Бугунги болалар шеърияти ҳақида айрим мулоҳазалар
Республика таълим марказида ўтган навбатдаги кенгаш анча мунозарали бўлди. “Бошланғич таълим” журналининг бош муҳаррири Зуҳра Шокированинг айтган мулоҳазалари ўринли эди:
— Айрим дарсликларнинг муаллифлари ўз савияларидан келиб чиққан ҳолда иш юритаётганлари оқибатида қўлланмаларга бадиий жиҳатдан саёз асарлар кириб қолаётир. Бунинг олдини олиш учун ижодий уюшмаларнинг вакилларини кўпроқ жалб этишимиз керак.
Методик бўлим бошлиғи Назира Аҳмедова йиғилишга якун ясаганидан кейин ҳам мунозара йўл-йўлакай давом этди. Кенгаш аъзоси, таниқли олим акаларимиздан бири 1980 йилда босмадан чиққан “Ўзбек совет болалар шеърияти антологияси”дан асарлари ўрин олган М.Муҳаммадқулов, Ў.Рашид, Э.Раҳимов, Н.Орифжонов сингари ижодкорларнинг шеърлари яқинда чиққан “Антология”га ҳам кирмай қолганидан ўкинди. Мен, ўз навбатида, устозга юқорида номлари қайд этилган шоирларнинг асарлари ҳозирги китобхонларнинг талаблари даражасида эмаслиги, боз устига, улар мустабид тузумнинг шарт-шароитларига мослаб ёзилганлиги тўғрисида мисоллар келтирдим. Чунончи, “Кўксимдаги юлдузчам”, “Ўқинг аъло, бўлинг доно”, “Эксанг маккажўхори, ҳосил бўлур юқори”, “Аста-аста, кетмон даста” қабилидаги замонасоз шеърлар аллақачон ўз хизматини ўтаб бўлган, дедим.
Менингча, ўзбек болалар шеъриятининг юксалиш жараёнини босқичма-босқич ўргансак, аниқ манзара намоён бўлади. Масалан, ўтган асрнинг 60-йилларида устоз Қудрат Ҳикматнинг равон, тўқ мағизли шеърияти адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлган эди. 70-йилларда шоир Миразиз Аъзамнинг, асосан, ўсмирларга атаб ёзилган фалсафага йўғрилган ижоди китобхонлар ўртасида эътибор топди. 80-йилларга келиб Анвар Обиджон болалар шеъриятидаги об-ҳавони бир йўла янгилади. Унинг “коса тагидаги нимкоса” асарлари тилга тушди.
Сўнгги пайтларда айрим газеталар саҳифаларида ҳозирги ўзбек болалар адабиёти ҳақида нотўғри тасаввурларни пайдо қиладиган мақолалар кўзга ташлана бошлади. Ўз навбатида, “Маърифат” газетасида бундай нотўғри талқинларни инкор этувчи мақолалар босилаётган бўлишига қарамай, гоҳида ўша акс-садолар эшитилиб турибди.
Хўш, бугунги ўзбек болалар шеъриятининг иқтидорли вакиллари кимлар, деган савол туғилиши табиий. Қуйида ана шу ўринли саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ҳамза Имонбердиев билан олдинма-кейин адабиётга кириб келган Рустам Назар, Дилшод Ражаб ва Абдураҳмон Акбар ўзларига нисбатан ўта талабчан, камтар шоирлар сирасига киради. Маълумки, болалар баҳс-мунозарани яхши кўради. Рустам бунга қуйидагича ёндошади:
Осмон нега зангори,
Эмас қизил, ё яшил? —
Чарчамаймиз кечгача
Икки жўра баҳслашиб.
Енгилишни ким истар
Ўжар етти пуштимиз,
Овозимиз бўғилса
Ишга тушар муштимиз.
Осмон нега зангори? —
Баҳсни канда қилмаймиз,
Сабабини аслида
Иккимиз ҳам билмаймиз.
Абдураҳмон Акбарнинг фалсафий мулоҳазалар билан суғорилган асарларини ўқиган китобхон муаллифнинг мушоҳадаларидан қониқади. Абдураҳмоннинг “Мусича” тўғрисида ёзган қуйидаги шеъри ҳаётийлиги билан ажралиб туради:
Неча кунки аҳвол шу —
Ўзини босар аранг.
Тўртта хасни бўғотга
Қўндира олмай гаранг.
Мусичанинг ҳолига
Ачинган кўп, кулган кўп
Ерга тушар тухуми,
Кўздан томган ёшдек бўб.
Тумшуқда лой ийлаган
Қалдирғочлар чайқар бош:
— Ҳашарга айтсанг бизни
Бўлармиди, қариндош…
Ўтган ўттиз йил ичида болалар шеърияти жуда тез ривожланди. Қуруқ баёнчилик, панд-насиҳат ўрнини кичкинтойларга хос бўлган ҳаётий юмор, воқеабандлик асосига қурилган қувноқ шеърлар эгаллади. Фикрлашга, мулоҳаза юритишга чорлайдиган, ўғил-қизларимизнинг тилларини бурро қилишга, ақлини қайрашга хизмат қиладиган асарларнинг сони кўпайди. Оташ Холмирзаев, Ҳамидулла Муродов, Нурилла Остон, Худойберди Комилов, Маъмур Қаҳҳор, Кавсар Турдиева, Муқимжон Қодиров, Вали Аҳмаджон ва Қўзи Исмоил каби қаламкашларнинг асосий касблари муаллимлик бўлгани учун, уларнинг шеърларида болаларнинг турмуши билан боғлиқ воқеалар жуда ишонарли тарзда ифода этилганини кўрамиз.
Шоир Маъмур Қаҳҳорнинг “8-“Б”даги ҳодиса” сарлавҳали шеърида Севарани Анвар, Акбар ва Раҳим исмли синфдошлари яхши кўриб қолади. Кунларнинг бирида Севаранинг чизғичи — жазвари йўқолади:
…Севара дер: — Ажабо,
Йўқолибди чизғичим.
Ялт этиб боқди бирдан
Анвар, Акбар ва Раҳим.
Танаффусдан кейин-чи,
Эҳ, қизиқ бўлди жуда
Пайдо бўлди уч чизғич,
Севарнинг сумкасида…
Худойберди Комиловнинг “Таржимон” деб номланган шеъри ҳам ўқувчилар ҳаётидан олиб ёзилган бўлиб, ижодкорга хос кузатувчанликнинг мевасидир:
Гарчанд чет тилидан
Баҳойим ёмон.
Аммо уйимизда,
Ўзим таржимон.
Дадам дер: “Ойингга
Айтиб қўй Омон!
Сигиринг оч қолди,
Ташласин сомон”.
Ойим дер: “Дадангдан
Сўраб кўр, Омон!
Кечқурун не қилай,
Шўрвами, лағмон?”
Бир ҳафта бўлдики,
Тилмочман ҳамон.
Бу гал таржимонлик
Чўзилди ёмон…
Қўзи Исмоил билан бундан ўн йил аввал Нукус шаҳрида ўтган ижодкор ўқитувчиларнинг республика семинар-кенгашида танишган эдик. Бу орада унинг “Балли болакай”, “Бир Ватан бор” деб номланган китоблари Тошкентда босмадан чиқди. Қўзи Исмоил ҳам касбдошлари каби ўта изланувчан. Унинг “Қора мушук” сарлавҳали қуйидаги шеърини шарҳлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак:
Қора мушук олдингдан,
Ўтса йўлинг бўлмасмиш.
Шу кун қилган ишингдан,
Сира кўнглинг тўлмасмиш.
Бу гапнинг ёлғонлигин,
Кеча билиб олдим ман.
Бораётсам мактабга,
Мушук ўтди олдимдан.
Ўйлагандим: “Энди эҳ!
Йўлим бўлмас мутлақо”.
Ўша куни қайтага
Олиб келдим “беш” баҳо…
Содиқжон Иноятовнинг болаларга бағишланган китоблари “Чўлпон” нашриётида босилиб чиққан. Ўтган йили эса “Хато” деб номланган қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилди. Айни вақтда у Гурлан туманидаги Вазир ширкат хўжалигини бошқариш билан бирга, кичкинтойларга бағишлаб серзавқ асарлар ёзаётир.
Содиқжон қишлоқ болаларининг ҳаётини ўзига хос йўсинда баён этади. Унинг “Деҳқон боласи” деб номланган шеъридаги характер тенгдошларидан, уларнинг қаҳрамонларидан кескин фарқ қилади:
Ишлайверар юз-кўзин,
Офтоб сели еса ҳам.
Отасининг нигоҳи
“Қўй, бас, болам”, деса ҳам.
Саратоннинг ҳовури
Таралиб баст-бўйига,
Ҳорғин қайтар шом чоғи
Кўҳнагина уйига.
Тун чўкар. Гал ҳордиққа
Ой ҳам тўлар ёришиб,
Ухлар у туши ёруғ
Умидларга қоришиб…
Зафар Исомиддин ҳам бир неча тўпламнинг муаллифи. У табиат манзараларини нозик ҳис қилади. Ўз қаҳрамонларини паррандалар олами билан яқиндан таништиришни хуш кўради. Ифода усули мусаввирларга хос. Атиргулнинг исини биринчи марта туйган Сассиқпопишакнинг ҳолатини қуйидагича тасвирлайди:
Вой, Атиргул… ҳидини
Толга қўнгач, кўрди-да,
Ўз-ўзича дидини
Бирпас мақтаб турди-да,
Ташлаб турар тол соя
Чўчиб кетди шўрлик қуш,
“Исмим сўраб қолмасин” деб,
Учиб кетди шўрлик қуш.
Адабиётимизга кейинги ўн беш йил ичида кириб келган Хуррам Раимов, Неъмат Душаев, Равшан Исоқов, Эрпўлат Бахт, Юсуф Мирюсуфзода сингари ижодкорларнинг вақтли матбуотдаги чиқишларини кузатар эканман, кўнглим ғурурга тўлади, кичкинтойларнинг катта адабиёти иқтидорли ёшлар ҳисобига ўсиб бораётганидан беҳад қувонаман.
Бугунги ўзбек болалар адабиётида жиддий изланишлар олиб бораётган ёшларимизнинг асарлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ҳам тез-тез босилиб туради. Баъзи синчков муштарийларнинг хаёлидан: “Наҳотки, шеърларидан намуналар келтирилган шоирларнинг ижоди нуқсонлардан холи бўлса”, деган мулоҳазалар ўтиши табиий. Номларини қониқиш билан таъкидлаб ўтган укаларим республикамизнинг турли вилоятларида яшаб, меҳнат қилишади. Уларнинг ижодидаги асосий қусур — мисралар устида ишлаш санъатининг етишмаслигида. Айрим ҳолларда улар феъл қофияларга меъёрдан ортиқ даражада берилиб қолишаётир. Бу борада жаҳон адабиётидан ўрганиш ва ундан таржималар қилиш қаламни чархлашда ўзига хос маҳорат мактаби эканлигини унутмаслик керак.
Буюк устоз Абу Наср Форобий: “Тарих — хотиранинг ўғли, фалсафа — идрокнинг фарзанди, шеърият эса тасаввурнинг қизидир”, деб беҳуда айтмаган. Мазкур мақолада бир-бирига ўхшамаган истеъдодли укаларимнинг тасаввурларидан яралган камтарин ижодлари ҳақида имкон қадар ўз қарашларимни баён этдим. Дилимизга илиқлик олиб кирган яна бир янгилик: 2008 йил Ёшлар йили, деб эълон қилинганлиги. Ана шу муносабат билан “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти Зафар Исомиддин билан Содиқжон Иноятовнинг китобларини босишга тайёрламоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир намунасидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 10-сонидан олинди.