Низом Қосим (1958)

Низом Қосим – 1958 йилда туғилган. Тожикистон давлат университетининг филология факультетини битирган. Шоирнинг “Шеър бошоғи”, “Юлдуз қони”, “Бешикдаги ойбола”, “Садо тоғи” каби шеърий китоблари нашр этилган. Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси.

АРМОН

Мен умримни фидо қилдим, диёрим то жавон бўлгай,
Кечибман нечалар жондан, ки жони то омон бўлгай.

Қачон, қайдин Ватан сори агар боди хазон эсса,
Баҳоримни сипар қилдим, Ватан то бехазон бўлгай.

Заминимдан қурол – тийру камонни мен узоқ қилдим,
Самосида жилоланган мудом Тийру камон бўлгай.

Қасам ичдим сутинг ҳаққи онамга, она халқимга,
Саодатли яшаш унга ҳамиша, ҳар замон бўлгай.

Очиқ дил ҳам очиқ чеҳрамни оламга кушод эттим,
Ки, мулки мўъжазим олам кўзига полвон бўлгай.

Жаҳон минбарлари узра тилимни сарбаланд эттим,
Ки, халқи хушзабоним ҳам жаҳонга ҳамзабон бўлгай.

Басо, хорлик чекиб, уммид гулимни парвариш қилдим,
Ки, хорлик кўрмайин гулгун диёрим гулфишон бўлгай.

Манга ҳар боғ дилни гул қилурдан бир хабар айтур.
Манга ҳар мазраи кўклам яшилликдан нишон бўлгай.

Ватан нонининг урпоғи кўзимга тўтиё бўлсин,
Дилим ҳамрози бу йўлда манга пиру жавон бўлгай.

Этай тожи сари дунё дилоро Тожикистонни,
Бу дунё тахту тожидан манга бу армон бўлгай.

ВАТАН ҚЎШИҒИ

Етишди даври ваҳдатинг, аё Ватан, аё Ватан,
Муборак бу саодатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Не давлати ёшу қари, не содалик бу беназир,
Зиёда бўлсин давлатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Шарорадай шарр ўтдию, бошингдан офат ўтдию,
Қолди бу кун шарофатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Вафоси йўқ узоқлашур, вафоси бор ўртоқлашур,
Жафокашим шу миллатим, аё Ватан, аё Ватан!

Фидосидир бу бошимиз, жаҳони бахт паноҳимиз,
Бу сувратинг, бу сийратинг, аё Ватан, аё Ватан!

Хитобларинг ҳам биз учун, китобларинг ҳам биз учун,
Ҳакимимиздур ҳикматинг, аё Ватан, аё Ватан!

Чу бехато бўлур санга, зўр раҳнамо бўлур санга,
Низому, расму одатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Гулинг бизу сен боғимиз, ҳамиша чоғ димоғимиз,
Боғу чаманда накҳатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Ҳаволаринг олсам нафас, давою нархи арзимас,
Табобату табиатинг, аё Ватан, аё Ватан!

Элтар сани мақсад сари, бизнинг вафо йўл сингари,
Ваҳдатдан токи қудратинг, аё Ватан, аё Ватан!

Тожик тилидан Ориф Ҳожи таржимаси

МУҚАДДАС ЎЛКАМ

Бенишон замонлардан етиб келган нишоним,
Зулматли замонлардан ўтиб келган давроним.
Замона аччиғини тортган тотли забоним,
Жаҳон ичра эрурсан ўзинг танҳо жаҳоним!

Эй саодатли юртим, эй сен муқаддас ўлкам,
Сувинг дилим сафоси, тупроғинг жонга малҳам!

Давлатимиз лочини, юксакда парвозинг бор,
Қисматимиз бир эрур, дилингда азминг бисёр,
Тоғинг ганжлар конидир, руҳинг панд-ҳикматга ёр,
Бугунинг дилородир, эртанг дилимга мадор!

Эй саодатли юртим, эй сен муқаддас ўлкам,
Сувинг дилим сафоси, тупроғинг жонга малҳам!

Замона озодаси, озодлигинг муборак,
Жону дилим шодлиги, дилшодлигинг муборак,
Талошларинг шириндир, фарҳодлигинг муборак,
Келажак бунёдкори, ободлигинг муборак!

Эй саодатли юртим, эй сен муқаддас ўлкам,
Сувинг дилим сафоси, тупроғинг жонга малҳам!

ГАДО

…Тонгги нони офтобдир,
Шомги нони моҳтобдир.
Нон қиссаси эса юзта китоб бўлажак.

ТИРИКЛИК

Юзлаб луғат китобини варақлаб
Унинг асл маънисин англолмадим.
Ё раб, недур тириклик –
Роҳми?
Ё йўлма — йўл ҳасрату оҳми?

* * *

Шеър айтаман, —
Ишққа сиғиниб.

Шеърим – ишқдир,
Ишқим – шеър.
Тонгим – шеърдир,
Шомим – ишқ.
Меҳрим – ишқ,
Моҳим –ишқ.
Тириклигим – Шеъру Ишқ.

Яхши биламан:
Ишқим Ишқ ёдида қолажак!
Аммо Шеърим – Шеър ёдида қоладими?
Буни Худо билади…

ТЎРТЛИК

Мен ҳар оч кимсадан бир нон қарздорман,
Ҳар битта қушчадан  бир дон қарздорман.
Барчадан озми кўп қарзим бор, аммо,
Гулим, билсанг сендан бир жон қарздорман!

* * *

Бир умр
Сендан аввал
Қаламинг юрарди.
Энди эса вақт ўтиб
Танҳо асонг
Қаламинг каби
Сендан аввал равона бўлар.

ЖАНГАЛДА

Тириклик гўзал жангал эди,
Биз ундан тез ўтиб кетдик.
Ўтиб кетдигу сўнгра пушаймон бўлдик:
Кошки, дарахтлар сингари
Умрбод илдиз отсайдик.

ЯКУНИЙ ҚИССА

Мен бошидан тушуниб олдим:
Содда экан якуний қисса –
Етолмасман шомдан то саҳар,
Ё саҳардан шомга етмасман.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси