ҳаётимизга интернет чуқур кириб бораётир. Аммо, сайтларнинг кўпчилигида ҳали ўзбек тилига оид турли соҳадаги материаллар етарли эмаслиги сезилади. Айниқса, ўқув-қўлланмалар, педагогика, адабиёт, музейлар, қонунчилик, мактабгача таълим, бадиий адабиёт, ўзбекча электрон маълумотнома тўплами (википедияси), илмий-оммабоп филмлар сайтлари талаб даражасида эмас. Инсоф юзасидан айтиш керакки, “Зиёнет” электрон сайтида бу соҳада қилинаётган ишлар анча диққатга сазовор.
Эндиликда бу соҳада эришилган ана шундай ютуқларни оммалаштириш масаласи келиб чиқмоқда. Бу соҳада баъзи таклиф-мулоҳазаларим бор. Энг аввало, кенг қамровли телевидение ва радио имкониятларидан унумли фойдаланиш — эфир орқали ширинсухан сўз усталарининг нафис мажлисларини, маърузаларини бериб бориш лозим, деб ўйлайман. Луғатларнинг халқаро андозадаги тажрибалари асосида кўплаб нашрларни йўлга қўйиш зарур. Русча-ўзбекча, ўзбекча-русча, инглизча-ўзбекча, ўзбекча-русча таржимон дискларни яратиш айни муддаодир. Бир пайтлар Ойбек, Боровковлар таҳрири остида беш томлик русча-ўзбекча луғат чоп этилган эди. Балки мазкур луғатни маълум бир тузатишлар билан тўлдирилган ҳолда, қайта нашр этиш лозим бўлар.
Бугунги кунда кўчаларда баъзи бир афиша, реклама тахталари, корхона ва ташкилотларнинг номлари ёзилган лавҳаларни (айниқса лотин алифбосидагини) кўрганда, хатолари ғиж-ғижлигидан ёқаушлайсиз. Кўча-кўйда, бекатлардаги ёш йигит-қизларнинг мулоқот сўзларини-ку гапирмаса ҳам бўлади.
“Ким ўзбек тилида чиройли гапиради?”, “Ким ўзбек сўзларининг луғавиймаъносини кўп билади?” каби нутқ маданияти бўйича халқ таълими ва бошқа соҳалардакўрик-танловлар,ваъзхонлик, адабий кечалар, турли тадбирлар ўтказиш ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман. Қайси бир йили бир судда ўзбек тилида гапирган ҳуқуқ-тартибот ходимлари нутқини эшитиб, ёқамни ушладим. Сўзлар талаффузи бузилган, овоз палағда, улар бир нималарни ўзича ўқиб берган бўлдилар. Нутқ маданияти, фикрни тингловчига аниқ етказа билиш — буларнинг бари барча соҳа мутахассислари учун зарурий нарса эмасми?!
Меъёрий ҳужжатларнинг аниқ ва соддалаштирилган матниниишлаб чиқиш, уларнинг ижросини амалга ошириш устивор вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўқувчилар орасида нотиқлик санъати оммалашмагани ташвишлидир. Умумий ўрта таълим мактабларида нутқ маданиятининг кўргазмали, аудио-видео шаклларини кенг татбиқ этишкелажак учун катта пойдевор яратишини хориж олимлари аллақачон исбот қилишган. Англия, Америка, Японияда болалар учун видеошунчаки эрмак эмас, балки, бирор бир ҳунарни ўрганиш учун дастур сифатида йўлга қўйилгани бежиз эмас.
Болалар учун шеър, ҳикоя, эртакларни чиройли ўқиб берадиган ёки ёддан айтадиган ўқитувчилар алоҳида рағбатлантирилиши, тажрибаси оммалаштирилиши зарур. Мактабларда ўтказилаётган тадбирларнутқларнинг қай даражада равонлиги билан ҳамўлчанмоғи керак.
Бир домлани биламан. Иқтисодиёт фанидан маъруза ўқиганида, гўё бадиий адабиётдан дарс ўтаётгандай таассурот қолдиради. Унингифодали, мағзи тўқ, равон гапириши тингловчини мафтун этади.
Гуманитар таълимнинг имкониятлари чексизлиги барчага маълум, лекин айрим маърузаларни эшитганингизда тилининг ғариблиги боисҳиссиз бир гаплар йиғиндиси бўлиб қолганини сезасиз.
Яна бир мулоҳаза: юксак тараққий топган мамлакатларда бир анъана бор. Ўша мамлакат ҳақида жаҳоннинг қайси бурчагида бирор маълумот, хабар нашр этилган бўлса, уларнингбари тўпланиб, таржима қилиниб, нашр этилади. Бизнингча, Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги кунига оид дунёда неки хабарлар бўлса, уларни тўплаб, бюллетеньёки журнал тарзида даврий нашр ташкил этилса, фойдадан холи бўлмайди. Хорижий мамлакатларда ўзбектилини ташвиққилувчи, ўргатувчи марказлар очиш чораларини кўришимиз керак. Айни чоғда она тилимизда сўзлашувчи хорижлик ватандошларимизнинг истеъмолдаги луғат бойлигини ўрганиш, хусусан, улардан-да фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ўринли, деб ўйлайман. Дунёдаги етакчи тилларнинг ўзига хос мавқега эгалигисабаблари шунда. Уларни ўрганиб, тилимизга таққослаш орқали баҳо бериш, хулосалар чиқариш керак.
Ўзбек адабий тилининг туркий тиллар орасидаги мавқеи қай даражада, унинг истиқболи-чи? Ана шу масалаларни ҳам ўрганиб, она тилимизмақомини янада кўтариш учун зарурий тадбирлар кўришни орзу қиламан. Очиғи, ўзбек тилида яратилаётган айрим илмий ва бадиий асарларда унинг жозибаси анча хиралашиб қолганини кўриб, ташвишга тушаман. Шунда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий”, Навоийнинг ўлмас мероси, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Саройи, Мавлоно Лутфийлар яратган бой илмий-адабий мерос кўз олдимга келади. Бобур Мирзо яратган гўзал асарлар она тилимизнинг юксак тараққиётига хизмат қилганини эслайман.
Тўғри, ҳозиргиўзбекадабийтилимеъёрлаштирилган, унинг луғат бойлиги, товуш тизими ва грамматик қурилиши илмий асосларда ўрганилган. Изланишларнинг бевосита халқ тилига, нутқий саводхонлик даражасига таъсири қай даражада? Бугун мактаб, коллеж, академик лицейлар ва олий ўқув юрти талабалари учун янги авлод дарсликлари яратилган, уларда тил янгича асосда ўрганилмоқда. Бироқ ижобий натижаларнинг оммавий тарзда рўй бериши учун шуларнинг ўзи етарлими? Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси истиқболи бўйича режалар қанақа, у нимадан иборат эканини олимлар лўнда ва аниқ изоҳлаб бериши давр талаби. Унинг амалиётга тадбиқ этилиш самаралари-чи?
Дунёдаги 200 та тил бугун давлат тили мақомига эришган, шулар орасида ўзбек тили ҳам бор. Аммо бу мақом энг илғор мамлакатларда қандай имкониятларга эга, уларни таққослаш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Тилнинг буюк имкониятларини кўрсатиш, софлигини сақлаш, бойитиш барчанинг зиммасигакатта масъулият юклаши табиий. Қолаверса, бу кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчидир. Тил — миллат фахри, ғурури экан, уни баланд кўтаришда барча имкониятлар яратилган экан, улардан мукаммал фойдаланайлик.
Негаки, мамлакатимиз келажаги, юртдошларимизнинг фаровон ҳаёти кўпгина омиллар қатори ана шу миллат тилининг юксалиши билан ҳам вобастадир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.