Меҳнат ва маҳорат уйғунлигидан яралган жозибали асарлари билан машҳур бўлган атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор адабиёт назариясига оид қимматли мерос қолдирган. Маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Абдулла Қаҳҳорнинг мероси жиддий ўрганишга лойиқдир.
Маълумки, адибнинг ижодий фаолияти шўро даврида кечди. Шундай бўлишига қарамай, у бадиий ижодда ҳам, эстетик қарашларида ҳам ҳақиқатни баралла айтишга ҳаракат қилди ва барча ижодкорларни шунга даъват этди. Бугунги кунда адибнинг бадиий асарлари қатори, адабий-танқидий мақолаларида ифодаланган эстетик қарашлари ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Абдулла Қаҳҳор 30-йилларнинг охирларидан бошлаб ижодий фаолиятининг охиригача муҳим назарий масалаларга катта аҳамият бериб келган. “Сохта фактлар тўғрисида”(1940), “Ҳаёт қўшиғи”(1940), “Бадиий очерк ҳақида” (1940), “Тортиқ”(1940), ”Ижодий активлик сари”(1941), айниқса, “Ёшлар билан суҳбат” (1968) каби китоб, мақола ва тақризларида Абдулла Қаҳҳорнинг юксак назарий билими ёрқин намоён бўлган. ”Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас”, деб билган ёзувчи адабиётни камситган, унинг юксак қудратига шак келтирган, қадрига етмаганларни аяб ўтирмаган. “Адабиёт ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди”, деган у.
Ёзувчи қўлига қалам олганда, аввало, ўқувчиларнинг юксак талабларига жавоб берадиган бадиий асар яратиш лозимлигини кўзда тутган ва бошқа қаламкашлардан ҳам шуни талаб қилган. Ўз ўқувчисини унутган, уни ўзидан билимсизроқ деб ўйлаган ижодкор жамият учун аҳамиятсиз асар ёзиши муқаррарлигини қайта-қайта таъкидлаган: “Ёзувчи бирпас ҳам китобхонни унутишга ҳаққи йўқ”.
Адибимиз “санъат санъат учун” эмас, балки халқ манфаатлари учун хизмат қилиши лозим, деган назарияга тўла амал қилди. Санъат ва адабиётнинг ролини ошириш учун адабий бракка ҳеч қачон йўл қўймасликка чақирди: “Артелга костюм буюрган киши, — деб ёзади адиб, — машиначи пиджакнинг енгини тескари қадаб қўйган бўлса, бепул ўнглатиб олиши мумкин. Магазиндан энсасини қотирадиган адабий брак сотиб олган китобхон ундай қилолмайди. Адабий брак энг ўткир ташвиқот қуролимиз бўлган адабиётни бебурд қилади”.
Адабий бракка йўл қўймаслик учун мақсадни, ғояни аниқлаб олиш лозимдир. Агар ёзувчининг мақсади равшан бўлмаса, акс эттираётган воқеанинг ростлигига, фактларнинг ҳаққонийлигига ўқувчини ишонтира олмайди. Бундай ҳолатда муаллиф фактларни қайд этиш билан кифояланади, асардаги ғоя эса хира тортиб қолади. Абдулла Қаҳҳор мақолаларида бу каби долзарб масалаларни олдинга суриб: “Ёзувчилик етти ухлаб тушига кирмаган бир колхозчи ҳам бирор ўртоғига хат ёзмоқчи бўлса, қўлига қалам олмасдан бурун, хатда нима демоқчи эканини аниқлаб олади, йўқса, умуман хат ёзмайди”, дея уқтиради.
А.Қаҳҳор учун ғоя, мақсад ёки ниятнинг ўзигина кифоя эмас, уларни ташвиқ қила олиш ҳам зарур. Муаллиф ниятини, маълум бир ғояни “ташвиқ қила билиши керак”, дейди у. Ташвиқнинг асосий шартларидан бири эса, асардаги фактларга, воқеаларга, персонажлар нутқига китобхонни ишонтира олишдир. Агар ўқувчи уларга ишонмаса, ҳатто шубҳа билан қараса ҳам асарнинг қиммати йўқолади. Акс эттирилган ҳодисаларнинг, иштирок этувчи персонажларнинг ҳаётий ва ҳаққонийлигига китобхонни ишонтириш учун муаллиф уларни асослаши лозим.
Асослаш — танланган воқеаларни тўғри тасвирлаш, барча деталларининг рўй-ростлигига эришиш, уларни ўз ўрнида ишлатиш демак. Ёзувчи асар ғоясига мос тушмаган қизиқ ёки сохта деталлар киритса, кўзланган мақсадга эришолмайди. “Қизиқ детал, чиройли парча шу вақтда асарнинг қимматини оширадики, — дейди санъаткор, — шу қизиқлиги, шу чиройлилиги билан ғояни ташвиқ қилишга хизмат қилса”.
Муаллиф биринчи планга асар ғоясини ташвиқ қилиш ва уни асослаш лозимлигини қўяди. Асардаги барча элементлар ва ҳодисаларнинг ғоя билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатиб ўтади. Ғояни “адабий асарнинг юраги”, деб атайди. “Адабий асарнинг ғояси йўқолса эмас, ҳатто сусайса ҳам, — деб ёзади А.Қаҳҳор, — ҳеч қандай ташқи эффект уни адабий асар ҳолида тутиб туролмайди. Ғояга етган зарарни ҳеч қандай ташқи эффект тўлдира олмайди… Асарнинг формал томонлари тўғрисида гапирганда, нимани кўзда тутамиз? Ҳеч шубҳасиз ғояни. Асарнинг формал томонлари тўғрисида гапирганимизда унинг асар ғоясини ташвиқ қилишдаги хизмати тўғрисида гапирган бўламиз.”
Шу билан бирга, адиб ҳар бир бадиий асардан маълум даражада замон талабларини, ҳаётнинг социал томонларини четлаб ўтмасликни ҳам талаб қилган. “Майда ҳикоя ёзадиган киши, — деб таъкидлаган эди. А.Қаҳҳор, — бирор ҳодиса ёки кичикроқ воқеа асосида социал турмушнинг бирор томонини, унинг моҳиятини очиб бериши… керак”.
Абдулла Қаҳҳор асарда бадиий сўзнинг аҳамиятини жуда яхши тушунган, асарнинг шаклини ҳеч қачон камситмаган: “Асарнинг формал томонлари яхши ишланган бўлса, демак, ғоя ташвиқ қилинган, яхши асар майдонга келган бўлади. Мана шу сабабли адабий асарнинг майдонга келиши учун фақат ғоянинг ўзигина кифоя қилмайди”. Ёзувчи ўзининг ижод йўлида тил бойликларини ишлатишда катта муваффақиятларга эришиб намуна кўрсатган. Санъаткор ўзбек тилининг бой хазинасидан ўз ғоясини, мақсадини, асарларининг мазмунини очишда маҳоратини намоён этган.
Ёзувчи жонли халқ тилидан бадиий асар ғоясини очиб беришда, воқеликни тасвирлашда қай тарзда ўринли фойдаланишни ўзбек мумтоз адабиётидан ўрганишга, бу адабиёт вакилларининг бой тажрибасини янги шароитда давом эттиришга чақирган.
Абдулла Қаҳҳор мураккаб, узун жумла тузишларга ҳамда қийин ибораларни ишлатишга қарши эди. У асар тилини аниқ, маъноли, ўткир, равшан, бурро, таъсирчан бўлиши учун курашган. “Китобхонда бир фикрни англатиш ёки бир нарсани тасаввур қилдириш учун, — деб ёзади адиб, — кишининг бошини қотирмайдиган, очиқ, равон ва содда тил керак. Сурат олдираётган киши суратга чиройли ва келишиб тушмоққа беҳуда зўр бериб, ўзининг табиий ҳолатини бузгандай, ёзувчи “чиройли ва қойил қилиб ёзишга” беҳуда зўр берса, адабий асар учун зарур бўлган тилдаги соддалик, табиийлик бузилади”. Унинг ўзи бу талабларга тўла амал қилган. Натижада ёзувчи жумлаларни лўнда, равон, жозибали тузишни, катта воқеаларни қисқа шаклда бера олишни кўрсатган. Асарда насиҳат қилиш услубидан қочиш, сюжетни очишга хизмат қилмайдиган бирор жумлани ҳам қўлламаслик унинг эстетик принципига айланган. Хуллас, санъаткор эстетикасида мазмун билан шакл эгизак сифатида таърифланади.
30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб А.Қаҳҳор устози А.П.Чеховга эргашиб, бир қанча кичик ҳикоялар ёзади. Ёзувчининг бу асарларида унинг Чехов услубидан таълим олгани яққол кўзга ташланади. Кичик ҳикоялар ёзиш усулини — образларни аниқ, жонли ифодалаш, “кафтдеккина” асарда тугалланган сюжетни бериш, композицияни пухта тузиш, барча ҳолат ва деталларни реал тасвирлаш, тилда ихчамликка эришиш каби “гўзаллик сирлари”ни у устозидан қабул қилиб олади. Рус мумтоз адабиёти Абдулла Қаҳҳор учун буюк ижодий лаборатория бўлиб хизмат қилган. “Улуғ санъаткорларнинг ижоди, — деб ёзади Абдулла Қаҳҳор, — бадиий маҳоратимни оширишда катта мактаб бўлди”.
Абдулла Қаҳҳор ҳаётда ва адабиётда гўзалликни завқ билан шундай таърифлаган эди: “Ўқишли китоб гўзалликдир… Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун у абадий гўзалликдир”. Санъаткор эстетикасининг туб моҳияти ҳам умрбоқий гўзал асарларни яратиш учун курашишдан иборат.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 16-сонидан олинди.