Муҳаммадали Қўшмоқов. “Иссиғдир сўзинг, ўйлаким, юлдузинг!..” (2007)

Тошкентда гарчи кўбтур шоиру шеърхонлар,
Онларни(нг) барчасидан ҳам нуктадон Хислат.

Доим савоб ишиға ургай ўзини ўтдек,
Қайда гуноҳ бўлса, андин ниҳон Хислат.

Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1913 йили ёзилган.)

Шундай ижодкорлар бўладики, улар адабий-маданий анъаналарни ўзида мужассам этиб, муайян давр адабий муҳити руҳини йўналтиришга хизмат қиладилар. Шоир Хислат (Саид Ҳайбатуллоҳхўжа Орифхўжа ўғли, Тошкент, 1882 йил 10 май — 1945 йил 7 июн), умуман, Шарқ, шу жумладан, ўзбек мумтоз адабиётининг ана шундай нурли сиймоларидан бири эди.
Ёзувчи Тошқин, яқиндан билганларнинг гувоҳликларига суяниб ёзадики, Хислатнинг буваси Маҳмудхўжа катта эшон, бувиси Шамсиойим зўр эшонойим бўлган. Шамсиойимнинг “хотинлардан 5-6 минг муриди бўлиб, донғи бошқа узоқ шаҳарларга ҳам кетган эди”. Ўғиллари — Орифхўжа оиласини ҳам улар ўз қарамоқларида олиб юрганлар. Бувиси Ҳайбатуллоҳхўжанинг зеҳни, қобилиятини сезиб, унинг тарбиясига алоҳида қарайди. Уни 7 ёшларида Кўкча дарвозасидаги бир эшонойига, 4-5 йил ўтгандан кейин Розия отинга топширади.
Хислатдаги шеъру шоирликка ҳаваснинг юзага чиқиши ҳақида тўхталиб, Тошқин шундай дейди:
“Хислат 14-15 ёшга кирганда, бир қиз:

Кўзларингнинг шўхига
Мирриху Чўлпон ўхшамас, —

деган шеърни такрорлаб, ёқимли бир овоз билан ўқиганда, бу шеър Ҳайбатуллоҳхўжага жуда ёқиб кетиб, шеър ёзишга ҳавас қўзғолади. Кеча-кундуз шунинг хаёли билан савдойи бўлади. Сўнгра ойдин бир кечада қуйидаги шеърни ёзади:

Бўлса доим ҳамдамим бир ёри жонон кечаси,
Қўл тутиб қилсам саёҳат моҳитобон кечаси”.*

Эшонбува ва эшонойим тириклигида “мурид-мухлислардан назру ниёзлар ёмғурдек ёғиб турар эди”. Улар ўтгач, оиланинг моддий аҳволи ночорлашади. Бу пайтда Хислат уйланган эди. У энди мадрасадаги ўқишини давом эттиролмай, рўзғор тебратиш ташвишига тушди. Аввал фонуссозлик, сўнг ромсозлик ва эшик ясаш ҳунарларини ўрганди. Лекин ғазал машқ қилишдан тинмади.
Шу вақтлари Ҳайбатуллоҳхўжа Мавлоно Камийга шогирд тушади. Камий унга “Хислат” деб тахаллус қўяди, тарбиялайди. Юсуф Сарёмий, Муҳйи Хўқандий, Сайид Аҳмад Васлий Самарқандий, Асирий Хўқандий сингари шоирлар билан таништиради. Хислат Бедил ижодини ҳам асосан Камий ёрдамида ўрганади.
Хислат шу тариқа жуда кўп шоирлар, санъаткорлар билан яқин, дўстона муносабатга киришади. Ўз даври адабий жараёнининг таъсирли вакилларидан бирига айланади. У тузган ва нашр эттирган баёзлар — “Армуғони Хислат”, “Савғойи Хислат”, “Туҳфайи Хислат”, “Ҳадяи Хислат” муайян маънода ўша давр ўзбек адабиётини кўзгудек акс эттиради. Айни баёзларнинг тузилиши, уларга танлаб киритилган асарлар — бевосита ва билвосита равишда — Хислатнинг адабий-эстетик қарашларини ҳам ифодалаб туради.
Хислат тезда адабий давралардан ўзига муносиб жой олиб, ғазаллари ҳофизлар ижросидан қанот боғлади — Навоий, Лутфий, Машраб, Муқимий, Фурқат ғазаллари қаторида ашула қилиб айтила бошлади. Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Акбарқори Ҳайдаров, Ғулом Ғаниев каби машҳур ҳофизлар унинг ғазалларини тараннум этадилар.

Найларам боғу чаман сайрини жонон бўлмаса,
Мисли товус силкиниб
ҳар ён хиромон бўлмаса,
Сарвқомат, орази гул, хатти райҳон бўлмаса,
Чашми шаҳло, ўзи барно, шоҳи хубон бўлмаса,
Ўлмайинму ҳажридин
жисмим аро жон бўлмаса…

Бу жаҳонда бир пари рухсор учун Хислат каби,
Бормикин афсона бўлғон ёр учун Хислат каби,
Аҳди ёлғон бевафо дилдор учун Хислат каби,
Кеча-кундуз қон ютуб ашъор учун Хислат каби,
Ошиқи содиқ эмас, оламға достон бўлмаса.

Шоирнинг “Найларам боғу чаман сайрини жонон бўлмаса…”, “Қандоқ қилай”, “Эй нигорим”, “Ойдек тўлубдур, жоно, юзингиз…”, “Иқлими девона қилган бир пари савдосидир…”, “Ўлдим асиринг, эй ёр…”, “Эй хублар сароси”, “Эй париваш…”, “Оразингму ё гули раъномидур…” ва бошқа ғазаллари мумтоз шеъриятимизнинг анъанавий оҳангларига узвийлиги, туйғуларга бойлиги, самимийлиги билан кишиларга ҳануз завқ бағишламоқда.
Хислат миллий проза ривожига қўшган ижодий ҳисса ҳақида ҳам муайян фикрлар баён қилиш мумкин. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий “Хислат “Барзунома”си” мақоласида (“Тошкенг ҳақиқати” газетаси, 1992 йил 24 сентябр) — “Абомуслимнома”, “Ҳотамнома”, “Темурнома”, “Сомнома”, “Жаҳонгирнома”, “Доробнома”, “Саидбаттоли Ғозий” сингари саргузашт қисса ва романлар силсиласида — 1914 йили Тошкентда “Қиссаи Барзуйи шер — фарзанди Рустам” номи билан босилган катта ҳажмли, мазмуни, композицион қурилиши, образлар системаси ниҳоятда мураккаб насрий асарнинг бош сюжет чизиғи, асосий ғоявий йўналиши ва образ яратиш маҳоратига қисқача тўхталади.
Мақола муаллифи саргузашт қисса ва романларда очилган Шарқ ривоявий мавзулари ҳақида сўзлаб, Фирдавсий “Шоҳнома”си асосий қаҳрамонларидан бири бўлмиш Рустами Достоннинг невараси (яъни Суҳробнинг ўғли) Барзуга бағишланган талай асарлар мавжудлигини эслайди; X — XV асрларда форсий тилда иккита шеърий “Барзунома” ёзилганини зикр этади; “Шоҳнома” ва мазкур “Барзунома”лардан илҳомланиб, XV асрда яшаган ўзбек шоир-таржимонлари Хомуший ва Шоҳ Ҳижрон ўз “Барзунома”ларини майдонга чиқарганлари хусусида сўзлайди. Ўз тадқиқоти хулосаларини баён қилиб, “Асарда Барзу ва унинг фарзандлари, Зол ва унинг авлоди, Афросиёб ва унинг авлодларидан ташқари юздан ортиқ баҳодир иштирок этади. Орада воқеаларга туронлик сипоҳсолор Пирони Виса авлодлари ҳамда Эрон сипоҳсолори Гударзи Кашвод, Туси Навзар шажаралари ҳам аралашади. Мана шу образлар ва ўнлаб ҳикоятлар юксак бир бадиий қудрат билан яратилган. Қаҳрамонларнинг ғайритабиий саргузаштлари, юзлаб шаҳар, қишлоқ, чашма, дарё, кўллар, боғ-роғлар, қаҳрамонларнинг ташқи қиёфаси, руҳий ҳолатлари ғоятда юксак санъаткорлик билан чизилган, турли-туман бадиий-тасвирий воситалар ишлатилган. Биз худди шу хилдаги “Барзунома”нинг форсий нусхасини қидирдик. Аммо дастхатлар хазиналарида ўнлаб достон ва ривоятлар мазмуни жамланган бундай китобни учратмадик. Гарчи асарнинг бош қисми мазмуни бироз пароканда бўлса ҳам, аммо воқеа давомида сюжет изчиллашиб, асар композицияси баркамоллашиб боради.
Ҳар бир образ ўзи бир олам, бетакрор сиймо. Биз баҳодирларнинг олишувию аламон жанглар тасвирини кузатар эканмиз, халқ китобларига хос барча фазилатлар асарда мужассамланганини кўрамиз. Асар ниҳоятда равон ёзилган, завқ билан ўқилади”. “Умуман, бу асар анъанавий “Барзунома”лардан тубдан фарқ қилади. Ўзига хос оригинал қиссадир”. “Хулоса қилиб айтганда, мазкур асар ўзбекча “Барзунома”лар орасида ўзига хос янги бир саргузашт роман намунаси сифатида жиддий ўрганиш ва қайта нашр этишга арзийди. Бизнингча, уни Хислат бир неча форсий манбалар асосида қайта яратган”, — дейди.
Хислат бир ғазалида “Қиссаи Барзуйи шер”ни ёзиши жараёнини гўзал ифодалаб берган:

Биҳамдиллоҳ дилимдан кетти қайғу,
Етиб итмомиға бу “Жанги Барзу”.

Эди форсий тилида нусха аввал,
Анинг чун эрди элдин махфи ушбу.

Бериб кўп сийму зар қилдирди туркий,
Ани Ҳожи Исо хуштаъбу хушхў.
Саховат бобида гўёки Ҳотам,
Эрурлар базмидин эл барча мамлу.

Хати Шавкат хатидур, мулки хатнинг
Мусаххар айлаган мисли Ҳулоку.

Тамом ўлгунча ушбу жангнома,
Кўзумга келмади бир кеча уйқу.

Хирад майдонида Хислат чопибон,
Тафаккур отини ҳар ёну ҳар су.

Деди солин, з-рўйи нақлу итмом,
“Таажжуб, достон “Жанги Барзу”.

(Нашрга доцент У. Долимов ва З. Абдирашидов тайёрлаган.)

Бинобарин, ушбу ғазалида Хислат “Қиссаи Барзуйи шер”нинг таржимони (муаллифи) ўзи, ҳомийси Исоҳожи, котиби Шавкат (Сидқий Хондайлиқий) эканини аниқ айтади, асарнинг ёзилиш таърихини ҳам ҳавола этади.
Профессор Ҳ. Ҳомидий Фирдавсий “Шоҳнома”си ва унинг туркий таржималари, иқтибосларини чуқур филологик таҳлил қилган йирик мутахассис бўлиб, унинг “Қиссаи Барзуйи шер — фарзанди Рустам” асарига берган юксак баҳоси асосли эканига ишончимиз комил. “Бир неча форсий манбалар асосида қайта яратилган”, “ўзига хос оригинал қисса” бўлган бу асар ХХ аср бошларидаги ўзбек насрининг халқ китоблари йўналишида майдонга чиққан забардаст бир адиб — Хислат ҳақидаги ҳақиқатни тиклаш учун имконият яратади. Салоҳиддин Тошкандий қаламига мансуб — Тошкентда, Илин босмахонасида 1908 йили чоп этилган — “Темурнома”нинг Поён Равшанов томонидан 1990 йили қайта нашр қилиниши ана шундай воқеа бўлган эди. Балки “Қиссаи Барзуйи шер”нинг оригинал бадиий асар экани тўғрисидаги илмий фикрни биринчи бўлиб олға сурган профессор Ҳ. Ҳомидий унинг янгидан босилишида нашрга тайёрловчи ёки масъул муҳаррир сифатида ҳам жонбозлик кўрсатар, Хислатнинг адиб сифатидаги сиймоси яққол намоён бўлишида ҳам камарбаста бўлар.
Зеро, Ҳ. Ҳомидий мақоласи замиридан уқиш мумкинки, “Қиссаи Барзуйи шер” Шарқ адабиёти, жумладан, унинг энг ёрқин саҳифаларидан бирига мансуб — улуғ шоир Фирдавсий “Шоҳнома”си сюжетларини ўзига хос тарзда синтез этиш, ривожлантириш натижасида ўзбек тилида яратилган оригинал асардир; уни қайта нашр этиш, илмий тадқиқ қилиш миллий насримиз илдизлари қанчалар теранлигини англашга кўмаклашади. Ўзбек адабиётининг бундай муваффақиятларига Хислат каби кўпдан-кўп фидойи заҳматкашларнинг сингган ижодий меҳнатини рўшноликка чиқаради.
Хислат кўпқиррали фаолият олиб борган маърифатпарвар эди. У Умар Боқий Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” достонлари асосида яратган қиссаларни ҳам нашр эттиради.
1940 — 1941 йиллар орасида Тошқин ва Насрулло Охундий билан ҳамкорликда Низомийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини таржима қилади. Унинг 740 мисрали “Нон ва ҳалво” тўпламини таржима қилиб, босмага тайёрлагани ҳам маълум. 4 баёз тузиб, унда 86 ўзбек шоирининг 230 энг гўзал шеърини жамлайди.
Хислат болаларга атаб асарлар битган, ўзбек болалар адабиётининг шаклланиши йўлида ҳам ўзига хос ижодий хизмат қилган. Унинг Убайд Зоконий асаридан ижодий баҳра топиб ёзган “Мушук ила Сичқон” шеърий қиссаси айниқса машҳурдир.
“Армуғони Хислат” ҳақида тўхталиб, “Бу баёзда 63 шоирнинг 118 та шеъри бор бўлиб, буларнинг ҳаммаси Тўйчи ҳофиз томонидан ашула қилинади, — дейди шоирнинг ўзи. — У шеърларнинг ҳаммасини устига “Чоргоҳ” куйидами, “Ушшоқ” куйидами — қайси куйда ашула қилинишини ҳам ёзиб қўйилган…
Менинг баёзимга шеърлари кирган шоирларнинг кўпи Фурқат, Муқимий ва Камий сингари менга замондош шоирлардир. Шунинг учун ҳам менинг баёзларим XX асрнинг  ярми ва ХХ асрнинг бошларини ўз ичига олган ўзбек адабиёти тарихининг энг бой ва нодир хазинаси ҳисобланади”.
Хислат Мулла Тўйчи ҳофиз билан қиёматлик дўст эди. У Мулла Тўйчи ижросидаги ғазалларни китоб қилиб чиқаришни кўнглига тугади.

Йиғиб манга беринг абётларингиз,
Китоб айлай солибон отларингиз, —

деб маслаҳат солган Хислатга жавобан Тўйчи ҳофиз:

Қулоғимга яхши келур бу сўзинг,
Иссиғдир сўзинг, ўйлаким, юлдузинг, —

деб рози бўлади. Натижада “Армуғони Хислат” (1912 йил) юзага чиқади.
Тошқиннинг ёзишича, “буни халқ орасига тарқатиш учун хуржунга солиб, бир қанча шаҳарларда, кўпинча Фарғона шаҳарларида кезиб юрди. Жумладан, Қўқон шаҳрига олиб борганида: “Бунга Тўйчи ҳофизнинг сувратини солиб чиқарибдур. Китобга суврат солиш ислом шариатига хилоф!..” деб, Қўқон мутаассиб муллалари иғво кўтардилар ва Хислатни тошбўрон қилиб ўлдиришга фатво бердилар.
Уни, Қўқондаги баъзи дўстлари бу фожиалик ҳодисадан хабар топиб, кечалаб Тошкентга қараб қочиртирибдилар. Бўлмаса, эртасига тошбўрон билан ўлиб кетиши аниқ эди”.
Хислат 63 йиллик умри давомида ҳаёт аччиқ-чучугини тотди, изтироблар чекди, фарзандлар доғини кўрди, ўтган асрнинг 1932 — 1933 йилларида йўқчиликка ҳам дуч келди, “оч ҳолда қолган сабабли соч ўсдуриб жиннилик эълон” қилди (Тошқин ибораси), “Селмаш” заводида тахта тилди…
Хислат ҳар қандай ҳолатда ҳам назари тўқ, синини бузмайдиган инсон бўлган — Тошқин буни бир воқеа мисолида шундай тасвирлайди:
“Бир кун шоир Хислат бир ошносининг уйига бориб қолиб, палов пишираётганининг устидан чиқади. У ошноси ўз оиласига лойиқ ош қилаётган экан. Қарадики, меҳмон бўлиб келган шоирга ҳам паловдан берса, ўзлари тўймай қоладилар. Шунинг учун ўчоқда ёниб турган оловни ўчиртириб, ҳеч нарсани кўрмагандек нон, чой қилиб, меҳмон олдида ўтира берди. Шунда шоир Хислат сезиб қолиб:

Қизғониб, ўртоқ, мендан паловинг,
Имлаб ўчирдинг ёнғон оловинг”, —

деган шеърини ёзиб, дастурхоннинг остига қистириб жўнаб кетди”.
Унинг кўнглида умидлари кўп эди. Ғазаллари жаҳонда ўзидан ёдгор бўлиб қолишини билар эди. “Ёшлигидан бирга юриб, бирга ўсган, шайх Зайниддин боболик Сиддиқҳожи (номли) бир қалин ошнаси Хислат Эшон дедингми, кўзларидан ёшлар оқиб, унинг таърифига киришади, — деб ёзади Тошқин. — Шоир Хислат унга доим: “Ман минг йил яшайман!” — деб юрар экан. Бу гапга ул тушунмас, маъносини ундан сўрашга ботинолмас экан. Мен Сиддиқҳожига маъносини тушунтирдим. Ул манга раҳматлар айтди ва икки кўзидан шов-шув ёшлар оқизиб, шоирнинг руҳига Қуръон ўқиб бағишлади”. “… Жоназасига бир мингга яқин одам йиғилиб, тамом иззат ва ҳурмат билан Шайх Зайниддин бобонинг гумбази яқинига элтиб кўмдилар. Унинг жуссаси йўғон, йўлбарсдек кучли бир одам бўлса-да, вақтсиз дунёдан кетишига 10-11 йиллардан буён давом этиб келаётган “нафас қисиш” касали сабаб бўлди”, — дейди яна Тошқин.
Шоир Хислат адабий мероси, юқоридаги маълумотлар кўрсатадики, бой ва ранг-баранг. Уни тўплаш, тадқиқ қилиш, бугунги кун кишилари эътиборига ҳавола этиш савоб бўлади. Ана шунда Хислат сиймоси, ҳеч шубҳасиз, янги авлод кўз ўнгида гўзал шоир, забардаст адиб, моҳир таржимон, ўз даври адабиётининг билимдон хазинабони, маърифатпарвар, ҳассос, одамий шахс сифатида салобат билан жонланажак.

Муҳаммадали Қўшмоқов,
филология фанлари номзоди

* Биз ушбу мақолани ёзиш жараёнида, ҳурматли Музаффар Асадуллаев илтифотлари билан, Мўминжон Муҳаммаджон ўғли — Тошқиннинг “Шоир Хислат” деб номланган рисоласидан фойдаланиш имконига эга бўлдик. Яъни Тошқиннинг ушбу, араб алифбосида “хатти ислоҳ” билан битилган ва муайян вақт Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтида сақланган табаррук дастхат(автограф)идан филология фанлари номзоди Тўхтамурод Зуфаров 1995 йил март — август ойлари орасида кўчирган (5.08.1995 йили тугалланган) нусхасидан фойдаландик. Барча мисоллар шу манбадан олинди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 19-сонидан олинди.