1969 йил 28 мартда синглиси Муқаддамхонга йўллаган бошқа бир мактубидан Сайид Исломбек ўз даврининг етук сиёсатдони, мустамлакачиликнинг шафқатсиз душмани, ҳар қандай қудратли мамлакатнинг бошқа бир мамлакатга нисбатан зўравонлик ўтказишига тоқати йўқлигини кўрсатувчи шахс эканини кўриш мумкин: «1921 йилгача, – деб ёзади у, – Афғонистон чет давлатлар билан ҳеч қандай ташқи муносабатлар ўрната олмаган эди. Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Англия Афғонистоннинг чет давлатлар билан фақат Англия воситачилигида алоқа ўрнатишини талаб қилгандики, бу ҳол мамлакат мустақиллиги ва эркинлигига зид эди. Афғонистон қуролли кураш ва муҳорабалардан кейингина Англияни ўзининг мустақиллигини, биринчи бор Россия билан дўстлик ва дипломатик муносабатлар хусусида битим тузишини тан олишга мажбур этди». Шу мактуб давомида Сайид Исломбек ўз ҳаётида рўй берган бир воқеа ҳақида хабар беради: “1921 йилнинг 3 мартида мен Россия билан дипломатик алоқалар ўрнатиш учун Афғонистондан дипломатик миссия билан Москвага келдим ва шу ерда Кремлда В.И.Ленин билан учрашдим».
Шу ахборот муносабати билан саволлар туғилиши табиий. Аввало, Сайид Исломбек 1921 йилнинг 3 мартида Кобулдан Москвага келган бўлса, у Афғонистонга қачон борган? Юқорироқда биз ёдга олган 1976 йилнинг 20 декабрида синглиси Мунавварахонга йўллаган мактубида Сайид Исломбек 1920 йил 10 мартда Тошкентдан Москвага жўнаганини айтади. Француз олими Люсйен Кэрэн эса, болшевиклар таъқибидан қочиб кетган Сайид Исломбекни Афғонистон подшоси қабул қилиб, Франция ва Швейцарияга ишончли вакил этиб тайинлагани ҳақида гапиради («Амир Темур ва Франция», 69-бет). Маълумки, бу вақтда Афғонистон подшоси Омонуллохон бўлиб, у тахтга чиқиши биланоқ 1919 йил 21 февралда мамлакат мустақиллигини эълон қилган, ўша йилиёқ Россия билан дипломатик алоқалар ўрнатилишига эришган эди. 1921 йилнинг 3 мартида Сайид Исломбек Кобулдан Москвага дипломатик миссия билан боради ва ўша кунлари дастлабки Россия-Афғонистон битими имзоланади. Бинобарин, 1920 йил мартида Москвага жўнаган Сайид Исломбек илгарироқ Афғонистонга боради, Омонуллохоннинг катта ишончини қозонади ва илк бор Россия-Афғонистон битими тузилишида катта ишларни амалга оширади. Хўш, Россия билан битим тузишга миссия билан борган бу одам сўнгги Қўқон хонининг невараси эканини Ленин билмасмиди? Бунга ишониш қийин. Негаки, бутун бошли Афғонистондан Россия билан битим тузиш учун дипломатик миссия билан келган Сайид Исломбек, унинг аждодлари, барҳаёт ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари хусусида Ф.Дзержинский бошлиқ ГПУ барча маълумотларни Ленинга топширмаганлигига ақл бовар этмайди.
Шундай экан, 1897 йил 3 декабрда Россия императорининг фармони билан «потомственний дворянин мансабига мустаҳиқ қилинган» («Туркистон вилоятининг газети», 1898 йил, 21 январ), ХХ аср бошларидан то Феврал инқилоби арафаларигача Туркистон генерал-губернатори девонида таржимон лавозимида, шўролар даврида эса Туркистон Революцион Ҳарбий Советида ишлаган Муҳаммад Аминбек Худоёрхоновнинг тўртинчи ўғли бўлмиш Сайид Исломбекни сиёсий душман сифатида дарҳол ҳибсга олиши, кейинчалик унинг беистисно барча биродарларини жисмоний маҳв этгандек маҳв этиши мумкин эди-ку! Октябр йўлбошчиси бунинг аксини қилади, яъни уни она шаҳри Тошкентга келиб, ота-она ва қариндош-уруғлари билан хайрлашиб, Тошкентда қолиб кетган рафиқаси Александра Худоёрхонни ўзи билан бирга олиб Афғонистон дипломатик миссияси билан Европа давлатларига чиқиб кетиши учун тўла имконият яратиб беради.
Бу ҳайратомуз воқеанинг сабаблари хусусида биз етмишинчи йиллари Афғонистон Республикаси адлия вазири лавозимида ишлаган, ҳозирда Тошкент Ислом университети кафедра мудири Абдулҳаким Жузжоний домланинг фикрларини сўрадик. Саволимизга қуйидагича жавоб берди домла: «Афғонистон подшоси томонидан ҳар икки мамлакат учун ниҳоятда муҳим бўлган битим тузиш учун дипломатик миссия билан юборилган масъул шахсни ҳибсга олдириш у ёқда турсин, ақалли унга ишончсизлик билдириш ҳам ўша қалтис шароитда Россия-Афғонистон битими тузилишини барбод этиши жуда ҳам мумкин эди». Ундан ташқари, бизнингча, Кобулдан Москвага йўл олгунгача бўлган муддат ичида Сайид Исломбек подшоҳнинг илтифоти билан Афғонистон фуқаролигини қабул қилган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмаски, у ҳолда ўзга мамлакат фуқаросини хоннинг невараси ёки дворяннинг ўғли бўлгани учунгина ҳибсга олиш халқаро ҳуқуқ меъёрларига бутунлай зид келган ва Россиянинг чет эллардаги обрўсига қаттиқ футур етказган бўлур эди. Қолаверса, Лениннинг ўзи инқилоб манфаатлари йўлида ҳатто шайтон билан ҳам иттифоқликда иш кўришга тайёр эканлигини қайта-қайта таъкидлаган эдики, Сайид Исломбек Европа мамлакатларида Афғонистон дипломати сифатида ишласа, отаси, ака-укалари бир вақтлар хизмат қилган Россияга манфаат етказиши мумкин деб ўйлаган бўлса ҳам ажаб эмас. Лениннинг майли билан Европа мамлакатларида Афғонистон дипломати сифатида фаолият кўрсатиш учун 1921 йил 10 мартда Тошкентдан жўнаган Сайид Исломбек бутун Туркистонни, жумладан, бобоси ҳукмронлик қилган Қўқон хонлигини босиб олган чор Россиясининг мустамлака сиёсати шўролар даврида яна ҳам машъумроқ тарзда давом этаётганини яхши англамаслиги мумкин эмас. Шунинг учун ҳам 50 йилдан ортиқ муддат ичида чет элларда дипломатик фаолият билан шуғулланишига тўғри келган бу хонзода Европадаги турли мамлакатлар билан Афғонистон ўртасида дўстона ва маданий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшгани ҳолда Москва хоҳлаган йўлдан бормайди. Буни шундан ҳам билса бўладики, у чет элга кетгач орадан бир йил ҳам ўтмай отаси ўз ажали билан ўлиб, қатағондан қутулиб кетади. Сўнгра «Туркистон вилоятининг газети»да кўп йиллар қизғин фаолият кўрсатган, Феврал инқилоби арафаларидан бошлаб генерал-губернаторликда Муҳаммад Аминбек ўрнига таржимон бўлиб ишлаган амакиси Ибн Яминбек Худоёрхонов, 1929 йилга келиб, Туркистон жадидларининг сараларидан бўлган амакиси Фансуруллобек Худоёрхонов, 1937—38 йиллари эса биринчи жаҳон урушида рус-герман фронтида беш жанговар орден олиб номи элга ёйилган офицер акаси Темурбек, Россиянинг, кейинчалик эса, Фрунзе бошлиқ армиянинг командири, 1920-йиллар бошидаёқ комдив унвонини олган Азаматбек ва бошқа биродарлари жисмонан маҳв этилди. Ҳатто унинг тўрт девор орасидан нари чиқмаган тўнғич синглиси Саодат Аминовага НКВДдан 1940 йил 29 мартда берилган 2338-сонли справкада у 1892 йили туғилгани, паспорт серияси – ЮВ, номери 197735 эканлиги, 1938 йил 12 июлдан 1940 йил 29 мартгача қамоқда сақлангани ва иш тўхтатилгани муносабати билан бўшатилганлиги айтилади. Опаси қамоқдан чиқиб келгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1940 йилнинг ўзидаёқ эндигина Педагогика институти тил ва адабиёт факультетини тугатган Мунаввара Худоёрхонова Тошкентдан Наманганга сургун қилинади. Шаддодгина аёл бўлгани учунми, ҳар қалай у тўрт яшар ўғли Музаффархон билан кўчада қолиб кетмайди, мактабдаги энг қора ишларда ишлаб, уруш охирларидагина она шаҳрига қайтиб келиб яшаш ва ишлашга муваффақ бўлади. Унинг бошқа биродарларию қариндош-уруғларининг ҳам қисмати шундай фожиали бўлган эди.
Чет элларда дипломатик фаолият билан қизғин шуғулланаётган Сайид Исломбек она юртидаги бу фожеалардан турли манбалар орқали хабар топади ва очиқдаги баъзи биродарлари, қариндош-уруғлари билан барча алоқаларни, жумладан, ёзишмаларни ҳам бутунлай тўхтатади. Орадан 40 йилдан зиёдроқ вақт ўтиб, собиқ иттифоқда бўлар-бўлмасга фуқаролар қатағон қилинавермайдиган вазият вужудга келгач, ўшанда ҳам Сталин вафотидан тўрт йил чамаси вақт ўтиб, ўзи Франциядаги Афғонистон элчихонасининг масъул вакили лавозимидан нафақага чиқишига яқин Тошкентда қолган биродарлари орасида ҳаёт бўлган Мунавварахон ва Муқаддамхонлар билан хат алоқаларини йўлга қўяди. Сингилларига келган дастлабки мактубларга 1957 йил санаси қўйилганлиги шундан далолат беради.
Бу вақтда Сайид Исломбек ҳали Парижда яшар ва у ердаги Афғонистон элчихонасининг фахрий маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатарди. 1972 йилга келиб рафиқаси 80 ёшда вафот этганида Сайид Исломбек 84 ёшни уриб қўйган эди. Чамаси, шу пайтлардан у она юртига қайтишни орзу қилади ва собиқ иттифоқдаги, жумладан, Ўзбекистондаги ҳақиқий сиёсий вазият қандайлигидан воқиф бўлиш мақсадида синглиси Мунавварахон билан бир неча бор телефон орқали сўзлашади. Тошкентдаги йирик ўрта мактаблардан бирининг директори лавозимида ишлаётган таниқли халқ таълими ходимаси, шу важдан бутун фаолияти хавфсизлик органлари назорати остида бўлган синглиси акасига бу ердаги ҳақиқий аҳвол ҳақида халқаро телефон орқали хабар беришга ожиз эканидан қаттиқ изтиробга тушади. Мунавварахон ўйлай-ўйлай йўл топади: Москвада Фанлар академияси институтларидан бирининг аспирантурасида таълим олаётган ўғли Музаффархон ҳузурига йўл олиб, ўша едаги халқаро телефон станцияларидан бирига бориб, акасининг Париждаги 870-01-47 рақамли телефонига қўнғироқ қилиб, у билан ярим соат чамаси йиғлай-йиғлай сўзлашиб, ҳақиқий аҳволни тушунтиради. Шўро тузуми шароитини яхши билган Сайид Исломбек шундан сўнг бир ой чамаси ўтиб, 1975 йил 12 ноябрда синглисига мактуб йўлларкан: «Мактубингдан билдимки, 31 октябргача Москвада ўғлингнинг ёнида бўлибсан. Энди уйингга қайтгандирсан», дейдию, аммо у билан худди ўша октябр ойида Москвадаги халқаро телефон орқали сўзлашгани ҳақида лом-мим демайди. Орадан бир йилдан зиёдроқ вақт ўтгач, 1976 йил 20 декабрда йўллаган мактубида ҳам: «Қимматли Музаффарбекнинг турмуши қалай? Ўқишини тугатдими ва тугатган бўлса, қандай иш билан шуғулланмоқда?», деб сўрайди-ю, аммо Москвадаги халқаро телефон орқали суҳбатни умуман эслатмайди. Ваҳоланки, ўшанда у Музаффарбек билан ҳам телефон орқали сўзлашган эди. Шундан сўнг синглисига ёзган мактубларида юртига боришни сўраб Москвага бир неча мактуб йўллагани, барча мактубларига рад жавоби олгани хусусида изтироб билан ёзади.
55 йил умрини қўшни Афғонистоннинг бошқа мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқаларини ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлашга бағишлаган, бу хизматлари учун бир неча хорижий давлатнинг юксак орденлари билан тақдирланган 88 ёшли Сайид Исломбекнинг она юрти тупроқларини ўпиб, шу тупроқ бағридан сўнгги макон топишдек энг муқаддас орзуи шўролар тузуми томонидан шундай шафқатсизлик билан барбод этилганди. Шундан сўнг нима қилиш керак? Сайид Исломбек бутун шу давр ичида садоқат билан хизмат этган Афғонистонда уни чет элга хизматга юборган подшоҳ ҳукумати уч йилгина аввал ағдарилиб, у Республика дея эълон қилинган, подшоҳ ўрнида энди подшоҳнинг яқин қариндоши Муҳаммад Довуд ўзи тузган янги партия марказий қўмитаси қарори билан ҳам президент, ҳам бош вазир, ҳам мудофаа ва ташқи ишлар вазири лавозимларини эгаллаб турарди. Шу важдан ҳам, чамаси, Сайид Исломбек Афғонистонга борадиган йўл ҳам узил кесил беркитилган эди.
Шу ўринда Сайид Исломбек Мунавварахонга юборган санаси ноаниқ бир мактубида келтирилган маълумот ҳақида ҳам мулоҳаза юритиш лозим деб ўйлаймиз. Бу мактуб, бизнингча, 70-йиллар бошида битилган. Мактуб муаллифи: «Ҳозирги Афғонистон президенти ўн ёшда экан чоғида мен унга таълим берганман», деб ёзади. Муаллиф Афғонистон президенти дер экан, кимни назарда тутаётгани аниқ эмас. Негаки, мабодо Муҳаммад Довуд назарда тутилаётган бўлса, у 1908 йили туғилган бўлиб, ўн яшар чоғида Сайид Исломбекда на Афғонистонда, на Францияда таълим олгани мантиққа тўғри келади. Афғонистоннинг бўлажак подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ эса, 10 ёшидан 16 ёшига қадар, худди Сайид Исломбек Афғонистоннинг Франциядаги элчихонасида хизматдабўлган 1924 – 30 йиллари Парижнинг Жаксон де Сайли, Пастер лицейларида ва Де-Монпелйе коллежида таълим олганлиги манбалардан маълум.
Тўғри, Муҳаммад Довуд ҳам Парижда таълим олган, аммо у вақтда бўлажак президент ўн ёшда бўлмаган. Шуниси ҳам борки, Муҳаммад Довуд 1947 йилдан Афғонистоннинг Франциядаги элчиси лавозимида ишлаган бўлиб, бу вақтда Сайид Исломбек элчихонада у билан бирга ишлашган. Мабодо у ўз мактубида айтган Афғонистоннинг бўлажак ҳукмдори Муҳаммад Довуд бўлса, бизнингча, Сайид Исломбек ўн яшар вақтида унга таълим берганини айтиш билангина кифояланмай, кейинчалик Париждаги Афғонистон элчихонасида Муҳаммад Довуд билан бирга ишлашганини ҳам айтишини мантиқ тақозо этарди.
Ҳарқалай, мактубдаги бу қизиқарли маълумотга оид айрим ноаниқликлар ҳақида ўйлаганда, мактуб битилган даврда Сайид Исломбек жуда қариб, хотираси заифлашиб қолганини ҳам, ўзи Афғонистон подшоҳига таълим бергани хусусида масъул лавозимдаги синглисига ёзиш шўро тузуми шароитида ниҳоятда қалтис эканини яхши англаганини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Зотан, унинг ўзи сингиллари Мунавварахон ва Муқаддамхонларга ўша вақтларда ёзган мактубларида, худди шу сабабли, машинкада ёзса, хатолар ўтиб кетиши, қўлда ёзса, бармоқлари титраб, ҳарфлар бир-бири устига мингашиб, баъзан таниб бўлмайдиган ҳолга келиши, жумлалар ниҳоясига етмай, чала қолиб кетиши каби кўнгилсиз воқеалар тез-тез учраб туришини эслатиб улардан узр сўраганига дуч келамиз. Хулласи, Сайид Исломбек ўзи таълим берган Афғонистон ҳукмдори ҳақида ёзар экан, кимни назарда тутганлиги, унинг ҳали ўрганилмаган мактубларидан ёки бошқа манбалардан чиқиб қолса ажаб эмас. Шуни ҳам айтиш керакки, Муҳаммад Зокиршоҳгина ўн ёшидан бошлаб Парижда таҳсил кўрганлиги Сайид Исломбек назарда тутган шахс шу киши эканига кўпроқ умид уйғотади.
Она юртига ҳам, 55 йил хизмат қилгани Афғонистонга ҳам қайтиш йўллари узил-кесил бекилгач, Сайид Исломбек биринчи жаҳон уруши йилларида ўзи Афғонистон вакили бўлиб ишлаган ва афғонлардан ҳам, бернликлардан ҳам кўплаб шогирдлар етиштирган, самимий дўстлар орттирган Швейцарияга бориб яшаш фикрига келади.
Эвоҳ, кажрафтор фалакнинг қилмишларини қарангки, шунча вақт мобайнида Европанинг бир неча мамлакатларида зўр ҳурмат қозонган дипломат ҳаёти Швейцариянинг Монтре аталмиш кичик бир шаҳри четидаги кимсасиз қариялар уйи ҳисобланган Валмонт доимий шифохонасидан бошпана топиш билан якунланади…
Сайид Исломбек Валмонт шифохонасига 1976 йил июн ойида етиб боргач, орадан бир ой чамаси ўтиб, синглиси Мунавварахонга қариган чоғидаги бир неча суратини, 1932 йили, 44 ёшлик – куч-ғайрат гуркираб турган суратига қўшиб, мактуб билан бирга юборади. Бу унинг Мунавварахонга сўнгги мактуби эди. Сайид Исломбек 1977 йилнинг 1 январ куни Монтреда қолдирган васиятномаси нусхасини эса, ўтган йили Париждаги «Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ҳамда француз-ўзбек маданий алоқалари ассоциацияси» таклифига кўра Францияга борган самарқандлик археолог-олим Амриддин Бердимуродов унинг ватанига олиб қайтди. Васиятномада ўз хокини Париждаги Пер Ла-Шез қабристонига, рафиқаси ёнига дафн этишларини илтимос қилган, бу васиятни адо этишни ўз ватандоши ва қариндоши Исломбек Сайфуллин ҳамда унинг рафиқаси Хайия Сайфуллинадан илтимос қилган Сайид Исломбек бу васиятини ўз маънавий фарзанди бўлмиш доктор Акрам жанобларига етказишни ҳам илтижо этади.
Васияти сўнгида Сайид Исломбек Қуръони каримдан «Зумар» сурасининг 35-ояти французча таржимасини ёзиб қолдирган. Бу оят ўзбекча нашрда қуйидагича берилган экан: «Зеро, Оллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг яхши амалларининг ажри билан мукофотлар».
Васиятномада Исломбек Сайфуллин номи битилган бўлиб, васият қилувчи уни биродарим деб атайди (русча таржимада уни «двоюродный брат», французча асл нусхада эса «кузен» дейилган). Исломбекнинг бу биродари ҳақида ўйларканман, 1875 йили Худоёрхон билан биргаликда Оренбург сургунига йўл олганлар орасида Сайфуллин деган ном ҳам «Туркистон вилоятининг газети»да келтирилганини эсладим (уни мен «Худоёрхон ва Фурқат» китобида келтирганман). У вақтларда мен Сайфуллин фамилияли киши татар ёки бошқирд миллатидан бўлиб, Худоёрхон уни таржимон сифатида ўзи билан олиб кетган деган фикрда эдим. Бироқ Сайид Исломбек Сайфулинни ўзига «кузен» дейишига ва унинг исми ҳам Исломбек эканига қараганда янги тахминларга келиш табиий. Чунончи, Оренбург сафарига хон билан бирга жўнаган Сайфуллин фамилияли киши татар ёки бошқирд миллатига мансуб бўлмай, унинг асли фамилияси Сайфуллаев, ўзи эса Худоёрхон қариндошларидан бўлиши, газета эса уни русча талаффузга мослаб Сайфуллин тарзида берган бўлиши ҳам мумкин. Сайид Исломбек уни «кузен» дейиши эса, ўша Сайфуллин Оренбургдан Парижга бориб қолган ва васиятномада номи тилга олинган Исломбек ўша Сайфуллаевнинг ўғли ёки невараси бўлиши эҳтимол деган тахминни келтириб чиқаради. Ёки у Сайид Исломбекка она томондан «двоюродный брат» бўлса, Муҳаммад Аминбекнинг хотинларидан бири татар ёки бошқирд миллатидан бўлиб, ундан Сайид Исломбек туғилгану Сайид Исломбек онасининг ҳамширасидан васиятномада эслатилган Исломбек дунёга келган бўлса ҳам ажаб эмас.
Васиятномада эслатилган бошқа бир ном, яъни доктор Акрамга келсак, Люсйен Кэрэннинг А.Саидов билан суҳбатида маълум қилинишича, васиятнома битилган вақтларда у киши Афғонистоннинг Франциядаги элчиси экан.
Сайид Исломбек Тошкентдаги сингилларига йўллаган сўнгги мактуб 1981 йилга тааллуқли. Чамаси, шундан кейин унинг соғлиғи ёмонлашади ва орадан икки йил ўтгач, у ҳаётдан кўз юмади.
Хуллас, васиятига кўра Сайид Исломбек Парижнинг Пер Ла-Шез қабристонига, рафиқаси Александра Худоёрхон қабри ёнига дафн этилган. Сайид Исломбекнинг яна бир жияни Темурбек Худоёрхонов бундан бир неча йил аввал Парижга сафар қилиб, Пер Ла-Шез қабристонида тоғаси қабрини топиб, олдириб келган суратлар шундан далолат беради. Қабрлар устига ўрнатилган лавҳаларнинг бирида: «Исломбек Худоёрхон (1889 – 1983)», иккинчисида эса «Александра Худоёрхон (1894 – 1972)» сўзлари битилган.
Бу қандай бедодликки, Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмдори невараси бўлмиш ажойиб бир инсон, Оллоҳ ато этган буюк истеъдоди, бир умрлик фидоий меҳнати туфайли ХХ аср халқаро дипломатияси ривожига салмоқли ҳисса қўша олган мутахассис тақдири шундай фожиали тугаса. Бу қандай бедодликки, шўро мустамлакаси сиёсатдонлари ёши тўқсон атрофида бўлган, ожиз, мункиллаган бир пири комилга олтмиш йиллик ватанжудоликдан кейин ҳам ўз юрти тупроғига дафн этилишдек сўнгги орзуни ортиқча ҳашам сифатида рад қилсалар.
Шу ўринда республикамиз ўн беш-йигирма йил илгарироқ ўз истиқлолига эришган бўлсаю, Сайид Исломбек сўнгги орзуини амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, нима бўларди, деб ўйлаб қоласан киши. Шу хаёллар оғушида эканман, буюк бобокалонимиз Амир Темур юбилейига машҳур француз олими, дўсти Люсйен Кэрэн билан қўл ушлашиб кириб келган, Соҳибқирондан қолган ҳар бир ёдгорликни кўзига суртувчи ватандошларини галма-гал бағрига босаётган, 1921 йили тарк этишга мажбур бўлган она шаҳри Тошкентнинг, қадим доруссалтанамиз зебо Самарқанднинг эндиги тенгсиз жамолини кўриб ҳайрат мақомида қолган, ёш тўла кўзлари билан ҳамма-ҳаммага тикилаётган пири комил кўз олдимда гавдаланади.
Сайид Исломбек қисмати ҳақида ўйлаганда, бир томондан, кўнгилда қаттиқ алам уйғонса, иккинчи томондан, кишига тасалли берадиган, ҳатто қалбда ифтихор туйғуси пайдо қиладиган нурли жиҳатлар кўз олдимизга келади. Зотан, у ўзигача ўтган барча темурийзодалар орасида энг узоқ умр кўрди, 95 йил ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб яшади. Сайид Исломбек ўзи туғилиб, вояга етган Туронзаминда мустамлака сиёсати қутуриб хуружга ўтган бир даврда она юртига бевосита хизмат қилиш имкони барбод этилганлиги боисидан бўлак бир йўл излаб топди. У сўнгги хон ва шоир бобоси Сайид Муҳаммад Худоёрхон муборак ҳаж зиёратини тўла-тўкис адо этиб, кабираю сағира гуноҳларидан фориғ бўлиб, юртига қайтар чоғида мангулик макон топган жонажон Афғон юртига ва халқига роса 55 йил камарбасталик билан хизматлар кўрсатди, Афғонистоннинг қанчадан-қанча хорижий мамлакатлар билан дипломатик, дўстлик ва маданий алоқалари ривожига бебаҳо ҳисса қўшди. Унинг бу улкан хизматлари Осиё, Европа, Африка қитъаларидаги бир неча давлатларнинг олий мукофотлари билан тақдирланди. Шу тариқа Сайид Исломбек 130 йил чор мустамлакаси шароитида ўз ҳамюртларидан бирортасига ҳам муяссар бўлмаган ҳайратомуз ишларни амалга ошириб, ҳам Афғонистон, ҳам Ўзбекистон тарихига ноёб бир сиёсий арбоб сифатида кирадиган бўлдики, севимли шоиримиз айтганидек, БУНИ УМР ДЕРЛАР!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 5-сонидан олинди.