Хулио Кортасар (1914-1984)

Хулио Кортасар ( Julio Cortázar; ҳақиқий исми Жюль Флоренсио Кортасар; 26 август 1914 — 12 февраль 1984) — аргентиналик адиб ва шоир. «Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди. Хулио Кортасар насрнинг барча жанрларида баракали ижод қилди. Шеърлар ҳам ёзди.

БИР АЁЛНИНГ ЙЎҚЛИГИ ҲАҚИДА

Мен яхши англайман,
йўқсан у ерда,
кўчада,
оп-ойдин шаҳримизда ҳам.
Барча ёлғонларда,
барча рўёда.
На бу дунёдаю,
на у дунёда…

Хўранданинг бўғиқ овози
ва ёҳуд нозик қўл ишоралари
официянтни чорлаганида…
Тиқилинч метрода
йўл олаётган
гўзал ташвишлар ва тубассумларда…
Омонат китоблар,
маҳзун қўшиқлар,
қайта учратмайман сени эҳтимол,
“Учрашгунча” деган видоларда ҳам.

Энди,
буткул йўқсан хаёлларимда,
Энди, сўзларимни эшитмассан ҳеч.
Хатто, телефоннинг хотирасидан
Рақамингни излаб топа олмайман…
Гўзал либосидан
на бир аёлнинг,
топгум,
на қирмизи қўлқопларидан…
Қаҳр бўға бошлар мени, азизим,
Ахир яшамадим сендан нарида.
Шоколад оламан, сен учун эмас,
Ғамгин кунларимнинг кулгуларига.
Сен келмас бекатда йўлинг кўзлайман,
Ҳаммадек бошимни қотираман мен,
Ҳаммадек овқатлар ейман эрта-кеч…

Энг кўҳна ўйларни топган бир дамда,
Мен яхши англайман,
сен йўқсан,
сен йўқ,
Ташқарида, хатто ичкарида ҳам,
Сени асраётган кўнгил тубида,
сен йўқсан…

На боғда изинг бор,
нада саҳрода,
На дарёю денгиз талотўпида.
Сен йўқсан,
сен йўқсан,
сен йўқсан ахир,
Балки, ёдимда ҳам қолмассан ҳатто.

Қачонки ўйласам,
сезсам йўқлигинг,
Бир ҳикмат келади ақлимга олий:
“Сени эсламоқлик йўлида Худо
мени эсламайди ҳеч қачон…”

* * *

Латиф ёлғонларда яшамоқдаман:
тузатиб ёқамни,
бўйинбоғимни,
кўзгулар қошида айлайман таъзим,
уйдан чиқиб ишга оладирман йўл.

Ҳар кун соат тўққиз деган бонгларда,
Тангрилар топширар жонини бир-бир
газетларнинг узун сатрларида…

Ортиқ сенинг учун азобланмайман,
Ичимда бир бўшлиқ сезаман абад —
икки юзига ҳам таёқ урилган,
барабанга ўхшар бу бўшлиқ, фақат.

Баъзан оқшом чоғи роҳат олмоқ-чун,
нимадир ўқисам —
(Янгиликлар,
ёҳуд БМТнинг дебатларими,
ёхуд валютанинг ошгани ҳақда) —
Қоп-қора сочимга ўхшар ҳасратинг…
Кўксимни эзмадим сендан ўзга деб,
Фақат кўп нарсага етгандай завол,
истардим, қанийди, қидирсам, топсам:
масрурликни,
ҳамда
дудоқларимда
яшамоқ истаган табассумларни…

* * *

Айтгин, ҳақиқатни учратганмисан —
ойдин юлдузларни, покиза қорни,
баҳорнинг мармардек қадамларини?

Айтгин, ҳақиқатни алмашасанми —
бир кўза сувгами ё иссиқ нонга,
ё севган аёлинг яноқларига?

Бошинг узра тушган оғир зарбадек,
ахир англайсанми ҳислар тобини?
Хаво етмай ўлган ожиз юракнинг,
бир ўтган кечасин минг азобини?
Сен ҳеч сезасанми,
таслим бўлмоқ ва
ҳар недан айрилмоқ изтиробини?

Ҳар имдоди ила ўртар жонингни,
айт-чи, билмайсанми,
не учун керак —
қўлларинг, кўзларинг, юрагинг, руҳинг?

Уларни бирма-бир йўқотганмисан,
кўзингдан ёш мисол оққанми бари,
истасанг, бошқатдан яраларми, айт?

* * *

Сенсиз яшамоққа мажбур бўлсам мен,
Кел, дилим кўр бўлсин, йўл хатар бўлсин.
Сўкилган чакмон-ла кездим шаҳарни,
энди емак топмоқ бесамар бўлсин.

Шундай фаровонлик, тўкинлик ичра,
жоним озор топса, хулласи калом.
Хотирда сақлайман мудом номингни,
ҳеч не унингчалик бермагай ором.

Жуда севмаганман, балки, мен сени,
бироқ бахтим энди пуч бўлар экан,
англайман, бормадим асли фарқига,
нелар ҳадя этдинг дилга, ҳурбадан.

Ҳамиша ўзимни алдаб яшадим,
кўз олдингга келгум шундайин бу дам:
Мен —
эшиги ёпилиб, очилмас сира,
ғамгин хонадаги ёлғиз бир одам.
Деворнинг ортида ўчоқ ҳовури,
яқинда узилган ноннинг ҳидию,
бир ҳовли шодлик…

Сендан айрилмоқлик —
Дунёга гўё
бир кўз-ла боқмоқдир, тингла сўзимни:
Бир кун бу азобдан халос бўлсам гар
сенга тутадирман икки кўзимни…

МЕҲМОНДОРЧИЛИКДАН КЕЙИН

…ҳамма уйимиздан чиқиб кетганда,
бўш шишалар, таланган дастурхон
ва бизсиз йилларнинг устидан кечиб,
фақат,
ёлғиз қолсак сен ва мен…

Англамоқлик, нақадар гўзал,
фариштадек эдинг маст онларда ҳам…

Вақт эса ўтажак жим
иккимизни
қолдириб оқшомлар ҳаяжонида…

Қолган бир сен эдинг, ҳамма кетганда,
чорлаётир бизни
бебошликнинг майин ёстиғи —
янги тонгни кутиб олмоқ ва
бирга бу дунёдан ўтмоқлик учун.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси