Лойиқ Шерали (1941– 2000) – ҳозирги замон тожик адабиётининг йирик вакилларидан. Панжакент туманидаги Мозори Шариф қишлоғида туғилган. Душанбе Давлат Педагогика институтини тугатган. “Йўловчи”, “Қадаҳсўз”, “Кўнгил кошонаси”, “Кўзлар манзили”, “Қуёш ёмғири”, “Шоҳнома”дан илҳом”, “Тошдаги битик”, “Мен ва дарё”, “Сассиз фарёд” каби йигирмадан ортиқ китоб муаллифи. Тожикистон Халқ шоири, Рудакий номидаги Давлат мукофоти, Халқаро “Нилуфар” мукофоти совриндори. Шеърлари элликдан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган.
* * *
Лойиқ ҳазратлари, сиз огоҳмисиз,
Гуллаб турган ёшлик айёмингизнинг
Ярми ғафлат босиб, алданганидан?
Ўткинчи умрингиз хазинасининг
Ярми ғорат бўлиб, таланганидан?
Ишқу Шеър ва Шуҳрат орзуси дея
Ном олган ўғрилар қолдирмай бир из,
Кўзингиз олдида, хазинангизни
Ташиб кетганидан хабардормисиз?
Сиз эса мамнунсиз,
Ишхонангизда,
Тамаки дудида йитганингиздан,
Китоблар терилган жавон олдида,
Номига чучмал шеър битганингиздан.
Мамнунсиз, бир ҳовуч тўпориларнинг
Юзаки битилган хатидан, ахир,
Гўё шеърингизни ўқигач улар,
Шодликдан қийқириб, айламиш фахр.
Гўё шеърингизни ўқиб ўшалар,
Юраги титрагай, йиғлагай унсиз.
Ўздан фахрланиб кетасиз ногоҳ
Ва гулдай яшнайсиз,
Зеро, мамнунсиз.
Ахир, сиз,
(Уйингиз буғдойга тўлсин!)
Алданиб дунёнинг алдовларига,
Нечун ишонасиз бунчалар осон,
Одамларнинг сохта мақтовларига?
Ахир, сиз
Бўрилар билан қўйни еб,
Чўпон билан бирга йиғламайсиз, бас,
Ахир, сиз,
Ариқдан қочиб, қутулиб,
Дарёга тутилган қавмидан эмас.
Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Сара шеър бир марта яралар, тайин.
Сиз биласиз, шоир ул шеъри билан
Мъжиза бобида Худога яқин.
Шоирнинг илк, сўнгги якка-ягона,
Ўшал шеъри билан ёришар қалби,
Ўшал ёлғиз шеъри билан қолар у,
Ёлғиз фарзанди бор оналар каби.
Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Бу дунёнинг не-не алп шуароси,
Ўлимидан олдин оҳ-фиғон чекиб,
Ўтади ўзидан бўлмасдан рози.
Зеро, яратмаган мумтоз шеърини
Ўзи билан олиб кетгайдир бадар,
Гўрга олиб кетар ўшал шеърини
Ёки ўша шеърни гўрида айтар.
Бир бор ўзингизга келинг, юракни
Очиб, ундан сўранг, борми хабари:
Сўзмикан, яратган барча шеърингиз
Ёки майда-чуйда сўз парчалари?
Агар шеър мезони ўлчанса шундай,
Сизнинг юзингизга айтгум рўйи рост,
Ҳозиргача (Мени маъзур тутгайсиз!)
Бекор сув янчдингиз ўғурда, холос.
Лойиқ ҳазратлари, сиз огоҳмисиз,
Ўғурда сув янчгансиз, холос!
Ўғурда сув янчгансиз, холос!..
* * *
Бу ёмғирли тунда, маҳзун кечада,
Онам кулбасини ўйладим бир зум.
Унинг чакка ўтган томини эслаб,
Дилимда бир дунё йиғлади юм-юм.
Бўм-бўш ҳовлидаги ғариб кулбада,
Тўғри кўнгил – унинг бори-бисоти.
Болалари тўзғиб, уй бурчагида
Ёлғиз ўтиргандир хаёлга ботиб.
Балки, рўза тутиб Рамазон ойи,
Қилмаган гуноғин оқлаётгандир?
Ифтор чоғи шифтдан томган чаккалар,
Балки, қулоғига ёқмаётгандир?
Эски жойнамозда ўтириб, балки,
Юракдан Худони ўйлайди ҳамон?
Балки, паст овозда Парвардигордан
Сўраб ўтиргандир жаннатдан макон?..
Бир вақт қувноқ эди мунғайган онам,
Узун сочлари ҳам тим қора эди.
Сочидан таралган қатиқнинг ҳиди
Бир хазина эди, бир чора эди.
Енгини шимариб тирсакка довур,
Минг битта тадбирни ўйлаб толарди.
Гўё у тақдирнинг қаттиқ қўлидан
Бизнинг ризқимизни юлқиб оларди.
Сигир соғар эди уйғониб тонгда,
Меҳр билан сигир ортини силаб.
Сирғалиб тушарди сут идишига
Танғилган сочлари тўзғиб, қалтираб.
Ҳар гал қизиб турган мўъжаз тандирга
Сутли кулчаларни ёпиштирган дам,
Тандирнинг лахчаси куйдирар эди,
Кипригининг учи, қошларини ҳам.
Сутнинг ҳиди қолган қўллари, тунда
Бошимда сирғалар эди мулойим.
Силарди кўзимнинг қабоқларини
Унинг бармоқлари, оҳиста ва жим.
Юрагимда ёнган орзуларимни,
Соддадиллик билан тутар эдим сир.
Қўлини кўксимга босиб ухлардим,
Шифтнинг вассаларин санаб бирма-бир.
Бу ёмғирли, маҳзун кечада тағин,
Онам кулбасини эсладим ногоҳ.
Шифтдан ўтган чакка… Ёмғир шиддати…
Дилимда бир дунё дод айлади, оҳ.
Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Жойинг жаннатлиги, гарчанд, тайиндир.
Лекин, томдан чакка ўтган бу кунлар,
Билмайман, негадир, жуда ғамгиндир.
Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Биламан, пушаймон қилмайсан бекор.
Ёғилган ўқ бизни ўлдиролмади,
Ёғса ёғаверсин, майли, ёмғир, қор!
Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Ҳаёт гоҳ қадр, гоҳ қорнига йиғлар.
Осмон ҳам, баъзан, ер, баъзида эса,
Ўзининг паришон ҳолига йиғлар.
Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Осмон йиғлар, дарди бунчалар оғир?
Сенинг кўз ёшларинг бас эмасмиди?
Ёмғир ёғар… Ёмғир устига ёмғир…
ЭСКИ ЎГИТ
Дўстлар! Қўлда қадаҳ, дилда гард надир?
Бу кун ўтди, эрта келган дард надир?
Ахир, кимга керак панду насиҳат?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!
Дўстлар! Ишқ баҳори гул сочиб ўтди,
Дил дарёси бекор, тез оқиб ўтди,
Қачонгача дилни шртар азият?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!
Дўстлар! Дил додига етайлик бир дам,
Ёр нозин кўтариб кетайлик илдам,
Ноз айлаган ёрдан кутмайлик ҳиммат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!
Дўстлар! Бошни бошга айлайлик фидо,
Юракда тинмасин қадим куй, нидо,
Шеър, қўшиқ нурига қонсин муҳаббат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!
* * *
Хатодан, ғафлатдан ва ғурурлардан,
Жафодан, ғирромлик ва қусурлардан,
Ёлғондан, алдоқдан ва ур-сурлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Гумону маломат ва бўҳтонлардан,
Дилни эговлаган ўлик жонлардан,
Қалби кўр қўрслардан, қўли қонлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Камолот фаслида камол ўтгайдир,
Тушдай бамисоли хаёл ўтгайдир,
Қадр топган ҳусну жамол ўтгайдир,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Гул-япроқ кузақда бўлгандай хазон,
Йўлларда қуриган дарёдай ҳайрон,
Азобдан қийналган жондай беомон,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Эскирган матодай йўқотиб рангин,
Ўлик ердай ютиб зардобу зангин,
Йўлларда туртинган асодай ғамгин,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Ирода сўнгайдир, ғам келса ғолиб,
Ҳалок айлагувчи азобдан нолиб,
Биздай тўполонлар ичида қолиб,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.
Гарчанд, у – юракда мунглиғ ҳикоят,
Гарчанд, – дунёдан айлар шикоят,
Гарчанд, у – ёшликдан гўзал ривоят,
Безамон қартайиб кетади, афсус,
Ноаён қартайиб кетади, афсус…
* * *
Илк муҳаббат – совуқ урган ғўрадай,
Етилмай тўкилар шохдан ғамбода.
Умр новдасининг илдизи агар
Сувда бўлса, гуллар қайтган баҳорда,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Шоирлик юртига сафар айладим,
Тўрвамга мен сени жойладим, фақат,
Тўрвамда йўқ эди тоғлар ганжидай,
Шуъла сочган тошдан ўзга бир давлат,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Баъзан, кўксим ичра нолийсан узоқ,
Баъзан, ўт ёқасан бағримга маним.
Берилиб кетганда ишқ ўйинига,
Баъзан, бошим билан ўйнашасан жим,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Баъзан, пушаймонлик биёбонида,
Кетган ёр изини ахтардинг роса.
Баъзан, неки насиб этса умрдан,
Унга шукр айтиб, қилдинг муроса,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Ҳаёт кўпу камнинг йиғиндисидир,
Ҳар тун осмон узра ой бўлмас сирдош.
Чиройга ошиқдир баъзилар, аммо,
Дўппи топилади, омон бўлса бош,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Мудрама шошқалоқ оламда, зеро,
Шоирлик, ошиқлик телбаликдир, рост.
Очилган эшикни очганлар касби, –
Хонаки товуқнинг парвози, холос,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Яна сипқорамиз жомларни бир-бир,
Бошга кўтарамиз яна шомларни.
Туғилган минг-минглаб чақалоқларга,
Биз инъом этамиз янги номларни,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Девона бўл!
ШОИР ҚАДРИ
Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетганда сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетганда,
Оҳанги қумларга чўкиб кетганда,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетганда,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Юрак осмонини қопласа булут,
Сохта гўзалликнинг юзи ҳам шувут,
Эзгулик дунёси бўлганда унут,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса олам, дардини,
Бир сўздан изласа ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
ОРИФ ЗОТЛАРГА
Ноаҳил ва кўрдир ёритгувчимиз,
Яқинлар ўзидан олислардадир.
Тоғларимиз каби сақлаймиз сукут,
Токи, тоғлар тоши қиларкан сабр,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Жилоси қолмагай тоғларимизнинг,
Торож бўлса тоғлар тоши, турбати.
Балки, тош арзимас кўз ёшимизга,
Аммо, ғорат бўлса тоғлар қудрати,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Булоғимиз кўпдир, томоғимиз қоқ,
Гўё озод, аммо, қулмиз беқадр.
На майдон мардимиз ва осмон марди,
Аслимиз қанақа, номимиз надир?
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Номимиз баланду оҳангимиз паст,
Руҳ баланд, юзларда ажинлар қат-қат.
Дарё тўла суву ташнадир соҳил,
Тоғлар баланд, аммо, пастдир фаросат…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Пахтамиздан битта кўйлак тикилмас,
Юзи ёруғ бўлган бир ҳамватан йўқ.
Пахта фахримиздир ўла-ўлгунча,
Ўлсак, ўрагани, ҳатто, кафан йўқ…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Озодалик йўқдир, оворалик бор,
Чоракорлик йўқдир, бечоралар бор,
Она юртимизда, зоҳиримизда,
Эгасиз, худбинга не чоралар бор?
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
Бошимиз омондир, қалбимиз ўлик,
Қисмат қийиғидан белбоғимиз йўқ.
Бир сафда кетамиз итаот қилиб,
Бир сафда Ўзликка келмоғимиз йўқ,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!
КЎНГЛИМ ДУО ИСТАР…
Менинг қари онам, қаерлардасан?..
Кулфатлар домидан толиб кетдим мен.
Бирор тадбир ўйлаб топмасанг бўлмас,
Тақдир гирдобида қолиб кетдим мен.
Бошим қўлларингни соғинди жуда,
Соғиндим дардингга жўр оҳларингни.
Букун ғамдан зада бўлган юрагим
Тусаётир иссиқ нигоҳларингни.
Кўнглим дуо истар, паррандаларнинг
Бир жуфт қанотидай қўлингни ёзиб,
Худони фалакдан ерга чорлардинг,
Fамгин пичирлардинг қиблага боқиб.
Мени олисларга кузатган чоғда,
Ногоҳ ёшга тўлиб кетарди кўзинг.
Кетганимдан кейин, ортимдан йиғлаб
Суяниб қолардинг ўзингга ўзинг.
Нимасини айтай?
Мендан яхшироқ
Биласан қисматбоз дунё ҳолини.
Яхшироқ англайсан сен мендан кўра,
Тириклик тонгини, ҳаёт шомини.
Бу дунёда битта-битталаб йиғдим
Илм ва ҳикматнинг урвоқларини.
Бироқ сендай яхши ўрганолмадим
Бу еру осмоннинг жумбоқларини.
Биламан, юз ёшга кириб ўлсам ҳам,
Ҳануз йўргакдаги гўдак эканман.
Биламан, сенинг пок сутингдан кейин,
Еган бўлсам, фақат, афсус еганман…
* * *
Илгари эркаклар гўридан кўра,
Чуқурроқ ковлашган аёллар гўрин.
Топдилар гуноҳин катта деб мудом,
Шариатдан не-не ҳийлалар йўлин.
Чуқурроқ қазганлар аёллар гўрин,
То гуноҳин кўмсин деб ернинг таги.
Бирор майса ўсиб чиқмасин, токи,
Булғанмасин эмиш поклар этаги…
Лек, улар билмасди, аёл бу – она,
Инсонни туғди у, гуноҳи шудир.
Бундай одатшунос, разил зотларга
Ато айлаганин ҳаёт ва умр.
Улар билмас, она яратгувчидир,
Она билан топар бу ҳаёт такрор.
Барча фарзандларин гуноҳи учун,
Ҳатто гўрида ҳам тортади озор.
Улар билмас, аёл – жаҳоннинг жони,
Она боис кўргай оламни кўзи.
Гуноҳи бор бўлса, у ҳам шул:
Шундай
Қадр билмасларни туққандир ўзи…
* * *
Ишқ аввали – баланд, бепоён осмон,
Ишқ охири – ботқоқ, дунё – қоронғу.
Ишқ аввали – ёш ва қайноқ орзулар,
Ишқ охири – қариб, кексайган орзу.
Ишқ аввали – қўллар ёрнинг бўйнида,
Ишқ охири – қўллар қўлтиқда бари.
Ишқ аввали – нигоҳ ёрга юзма-юз,
Ишқ охири – боқар юзсизлик сари.
Ишқ аввали – кокил узра гул-чечак,
Ишқ охири – бир боғ хору хас, сўник.
Ишқ аввали – тенгсиз дунё эгаси,
Ишқ охири – эссиз, эгасиз ўлик.
Ишқ аввали – мардлар тўнин кийган лоф,
Ишқ охири – номард тўқиган туҳмат.
Ишқ аввали – дилда лаззатли азоб,
Ишқ охири – дилда ўртанган ғурбат.
Ишқ аввали – лабда эриган бўса,
Ишқ охири – аччиқ, шўр босган кадар.
Ишқ аввали – дийдор нашъу намоси,
Ишқ охири – ҳижрон тутқазган заҳар.
Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор,
Ишқ охири – хазон фасли, хиёнат.
Ишқ аввали – илк бор яралган дунё,
Ишқ охири – қойим бўлган қиёмат.
ЭРТАНИ ЎЙЛАБ
То ҳаёт булоғин ёпилмай кўзи,
Авлодлар қалбига тўлсин деб лим-лим,
Оналар мозорнинг бошига борди,
Оталар йўл олди дор остига жим.
То ўлмасин дея кейинги авлод,
Асраб қолсин дея юртнинг шонини,
Душманнинг ўқини еди оталар,
Волидалар ичди жигар қонини.
Ор-номус қолдириб кетди оталар,
Орият йўлида таслим этиб жон.
Ота руҳи рози бўлсин деб фарзанд,
Ўлса ҳам, номусин этмади пайҳон.
То ҳаёт, то абад туртинмасин деб,
Ўтганлар тоқати тўлган, тоқ эди.
Оналарнинг кўрган кунлари қаро,
Гўдакларнинг ичган сути оқ эди.
ФАРЗАНДЛИК ҚАРЗИ
Мард эмас ул эркак, ҳаёт жангига
Кирмаса совутин ечиб беханжар.
Бесовут, беханжар кирса-ю бироқ,
Қўлида қирқ ҳунар бўлмаса агар.
Ўз халқининг дарди, каму кўсти деб,
Ўзи билан ўзи олишганда мард:
Киндигининг қони тўкилган ерга,
Юрагининг қони тўкилмоғи шарт.
* * *
Эй, дарёнинг майин эсган шамоли,
Келгил, юрагимда бир лаҳза қувон.
Ёки сен ҳам мендай шошқалоқ каби
Ҳаётни шитоб деб қилдингми гумон?
Тошлар ўйга ботган соҳил бўйида
Дарё суви мендай шошади ҳар ён.
Неки ўтди, қайтиб келмайди бошқа,
Бу ҳақиқат, фақат, айтишга осон…
Нима топсанг – қўлдан кетар бир зумда,
Ҳаёт ортга қайтмас қадимдан-қадим.
Қўлингда неки бор – ўша нақд бугун
Ва унинг қадрига етолмас ҳеч ким.
Ҳаммамиз дунёдан ўтамиз, дарё
Қуримай, узоқ йил тўлишни истар.
Беқарорлик – ушбу дунёга одат,
Бундан-да беқарор бўлишни истар.
Сув лабида сўзга очолмасман лаб,
Ўзимча минғирлаб, тўзим билмасман.
Эй, дарё шамоли, нима йўқотдим,
Нима ахтараман???
Ўзим билмасман.
* * *
Сочларинг ёйилган… Қўрғонланган ой…
Fуборга бурканган сутдай ойдин тун…
Ойнинг этагига узун қўл каби
Чанг солар тоғ тиғи – узундан-узун.
Дарёга ёйилар ойнинг кулгуси,
Мавжлар ҳам қиқирлаб ўтаётир шод.
Кулгин, фақат, дарё қирғоғи узра
Дунёнинг баҳридан ўтар одамзод.
Ерда эса… Буткул ўзга бир ҳолат,
Қирғоқда майсалар сўлган, таланган.
Ёндир, то нигоҳинг чўғидан ёниб
Дарёнинг юраги олсин аланга.
Ўтли нигоҳимдан қочар кўзларинг,
Виқорли талъатинг – порлаган қамар.
Биз кўнгли дарёлар бормиз, дарё бор,
Ранги ўчган бу бахт – ёруғ нақадар.
Ҳаммаси ўтади… Бахт ҳам, иқбол ҳам!
Ҳатто, ёруғ ойнинг юзида бор доғ.
Қара, ой бўйнидан, худди мен каби,
Қўлини ўтказиб турар баланд тоғ…
ЭЙ, ТИЛСИЗ ДАРАХТ
Ўзингдан чиқариб болта сопини,
Илдизинг кесишар,
Дунё ўзи – шу.
Танангни нимталаб,
Ташиб кетарлар,
Нечук савдо?
Нечук кемтик дунё бу?
Сендан дор ёғочи тикланар баланд,
Тобутга айланар тананг, дардларинг.
Тилинг бўлса сўйла, эй, тилсиз дарахт,
Айт, тилинг эмасми, ахир, баргларинг?..
Тожикчадан Одил Икром таржимаси
СЕН БЎЛМАСАНГ
Сен бўлмасанг хаёлимда
Ғазал айтмагай дарёлар.
Тириклик ҳам бўлур кўрксиз.
Шоирсиз қолгай дунёлар.
Сен бўлмасанг хаёлимда
Муҳаббат ҳам қолар ёлғиз.
Кўзларингнинг оловидан
Сўниб хор бўлгай у, афсус.
Сен бўлмасанг хаёлимда
Шеърларим ҳам бўлур барбод.
Менинг озурда бу жоним
Танҳоликдан чекар фарёд.
ЗАРАФШОНЛИК ДИЛДОРГА
Кўзларингнинг қаърида
Куйдургувчи олов бор.
Суғдлардан мерос қадим
Олов каби бетакрор.
Куйдирдинг мени зор-зор,
Эй зарафшонлик дилдор.
Кўзларинг оловидан
Чеҳранг бўлди оташгун.
Ҳижронингда ўртаниб
Жигар бағрим бўлди хун.
Дардим билурмисан ёр,
Эй зарафшонлик дилдор.
Ишқинг довулларида
Сарсон бўлиб юргайман.
Бир кун хоки пойингга
Бошим қўйиб ўлгайман.
Эй, зарафшонлик дилдор,
Эй, зарафшонлик дилдор.
Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси
ШОИР ҚАДРИ
Қай кун ишқ аҳлини эзса жудолик,
Ботирлар кучида сезса адолик,
Қай кун одамларни енгса танҳолик,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Қай кеча кўк аро куйса бир юлдуз,
Заминда ёш юрак тўлғонса ўтсиз.
Одам ўзлигини қачон қилса ҳис,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Сайёдлар ортига қайтса бебарор,
Камони елкада, бош эгиб, ночор
Ўлтирса, ғурурдан нишон йўқ, хоксор,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Қай кун йўловчилар қақроқ дашт аро
Қолишса лол, хомуш, бекуй, бенаво,
Шеър айтиб топишса таскин, тасалло,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Қай кунки, дил базми бетаъсир қолса,
Қай кун гўзалликдан жило йўқолса,
Яхшилик дарёси оқишдан толса,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Зўрликка даъвогар жами кимсалар
Кибру ҳаво ила кўзни юмсалар,
Қабр тошига байт излаб қолсалар,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Қай кун ўз қадрига етолса одам,
Орзу чўққисига чиқолса шаҳдам,
Сўздан ўз дардига тополса малҳам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
КОВАНИНГ ЎН ЕТТИ ШАҲИД ЎҒЛИ ҒАМИДА ФАРЁДИ
(«Шоҳнома» илҳомлари»дан)
Аламли сийнам ичра, оҳ, дилим садпора йиғлайдир,
Гўдаксиз кулбам ичра бўш бешик овора йиғлайдир.
Учар мастона кулгулар шоҳона давра базмидан
Менинг кўзим бўлиб, ё Раб, бу дунё ошкора йиғлайдир.
Замин бечора-ку, асли, фалак бечорароқ ундан,
Мани танҳога ҳамдарддек бари сайёра йиғлайдир.
* * *
Илмлар ғазнабони ҳазрати Сино,
Рози дилин икки тилда сўйларди.
Нишопурлик Хайём — шоири доно —
Маъни дурин икки тилда куйларди.
Икки тилли эди аҳли шуаро,
Ёзарди халқ тили ҳам ўз тилида,
Ёзарди ҳақ тили ҳам ўз дилидан,
Шундан халқ олдида обрўйи аъло.
Аммо бирдай эмас барча замон ҳам, —
Одамлар-ку доно, дағи ҳушёрдир, —
Икки тилли шоир қанча бўлса — кам,
Икки юзли шоир шунча бисёрдир.
* * *
Ҳар кимки ҳаётда яшагай порлаб,
Кимки тирикликдан бир нишон бўлгай,
Жамики санъатлар ичида яна
Ўлиши бир санъат бўлиб туюлгай.
Суврату сийратин чиройи билан
Кимки ул тенгсиздир, кимки илгари,
Донглироқ ўлиги тиригидан ҳам,
Ўлими гўзалдир ўзи сингари.
Худди Зоя каби дорнинг остида,
Мусадек зиндонда ўлмоқ керак ё,
Бундайин фарзандлар жасоратидан
Ватан ҳам ҳар айём фахр айласин то.
Қуёшни қаноти билан ёндирган
Ҳайиқмас Икардек ўлмоқ саботдир:
Тупроққа учди у қаноти куйиб,
Лекин куйибдими умид қаноти?
Мақсадлар йўлида шарафдир ўлмоқ,
Куидан-куи улғайиб ва топиб камол,
Парвози йўлида бир юлдуз янглиғ
Кўкдан учиб тушган Комаров мисол.
Ўлмоғинг керакдир Франц Галль каби,
То кетсин қабрга бошсиз у танинг,
Лекин мангу қолсин бошинг жаҳонда
Бошсиз кимсаларга бош бўлиб тағин.
Шундай ўлмоқ керак, сўнг нафасингда
Айтилмаган гаплар ифода бўлсин.
Боғлиқ кўзларингу сўзсиз тилларинг
Сирлар ошкорига ишора бўлсин.
Шундай ўлайликки, бизларнинг ўлим
Зафар саҳнасининг бўлсин якуни.
Барча санъатимиз ила бу ўлим
Маҳорат саҳнасин бўлсин тугуни.
Шундай ўлайликки, эл учун чеккан
Ғамимиз ёдгорлик келтирсин бизга.
Олис сафарларда қоқилмасинлар
Тириклар тўқнашиб ўлигимизга.
Тилак Жўра таржимаси
РУБОИЙЛАР
* * *
Дарё, дарё, сен ўхшайсан бизларга,
Сен кирмайсан онанг айтган сўзларга.
Тоғ бағрида туғилиб сен, чашма, сўнг
Йўл оласан боқмай тоғу тузларга.
* * *
Хайём, сенинг мадҳинг эрур бетакрор,
Ўткир жоминг балқиб ўйнар шуълавор.
Жомингдан май тотмаганлар маст эрур,
Кимки ичса бўлур оқилу ҳушёр.
* * *
Мен ўтсам, руҳимни эслаб шод айла,
Номимни ёд ол-у, сўнг фарёд айла.
Май жоми қўлингдан тушиб синса гар,
У синиқ дил жоми менман, ёд айла.
* * *
Онамдан ўзга ном бермаган менга,
Меҳнатдан ўзга ком бермаган менга.
Тинчлигим, бари бу нотинчлигимдан,
Тинчлигим ҳеч ором бермаган менга.
* * *
Шеъримда то оташ қалбим намоён,
Этарманми мангу ҳаётни армон.
Деҳқон экинидан мангулик кутмас,
Мен ҳам ашъор айтгум мисоли деҳқон.
* * *
Қайғу селдир, шодлик чашмаю шабнам,
Шодлик қазо элтмас, адо айлар ғам.
Шодлик ўз жойига қайтмайди зинҳор,
Қайғу эса қайтар манзилга ҳар дам.
* * *
Қалбим оромида мавж урса туғён,
Шодликдан май ичиб, топгайман дармон.
Дўстларни ёд айлаб, қадаҳ кўтарсам,
Азиз чеҳралардан дил бўлур шодмон.
* * *
Хаёлинг тун бўйи кўнглимни тутди,
Кўйингда жоним дор тагидан ўтди.
Не қилай, муҳаббат ношукурликмас,
Ишқ олис йўл босиб, вақтидан ўтди.
* * *
Хайём, дилинг дилимдан огоҳдир,
Ҳар сўзинг тарона ҳам дард-у оҳдир.
Байтинг дил каъбасига қопқа эрур,
Шеъринг умримиздай қисқа-кутоҳдур.
* * *
Хайф эрур дайди, ёт бўлса ўй-ҳаёт,
Дарду ғам-ташвишдан бўлса гар озод.
Юрмоқ недур ҳаёт сўқмоқларидан,
Қадамни санамоқ эрур айб, у-ёт.
* * *
Бу юпун дунёнинг бунёдкори биз,
Не асли бу жаҳон, унинг бори биз.
Ёт эмасмиз бизлар, йироқ бўлсак-да,
Биз Одам, Ҳавонинг ёдгорларимиз.
* * *
Дарё, нега мендек мунча жўшқинсан,
Қалбим каби паришону тошқинсан,
Сўз кор қилмас ошиқдай сен савдойи,
Жойинг ташлаб чопоғону шошқинсан.
* * *
Ҳар тонг мен жаҳонга янги келурман,
Ўзимни муҳаббат марди билурман,
Ҳар тунки, одамдай жаҳондан ўтса,
Ўрнига тенг бўлиб пайдо бўлурман.
* * *
Мен дўстлар дилига баҳор келтиргум,
Ошиқлар дилига хумор келтиргум.
Ёрдан айриларга, фироқ даштида,
Хушхабар, салому ёдгор келтиргум.
* * *
Тупроқ, сени кўз ёш ила нам айладик,
Бошингда кўп туриб биз мотам айладик.
Доғ хокингни ювдик дил қонимизга,
Тошинг йўниб ҳайкали одам айладик.
* * *
Бу хок оналардай чекиб ғам йиғлайди,
Ётганларга тутиб мотам йиғлайди.
Йўлларига ёмон нигоҳлар тушиб,
Нокаслар унга қўйса қадам йиғлайди.
* * *
Кўчамиздан келин-куёв ўтишди,
Хурсанд бўлиб ошиқ икков ўтишди.
Ажиб бир ҳол кечиб шу чоғ дилимдан,
У ёшлик йилларим бир ров ўтишди.
* * *
Жаҳонда токи сен бўлибсан пайдо,
Ҳаёт ишқи билан маст бўл, ҳувайдо.
Сино бўлмасанг-да, чиқма измидан,
Мажнун бўлмасанг-да, шайдо бўл, шайдо!
* * *
Менинг кафтларимга осмон жойлашар,
Муштдек юрагимга уммон жойлашар.
Аммо мен жаҳондин тўймасман асло,
Кўзим қароғига жаҳон жойлашар.
* * *
Бу кенг даштдан мудом карвон ўтади,
Ҳамма кўриб фойда-зиён — ўтади.
Ҳамма бу дунёдан ўтади ҳарчанд,
Бадбахт кимки — у бенишон ўтади.
Тожик тилидан Назармат таржимаси