Ҳамиджон Ҳомидий, Боқижон Тўхлиев. Маърифат манзиллари (2007)

Марказий Осиё халқлари ёзма адабиётининг тарихи икки минг йилдан зиёд даврни ўз ичига олади. Унинг илк сарчашмалари зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто” ҳамда Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Машҳур шарқшунос, форсий тилдаги адабиётнинг етук билимдони, матншунос, ўнлаб қадимий манбаларни илк бор илмий истеъмолга олиб кирган моҳир услубшунос Юсуфжон Салимов бутун умрини адабиётнинг етакчи жанри — наср тадқиқотига бағишлади.

Ўтган йилларда   “Нури маърифат” нашриёти олимнинг илмий бисотини “Умр ёдгори” номи билан уч жилдда чоп этди. Мажмуага муаллифнинг классик нас­р­­га доир тадқиқотлари билан бирга сўз санъатининг турли долзарб
муаммоларига бағишланган мақолалари, тақризлари, бадиий-публитсистик очерклари, назарий, илмий моҳиятдаги асарлари ҳам киритилган.

Китобни ўқиб чиққач, ишонч ҳосил қиласизки, муаллиф форс-тожик адабиётидаги наср тарихини анча жиддий, ҳар жиҳатдан мукаммал тадқиқ қилган. Мумтоз наср ишқий саргузашт, қаҳрамонлик, фантастик, ахлоқий-таълимий романлар, қиссалар, ҳикоятларга тасниф этилган, “Самаки айёр”, “Ҳотамнома”, “Қаҳрамони қотил”, “Амир Ҳамза”, “Искандарнома”, “Барзўнома”, “Сомнома”, “Доробнома” сингари асарлар изчил ўрганилган.

Шу ўринда адиб сайёр сюжетлар асосида форс-тожик ва ўзбек адабиётида яратилган наср намуналарини кенг ўрганиш адабий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини аниқлаш имкониятини беражагини уқтирган.Хусусан, Муҳаммадризо Огаҳийнинг таржимонлик фаолияти, академик Бўривой Аҳмедов ижодининг айрим жиҳатлари ҳақидаги кузатишлари асосида ўзбек-тожик адабий ҳамкорлиги таҳлил қилинган.

Маълумки, аксарият тадқиқотчилар  тожик ва ўзбек адабиётидаги романлар, қиссаю фантастик асарлар Ғарб адабиёти таъсирида пайдо бўлган, деган “назария”ни илгари сурадилар. Мазкур тадқиқотни синчиклаб ўқиган китобхон бу фикр асоссиз, бир ёқлама эканлигига ишонч ҳосил қилади. Зероки, олим классик насримизни бор бўйи билан таҳлил қилиб, Ғарб романлари-ю, повестларига, фантастикасига хос барча унсурлар қадимий насримизда “мана-ман” деб турганини кўрсатиб берган.

Ўтган асрнинг 70-йилларида олимнинг “Тасаввуф” номли тадқиқоти вужудга келди. Унда қўлёзма манбалар асосида тасаввуф таълимотининг пайдо бўлиши, дастлабки мутасаввуфлар, ирфон ва миллий уйғониш, тасаввуф ва бадиий адабиёт масалалари таҳлил этилган. Имом Ғаззолий, Ҳотами Тойи Андалусий сингари алломаларнинг ҳаёти ҳамда фаолияти илк маротаба кенг тарзда ўрганилган, илм-адаб аҳлига ҳадя қилинган.

Муаллиф “Форс-тожик шеъриятида адабий услуб: пайдо бўлиши ва такомили” деб номланган тадқиқотида уч услубнинг вужудга келиши, шаклланиш йўллари, ўзига хос поетикасини ғоятда нуктадонлик билан очиб берган. Жумладан, форс-тожик классик шеъриятидаги ҳинд услубини тадқиқ этган манбашунос унинг инкишофидаги Бедил ўрнини кўрсатишга интилган. Тадқиқотни Бедилнинг нисбатан мукаммал ижодий биографияси дейиш мумкин.

“ХВИ-ХИХ асрлардаги форс-тожик адабиёти” номли фундаментал монографияда эса олим даврнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётини анча батафсил тасвирлаган; кўплаб янги манбаларни илмий истеъмолга жалб этган. Айни пайтда рисолада Ҳилолий, Восифий, Мушфиқий, Сайидо, Аҳмад Дониш, Ҳозиқ, Мирзо Содиқ, Возеҳ каби санъаткорлар ижоди ўрганилган, таҳлил этилган. Шаҳрошуб ва Саидои Насафий ҳақидаги мулоҳазалар илмда янгиликдир.

Мажмуада Юсуф Салимовнинг ижоди, олим сифатидаги айрича сиймоси, комил инсонлик хислатлари ҳақида замондошларининг хотиралари ҳам жой олган. Самимий эсдаликлар илм манзилларини дадил босиб ўтишда беқиёс заҳмат чеккан, ўта хокисор, маърифатпарвар ҳамкасблар камолини кўзлаб яшаган, ўзбек олимларининг яқин дўсти Юсуфжон Салимов тимсолини жонлантиради, унинг хотирасини китобхонлар қалбига муҳрлайди.

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,

Боқижон ТЎХЛИЕВ,

филология фанлари докторлари, профессорлар.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.