Ҳажвчи дўстларимиздан бири яқинда таҳририятга бир қучоқ китобларни қўлтиқлаб, уларнинг муаллифи тўғрисида тўйхат ёзиб кириб келди.
— Набижонни биласиз, салом деворди, дўстимиз элликка тўляпти, — деди у тўйхатни менга узатар экан. — Китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, баъзилари қайта нашр ҳам бўлди, ёшлар ўртасида жа машҳур. Газетада қутлов чиқса хурсанд бўларди-да…
Набижонни биламан, Олтиариқнинг машҳур Повулғон қишлоғида таваллуд топган, дурустгина қалами бор, суҳбати маъноли йигит, аммо кейинги икки-уч йил ичида ўнга яқин саргузашт китоблари чоп этилганидан, саргузашт-детектив жанрида астойдил меҳнат қилаётганидан бехабар эканман. “Эрлибосли аёл” — роман, “Аросат дунё” — уч китобдан иборат саргузашт қисса, “Чимилдиқли уй ноласи” — саргузашт роман, “Ёввойи келин” — детектив роман, “Топталган гулбадан”, “Аламли муҳаббат”, “Покланган фирибгар”, “Зебузар” — саргузашт қиссалар ва яна бир неча пиесалар, киносценарийлар… “Қойил-е!” деворганингни ўзинг ҳам билмай қоласан.
Саргузашт романлари билан дунёга машҳур ёзувчилар қандай ишлашганини эсласак, ажабланарли жойи йўқ, бугун дунёнинг ўзи саргузашт воқеаларга бой. Бундан сал аввал ўзимизда ҳам бир ёш йигитча ўзи тенги газеталардан биридаги суҳбатида: “Мен бу йил камида қирқта қисса ёзишни режалаштирганман”, деди. Ҳеч ким “ваҳҳ” деб юборгани йўқ. Аммо бизнинг онг-шууримизга, маънавий оламимизга, ахлоқимизу турмуш тарзимизга бевосита таъсир кўрсатадиган чинакам бадиий адабиётни кўзда тутадиган бўлсак, кимнинг қанча асар ёзгани муҳим эмас, қандай ёзгани ва ёзганларидан қандай маъно англашилгани муҳим. Баъзи муаллифлар бор-йўғи битта китоб билан ҳам машҳурлик чўққисига кўтарилиб, бу жойни анча вақт забт этиб туришган.
Шу мулоҳаза билан Набижоннинг саргузашт китобларини, гарчи вақт тиғиз бўлишига қарамай, ўқишга бошладим. Биринчи бўлиб “Аросат дунё”ни қўлимга олдим. Асарда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида шўроларнинг қатағон сиёсати қурбонига айланган Мамажонбойнинг кўрган-кечирганлари, чидаб бўлмас даражадаги азоб-уқубатларга дучор бўлганида ҳам, худди машҳур Робинзон Крузо, Дерсу Узала, граф Монте Кристо каби умидсизликка тушмай, ҳаёт учун курашгани батафсил ҳикоя қилинади. Алғов-далғовли бу давр мавзусида кўп ўқиганимиз, қатағон қилинган ватандошларимизнинг аянчли ҳикояларини кўплаб тинглаганимиз учун ҳам, асар қаҳрамонининг олис Тайгада ёлғиз бир ўзи ўлим билан неча бор юзма-юз келиши тафсилотлари ўқувчини бениҳоя қизиқтиради. Бунинг яна бир боиси, асар воқеалари муаллифнинг бадиий тўқимаси эмас, реал ҳаётий воқеаларга асосланганида.
“Чимилдиқли уй ноласи” саргузашт роман, дейилган. Асарда ўзаро аҳду паймон қилишган, аммо висол нашидасини суриш насиб этмаган икки ёшнинг пок муҳаббатлари, қалб изтироблари қаламга олинган. Воқеалар ривожи бобдан бобга қуюқлашиб боради, қаҳрамонлар тақдир тутқичини тутиш йўлида аёвсиз синовларга, хуш-нохуш воқеаларга, турфа ниятли одамларга дуч келадилар. Воқеа-ҳодисалар муаллифнинг қистови билан тезлашиб, бадиий тўқима бўртиб кетган жойлари ҳам бор. Бундай ҳолатларда, бошқа айни шундай китобларни ўқиётганингда ҳам бўлганидек, ўқувчини муаллифнинг ёзувчилик маҳорати эмас, воқеаларнинг давомига бўлган шунчаки қизиқиши ушлаб туради. Ота-онасига ёрдам бериш учун олис ўлкаларга ишга отланган ёш Қобилбекнинг бошига тушган савдолар нима билан тугашини кутиб, ниҳоят асарнинг сўнгги саҳифасига етиб келасиз.
Менда ҳам шундай бўлди. Ҳар икки асарни айни шу қизиқиш боис ўқиб тугатдим. Уларни таҳририятга олиб келган ҳажвчи дўстимиз тўғри айтган экан — китоб масаласида анча инжиқ мен ҳам ўқиб чиқдим-ку, демак, бошқалар, айниқса, ёшлар бундай асарларни қўлма-қўл қилиб ўқишаётганига ишонса бўлади. Токи шундай экан, бугун ижодий самарадорликда ҳаммамиздан пешқадам бўлиб турган Набижон Ҳошимовга ёзилган қутловни бемалол эълон қилаверсак ҳам бўлади. Аммо…
Мен унинг бор-йўғи иккита асарини ўқиб чиқдим. Шу ўқиганларим асосида баъзи хулосаларга келдим ҳам.
Набижон ўзи ихтиёр этган жанрда битилган кўплаб машҳур асарларни яхшилаб ўқиган кўринади, ҳар қандай қаламкаш учун шунинг ўзи мақтовга сазовор. Иккинчидан, Набижонда ёзувчилик салоҳияти бор, воқеий қисса ёзадими, саргузашт роман битадими, ўқувчини асарнинг охиригача ҳаяжон ва изтиробда “ушлаб” тура олиши буни исботлаб турибди. Бу жуда муҳим тажриба. “Чимилдиқли уй ноласи”да менга кекса ўрмончи чолдан Қобилбекка “мерос” қолган эски, сассиқ фуфайка детали маъқул бўлди. Қобилбек ишлаш учун йўлга отланиб, Россиянинг овлоқ бир ҳудудига бориб қолади. Раҳм-шафқат нималигини билмайдиган кимсаларнинг қўлида қулдек ишлайди. Бир куни шериклари уни бир амаллаб қочиришади. Қобилбек аёвсиз Тайгада узоқ вақт тентираб юради, совуқда бир амаллаб жон сақлайди. Охири қуролланган кишилар ниманидир ахтариб келиб, чайлада бир ўзи амал-тақал қилиб кун кечираётган чолни қийнаб ўлдиришларига гувоҳ бўлади. Қобилбек чолни дафн этади, унинг эски фуфайкасини кийиб, йўлга тушади. Асар сўнгида шу фуфайка ичидан жуда катта миқдорда хорижий валюта чиқиб, қаҳрамонларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади. Бошқа бир тажрибали муаллиф бўлганида, бу кийимнинг асар якунидаги ижтимоий юкини янада ошириб юборган бўларди. Масалан, Қобилбек ҳали жони узилмаган чолни баҳоргача парвариш қилиши, даволаши, чол эса вафот этишидан олдин унга: “Раҳмат сенга, ўғлим, фарзандим йўқ эди, сени Худонинг ўзи етказди, уйингга етгунингча шу фуфайкани эгнингдан ечма”, дейиши ҳам мумкин эди-ку…
Бугун хусусий нашриётларда пешма-пеш чоп этилаётган айрим китобларнинг бир қусури — улардаги сон-саноқсиз хатоликлар, ғализ жумлалар, имло қоидаларига амал қилмаслик. Хато шу қадар кўпки, қўлёзмани босмахонага топширишдан олдин бирор киши ўқиб чиққанми, корректураси муаллиф матнига солиштирилганми ёки йўқми, деган иштибоҳ туғилади. Асабга тегадиган бу қусур бошқа китоблар қатори Набижон Ҳошимовнинг саргузашт қиссаларида ҳам учрайди. Мана, баъзи мисоллар. “Чимилдиқли уй ноласи”, биринчи қисм, учинчи саҳифа. Йўловчилар автобусга “ғала-ғовур қилиб, тик туриб жойлаша бошладилар. Теварак-атроф оқариб, шафақ қизара бошлайди. Ҳайдовчи бир эснаб, керишиб олади-да, ўрнидан эринибгина туриб, кўзларини ишқай-ишқай кира ҳақини йиғишга бошлайди. Тиқилинчдан бетоқат бўлганлар эса энди гўё бабақхўроздай норози қичқира бошлайдилар”.
Шу биргина абзацнинг ўзида “бошлайди” сўзи тўрт марта ишлатилган. Имло хатоларининг сон-саноғи йўқ. Мана бу жумлаларга эътибор беринг (64-саҳифа): “Нурбек уларнинг бошига мағзава ағдаргандек, б р дунё қарзни илиб кетди. Нурбек хотини Ойнисани х ёнатда айблаб уни бутундай ёмон кўриб қолди. Болаларидан еҳри қочди. Онаси, хотини ва болаларининг тақдирига ефарқ бўлди. Ойнисага энди туман матлубот уюшмасида шлашни бутунлай таъқиқлаб қўйди ва Россияга тезлик илан қайтиб кетишга тараддуд кўра бошлади”.
Ушбу мулоҳазаларни қоғозга туширар эканман, бир муаммо хусусида ўзим билан ўзим тортиша бошлайман: китобхонлар, адабий жамоатчилик, муҳтарам танқидчиларимиз оёққа туриб, истеъдодли ёш муаллифларни ёнимизга олиб, камчиликларини тўғрилаб, ноширларнинг масъулиятини ошириб, бундай нуқсонларга барҳам беришимиз ёки… “Ҳа энди, бугун шу-да, нима ҳам дердик”, дея бепарво юраверишимиз керак. Метро вагонларидаги деярли ягона ўзбекча “Илтимос суянмангиз” деган ғализ ва хато ёзувга кўникиб бўдик-ку!
Набижон Ҳошимов ва у даражасидаги фаол ижодкорлар олдида, менингча, иккита йўл турибди. Биринчиси: шиддатни сусайтирмай, шу йўсинда, шу савияда пешма-пеш китоблар чиқаравериш, қайта-қайта нашр эттириш, менга ўхшаган инжиқ муҳаррирларнинг эътирозларига мутлақо парво қилмаслик. Иккинчиси — озроқ бўлса-да Худо берган истеъдодни ҳурмат қилиш, шошилмаслик, бир йилда бешта эмас, битта асар ёзишу қойил қилиб қўйиш. Ё бозорни қизитиш, ё адабиёт ривожига, маънавият, маърифатга хизмат қилиш. Набижон Ҳошимов истеъдодсиз, адабиётга даҳли йўқ шунчаки бир ҳаваскор қаламкаш бўлганида, мен бу гапларни асло ёзмаган бўлардим. У анчайин шаклланган, қалами қайралган, ўқувчига айтадиган гапи бор ёзувчи. Фақат озроқ қунт қилса, қўлёзмаларини муҳокамага қўйиб, билдирилган мулоҳазалар асосида қайта-қайта ишлашга одатланса бўлди, адабиётимизни янги-янги асарлар билан бойитадиган ёзувчига айланиши шубҳасиз. Бу иш унинг қўлидан келади, деб ўйлайман. Чунки детектив жанридаги ур-йиқит, қочди-қувди, шилиб кетди-тилиб кетди, сирли қотиллик қабилида битилган, таҳрирсиз чоп этилган асарлар вақти-соати билан ўқувчининг меъдасига тегади. Бозор адабиёти у ёки бу муаллифга ўз “бағри”дан жой берар экан, кейинчалик бу иссиқ гўшани тарк этиш жуда қийин кечади. Бунга энди мисоллар жуда ҳам кўп…
Набижон мени тўғри тушунади ва ушбу мулоҳазаларимни тўйхат ўрнида қабул қилади, деган умиддаман.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 49-сонидан олинди.