Жамол Сурайё (1931-1990)

Шоир ва ёзувчи Жамол Сурайё (Cemal Süreya) 1931 йилда Эрзинжонда туғилган. 1990 йилда Истанбулда вафот этган. Расмий ҳужжатлардаги исм-шарифи Жалолиддин Сабар, бироқ асарларида бу исм-шарифини ишлатмаган. Ҳайдар пошо лицейи (1950), Анқара университети Молия факультетини битирган (1954). Молия Вазирлигида назоратчи бўлиб ишлаган. 1982 йилда
шу вазифасидан нафақага чиққан. Бу орада 1975-1976 йиллари Молия Тадқиқот Ташкилоти аъзоси, Истанбулда Зарбхона мудири, 1978 йилда Маданият Вазирлиги нашрлари Маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатган. Нафақага чиққач, нашриётларда маслаҳатчи ва энциклопедияларда муҳаррир бўлиб ишлади, таржимонлик қилди.
Иккинчи Янги оқим турк шеъриятининг пешқадам шоирларидан бўлган Жамол Сурайёнинг “Қўшиғи оқ” номли илк шеъри “Мулкия” журналида босилиб чиққан (1953 йил, январ). Кейинги шеърлари, танқидий мақолалари “Етти тепа”, “Шоирлар япроғи”, “Эврим”, “Якшанба почтаси”, “Папирус”, “Янги журнал”, “Туркия ёзувлари” (бу журналда қисқа муддат бош муҳаррирлик қилган), “Ҳуррият намойиши”, “2000 йилга қараб” журналларида эълон қилинган.
Биринчи китоби – “Увержинка” (1958) Еттитепа шеър мусобақаси армуғонига, иккинчи китоби “Кўчманчилик” (1965) Турк Тили Ташкилоти 1966 йилги шеър мукофотига, 1988 йилда эса “Куз якуни” ва “Иссиқ наҳал” номли китоблари Баҳчат Нажотигул шеър мукофотига сазовор бўлган. Баъзи китоблари ўлимидан сўнг нашр эттирилган.
Асарлари: “Увержинка” (1958), “Кўчманчи” (1965), “Мени ўп…” (1973), “Савдо (ишқ) сўзлари” (1984), “Куз охири” (1988), “Иссиқ наҳал” (1988) кабилар.

СУРАТ

Бекатда уч киши
Eркак, аёл ва бола.
Eркак қўли чўнтакда,
Аёл бола қўлидан тутган,
Eркак маҳзун –
Маҳзун қўшиқлар мисоли маҳзун…
Аёл гўзал –
Гўзал хотиралар каби гўзал…
Бола –
Гўзал хотиралар каби маҳзун
Маҳзун қўшиқлар мисоли гўзал…

* * *

Ўлаяпман, Тангрим…
Нима ҳам дердим.
Ҳар ўлим бевақтдир.
Биламан, Тангрим…
Аммо, очиғи, шу ҳаёт ҳам,
Ёмон эмасди…
Қайтими керакмас…

* * *

Ҳозир деразани очсаму сени кутсам.
Сен келсанг…
Бўлди-да, энди, келақол.
Ҳеч нима сўрамасанг,
Ҳеч нима гапирмасанг.
Жим турсам…
Жим турсанг…
Жим турсак…

* * *

Ҳозир, дейман…
Ҳозир…
Бир денгиз,
Денгизда кема,
Кўкда чағалай,
Самоварда чой бўлса,
Ҳамда бир чой узатадиган…

* * *

Ёмғир бўлсанг минглаб томчилар ичидан сени топардим.
Чунки қўрқаман, тупроқ олганини қайтиб бермагай…

* * *

Умр қисқа,
Қушлар учмоқда.

* * *

Соат ўн иккидан кейин,
Барча ичимликлар
Шаробдир, инон.

* * *

Ким истамас бахтли бўлишни?
Аммо бахтсиз бўлишга ҳам
тайёрмисан, мен билан бирга!

* * *

Мен билан ўйнамаяпти, деб
йиғлаётган болакай.
Шошма, ҳали, катта бўл олдин,
кўрасан шундай ўйинлар
ўйнашадики сен билан…

* * *

Уйғондим, уйғондим ва сени ўйладим
фақат сени, фақат кўзларингни…

* * *

Кўрган жойингда мени бағрингга бос…

* * *

Фақат сен билан кучлиман,
Сен бўлмасанг ҳеч нимада маъни қолмайди.
Мени сев!

* * *

Сен томон саёҳат қилмоқ истайман.
Бир билет бер, ойна ёнидан эмас,
Жонга яқин жойидан бўлсин…

* * *

Қаҳвахона олдидан машиналар ўтмоқда
ва яна бир от-арава…
Сени ўйлаганда ўша от ҳам
чиройли кўринади кўзга.

* * *

Қушлардай чуғурлайди,
Чектирган азобларинг…

* * *

Бир тақвим ва бир шиша ароқ етади менга.
Тақвим: сен келадиган кунларни белгилаш учун.
Ароқ: келмаган кунларингни унутиш учун…

* * *

Овозингда нима бор биласанми?!
Айтолмаган сўзларинг бордир…
Овозингда нима бор биласанми?
Мудраган туркча бор…

* * *

Кўрдимки кулишингдан гўзал шеър чиқади.
Севдим, таваккал қилдим.

* * *

Биласан мен қаерда бўлсам
Ёлғизликнинг пойтахти ўша шаҳардир.

* * *

Ташқарида ёмғир,
Юрагимда ҳасрат,
Хотирамда сен…
Учовингиз бир онда қандай ёғяпсиз?!
Тушунмай қолдим…

* * *

Соямга боқ, соямга
Менга ошиқ, девона…

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

ГУЛ

Гулнинг нақ ўртасида йиғлаяпман,
Ҳар оқшом кўча ўртасида ўлгунча.
Олдимни-ю ортимни билмаяпман,
Йироқлашиб борганини қоронғуликда,
Мени оёқда тутган кўзларингнинг…

Қўлларингни олиб, тонгга қадар силайман,
Қўлларинг оппоқ, оппоқэди.
Бу оипоқ қўлларга қўрқиб қарайман,
Гўё поездлар бекатида адашган,
Йўлини йўқотган одам кабиман.

Гулни олиб юзимга сураман,
Билмам, қандай кўчага тушибди.
Қулимнй, қанотимни синдираман.
Ьяр ҳалқа қон, бир қиёмат чолғу…
Ва сурнай чалаётган илон ўйнатувчи…

СИГАРАНИ ДЕНГИЗГА ОТДИМ

Ҳозир бир кабутарнинг парвозини бўлишяпмиз,
Ўша машҳур кўкнинг мовийлигида…
Узун сочли ва кўкракдор хотинлари билан,
Бир Оқ денгиз чиқиши мумкин ичидан,
Олиб ёрсак агар юрагини шу кабутарнинг.

Ҳозир сенинг юрагинг кабутарникидир,
Қўлларингни тутиб, ёнингда юриладиган чоғдасаи…
Қайси бир қўлингдан тутай гўзалим, қайси?
Бир қўлингда бокиралик ва софлигинг турар,
Бир қўлингда порлаган қуёш нури…
Яна бир қўлингда эса минг фарсаҳ ҳурлик…
Ишлаётган одамлар учун эса,
Нон кесасан яна бир қўлинг билан…

Биз аввалдан шундай эдик сен билан,
Бир булут ўтса, уни кузатардик,
Бир минора гўзал бўлса, уни,
(Шу ердаги) йўқсил одамни…

Қачонки ҳурликнинг, ярашнинг, севгининг,
Ишқнинг денгизига
Бир сигара отсак,
Тонгга қадар ёниб турди…

СИЗНИНГ ҲЕЧ ОТАНГИЗ ЎЛДИМИ?

Сизнинг ҳеч отангиз ўлдими?
Меники бир марта ўлди, кўр бўлдим.
Ювдилар, олиб кетдилар,
Отамдан кутмаган эдим буни, кўр бўлдим.

Сиз ҳеч ҳаммомга бордингизми?
Мен бордим, лампанинг бири сўнди,
Кўзимнинг бири сўнди, кўр бўлдим.
Тепада бир парча само бор эди,
Шунчалар мовий эди, кўр бўлдим.

Тошларга келсам, ҳаммом тошларига,
Тошлар ялтираган ойна каби эди…
Тошларда юзимнинг ярмини кўрдим,
Бир нарсага ўхшарди, ёмон бир нарсага,
Юзимдан кутмасдим буни, кўр бўлдим.
Сиз ҳеч юзингиз совун ҳолда йиғладингизми?…

АРСЛОН ҲАЙКАЛЛАРИ

Узанган қўлларни севаман, қанча киши,
Силайверса, силайверса, арслонларни.
Парклардаги ёқимтой бу арслон ҳайкаллари,
Бирданига қаршилашган, бу эса гўзал эди.
Булар ишқимизнинг арслон ҳайкаллари,
Шоҳона ўзгарган ҳузун ҳайкаллари.
Мен бутун ҳузунларни бошдан кечирдим,
Бир -бир синадим бутун сўзларни.

Янги сўзлар топдим сени кўрмаган чоғим,
Яна кўк юзида сўлиб кетажак шеърга.
Қани энди бир чақир арслон ҳайкалларини,
Тозаланган, ювилган, ғуборсиз арслон ҳайкаллари.
Бир сенинг кўзларинг бор уларда, бошқалар йўқ,
Ё сенинг бошингни олиб кетишингга масъулми,
Модиглиани ўғли, модиглиани.

Оз нарса эмас ёнингда бўлиш, ўйлаяпман,
Ичимда тўлғанаётган севинч неча кишиники…
Бир кийик ўзини қоронғуликка чизиб кетди.
Қоронғу қоронғу-да, лекин яхши танланган.
Вужудинг бўйлаб кезаётган бу арслон ҳайкаллари,
Уларнинг ёллари юксак севгимнинг ёллари…
Уйғоқ кечамизни тўлдирмоқда арслон ҳайкадлари…

Энг сўнгги кунда келдинг, тозаладинг ўрталикни,
Кўтардинг бу муқаддас ризқни тушган жойидан;
Буларнинг бари яхши, лекин бошқа ёнда,
Юрзгим ёнмаяпти, чунки арслон ҳайкаллари,
Ёнида эса тентакқон бир ит ётар эди.
(Худди) адолатхоним икки кишилик кароватида,
Бузилган буржуа ахлоқига ўрнак бўлгани каби…

БОЛ ЗАМИН

Сен Эл қатори бир аёлсан,
Тонгдай оппоқ, киприкли…
Баъзи дарахтлар билан қўшни,
Баъзи гуллар каби севикли…

Фақат шуларгина бўлса, қанийди…
Бир инсонга соҳиб бўлибсан.
Бир қўшиқ қилибсан, бир умид…
Бола қадар гўзал, тиниқсан…

Сочларинг-ла баробар деразада,
Сени излаётганимдан хабарли.
Кемалар, денгиз эскираркан портда,
Севгим, ёшаришинг хатарли…


БОШҚА ИШҚ ШЕЪРИ ЁЗМАСМАН

У эди, бир боқишда танидим уни,
Қушлар тутумига ўхшарди,
Бола тутумига ўхшардик…
Узатди ой, ойдин қоронғулигимга,
Қаердан узатган бўлса, бўйини.

Дунёнинг энг гўзал аёли эди у,
Сочларини тараса, бошдан бошга (Румели )
Ўтирса, аммо ҳеч ўтирмасдики…
Отнинг қони оқар эди томирида,
Кўп эсладим қандай яшаганини.

Энг кўп нимасини, дудоқларини,
Бутун эшитганларга бахшиш.
Ўпичларнинг турлисидан завқ билан,
Чегарасиз денгизида чойшабнинг,
Бир келиб, бир кетар эди дудоқлари.

Оҳ, энди менинг кўзларим,
Бир йиғига ўрганиб қолган.
Бир аёл кўйлаги устимда,
Куннинг мовийлиги ундан,
Туннинг хўрози ундан…

ҚАРС

Шунчалар гўзалки, ўламан энди…
Оппоқ, уйқусиз узоқликда.
Қарс болаларнинг ҳам Қарси,
Ўликларни ёғаётган қорда,
Қотган кўзларимнинг қораси.

Сен, миттигинам, ёқимли,
Нима дерлар унга бу ўрталиқда.
Бўйига туркулар  ўрайсан,
Гўё туркулардан сўнг,
Хоҳласанг кўк бўғиладигандай…

Англаки, ҳар бекатда,
Йўқ чегараси ишқнинг.
О, буюкдан буюк Раббим, ўтинаман,
Ишқимиз кутсин бизни,
Ўзимиз қурган тузоқда…

ТЎППОНЧА

Сигара чекканларга ўт очмангиз,
Оилали хотин-ла ароқ ичаркан…
Розет каби кўксига тақиб жасоратини.
Мен Митридатдан сўз очдим, сиз очмангиз.

Эски бир Усмонли подшоси каби,
Феодализмни супурган мўйлови билан.
Истанбул, Истанбул узокда,
Истанбулга ўт очмангиз…

Тутайлик, адашиб ўт очдингиз,
Шакар Аҳмад подшонинг расмларини.
Эски арузчилар шеърларини ҳам,
Мен жуда севаман, сиз ҳам севингиз…

Абдулатиф Абдуллаев таржимаси

СЕВГИЛИМ БИР КУНИ…

Севгилим, бир куннинг туш пайти ҳозир,
Уловлар елади, гавжум одамлар,
Мен сени ўйлайман бир бодрум қаҳвахонасида,
Узат менга, узат қўлларингни.
Қатор-қатор аскарлар ўтар, жимгина ўтишар ишчи қизлар ҳам,
Истанбул доимгидек яшаш ишқида, шовқин-суронли,
Кабутарлар қуёшдан бир жимликни келтиришади.

Мен сени ўйлайман, сени,
Қани худди ўша илк кунлардаги каби,
Қалбим дейман, қалбим,
Ўтган кун дастгоҳдан чиққан сув ҳисоблагичдек,
Ишқли хотиралар асрар бизни то тушлар қадар.
Шунинг учун айтаманки, ишқ эскиргани сайин ишқдир,
Севги эскиргани сайин севги.

Бугунимиз, заҳматимиз, туркумиз,
Набирамиз, эварамиз,
Бинолар ёнма-ён юксалажакдир,
Кемаларнинг оғзи кўпик ичида,
Олисларда қанча эшиклар очиқ,
Поездлар бир бекатдан бошқасига йўл олар,
Бошқасидан қайтади бири.

Ҳаммаси аён, ҳаммаси,
Сен-чи биласанми, қани, айт?
Сени қанча севишимни?
Ёнингда қандай титрашимни?
Келишимни?
Кетишимни?
Биласанми,
Қани, айт?!

8.10 КЕМАСИ

Овозингда не бор, биласанми?
Бир чаманнинг ифори бор.
Мовий, нозик қишки чечакдек
Сигара чекмоқ учун
Чиқадирсан тепа қаватга.

Овозингда не бор, биласанми?
Мудраган Туркча бор.
Гарчи бундан мамнун эмассан,
Бу шаҳарни севгинг ҳам келмас,
Газетасин буклаб қўяр бир одам.

Овозингда не бор, биласанми?
Кўҳнайган бўсалар бор.
Ҳаммомнинг шаффоф ойнасидек
Кўринмадинг бир неча кунки,
Мактаб қўшиқлари аро.

Овозингда не бор, биласанми?
Уйлар интиҳоси бор.
Гоҳ-гоҳида қўлингни бошингга қўйиб
Шамоллар тўзғитган ёлғизлигингни
Аритгинг келар.

Овозингда не бор, биласанми?
Айтилмаган калимлар бор.
Бу кичкина нарса, эҳтимол,
Бироқ куннинг бу маҳалида
Эски ёдгорликдай турарлар мавҳум.

Овозингда не бор, биласанми?

СЕНГА ОЛИБ БОРАР ЙЎЛЛАР

Биламан, сенга олиб борар йўллар ёпилган,
Устига-устак севмагансан мени ҳеч қачон.

Нақадар яқинсан, бироқ ўртада жарлик бор –
Инсонлар, уйлару деворлар номли.

Уйғондиму яна сени ўйладим фақат,
Фақат сени, фақат сенинг кўзларингни.

Сен ахир Аёлсан, сен ўлимим, сен сабабкорим,
Мени бошқа одам санамасинлар бу ерда.

Ҳозир бир кўппакдек югураман у ёқдан бу ёқ,
Аслида бир мағрур одамман, ишон.

Эслолмайман қайси қадаҳдан сув ичганимни,
Ва ичимга кирмаган бир тишлам нонни.

Неча бора сенга олисдан боқдим 5.45 кемасида,
Қай қўшиқни эшитсам, биз-чун айтилгандай туюлди.

Бу муҳаббат одамни ақлдан озриражак,
Қандай унутайин ахир бошқага кўнгил берганинг?

Болаларча, сени ранжитган бор қилмишларим,
Авф этгин, энди бошқа такрорланмайди.

Учрашмаслик учун қўлимдан келганин қиламан,
Фақат, бу унчалик осон бўлмайди чоғи…

Алишаман фақат тушларда сочинг силамоққа
Бу бахтиёрлик ҳам оз эмасдир гарчи…

Чиқаман, кетаман бу шаҳардан, ҳеч қурса,
Сенсизликнинг исми бўлар, бир маъниси бўлар эҳтимол.

Ишон, қайгалигин айтмайман, безовта ҳам қилмам ҳаттоки,
Фақат шудир, билгин, сўнгги истагим:

Бир тун ярмида битмоқдаман бу мактубимни,
Ёлвораман, уни ўқима фақат чоршанба кунлари…

ИККИ ҚАЛБ

Икки қалб орасида энг қисқа йўл:
Бир-бирига узанган ва вақт ўтгани сайин
Фақат бармоқ учи тегувчи
Икки қўл.

Зиналардан ўша томон югураман,
Кўзламоқ вужуднинг аён бўлиш пайтидир,
Жуда эрта келдим шекилли,
Сени тополмаяпман,
Эҳтимол, адашдим, адашдим чоғи.

Қушлар қатор-қатор учиб кетишаётир,
Кошки фақат шунинг учун севсайдим сени…

* * *

Бахтиёр ухламоқ керак, азизим…
Модомики уйқу ярим ўлим ҳолидир,
шундай экан,
бахтиёр ўлмоқлик лозим ҳар кеча…

* * *

Бизлар синдик яна ҳали кўп синадирмиз,
Бироқ
қотиллар билмайди ўлдирганини,
ўғрилар билмайди ўғирлаганини.
Биз янги ҳаётнинг
эски тажрибасимиз.

* * *

Нега ғамгинсан саволига жавоб изламоқдан
ва
буни сўрамасинлар дея
жилмайишдан
чарчадим.

* * *

Ранжитишар сени,
ҳали жуда кўп ранжитишади.
Хаёлингга шундай келаман,
хуллас…

Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси