Тил миллатнинг қиёфасини кўрсатар ва демакки, унинг кимлигини англатар экан, тил учун қайғуриш қанчалик аҳамият касб этишини таъкидлаш ортиқчадир. Адабиётнинг, хусусан, наср тилининг миллий тил тараққиётидаги ўрни катталиги ҳеч кимга сир эмаски, адабиётшунос олим Б.Карим тўғри таъкидлаганидек, “Ўлик тилни тирилтирадиган ҳам, тирик тилни ўлдирадиган ҳам ёзувчилардир”. Бунга мисолларни истаганча келтириш мумкин.
“ЎзАС”да эълон қилинган “Бадиий наср тили ва давр” мавзусидаги давра суҳбатида бугунги кунда долзарблик касб этган масалалар — миллий тил, адабиёт тили, уларнинг ўзаро муносабати, тил маънавияти тўғрисида жиддий фикрлар билдирилди.
Дарҳақиқат, жонкуяр олим Қ.Йўлдошев таъкидлаганидай, “…тил буйруқ билан бошқарилмайди. Лекин уни ўз ҳолига ташлаб ҳам бўлмайди. Бу ерда адабиёт ҳал қилувчи ўрин тутади”. Бугунги адабий жараёндан ўзини четда билмаганлар айни масалага жиддий эътибор бериб, масъулиятни — Сўз масъулиятини чуқур ҳис этганларида, устоз адабиётшунос У.Норматов эътироф этганидай, ўтган асрда улкан миссияни бажарган — бадиий тил тарихида туб бурилиш ясаган зиёлилар изини муносиб давом эттирган бўларди. Адабий жараёнимизда-чи?..
Бугун ёзилибоқ унутилган, қайта таҳрир мақсадида қўлга олинмагандек тасаввур уйғотадиган китоблар кўп. Ҳолбуки, дарахтдаги қушларни санаган Қодирий, Навоий давридаги Ҳирот харитаси устига мук тушган Ойбек тажрибалари бизга кўп нарсани англатиши лозимдек. “Ёзаётганимда тиниш белгиларига ҳам эътибор бераман”, деган ёзувчиларимиздан яна бири Шукур Холмирзаевдир.
Унинг “Табассум” ҳикояси ҳар бир сўз аниқ, жойида ишлатилиши, қаҳрамонлар нутқи айни пайтда ўзлари ҳақида маълумот беришга хизмат қилиши, муаллиф нутқи жуда кам, фақат зарур ўринлардагина қўлланилиши билан диққатга сазовор асардир. Ёзувчи қаҳрамонларини гапиртириб, ўзининг “холис кузатувчи” принципида қатъий туради.
“— Нима қиляпсан?
— Шу… Тонгда ов…
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Э-э!
— Шошилма”.
Бу қисқа суҳбатдан, бир қарашда, кўп нарса англашилмайди, аммо синчиклаб ўрганилса, матндан мард, танти, ўзининг фожиали келажагидан қўрқмай кулаётган қўрбошининг ғоятда хотиржамлиги; қуёнюрак, юзсиз кимсанинг шошқалоқлиги кўринади. Муҳими шундаки, матнда бирор ортиқча сўз йўқ, ҳатто тиниш белгилари ҳам мақсадга аниқ бўйсундирилган.
Жамил бобонинг невараси Садаф билан суҳбатида ҳам адиб сўзларга қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини ошкор этиш вазифасини маҳорат билан юклайди. Айни пайтда, биз муаллифнинг бу билан чекланмаганини, бобо билан неваранинг гап-сўзлари миллат маънавиятининг нозик қиррасидан бири — андишани-да акс эттиришини кўрамиз:
“— Бобо!
— Гапир.
— Мени…
— Айт.
— Мўмин бобонинг кичик неварасига…
Чол кўзини очди.
— Ўзингнинг кўнглинг борми?
— Вой, мен уни танимайман ҳам.
Чол бирдан яйраб табассум қилди.
— Эса…
— Хўш?
Чол кўзини юмди.
— Бобожон…
— Мендан домангир бўлманглар… Ўзларинг биласизлар”.
Бу ўринда ҳам кўп нуқталар кўп нарсани англатади: ўзбек оиласида бўй етган қиз оиладаги эркаклар билан турли мавзуда очилиб гаплашавермайди, айниқса, турмуш масаласида сўзлашишга орияти йўл бермайди. Аммо ҳикояда вазият бошқача: қиз нажотни ота-онасидан тополмайди, ёлғиз ишонгани — бобосига сўзлаганда эса унинг сукути (кўп нуқталар) — айтолмаган гапи, андишаси, ибо-ҳаёсидир.
Муаллиф эса уч ўринда кўринади: “Чол кўзини очди”, “Чол бирдан яйраб табассум қилди”, “Чол кўзини юмди”. Бу уч ҳаракат Жалил отанинг невараси гапларига муносабатни кўрсатади: биринчисида савол, иккинчисида қаноат, учинчисида иложсизлик аломати. Кўриб турганимиздек, ёзувчи бу ҳолатларни изоҳлаб ўтирмайди, фикрлашни китобхоннинг ўзига қолдиради.
“Шу оқшом уйда, ҳовлида жанжал бўлди. Шокир бақириб хотинини сўкди. Хотини итни теша билан уриб вангиллатди. Садаф ўзича йиғлади”. Бу матнга бирор сўз қўшиб ҳам, олиб ташлаб ҳам бўлмайди. Бошқа ижодкор, эҳтимол, Шокирнинг болохонадор қилиб сўкканини, хотинининг нималар деб қарғанганини, Садафнинг йиғлаётгандаги ҳолатини батафсил тасвирларди, аммо бунда тасвир Ш.Холмирзаевнинг асаридагидек аниқ чиқиши гумон бўларди, устига-устак, ҳикоя жанри кўп сўзликни хуш кўрмаслиги адабиёт аҳлига яхши маълум.
Ҳикоя ёзувчининг маҳоратини яна бир бор намоён этиб якунланади: “Ҳаммани даҳшатга солган нарса — унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди”.
Адиб ўғлининг манфаатпарастлиги, хушомадгўйлиги, Мўмин(лар)нинг риёкорлиги, худбинлиги, кенгроқ олсак, дунёнинг бир камлиги устидан кулаётган — табассум қилаётган Жалил отанинг ҳолатини тасвирлаш учун сўзларни “қизғанади”, аммо бундан биз — китобхон зарар кўрмаймиз, аксинча, хулосани ихтиёримизда қолирган адибнинг маҳоратига тан берамиз.
Бошқа бир ёзувчимиз Исмоил Шомуродовнинг “Мағлубият” романи мавзуга янгича — ўзига хос ёндашилгани, эскича қарашлар таъсиридан холилиги билан диққатни тортади. Ўтган асрнинг биринчи чорагида юртимизда кечган долғали воқеаларнинг кескинлиги, жамиятдаги мураккаб жараёнлар иштирокчиларининг ҳаммаси ёппасига айбдор, босмачи ёки аксинча юрт учун курашган фидойилар бўлмагани, ўша пайтда беш бармоқ баравар ҳисобланмаганини ишонарли тарзда очиб беради. Умуман, асар сюжети, образлар тизими ҳақида узоқ гапириш мумкин, аммо асарнинг тилига келганда сўзлаш осон эмас. Зеро, романда таҳрирталаб ўринларнинг кўплиги, муаллиф билан қаҳрамон нутқининг аксарият ўринларда бирхиллиги, имло хатоларнинг сероблиги кишини ранжитади.
“Раззоқ ширингина ухлаб ётган экан, турткидан уйғониб кетди.
— Тур, — деди онаси. — Бир гап бўлган, шекилли. Шубҳали овозлар эшитилаяпти. Дарвозадан чиқиб қулоқ сол-чи, нима гап экан”.
Одатда, “ширингина” сифати “беозорлик, беғуборлик” маъноларини ҳам англатган ҳолда гўдакларга нисбатан қўлланилади, наинки, ножўя қадам босиб (шунинг ўзиёқ йигитларнинг ёш масаласини, ҳар ҳолда, аниқлаштириб қўяди), ўлар бир аҳволда ётган йигитнинг тенгдоши гўдак кўринса! “Шубҳали овозлар эшитилаяпти”, деган гапни ҳам, агар изласак, детектив асарлардан топамиз, аммо асардаги аёлнинг бундай сўзлашига ишониш мушкул, унинг учун “бемаҳал, бевақт эшитилган шовқин” бўлиши мумкин.
Тилимиз бойлиги, бир сўзнинг бир нечта муқобили борлиги, уларнинг маъно қирралари бир-биридан фарқланиши кўп тасдиқланган. Академик Б.Назаров эътироф этганидек, “Шеваларимиз ва лаҳжаларимиз шу қадар бойки, жаҳоннинг истаган халқи бунга ҳавас қилиши мумкин”. Масалан, “аёл” деганда умуман аёл зотини тушунсак, қиз, жувон, кампир деганда айнан бир маънони англамаймиз, яъни бу сўзлар ёш, ижтимоий ҳолат сифатида турлича маъноларни билдиради. “Мағлубият” романи қаҳрамонларидан бири Ойсарани муаллиф кўп ўринда жувон деб атайди, гарчи бу аёл бир ўғилни катта қилиб, уйлантирган, ҳамма уни “Ойсара хола” (гоҳида муаллифнинг ўзи ҳам), баъзилар кампир деса ҳам. Жувон дейилганда турмушга чиққан, бир-иккита фарзанд кўрган аёлни тушунамиз, Ойсара холанинг битта боласи борлиги эса уни жувон дейишга сабаб бўлолмайди. Айтмоқчимизки, сўз қўллашдаги бепарволик анчайин ноўринликни келтириб чиқарган.
Бугун бирор сўз ёки жумла эмас, бутун-бутун матнлари “ортиқча”, семиз китоблар хоҳлаганча топилади. Ундай битикларда тил оригиналлиги у ёқда турсин, мавзу янгилиги ҳам қаҳатдир.
Айтилганлар билан сўз санъаткорларидан бирини кўкка кўтариб, бошқасини қоралаш фикридан йироқмиз. Бир ўқувчи, адабиёт ихлосманди сифатида шу оламдаги ютуқлардан қувониб, қусурлардан озорланганимизни айтмоқчимиз, холос. Сўзимизни кўп чўзмасдан, маъқул келган иқтибос билан якунламоқчимиз: “Кимдир Александр Блокдан сўрабди: “Охирги пайтларда кам ёзяпсиз. Россия ташвишда. Сизнинг ишлашингизга бирор нима халақит беряптими?” Шоир унга: “Ҳа, менга Лев Толстой халақит беряпти”, деб жавоб берган экан.
Баъзи “ижодкорлар”дан сўрагим келади: “Сизларга Навоий ёки Қодирий қачон “халақит” беради? (Муҳаммад Тошболтаев).
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 5-сонидан олинди.