Ғаффор Мирзо (1929-2006)

Ғаффор Мирзо 1929 йил 5 январда Тожикистоннинг Ховалинг туманида туғилган. Душанбе давлат педагогика институтини тамомлаган.
«Чин дилдан» (1952), «Минг раҳмат» (1954), «Эрак қаърида» (1962), «Асрор» (1957), «Давлат тожи» (1958), «366 бурчак» (4 қисм; 1963, 1964, 1970, 1972), «Нору Нур» (1972) каби китоблари чоп этилган.
У В. Маяковский, Н. Некрасов, Ш. Петефи, Н. Ҳикмат, А. Сурков, П. Воронко, А. Твардовский асарларини тожик тилиган таржима қилган.
Тожикистон халқ шоири (1994).
2006 йил 26 августда вафот этган.

МАЖНУНТОЛ

Улки мажнунтол — мажнунтол эмас,
Суврати Лайлодир ул, дерлар, ишон.
Баски, зор Мажнун араб саҳросида
Лайли, деб чекмиш, басе, оҳу фиғон.
Ишқига гўё аза тутган каби
Кифти узра тўзғитган кокилларин,
Қомати мавзун, руҳи маҳзун ила
Ноиложликда солинган қўлларин —
Ёд этмиш, ёд ҳамиша, дам-бадам
Ёд этиб, бечора Мажнун йиғламиш.
Ул ғамистондек араб саҳросида
Ошиқи девона дилхун йиғламиш.
Ёр кўзи деб қайнаган кўз ёшида
Акс этарди ёр кўйи — жойи ҳазин.
Акс этарди Лайлию кўз ёшлари —
Сўнг оқарди, қайда, деб рўйи замин.
Мажнун ашки, боқ, кўкарди дашт аро,
Яшнади, ҳар лаҳза сабза урди ул.
Кўз солиб Қайс боши узра кўрди тол,
Тол эмас, Лайлони унда кўрди ул:
Ишқига гўё аза тутган каби
Кифти узра тўзғиган кокилларин,
Қомати мавзун, руҳи маҳзун ила
Ноиложликда солинган қўлларин…
Сочини ёймишди Мажнун бошида,
Дашт-биёбон ичра худди соябон.
Асло, мажнунтол — мажнунтол эмас,
Суврати Лайлодир ул, дерлар, ишон.

ОШИҚ ДИЛ РОЗИ

Айт-чи, бирор кимсани суйганмисан?
Ёрни севиб, ишқида куйганмисан?

Оҳ, бу ҳузур мисли ҳузур қайда бор?
Бўйла, яна чашмаи нур қайда бор!

Кел, яна бир сўзга қулоғингни тут,
Ишқ сўзи бу, бошқани бир дам унут.

Йўқ, демасмен, менга асло ғам бўлмади,
Ҳиссаи ғам мен сари кам бўлмади.

Ҳаттоки, бахт қўйнида, билмам, қалай,
Ҳозир эди мен сари ғам, ҳар қалай.

Гар гоҳи турмуш ғамидин туфладим,
Устига боз ишқ ғамини юкладим.

Ишқ деса бирдак, ҳама бирдак экан,
Тупроғу зар фарқи ҳам андак экан.

Йўқса, мену бесару сомон қаён,
Ул санаму дилбару жонон қаён?

Йўқса, бу бечораю безеб қаён?
Ишқи паризоди Сарандеб қаён!

Менда бирор машқи ҳунар йўқ эди,
Балки ҳунар сори назар йўқ эди.

Йўқ эди бошим сари мақсад яна,
Йўқ эди кўнглим сари рағбат яна.

Келди-ю, ишқ сеҳрига банд айлади,
Бир йўла ул банди каманд айлади.

Воҳки, ажаб, менда ажаб ҳол эди,
Гоҳида ғам, гоҳида иқбол эди.

Қайғу, қувонч бўлмади кам-кам сира,
Оташи ишқ топмади барҳам сира.

Оташи ишқ тушса агар эр сари,
Эр йўли тушгай шу замон шеър сари.

Ўйлаки, шоир не деган бандадир,
Ишққа ўша эркаю арзандадир.

Бошқаси, солсам назарим, паст эди,
Лойиғи ишқ шеър эди, шу касб эди.

Тўрт йил ишқ ичра сабр айладим,
Ёрдин дил розини сир айладим.

Токи бирор ранжи алам бўлмагай,
Ёр менинг ишқим эшитиб, кулмагай.

Тўрт йил ёндим, вале ёнган сари,
Охири қўл берди ҳунар мен сари.

Кошки билсанг, на қийиндир, инчунин,
Шеър ёзиш мен каби некбахт учун.

Фикру ҳавас сели пурошуб эди,
Аммоки шеър косачайи чўб эди.

Қофия ҳам вазни сухан танг эди,
Унда сатр оқсоқ эди, ланг эди.

Баски, дилимдан учубон ўтли оҳ,
Шеър бўлиб дафтарга у тушгунча то,

Музлар эди, муз босибон роҳини,
Кўргай эди суврати арвоҳини.

Мисраки, қоғозга битиб, жойладим,
Ёр назари бирла назар айладим.

Ёрга агар бўлмаса шеърим писанд,
Оҳки, ўларман бу аламлар билан.

Бўйла, аросат эди ижод менга,
Бўйла, эди васваса устод менга.

Ёрнинг ёди ила сурсам қалам,
Шеър эди ҳуснда зебо санам.

Тўрт йил ёндим туташиб сийнасўз,
Пайванд этиб шеър аро сўзга сўз.

Тўрт йил тунларни ёритди сўзим,
Шеър ила ишқ дарсига солдим ўзим.

Ўз нуридин кўзни жудо айладим,
Кўзга ўшал ёр нурини жойладим.

Токи дилимдан, басе, кетгай ғубор,
Тоза бўлиб тоза қадамгоҳи ёр.

Нури жамоли қалам эрди менга,
Номи азизи қасам эрди менга.

Оҳ менга, бу ҳоли паришонга оҳ,
Мен каби бу соддаю нодонга оҳ.

Шунча юрибманки гумон айламай,
Ишққа жаҳон ичра гаров бўлмагай.

Учмоқ учун болу паринг бўлса ҳам,
Битта эмас, юз ҳунаринг бўлса ҳам,

Ёки баланд пояда султон эсанг,
Ёки юриб, ит каби сарсон эсанг,

Кўйида жонингни нисор айла, бас,
Ишққа гаров, ишққа инобат эмас.

Хўш, кейин не бўлди?
Мана, тингла, кўр,
Тўрт йил шу зайлда кечди умр.

Бир куни келдим ўшал остонага,
Рози дилим айтгали жононага.

Ташна эдим, ортди яна нолишим,
Тушна эдим, тош ушатди тишим.

Хайриятам, шеър менга ҳамроҳ экан,
Менга суянчиқ, менга огоҳ экан.

Йўқса, аламдан яна бўлгай эдим,
Бўлгай эдим, ўртаниб, ўлгай эдим.

Қолгай эдим икки кўзим кўр бўлиб,
Ичганим аччиқ, еганим шўр бўлиб.

Бахт қувиб ҳайдади даргоҳидан,
Ўлмайин қолдим, ажаб, дил оҳидан.

Ўйлар эдим, яккаю танҳо ўзим,
Лойиқи ҳамхонаю ҳамроҳ ўзим.

Ўйлар эдим, ёр муяссар бўлур,
Бир умр жонимга баробар бўлур.

Ўйлар эдим, ёр муяссар бўлур,
Бир умр бахтимга биродар бўлур.

Энди-чи, ҳижронзада бир бандаман,
Ёр кўйидин қувғину шармандаман.

Синди умидим, уни бас айладим,
Жаҳл аро, ўйлаки, қасд айладим:

Энди дилим банди санам бўлмагай,
Банди санам, балки алам бўлмагай.

Кетди жаҳл, кетди жаҳл бирла қасд,
Кўнглим аро ўзга азоб қолди, бас.

Кам эдиму менга магар эски ғам,
Воҳ, яна кўнглим тўрида ул санам.

Солсам агар бир пари рухсорга кўз,
Кўнглим аро боз ўшал қошу кўз.

Қайсики, бир санамга солсам назар,
Кўнглим аро боз ўшал жилвагар…

Излаганим — чеҳрасидин бир нишон,
Истаганим — баҳрасидин бир нишон.

Бир санаме, ул каби анвар эмас,
Бир санаме, унга баробар эмас.

Бўйла, азоб ичра яшарман, нетай,
Бунга нечук чораи тадбир этай?

Уф, на қилай мен, на қилай бу нафас,
Дарди дилим барчаси зое, абас…

Тилак Жўра таржимаси